Аллоҳга исён қилган тизим инқирози

Аллоҳга исён қилган тизим инқирози

 ИНҚИРОЗ ИЛДИЗЛАРИ ҚАЕРДА?

Маълумки, бутун дунё иқтисодий тизимида инқироз деб аталмиш таҳдид ҳамон ўз кучини кўрсатмоқда. Бу нарса зўрайгандан зўраймоқда, унинг янги кўринишлари пайдо бўляпти, аммо таҳдидни жиловлаш ёки ортга чекинтиришнинг имкони асло топилмаяпти. Аввалига молия ҳамда пул тизимидаги инқироз кўринишида намоён бўлган бу таҳдид бутун бошли иқтисод тизимининг инқирозига  йўл очиб берди. Бундай инқироз шу кунларда шаклу шамойилига кўра кўпгина давлатларни қарздорлик ботқоғига ботириб қўяётган „қарздорлик инқирозига“ айланиб улгурди.

Хўш, бу қандай инқирозки, бир неча йиллардан буён унинг ечими ҳамон топилмаяпти. Аксинча, муаммо устига муаммолар ёғилмоқда? Биз ўтган йили инқироз ҳақида мақола эълон этиб, мазкур ҳолатга маълум миқдорда назарий ёндошишга ҳаракат қилган эдик. Бу галги мақоламиз эса мазмун-моҳиятан ўша ердаги фикрларнинг узвий таҳлилий давомидир. Келинг, вазиятни таҳлил қилишга ўтишдан олдин охирги пайтда турли давлатларда юз бераётган молиявий-иқтисодий ҳолатларга бир назар ташлаб чиқсак.
Эътиборингизни сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари орқали кўп тилга олинаётган жанубий ва шарқий Европа давлатлари, АҚШ, Япония, Хитой ҳамда Буюк Британия каби йирик мамлакатларнинг молия ва иқтисод тизимида рўй бераётган таҳликали ҳолатларга қаратмоқчимиз.
Яқин йиллар ичида йирик иқтисодий тизимга эга бўлган давлатлар, жумладан, АҚШ, Япония, Хитой, Европанинг бир қатор ҳамда дунёнинг бошқа кўпгина мамлакатлари ўзларини молиявий инқироздан олиб чиқиш мақсадида „Конюнктура Пакети“ дея аталмиш давлат томонидан иқтисодиётга аралашув механизмини ишлаб чиқишди ва шу орқали  сунъий равишда аввало банкрот ёқасида турган молия институтлари, яъни банклар ва бошқа молия ташкилотларига, ундан сўнг эса, иқтисодиётда ва бозорда етакчи бўлган ҳамда савдо биржаларидаги ўз салоҳиятига ҳамда обрўсига эга турли йирик акционерлик компанияларига молиявий тикланишда ёрдам беришни ва шу орқали батамом касодга учратмаслик йўлларини режалаштиришди. Банклар эса бирин-кетин давлат қарамоғига ўта бошлади ёки аниқроғи банкларнинг қимматли қоғозларини тўла ёки қисман давлат сотиб олиб, хусусий сектордан яна давлат секторига ўтказиш орқали масалага ечим топа бошлади. Натижада АҚШ 35% , Хитой 20%, Япония, Европа давлатлари ҳамда дунёдаги бошқа давлатларнинг  ҳар қайсиси 15 % дан, бутун дунёда конюнктура пакети учун сарф бўлган маблағларнинг улушида иқтисодиётни тиклашга киришдилар. Бу конюнктура учун  сарфланган жами маблағлар миқдори дунё иқтисодиётида эришиладиган ялпи даромаднинг 4,7 % ини ташкил этди. Аммо конюнктура пакетлари давлат бюджети учун фақат харажат бўлиб, бунча сарфланган миқдордаги маблағларнинг фойдалар туфайли қайтими деярли йўқ ёки яқин йилларда эришиладиган нарса эмаслиги аниқ эди. Бу дегани, аслида жами конюнктура учун сарфланган маблағлар эвазига дунё мамлакатлари  4,7% миқдорида қарздорлик балосини ўз елкаларига ўзлари ортиб олишди.  