Logo
Print this page

Ғарб иқтисодий тафаккурида ссуда фоизининг ман этилиши

Янги асрдаги ғарб иқтисодиёт фанида ссуда фоизи тизимини фаол танқидчиларидан бири утопик социалист П.Ж.Прудон эди (1809-1865). Товарлар ва пуллар ўртасида жиддий тафовутларни кўрмаган Прудон олтин ва кумуш ўзининг хусусиятлари билан шартли умумэквивалент вазифасини бажарувчи сифатида хизмат қила олишини кўриб чиқди. Олим фоизни эксплуататорлик даромадининг асосий шакли сифатида кескин танқид қилди. Прудоннинг фикрича, фоиз иштирок этмаса, ишчилар капиталистдан ўз меҳнатлари маҳсулини сотиб олишлари мумкин бўлар эди.

Назарий дунёқарашини Прудон ўзи томонидан 1849 йилда ташкил этилган Ҳалқ банкида амалиётда қўллашга уринди. Товар ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган товарларни алмаштириш учун Ҳалқ банки уларга меҳнат талонлари деб аталувчи талонни берар эди, унда товар ишлаб чиқариш учун сарфланган меҳнат ҳажми ёзиб қўйилар эди. Бу ишчи пуллар ҳам деб аталиб, уларга худди шу банкда мувофиқ сондаги товарларни олиш мумкин бўлган. Меҳнаткашлар банкда фоизсиз кредит олишлари мумкинлиги тахмин қилинган. Тўла уч ой бўлмаган банк фаолияти мобайнида 12000 киши - асосан пролетарлар банкнинг ҳиссадорлари бўлдилар. Лекин тез орада Прудоннинг Ҳалқ банки ўз фаолиятини тамомлади – унинг ташкил этувчиси ҳукуматга қарши фаолиятда айбланиб ҳибсга олинди.
Буэнос-Айреслик немис тадбиркори Сильвио Гезелл (1862-1930) иқтисодий ривожланишга ссуда фоизининг салбий таъсири ҳақидаги масалани ўрганишга сезиларли ҳисса қўшди, у “Пул ишини ислоҳ этиш ижтимоий давлат сари йўл сифатида”, “Фоиз ҳақида янгича қарашлар” ва ўз ҳаётидаги энг асосий “Табиий иқтисодий тартиб” каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади.Гезеллнинг илмий ишларини Ж.М.Кейнс юқори баҳолади.
Айрим вақтларда ўзининг товарлари нима учун тез ва юқори баҳода, айрим вақтларда жуда секин сотилишини таҳлил этган Гезелл, бунинг сабаби талаб ва таклифнинг нисбати қонунларида эмас, балки пул бозоридаги пуллар баҳосида эканини хулоса қилди. Сотиб олиш фаоллиги фоиз ставкалари пастлигида ўсган, шу билан бирга фоиз ставкалари кўтарилган вақтда тадбиркор ўз товарларини сотишда муаммоларга дуч келган.
Натижада Гезелл, худди бошқа товар ва хизматлар сингари пул учун ҳам йиллик 5% атрофида омбор харажатлари тизимини тузиш лозимлиги ҳақида хулоса қилди. Бошқача айтганда, пулларни айланмага қайтариш учун пуллардан фойдаланганлик бўйича давлатга маълум бир миқдорни тўлаб туриш лозим бўлади.
Таклиф этилган табиий иқтисодиёт тартиби назариясидан кутилган ижобий натижани Гезелл, иқтисодиётни пул чайқовчилиги туфайли юзага келадиган нотекис ривожланишдан халос қилишда кўрди. Фоиздан озод бўлган пулларни Гезелл “эркин пуллар” деб атади. Дастлабки қарашда утопик(хаёлий) хусусиятга эгадек туюлган Гезелл назариясини унинг давомчилари амалиётга тадбиқ этишга уриниб кўрдилар. 1930- йилларнинг ўрталарида Австриянинг Вергль шаҳри магистрати томонидан шаҳарликларнинг розилиги билан, банкда жойлаштирилган мана шу миқдордаги ҳақиқий австрия шиллинги билан таъминланган эркин(фоизсиз) деб номланувчи шиллинглар муомалага киритилди. Фоизсиз пуллардан фойдаланганлик учун йиллик 12 фоиз(ойига 1%) миқдорида ҳақиқий шиллинг тўланадиган бўлди. Тўлов марка кўринишида ундирилиб, тўловчи томонидан банкнотнинг орқа тарафига елимлаб қўйилар эди. Агар банкнотда марка бўлмаса, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланарди. Натижада шаҳар аҳли қўлларига тушган фоизсиз пулларни тезроқ сарфлашга ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто солиқлар ҳам олдиндан тўланадиган бўлди.
