Ҳиндистоннинг йирик банки исломий инвестиция жамғармасини ишга туширади

Келгуси ойда Ҳиндистоннинг йирик давлат банки мамлакатда яшовчи 170 млн.мусулмоннинг жамғармаларини жалб этишга кўмак берадиган исломий инвестиция жамғармасини ишга туширади, деб хабар берди МуслимЭко нашриёти.

Ҳиндистоннинг қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича Кенгаши яқинда State Bank of India давлат банки ва учта бошқарув компанияларига шариатга мувофиқ келувчи инвестиция жамғармаларини ишга туширишга рухсат берди. Кутилганидек, давлат банки даставвал ўз жамғармасига 1 млрд.рупий (16.4 млн.доллар) жалб этади, жамғарма эса жорий ийлнинг 1 декабридан ишга тушади. Ҳозирги вақтда Ҳиндистон мусулмон аҳолисининг катта қисми банк тизимидан четда қолиб кетмоқда, чунки улар дин талабларига мувофиқ келадиган молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга эмас.
Янги инвестиция жамғармаси алкоголь, тамаки, қимор ўйинлари ва ноисломий молиялар билан боғлиқ компаниялар акцияларига қуйилмалар киритишдан ўзини тияди. “Бу диверсификацияланган акциялар жамғармаси бўлади ҳамда унга акциялари йирик, ўрта ва кичик бозор капиталлашувига эга компаниялар киради”, - деб қайд этди SBI Mutual жамғармаси директори Динеш Хара. Жамғарма исломий меъёрлар, шунингдек мулк соҳаси кўрсатмаларига риоя этишни назорат қилиш бўйича Умумҳиндистон мусулмон шахсий ҳуқуқи кенгаши томонидан маъқулланган. Мутахассисларнинг фикрича, Ҳиндистон фонд биржаси листингида Ислом талабларига мувофиқ фаолият юритадиган 600-700 компания мавжуд. Шуни қайд этиш лозимки, ўтган йилнинг майида Бомбей фонд биржаси Ҳиндистонда дастлабки исломий фонд индексини амалга киритди.

Интернет маълумотлари асосида
Ботирхўжа Жўраев тайёрлади

back to top