Бу орқали, қайсидир маънода, кўпчилик давлатлар ўз иқтисодиётини яна қайта тиклашга вақтинчалик ечим топган бўлишса-да, инқироз таҳдидидан ўзларини бутунлай халос қила олишмади. Аксинча, АҚШ, Буюк Британия ёки Япония каби давлатлар ботқоққа яна ҳам чуқурроқ ботиб қолишди. Бу мамлакатларда бюджет тақчиллиги янада ошиши билан бирга давлатнинг юқори қарздорлик ҳолати пайдо бўлди. Мамлакатда инқирозга учраган компаниялар сони ҳамда бунинг натижасида ишсизлик даражасининг ортиши, бунинг устига давлатларнинг чиқими кўпайиб,  экспортнинг камайиши ҳамда тизимнинг тўлов қобилиятининг касодга учраши, сармоядорларнинг ҳам сармоя (инвеститсия) ажратишига катта тўсиқларнинг пайдо бўлиши сабабидан бюджетга солиқлар ва тушумлар йиғиш миқдори камайиб кетди. Банклар эса юқори фоизли кредитларнигина таклиф қила бошлади. Табиийки, бу ҳолатда банкларга нисбатан ишонч кескин камайиб кетди. Ва натижада молия ташкилотларининг тўлов қобилияти кескин пасайди ёки бутунлай нўлга тушиб қолди. Бу борада турли янги усуллар қўлланилди, лекин афсуски ёрдам беришга улгурилмаган банкларнинг тўлов қобилияти батамом касодга учраши натижасида бирин-кетин Юнонистон (Греция), Португалия, Испания, Италия ва ҳатто, иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлмиш АҚШ, Япония ва Буюк Британия ҳам ўзларининг тўлов қобилияти йўқолгани ҳамда синиш (банкрот) ҳолатига тушаётганини эълон қила бошлашди.
Давлатларнинг бундай таназзулга юз тутишига, аниқроқ айтадиган бўлсак, фақат молия тизимидаги инқироз сабаб бўлмай, балки давлатнинг эркин иқтисодий савдо-сотиқ борасидаги, яъни экспорт ҳамда импортдаги нисбатларнинг салбий кўрсаткичга эгалиги ҳам асосий омиллардан ҳисобланади. Бир давлатдаги ўртача хўжалик тақчиллигини (дефитцитни) аниқлаш учун жорий дефитситни, ёки аниқроғи, жорий салдони бюджет дефитсити (салдоси) билан таққослаш кифоя. Умумий ҳисоблаш қоидасига биноан давлатнинг бюджет салдоси қуйидагича ҳисобланади :
Бюджет салдоси = Давлат киримлари – Давлат чиқимлари – Фоиз тўловлар
Жорий салдо = Давлат киримлари-Давлат чиқимлари
Давлатлар сунъий равишда жорий салдога таъсир этишлари мумкин, бунда ўртача фоизларнинг даражаси умумий қарзларга нисбатан олинадиган бўлса, жорий салдонинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан қиймати кўриб чиқилади. Бу дегани, ялпи ички маҳсулотга нисбатан қарздорлик даражасининг нисбати орқали давлатнинг иқтисодий имконият чегараси, яъни тўлов қобилияти аниқланади. Мамлакатларга сармоя киритиш режаларини амалга оширишдан аввал сармоядорлар айни шу кўрсаткични инобатга олишади. Демак, агар давлатнинг қарздорлик даражаси юқори бўладиган бўлса, бу давлатга сармоя ажратиш қийин бўлиб қолади. Шу ўринда изоҳлаб кетиш керакки, сармоя дегани узоқ муддатли фоизли капитал маблағларнинг шу давлатга киритилишидир. Аниқроғи, сармоя киритиш қайтарилиши узоқроқ муддатларга мўлжалланган яна бир қарз олди-берди услубидир.