Фақат бир йил ичида 5000 эркин шиллинг муомалада 463 марта бўлди- шу билан бир вақтда оддий австрия шиллинги муомалада 213 марта бўлди, холос. Бу 2315000 шиллинг(463*5000) миқдорида товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш имконини берди. Фоизсиз пулларни киритиш ишсизлик даражасини пасайтириш имконини берди, пуллардан фойдаланганлик учун тўловлар ижтимоий эҳтиёжларга ишлатилди.
Лекин Австрия Миллий банки фоизсиз шиллингларни киритишда ўзининг монопол ҳуқуқларига, энг аввало пулларни эмиссия қилиш ҳуқуқига тажовузни сезди. Шунинг учун, Верглдаги тажрибага бутун мамлакат бўйлаб ва ундан четда ҳам катта қизиқиш бўлишига қарамай, синов тўхтатилди.
Гезеллнинг ғояларини япон олими Йошито Отани янада ривожлантирди ва фоизсиз пулларни муомалага киритишнинг ҳисобларга жойлаштирилган маблағлар учун тўлов олиш технологик усулини таклиф этди – энди банкнотларга марка ёпиштириш шарт бўлмай қолди.
Фоизсиз ёки холис пуллар назариясининг рифожланишига немис архитектори ва ҳаваскор иқтисодчи М.Кеннеди ўзининг “Фоизсиз пуллар ва инфляция: қандай қилиб ҳаммага хизмат қилувчи алмашинув воситасини яратиш мумкин” китоби орқали салмоқли ҳисса қўшди дейиш мумкин. М.Кеннеди фоизсиз пуллар ғоясини амалга ошириш ютуғини нафақат пул, балки ер ва солиқ ислоҳотлари ўтказишда ҳам деб билди.
Муқобил иқтисодий, шунингдек исломий иқтисодиёт концепциясини кўриб чиқар экан, тадқиқотчи уларни жамиятдаги ресурсларни қайта тақсимлаш масалаларида етарли даражада самарали эмас деб баҳолади. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, китоб ёзилган вақтда (1980-йилларнинг иккинчи ярми) Ғарбда исломий иқтисодиёт ҳақида айтарли ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас, исломий банк иши эса эндигина тикланиш босқичида эди. Шу билан бирга М.Кеннеди ўрта асрлар Европасида мавжуд бўлган брактеат пуллар (брактеатлар) зарб қилиш амалиётини идеаллаштирди, бу пуллар феодаллар, шаҳарлар, епископликлар томонидан муомалага чиқарилар ва бир муддат ўтгач, муомаладан олиниб ва янги зарб этилган тангалар билан алмаштирилар эди. Бунда уларнинг қадри 25%га пасайтирилган (девальвация қилинган) ва мазкур қисми зарб қилиш учун солиқ сифатида ушлаб қолинган.
XX асрда ғарб иқтисодиёт фанида инқирозларнинг пул-кредит назарияси (Л.Минтс, Г.Симонс ва бошқалар) ва Ж.М.Кейнснинг инқирозлар руҳий назарияси тарафдорлари иқтисодий инқирозларнинг сабабларини кўриб чиқиб, пул-кредит омилининг такрор ишлаб чиқариш жараёнига таъсирини таҳлил этдилар. Лекин улар шундоқ ҳам ссуда фоизига асосланган тизимнинг ҳалокатли оқибатларини тўлақонли баҳолай олмадилар ва фақат алоҳида давлатлар пул-кредит сиёсатини танқид қилиш билан чекландилар.