 “Давлат қандай қилиб катта миқдорда қарздорлик ҳолатига тушиб қолади” деган савол ўртага ташланадиган бўлса, бунга жавоб шуки, давлатда ривожланиш жуда паст кўрсаткичда бўлса, бунинг устига белгиланган фоиз даражалари, яъни пулнинг қадрсизланиш кўрсаткичи ана шу иқтисодий ўсишга нисбатан юқори бўладиган бўлса, қарздорлик ҳолати келиб чиқади. Худди шу ҳолат Юнонистон, Ирландия, Испания ҳамда бошқа давлатларда жуда юқори даражага чиқиб кетди. Юнонистоннинг Европа мамлакатлари орасида иқтисодий ўсиш суръатлари ниҳоятда суст бўлгани ҳамда самарали ижтимоий-иқтисодий тизимлар яратилмагани оқибатида, шунингдек, сўнгги йиллардаги молиявий инқирознинг таъсири ҳамда бозор иқтисодиётинг меҳанизмлари асносида вужудга келадиган Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларининг ўзаро савдо-иқтисодий боғликликлари ва шу аснода пайдо бўлган салбий таъсир мамлакатни ялпи ички маҳсулот қийматида 125 фоиз (2009 йил) қарздор қилиб, жуда қисқа муддатда синиш (банкрот) ҳолатига тушириб қўйди. Юнонистоннинг бюджет тақчиллиги эса ўртача 13-14% га, яъни ЕИ таркибига кирувчи давлатлар ичида рекорд даражага етди.
Бир вақтнинг ўзида эса Европа Иттифоқи таркибида бўлган Олмония, Ҳолландия ва Австрия каби мамлакатлар жуда юқори иқтисодий тўлов қобилиятига, яъни ўсиш кўрсаткичларига эришишди. Олмония экспорт бўйича Хитойдан кейин дунёда иккинчи ўринда, Европада эса етакчи эди. Бундай бир иттифоқнинг ичида турли хил иқтисодий ҳолатларнинг вужудга келиши ўз навбатида иқтисоди жуда суст ривожланаётган давлатларга янада салбий таъсир кўрсатди. Улар бозорда рақобатга бардош бера олмай қолишди. Иқтисодий тикланиб олган давлатлар эса бунга ҳам қарамай яна давлат ичкарисида ҳам бир вақтнинг ўзида турли ислоҳотлар олиб боришди. Пул жамғариш, харажатларни қисқартириш бўйича самарали натижаларга эга бўлишди. Иқтисодий самарадорликнинг бундай ўсиши билан бирга меҳнат тўловлари ошмади,  балки эски ҳолатида қолди. Бу эса мамлакатда чиқимларнинг бир меъёрда сақлаб турилишига замин яратди.
Юқоридаги синиш ҳолатига тушиб қолган давлатлар эса Европа Иттифоқи қарамоғида бўлибгина қолмай, давлатларни қутқариб қолиш учун Евро-Бонус аталмиш ёрдам пакетларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди. Европа Иттифоқининг ушбу „Маршалл режаси“  бошқа йирик давлатлар, хусусан Олмония, Франсия каби давлатлар тўлайдиган узоқ муддатли тўловлар бўлиб, бу ҳам айни сармояга ўхшаш қарздорлик олди-сотди битимидир. Бунга эга бўлиш  учун эса давлатлар самарали ички ижтимоий-иқтисодий дастурлар ишлаб чиқишлари шарт ва бу дастурлар ёрдамида тизимда ўзгариш ясашлари талаб этилади. Аммо бу бонуслар фақат давлатни қутқариб қолиш учун вақтинчалик усул бўлибгина қолмай, Европа Иттифоқида жорий этилган ягона пул тизими бўлмиш евро қадрсизланишининг олдини олиш ва шу орқали Иттифоқ ичкарисидаги нархларнинг ўсиш кўрсаткичларини барқарор сақлаш учун ҳамдир. Европа Иттифоқига кирмайдиган давлатлар, масалан, АҚШ 1917 йили жорий қилган қарздорлик лимити стандарти бўйича ҳозирда энг кўпи билан 14 триллион 300 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги кўрсаткичдан анча ошгани боис Америка қарздорликни камайтириш учун янги солиқ ислоҳотларини амалга оширишини айтмоқда.
Айни пайтда АҚШ да ҳам, Европа миқёсида ҳам ҳукуматлар раҳбарларининг ва оддий аҳолининг норозилик кайфияти  ошмоқда. Европада касодга учраётган давлатлар учун иқтисодий тизими анча барқарор давлатлар ўзининг янги солиқ ҳамда бошқа шу каби ислоҳотларни ташкил этганлари ҳолда оддий аҳолининг чўнтаги ҳисобигагина қолоқ иқтисодиётларни тиклашга ёрдам бермоқда. Шу йўл билан бу танглик ҳолатига барҳам бериладими-йўқми, бу ҳам мубҳамлигича қолмоқда. Қарийб қирқ йиллик тарихга эга бўлган ва ўзининг илк кўринишларини 70-йиллардаёқ кўрсатган бу галги инқироз дунё бозорида ишлаб чиқарилган жами маҳсулот ҳажми унга етарли миқдорда тўланадиган пулдан анча ортиб кетиши натижасида намоён бўлди. Бу инқироз биз кўкларга кўтариб мақтаётган капитализм асосида қурилган дунё иқтисодий тизимининг қанчалик  ногирон туғилган тизим эканини исботлашга улгурди. Шундай кемтиклик асносида барпо қилинган мазкур тизимни даволаш жараёнида касалга дори ўрнига заҳар бераётган бу каби „Маршалл режалари“ эса аслида қарздорлик ботқоғига ботиб турган танани боши билан ботириб чўктириб юбориш режаси эканини бутун дунё англаб тургани шубҳасиз.

 ТИЗИМДА ЯШИРИНГАН МУЗ ТОҒЛАРИ

Одатда уммонда сузиб юрган муз тоғларининг (айсберг) сув устида турган қисми билан бутун бошли айсберг хавфини аниқлаб бўлмайди. Бунда унинг сувга ботиб турган қатлами, яъни илдизи биринчи ўринда инобатга олинади. Чунки айни шу сув остидаги илдизи кемалар ҳалокатига сабабчи қисмидир.
Агар бугун ҳукм сураётган инқироз моҳиятига етадиган бўлинса, бутун дунё молия-пул тизимининг тарихига бир назар ташлаш кифоя.
 Молия ва пул тизимида шундай икки атама мавжуд: қиймати қопланган пул ва кредит пул. Қиймати қопланган пулда бирор товарни айирбошлаш учун, масалан олтин, кумуш каби қимматли нарсалар қийматга эга бўлган нарса сифатида пул ўрнида ва пул сифатида тўловда айирбошланади. Бундай айирбошлаш тизими анча соғлом тизим бўлиб, бунда олтин, кумушларнинг, яъни пулнинг маълум юқори чегараси бўлади ва бундан ортиқ пулни пайдо қилиш мумкин эмас. Яъни ҳар бир давлат мамлакатда мавжуд олтин заҳирасига асосланиб, шунча пулни муомалага чиқаради. Муомалада ортиқча қиймати паст ёки қиймати йўқ пул бўлмайди. Иккинчиси эса кредит пул тизими бўлиб, бунда қийматга эга бўлган, аммо ўзи қимматли бўлмаган нарсалар, масалан  векселлар, нақд пуллар, дериватлар, депозит пуллар ёки чек қоғозлар, шунингдек, кредит карточкалари пул сифатида муомалада иштирок этади. Биринчи пул шаклида пулнинг қиймати буюмда тўлиқ намоён бўлади, иккинчи пул шаклида эса тўловлар ваъда ёки ишонч остида амалга ошади. Яъни қийматли нарса қийматсиз нарсага айирбошланганда қийматсиз нарса қийматли нарса сифатида тасаввур қилинади. Бу пул тизимида эса давлат ҳамда банклар керак бўлганда истаганча ПУЛ яратишлари мумкин.