Марксизм нуқтаи-назаридан молиявий капитални пайдо бўлиши монополиялар ҳукмронлиги ортиши билан бир қаторда империализм босқичидаги инқирозларни чуқурлаштирадиган сабаб сифатида кўриб чиқилади, пул-кредит сиёсатига урғу берадиган ғарбий концепциялар эса кўплаб инқирозларнинг асосий сабаби сифатида асосланмаган танқидга дучор бўлади.
Замонавий илмий, шунингдек ғарб адабиётида ссуда фоизининг жамият иқтисодий ривожланишига ҳалокатли таъсири муаммоларига эътибор берадиган асарлар ноёб бўлмай қолди. Шу билан бирга бундай амалиёт ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши ҳақидаги тўлақонли аниқ далиллар мавжудлигига қарамай, аксарият ғарблик муаллифлар иқтисодий муносабатларда ссуда фоизини алмаштириб бўлмаслиги ва муҳимлиги ҳақидаги тезисларга асосланмоқдалар.
Мусулмон ҳуқуқшуносларининг хулосаларига таянган исломий иқтисодиёт фани бир қатор, яъни пул таклифининг ўсиши ва банк кредит ресурсларини шаклланиши сингари омилларга боғлиқ бозор фоиз ставкаларидан фарқ қилувчи, инвестицияларнинг даромадлилигига боғлиқ фоизларда ифодаланган капиталнинг соф ишлаб чиқариш кўрсаткичи ва табиий фоиз ставкалари деб аталадиган тоифага ҳеч қандай монелик қилмайди.
Аксарият мамлакатларда юритиладиган иқтисодий сиёсат доим ҳам мулоҳазакор бўлмаган ва буюртма иқтисодчилар асарларидан илҳомланади, бу эса жамият ғоясида ўз аксини топади. Бизнинг давр қаҳрамони реал қийматликларни ҳеч нарса билан таъминланмаган молиявий воситаларга алмаштириш билан шуғулланувчи молиявий чайқовчи ҳисобланади. Натижада реал иқтисодиёт молиявий трансакцияларнинг ирреал(нореал) схемаларига бўйсунишга мажбур бўлади. Ҳалқаро тикланиш ва тараққиёт банки пул массасининг фақат йигирмадан бир қисмигина реал активлар билан мустаҳкамланганини, пул трансакцияларининг 95%и эса соф чайқовона эканлигини тасдиқлайди. Бундай тенденциялар жаҳон иқтисодий ҳамжамияти миқёсида жиддий инқирозларга олиб келиши мумкинлиги ҳеч қандай тахминларга ўрин қолдирмайди.
Бахтга қарши, турли молиявий хизматлар истеъмолчиси - ўрта миқёсдаги фуқаро учун ссуда фоизининг салбий таъсири оқибатлари доим ҳам равшан бўлавермайди. У аксарият ҳолларда болаларча ссуда фоизининг иқтисодий ривожланишга таъсирини аҳамиятсиз ва уни осонгина чеклаб қўйиш мумкин деб тахмин қилади. Шахсга одатда айсбергнинг кичик қисмигина кўринади. Унга фоизлар – бу квартиралар, машиналар, дала ҳовлилар, мусиқа марказлари, таълим олиш ва бошқалар учун банклар кредитига тўлов ва банкларга жойлаштирилган депозитлардан фойдаланилгани учун олинадиган мукофотлардек туюлади.
Бундай фуқаро, агар у истеъмол кредитидан воз кечса ва ўз маблағларини банк депозитига жойлаштирмаса, шу билан фоиз амалиётларида иштирок этишдан ва ўз ҳаётига фоиз иқтисодиётининг таъсиридан қочиши мумкин деб ҳисоблайди. Унга ҳар қандай сотиб олинган товар ёки кўрсатилган хизмат баҳосида уни ишлаб чиқарувчи томонидан ишлатилган кредит учун тўлов, яъни фоиз жойлаштирилгани маълум эмас. Кредит олган ишлаб чиқарувчи якуний маҳсулот баҳосига фоизлар бўйича тўловларни қопловчи миқдорни тиқиштиришга мажбур. Шундай қилиб, товарлар ва хизматлар баҳоси (баъзан ишлаб чиқарувчи олган кредит бўйича фоиз ставкаларига боғлиқ равишда сезиларли даражада) ошади ва қўшимча қийматнинг ҳеч нарса билан оқланмайдиган бир қисми камомади рўй беради. Масалан, кундалик эҳтиёждаги хизматлар ва товарлар баҳоси учун капитал харажатлар ёки фоизларнинг ўртача улуши 50%га етиши мумкин.