Шу иккинчи пул тизими айни бугунги кунимизда жорий муомала учун фаолият юритаётган тизимдир. “Бу тизимда пул қандай яратилади?” деган саволга жавоб: Бу тизимда Марказий банклар пул яратувчи оналардир. Улар, масалан, 1000 сўм қийматидаги пулни эмиссия қилсалар, шуни бошқа тижорат банкларига ишлатиш учун бериб турадилар. Пулни Марказий банкдан олганлари учун тижорат банклари ўша берилган пулнинг, масалан, икки фоизини банк резерви учун Марказий банкка яна қайтариб тўлашлари керак. Қолган 98 фоизи, масалан, кредит сифатида мижозга берилади. Мижоз кредитни нима учундир тўловга беради ва яна бу пуллар бу гал ўртада мижоз воситачи бўлган ҳолда яна марказий банкка қайтиб боради ва шу билан биринчи пул айланмаси амалга ошади. Иккинчи бор эса мижоздан бориб тушган пулнинг икки фоизини банк яна Марказий банкка тўлайди ва қолган 98 фоизи, яъни 960 сўмини яна кредит сифатида мижозга беради. Мижоз эса қайсидир тўлов амалиётини амалга оширади ва 960 сўм яна банкка боради ва шу билан иккинчи сикл айланмаси ниҳоясига етади. Шу тариқа то пул нўл бўлиб қолгунича ҳар пул айланмасидан Марказий банк икки фоиздан қошимча маблағ топаверади ва охирида 1000 сўм пул 50000 сўмга айланади. Бундай пул яратиш мульти-пул яратиш тизими ёки аниқроғи “жирал пул яратиш тизими” деб номланади.
Навбатдаги жуда муҳим нуқта эса  1913 йили АҚШнинг Федерал Резерв Тизими, яъни ФЕДнинг тузилиши бўлиб, бу молия институти кўпчилик мутахассислар фикрига кўра давлат тасарруфидаги молия институти бўлмай, балки хусусий банкдир. Аниқроғи, саккизта мустақил хусусий банкни бирлаштириб турувчи ва ушбу банклар томонидан бошқарилувчи хусусий молия институтидир.  Шундан буён дунёдаги жамики банклар резервидаги 75 фоиз пул АҚШ долларида сақланади. Яъни доллар дунё валютаси ҳисобланиб, дунё пул тизимини бошқариб келмоқда. Бу дегани долларнинг қадр-қийматининг ўзгариши тўғридан-тўғри дунёдаги ҳар бир давлат пул тизимига таъсир этади. Шу жумладан 90 фоиз пул захираси долларда бўлган Европа Иттифоқига кирувчи мамлакатлардаги мавжуд евро қадр-қийматига ҳам доллар ҳамиша таъсир ўтказиб туради.
1944 йили жаҳонда фаолият кўрсатиб турган олтин захирасига асосланган пул тизимида янги йўналиш, яъни Бреттон Вуд тизими (олтин-доллар тизими) барпо бўлди. Бунга айни АҚШнинг жаҳон урушидаги сарф-харажатларининг кўпайиб кетиши ҳамда Виетнам урушида ҳам анча пул сарфлашига тўғри келгани сабаб бўлди. 1971 йилдан бошлаб эса олтиндан қоғоз пул тизимига ўтилди. Ва шундан буён иқтисодиёт тарихида янги пул тизими, яъни юқорида айтганимиз Кредит-пул тизими фаолиятини бошлади. Бу дегани 35 гр. олтиннинг баҳоси 30 АҚШ $ қийматида баҳоланди. Яъни, ҳар бир 35 граммли олтин бўлаги ўрнига 30 АҚШ доллари муомалада пайдо бўлди.
Ана шундан бошлаб муомаладаги пуллар унинг қийматига тенг товар ва хизматларга нисбатан қирқ маротаба кўпайди. Бу дегани, шунча пул қийматсиз ҳолатда, яъни унга алмашув учун заҳира бўлмаган кўринишда муомалада пайдо бўлди. Бу дегани, ҳар қайси қоғоз пул тизими кўпи билан учта авлодгача бориши мумкин, деганидир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир давлат ўтган даврида камида икки-уч марта пул ислоҳотини амалга оширган, яъни янги пул зарб қилинган ва муомалага киритилган. Нима учун айни пул тизимидаги муаммони янги пул ислоҳоти орқали ечиб келинмоқда, деган саволга жавоб бериладиган бўлса, айни қийматни янги қийматга ўгириш орқали мамлакатда мавжуд қарздорлик ҳолатидан чиқиб кетилган. Албатта бундай янги пул тизимини яратишдек усул тўлақонли ечим бўлмай, фақат сўнгги чора сифатида кўрилган. Бундай қоғоз пул тизимида мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши, товар ва хизматларнинг тобора кўпайиши ҳамда янги иш ўринларини барпо қилиш жараёнини қиймати паст ёки қийматсиз қоғоз пулларни қўшимча чиқармай амалга ошириб бўлмайди.
2007 йилга келиб айни инқирознинг шиддати кучайган вақтда Европа Иттифоқи Марказий банки томонидан муомалага чиқарилган пулнинг миқдори конвергенсия стандартига мувофиқ аслида кўпи билан 4,5% бўлиш ўрнига 12,3% ни ташкил этган. АҚШ да эса бу кўрсаткич 18 фоизгача етди. Ва очиқ демократик давлатда демократик тамойилларга қарши равишда умумий пул массаси 2006 йилдан буён МЗ деб олинди ва кенг жамоатчиликка бу миқдор эълон қилинмайдиган бўлди. Яъни, бу миқдор сир сақланиши эълон қилинди. Пул қадрсизланиши (инфляцияси) гиперинфляция шаклига ўтди. Афсуски амалдаги инфляция кўрсаткичлари эса ҳақиқий инфляция кўрсаткичи ҳисобланмай, балки давлатлар сунъий равишда таъсир ўтказиб келишмоқда. Масалан, 2008 йилги кўрсаткичга қарайдидиган бўлсак, дунёда ўртача инфляция кўрсаткичи 10 % га етди, аммо расмий эълон қилинган кўрсаткич эса ўртача 1,7%  эди. Пулнинг АҚШ бошчилигда амалдаги бозорга чиқариладиган  миқдори эса 2000 йилдан буён 950 фоиздан ошиб кетди. Инфляция миқдорини оддий қизиқувчи сифатида аниқламоқчи бўлинса, у ҳолда амалда чиқарилган пулнинг миқдорининг ўсиши-М3 яъни 12,3% дан 2,6% ни (иқтисодий ўсиш кўрсаткичини) айириб ташлаш кифоя ва эришиладиган натижа эса 9,6 % бўлади. Амалда эса инфляцияга сунъий таъсир этишда ҳедони, суррогат ёки геометрик ўлчов усулларидан фойдаланилади. Энди тасаввур қилинг, агар инфляциянинг ҳақиқий даражасини ўртача 9% қилиб оладиган бўлсак ва унга қарама-қарши равишда ҳозирги Европа  Иттифоқидаги мавжуд фоиз даражасини 3% деб ҳисобласак, бу дегани ҳар йили ўртача олди-сотдидаги қиймат зарарининг миқдори 6 фоизни ташкил этади. Бу дегани, ўн йил олдин белгиланган  асли 1000 сўмлик маҳсулот ёки хизмат қиймати ўн йилдан кейин эллик фоизга камайди, яъни 500 сўм бўлди, дегани. Тасаввур қилинг: бу қиймат йўқотиш айни хом-ашё нархлари ва бошқа харажатларнинг ошиши даврида яъни маҳсулотнинг аслида 1000 сўмдан кўпроқ қийматга эга бўлиши керак бўлган даврда юз бермоқда. Бу эса очиқ-ойдин тизимнинг қанчалик ҳалокат ёқасида эканини кўрсатиб қўяди.
Тизимдаги хатоликларни тилга олиш жараёнида бир асосий жиҳатни унутмаслигимиз керак. Яъни тизимнинг фаолияти кредит-пул тизимига асослангани, аниқроғи фоизлар асосида яшовчи тизим эканини эсдан чиқармаслик лозим. Фоизлар асосида молия-пул тизимидаги ўсиш Э функцияни билдиради, яъни секинлик билан ўсиб бориб, маълум даврга келганда шиддатли ўсиш рўй беради ва юқори чегарани чеклаб бўлмайди, ўсиб кетаверади. Шу ерда Жозеф-энт номли бир мисолни келтириб ўтишни маъқул деб топдик. Масалан Жозеф 0-йилда 1 энт миқдоридаги пулни 5 фоизли кўпайиш шарти билан банкка қўйди. Ва бу 2009 йилга келиб  3,71 Э 40 € миқдоридаги пулга айланди. Бу, масалан, 37,100… каби тақрибан 39 та нўл орқасидан қўйиладиган шундай катта суммага эга бўлди дегани. Бу эса Жозеф 808 миллиард дона Ер шарича келадиган олтин шарларига тенг қийматдаги бойликка эга бўлади, деганидир. Албатта айтиш мумкинки, инсон ҳеч қачон бунчалик кўп йил яшай олмайди, деб. Лекин агар инсоннинг ўртача 85 йиллик ҳаётини оладиган бўлсак, 8%лик фоиз ҳисобига кўпаядиган пулнинг қиймати 693 та айни юқорида айтилган ер шарига тенг олтин шарларнинг қийматича бўлар экан.  Бундай суммани ҳатто тасаввур қилиш мумкин эмаслигини ва бундай тўлов тизимини амалда қўллаб бўлмаслигини, шунингдек, Ер шаридаги жамики ерости бойликларининг чегараланганини инобатга оладиган бўлсак, бундай фоиз асносида қурилган тизимнинг қанчалик мантиқсиз экани яққол кўриниб қолади.
Шундай тизим, кўриб ўтганимиздек, қарздорлик тамойили асосида қурилган экан, бугунги кунимиздаги қарздорлик инқирозининг пайдо бўлганига унча ажабланмасак ҳам бўлаверади. Масалан, Олмонияни қарздор давлатлар орасидаги қарзи кам давлат сифатида оладиган бўлсак, 2009 йилги маълумотларга кўра ҳар сонияда ўсаётган қарзнинг миқдори ўртача 4,500 € эди. Агар тарихдаги инқирозларга назар соладиган бўлсак, давлатларнинг қарздорлик даражаси бу даражада ўсмаган эди.  Ҳозирги пайтда эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан АҚШ даги қарздорликнинг ўсиши 350-360% га етди.
Шу ерда бир савол туғилиши мумкин: нима учун инқирозни айни ипотека банкларидаги синиш (банкротлик) бошлаб берди? Албатта, инқироз вақтида ҳар қайси тармоқ касодга учраши мумкин. Лекин айнан ипотека банклари инқирозни биринчи бўлиб бошлаб берганлари изоҳланадиган бўлса, албатта бу тармоқнинг ривожи ва имкониятлари миқдори жуда юқори эди.
Биргина АҚШнинг ўзида банкларнинг домино эффекти мисол таназзулга учрашларига қарши кураш сифатида 700 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратила бошланди. Бунча пулни тасаввур қилиш учун шунча миқдордаги юз долларли пулларни қатма-қат тахланганда 762 км. узунликдаги масофани эгаллар экан. Шунча миқдордаги пулни банкротлик ҳолатига тушмасликлари учун давлат томонидан қутқарув ёрдами сифатида берилишига қарамай инқирознинг олди олинмади, Аксинча, давлатлатнинг қарзи яна ҳам ошиб кетади, ишсизлик миқдори кўпайиб, давлат бюджетига келиб тушадиган катта миқдордаги солиқлар иш-жойларининг қисқартирилиши натижасида унмай қолди. Бунга қарама-қарши ҳолатда эса давлатнинг ички ижтимоий-моддий таъминлаш борасидаги ва бошқа сарфларининг ва ташқи қарзларининг миқдори ошиб, давлат фоиз тўловларини ҳам тўлолмайдиган даражага тушиб қолди.
Хулоса қиладиган бўлсак, бу тизим узоққа бормайди, қачондир янги пул тизими жорий этилиши табиий. Акс ҳолда давлатлар бундай тусдаги қарздорлик ботқоғидан чиқиб кета олишмайди, балки қайта-қайта инқирознинг янги турлари пайдо бўлаверади, қарзлар эса осмонга чиқиб  кетаверади.
Энди “унда нима учун Юнонистон каби банкротликка тушиб қолган давлатга яна қарз бериш орқалигина ёрдам берилмоқда”, деган саволга жавоб  берадиган бўлсак, тизимни маълум миқдорда ушлаб туриш учун шу усулни фақат вақтинчаликка қўллаш мумкиндир. Лекин бу ечим эмас, балки иқтисодиётни вақтинчалик кучлантириш усулидир.

ЕЧИМ ТОПИШ МУМКИНМИ?

Қўштирноқ ичида айтиб ўтилаётган “тизим”даги ечимларга тўхталадиган бўлсак, дунё экспертлари пулини кўпайтириш ниятида бўлганларнинг пулларини ҳимоялаш мақсадида бундай тизимда пулларини фақат хом-ашё, масалан, газ, нефт, қимматли металлар, сув заҳираларига қўйишларини маслаҳат беришмоқда. Лекин улар банкларга нақд пул шаклида маблағ қўйишдан қайтаришмоқда. Юқорида айтиб ўтилган манбалар эса сайёрамизда тобора камайиб, тақчил ҳолатга келиб қолган, ҳатто оддий ичимлик суви захираси ҳам тобора камаймоқда. Ҳар қандай тақчил нарсанинг ўша пайтдаги қиймати ҳам энг юқори бўлади.  Пулини кўпайтириш мақсадида бўлганларга кўчмас мулкка ҳам пул қўйишлари мумкинликларини айтилмоқда.
Бу молия-иқтисодий тизимнинг аҳволи қачон яхшиланиб, қачон ёмонлашини аниқлашнинг имкони йўқлиги учун ҳар бир оддий хусусий шахсни ҳимоялаш давлат учун жуда муҳимдир. Аммо бу тизим янгиланиб, қачондир ҳамма нарсани бошидан бошлашга тўғри келиши аниқ. Бу дегани, янги пул тизими жорий этилиши аниқ ҳолатдир. Лекин бу қачон содир бўлади, буни ҳеч бир кучли иқтисодчи ҳам айтиб бера олмаслиги ҳам айни ҳақиқатдир. Шу ўринда савол туғилади: дунё қачонгача бу рибо тамойилига қуриладиган тизимларни қайта-қайта жорий қилишдан чарчаб, ундан воз кечар экан-а? 
Аллоҳнинг йўлидан бош тортилган ҳар қандай нуқтада инсоният албатта таназзулга учраши тайинлигини қайсидир маънода дунё ўз фаолиятида яхши  англаган бўлса-да, ечимни Ислом шариатидан излаб кўришни ва Аллоҳ таоло жорий этган шариат тамойилидаги тизимни ўрнатишни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ.
Аллоҳ таоло Ўз Каломида айтганидек, рибо (судхўрлик) тамойилидаги тизим бузуқ ақидага асослангани учун ҳам узоққа бормайдиган ва бир куни ҳалокат чоҳида ўлим топадиган тизимдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, рибони бир неча баробар қилиб еманглар. Аллоҳга тақво қилинглар, шояд нажот топсанглар” (Оли-Имрон, 130). Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам жуда кўп ҳадислар бор. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қайси қавм орасида зино ва рибо авж олса, улар ўзларига Аллоҳнинг азобини ҳалол қилган бўлишади” (Абу Яъло ривояти); “Кишининг била туриб рибодан еган бир дирҳами ўттиз олти марта зино қилганидан оғирроқдир”. Аллоҳ таоло ҳаром қилган рибо асосига қурилган ҳар қандай иқтисод ва молия тизимининг узоққа бормаслиги бугунги кунда ҳаммага беш қўлдай аён бўлиб қолди. “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, дейдилар. Аллоҳ қонунларидан четлашган ҳар қандай иш-амал албатта ҳалокатга учраши, хонавайрон бўлиши исбот талаб этмас ҳақиқатдир. Инқирозга юз тутган тизим ўрнига яна шунга ўхшаш рибохорлик тизимини жорий этишга бош қотираётган дунё давлатлари наҳотки Ислом давлатларидаги мавжуд исломий иқтисодиёт ҳамда молия тизими аллақачон ечимни топиб қўйганини билмайдилар? Аллоҳ буюрган муомалот усулини қўллаш давр ва макондан қатъи назар, ўта долзарб бўлиб турган вазифа эканини аниқлаш айнан бош мақсад бўлиши инқирозлар ечимини топиш деганидир. Аллоҳнинг йўлидан бошқа ҳар қандай йўл ботилликдан бошқа нарса эмас ва у албатта касодга учрагувчидир.
(Материални тайёрлашда кўпгина хорижий интернет-ахборот манбаларидан ҳамда Rehberger GmbH консультантлик компаниясининг махсус тайёрлаган видео маърузаларидан фойдаланилди).

LNQ тайёрлади

back to top