Бунда оддий товарлар учун баҳо улар қийматининг ифодаси ҳисобланса, ссудага берилган капитал учун бундай таъриф моҳиятан нотўғри бўлур эди, чунки фоиз қийматнинг пулдаги ифодаси бўла олмайди ва ссуда капиталининг ўзи пул шаклида ифодаланган бўлади. К.Маркс “фоизни капиталнинг баҳоси сифатида” ифодалашни мутлақо идеал ҳисоблаши бежиз эмас.
Юқорида истеъмол кредити эсга олинади, ушбу кредитнинг моҳияти истеъмол учун мазкур товарларни сотиб олган шахслар товарлар учун тўловни кечиктириб тўлашларидан иборат. XX аср ўрталарида жаҳонда мазкур кредит шаклининг кенг тарқалаётгани кузатилди, бунинг натижасида янада кўпроқ кишилар қарздорлар армияси сафини тўлдириб бордилар. АҚШ аҳолисининг истеъмол кредитлари бўйича қарздорлиги 1,9%га ошди (3,3 млрд.долл), мамлакатдаги истеъмол кредитлари бўйича қарзлар 2006 йилнинг февралидаги маълумотларга кўра 2,16 трлн.долларни ташкил этди.
Кредит бўйича қарзларни ўз вақтида тўламаслик жарима ва яна катта қарздорликка олиб келади. Қарз ҳисобига яшаш замонавий инсон турмуш тарзининг ажралмас қисми бўлиб қолди. Қарзлар билан ўраб олинган инсон ишидан айрилиш ва меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолиш хавфи билан, ўзидаги барча нарсани йўқотиш ва кўчада қолиш хатари билан яшайди. Очиғи, банк тарафидан олинадиган фоиз ҳам – ўзига яраша банкнинг ўз қўрқуви учун тўловдир. Табиий савол туғилади: иқтисодий муносабат иштирокчиларининг муомаласи қўрқувга асосланган жамиятни қандай келажак кутиши мумкин?
Лекин истеъмолни кредитлаш бозорида ишлаётган банкларга улар мижозларидан шоппинг (магазин, савдо комплекслари ва марказларида кийим-бош, аксессуар, совғалар сотиб олиш билан вақт ўтказиш шакли) вабоси тўлқинида ундираётган ўша юқори фоизлар камлик қилади, бу вабодан замонавий ҳаётда соғайишга ҳозирча ҳеч қандай умид йўқ.
Истеъмол кредитлари бўйича паст фоизлар ёки уларнинг йўқлиги ҳақида жар солиб реклама проспекти тузувчилар харидорларнинг молиявий тажрибасизликларидан фойдаланиб уларни чалғитадилар ва ўзлари тасаввур қилганларидан ҳам кўпроқ қарз қарамлигига тушишга мубтало этадилар.
Кундалик иш айланмасидаги кредитларни кредитлаш ва фоиз ставкалари субъектлари тафовути бўйича судхўрлик (ўта юқори) ва меъёрий шаклларга шартли бўлинишига рози бўлинган тақдирда, судхўрлик XXI асрда ҳам ўзининг моҳиятини йўқотгани йўқ. Тўлов қобилияти ўта паст бўлган аҳоли қатламларининг банклардан кредит олиш эҳтимоли қийин даражада. Улар учун истеъмол эҳтиёжларига зарур миқдорни топишнинг ягона усули ломбардлар, ссуда конторалари ва шунга ўхшаш муассасалар берадиган судхўрлик кредитлари ҳисобланади. Масалан, АҚШда кредитга ихтисослашган магазинлардан сотиб олинадиган товарларга ссудалар бўйича фоизлар йиллик 300% гача бориши мумкин, кредит конторалари(квазибанк ташкилотлари) томонидан кичикроқ муддатларга (қоидага кўра, иш ҳақигача) берилган ссудалар бўйича фоизлар – 3000%(!) гача боради.

Интернет маълумотлари асосида
Ботирхўжа Жўраев тайёрлади

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика