Олтин динор лойиҳасининг аҳамияти (1-қисм)

Олтин динор лойиҳасининг  аҳамияти (1-қисм)

Исломий  молиялаштириш усулларининг анъанавий  молиялаштириш усулларидан афзаллиги ҳақида кейинги даврларда кўп ёзилди.Исломий молиявий муассасалар ўз табиатига кўра чайқовона битимларда иштирок этмаган ҳолда, ҳозир биз гувоҳ бўлиб турган мана шундай инқирозларга ( 2008 йилдаги умужаҳон иқтисодий инқирозлари назарда  тутилмоқда - Б.Ж)  йўл қўймаслик тўғрисидаги фикрларни  бир қатор шартлар билан қабул қилиш мумкин. Мана шу шартларнинг моҳияти  исломий банклар ва бошқа молиявий муассасалар анъанавий(ноисломий) молиявий муассасалар ҳукмрон бўлган вазиятда,   инқироз оқибатларини  бартараф этиш бўйича ўз имкониятларини қай даражада тўлақонли амалга оширишидан иборат бўлади.Ҳозирги вақтда жаҳондаги фақат бир мамлакат – Судан – буткул исломийлашган молиявий секторга эга. Аксарият  мамлакатларда исломий банклар анъанавий молиявий тизим  устунлиги доирасида фаолият кўрсатишга мажбурлар.

Исломга мувофиқ иқтисодий ривожланишнинг кўплаб тарафдорлари учун алоҳида исломий молиявий муассасаларни ташкил этиш орқали мавжуд дунёвий  иқтисодий  тартибни ўзгартириб бўлмаслиги аниқ ва равшандир. Долларга асосланган жаҳон молиявий тизимини ўзгартира оладиган янги  кескин ислоҳотларни  ўтказиш зарур. Янги минг йиллик бўсағасида долларнинг рақобатчиси – еврони - пайдо бўлиши  “олтин миллиард” деб аталувчи гуруҳга кирмаган  мамлакатлар учун моҳиятан ҳеч нарсани ўзгартирмади.
1997-1998-йиллардаги Осиё мамлакатлари молиявий инқирози авжига чиққанда, Малайзиянинг ўша вақтдаги Бош вазири Ямайка келишуви билан ўрнатилган анъанавий жаҳон молия тизимининг муқобили сифатида олтин(исломий)  динор лойиҳасини қуллаб-қувватлади.Ўшанда олтин динор лойиҳаси универсал мусулмон валютаси сифатида фақат инқирозга қарши қарорларнинг бири сифатида кўриб чиқилган эди, лекин айнан унинг тақдирига  Малайзия ва ундан ташқарида оммавийлашиш битилган экан.
Олтин динор ҳақидаги масала олтин стандартига, яъни нақд пулларнинг олтинга эркин алмашиши   мумкин бўлган пул тизимига қайтиш муаммоси талқинида тез-тез муҳокама этилар эди.
Олтин стандарт ҳақида айнан мусулмонлар тасодифан  сўз очмаган эдилар.Олтин стандартига қайтиш тарафдорлари  фикрига кўра асосий адолатсизлик шунда эдики, ўзларининг табиий бойликларини, энг аввало – нефть ва газни сотган мусулмон мамлакатлари  унинг ўрнига АҚШ Федерал заҳира тизими ҳаводан ишлаб чиққан(чоп этган)  пулларни, ҳисоб  варақдаги рақамларни оладилар. Шу билан бир вақтда – нефть экспортёрлари бир қатор мамлакатлар миллий валютаси(Гватемала, Сальвадор, Эквадор ва ҳк.) билан тенгма-тенг бир сафда юрадиган долларни чоп эта олмайдилар.
Олтин – бу энди бошқа масала.Олтин стандартида  мамлакатларнинг ҳеч бири олтин ёмбиси ва тангалари ишлаб чиқариш  монополиясига эга бўлмайди.Олтин стандартига қайтилса, мусулмон мамлакатлари ўз табиий бойликлари эвазига АҚШда чоп этилган қоғоз пулларни эмас, уларга эквивалент миқдордаги олтин( ёмби ёки танга кўринишида бўлиши аҳамиятли эмас) сингари товарларни  олишлари мумкин.
Олтин динор тарафдорлари олтин стандарт тизимини тиклаш ташаббуси билан чиққанлардан яна ўзиб кетдилар.Олтин динор  ўз  тарафдорлари томонидан учлик: олтин динор - кумуш дирҳам – қоғоз фулуснинг бир бўғини сифатида кўринмоқда. Бошқача айтганда, сўз модификацияланган биметаллизм(қўш металл) ҳақида бормоқда, бу ерда пул майдаловчи  сифатида кумуш дирҳамлар ҳам, қоғоз фулуслар ҳам  қатнашади.Динорчиларнинг( олтин динор тарафдорларини рақиблари шундай атайдилар) фикрича,  биметаллизмдан фарқли равишда олтин стандарт тизими иқтисодиётни ҳеч нарса билан таъминланмаган пуллар билан  тўлдиришдан сақлай олмайди.
Шундай қилиб, мусулмон дунёси ва ундан ташқарида олтин динорга бўлган қизиқишни рағбатлантирадиган асосий сабаблар қуйидагилар ҳисобланади:
1. Олтинга майдалаб  бўлмайдиган қоғоз ва кредит пуллар(flat money).
2. Пул эмиссияси билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан  пул эмиссиясидан олинадиган даромадлар ёки пул бирлиги номинали ва уни тайёрлаш баҳоси ўртасидаги фарқ кўринишидаги сеньораж.
3. Сссуда фоизи(рибо).
Кўрсатилган сабабларнинг ҳар бирини қисқача кўриб чиқамиз.
1. “Flat money” деганда нафақат олтинга майдаланмайдиган қоғоз пулларни, балки ички қийматга эга бўлмаган, шунингдек, ҳисоб варақлардаги рақамлар кўринишидаги пулларнинг барча шаклларини тушуниш қабул қилинган.Агар қоғоз пулларнинг Ғарбдаги олдинги ўтган шакли – банкнотлар – узоқ муддат оралиғи мобайнида олтинга эркин алмашган бўлса, қоғоз пуллар эса бундай хусусиятга эга эмас.Бундан ташқари,  қоғоз пуллар олтин билан солиштирганда  банкнотдан фарқли равишда  сўзсиз қадрсизланади.
2. Банкнота номинали ва уни тайёрлаш қиймати  ўртасидаги фарқ валюта эмитентига нафақат фойда, балки ўта юқори фойда олишга имкон беради.Масалан, агар 100 долларлик купюрани ишлаб чиқариш баҳоси(таннархи) – 15 центни ташкил этса, у ҳолда сеньораж  бу ҳолатда 99 доллару 85 цент бўлади.Бошқача айтганда, у ёки бу давлатнинг чет элдаги валюта заҳиралари қанчалик катта бўлса, ўз пул белгиларини эмиссия қилишдан оладиган унинг даромади шу қадар юқори бўлади. Долларнинг жаҳон заҳира  валютаси сифатидаги вазифаси  АҚШга, ҳанузгача ва ҳозирда  ҳам  ўзининг валютасини  мамлакат ичида  инфляция хатарини кучайтириш хавфисиз,  чет элда муомалада бўлиши учун қўшимча эмиссияни  амалга ошириш учун  имкон бермоқда.
3. Пул эмиссиясини амалга оширувчи марказий банк ёки бошқа муассаса сеньоражни олиб бўлгач, тижорат банклари ҳам  ўзларининг фойдадаги улушини олади.Чоп этилган пуллар фоизли кредит кўринишида валюта эмиссия қилинган мамлакат ичида ва чет элда айланишни бошлайди.Бошқа мамлакатлар доллар ёки евро ишлаб чиқара олмаганликлари сабабли, улар кўрсатилган валюталарда кредит олиш ҳуқуқи учун бир-бирлари билан рақобатлашишга мажбур бўладилар.Шундай қилиб доллар ва евро,  уларга талаб  ўзгармас  бўлган товарга айланади.Улардан фойдалаганлик учун тўлов сифатида - фоиз юзага чиқади.Кредитни қайтаришнинг ягона йўли – кўрсатилган валютада заҳираларга эга бўлган мамлакатларга товарлар ва хизматларни сотишдир, яъни ишлаб чиқариш ёки қазиб чиқариш учун реал меҳнат ва пулларни киритиш талаб қилинган реал, кўпинча қайта тикланмайдиган(масалан, табиий ресурслар) товарларни бериш ва унинг ўрнига реал баҳоси номинал баҳосидан бир неча баробар паст бўлган банкнотлар ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳолатида компютердаги рақамларни олишга  мажбур бўлинади.
Маълумки, ссуда фоизи ҳар қандай шаклда исломда ман этилган.Мазкур тақиқ асосида Қуръон ва ҳадиснинг  шунга  мувофиқ низомлари ётади, лекин бизнинг кунларда ссуда фоизининг жоиз эмаслиги тўғрисидаги  жамоавий қарорларни қабул қилишда, мусулмон фиқҳшунослари томонидан соф иқтисодий  далиллар ҳам эътиборга олинган.Ссуда фоизига қарши капитал экспансиясининг(кенгайиши) ўсиши  ва пул массаси  ўсишининг ўзиб кетиши ҳисобига меҳнат ресурсларининг ортиши; истеъмолни, шу жумладан қайта тикланмайдиган ресурслар истеъмолини рағбатлантириш;  бойликларни кўпчилик ҳисобига озчилик қўлида  тўпланиши ва бошқа далилларни олдинга сурилади.
Лекин  иқтисодий соҳадаги исломнинг тақиқлари, олтиннинг  ҳеч қандай вазифани бажаришга имкони бўлмаган пул тизимини  ўзида акс эттирган   даврда шакллантирилган эди.Хусусан, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг  судҳўрлик амалиётлари  қораланган ҳадисларида олтин ва кумуш, шунингдек, пулнинг вазифасини бажарувчи айрим товарлар: буғдой, арпа, хурмо ва туз ҳақида айтиб ўтилган:
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
           «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар: «Тиллани тиллага (ёхуд тиллани кумушга ёки кумушни кумушга) сотиш, икки томон бир-бирларига ўз тиллари бирлан «Ол» демасалар ва бир-бирларининг молларини (тилла ёки кумушларини) қўлларига олмасалар, судхўрлиқдур (порахўрлиқдур).  Буғдойни буғдойга сотиш, икки томон бир-бирларига ўз тиллари бирлан «Ол» демасалар ва бир-бирларининг моллари қўлларига олмасалар, судхўрликдур.  Хурмони хурмога сотиш икки томон бир-бирларига ўз тиллари бирлан «Ол» демасалар ва бир-бирларининг молларини қўлларига олмасалар, судҳўрликдур. Арпани арпага сотиш, икки томон бир-бирларига тиллари бирлан «Ол» демасалар ва бир-бирларининг молларини қўлларига олмасалар, судхўрликдур».  (Яъни, агар икки савдолашгувчидан бири нақдга, иккинчиси эрса насияга савдолашса, демак нақдга савдолашгувчи насияга савдолашгувчига қандайдир шарт қўяди. Бу эрса судхўрликдур) (www. islom. uz).
Сўнгги юз йилликда мусулмон дунёсида,  айрим исломий битим шакллари судхўрликнинг исломий тақиқига тушмаслигини  исботлаган  шарҳловчилар учраб турди.Турли металлардан тайёрланган тангалар каби олтин билан таъминланган қоғоз пулларнинг пайдо бўлиши мусулмонларнинг судхўрлик амалиётини тақиқлаш тўғрисидаги  қарашларига сезиларли таъсир кўрсатмади.Мусулмон дунёсида анчадан буён  суфтажа, сакк ва бошқалар сингари турли  айланма ҳужжатлар шакллари кенг тарқалган бўлиб, улар оддий металл пуллар билан бир қаторда  тўлов учун қабул қилинган.
Биринчи жаҳон уруши  1879-1914 йиллар даврида равнақ топган олтин стандартига жиддий зарба берди.1920-йилларда етакчи ғарб давлатларида  олтин стандарти фақат қуйма-олтин  ёки  валюта-олтин стандарти шаклидагина  қайта тикланди.Қуйма-олтин стандарти мамлакатларида етарли миқдорга эга бўлган ҳар қандай шахс банкнотларни олтин қуймасига алмаштириши мумкин эди.Икки жаҳон уруши даври  оралиғида   аксарият мамлакатлар  томонидан  қабул қилинган  валюта-олтин стандартида банкнотлар  бевосита  ёмби(қуйма)га алмаштирилмас эди: банкнотларни қуйма-олтин стандарти ўрнатилган мамлакатлар валютасига конвертациялаш ва  қуймадаги олтинларни энди шу мамлакатда олиш мумкин бўлиб қолди.
Шундай қилиб, қуйма-олтин ва валюта-олтин стандартларининг ўзига хос жиддий камчиликлари бор эди: қуйма-олтин стандарти хусусий секторнинг олтин билан ўтказадиган  амалиётлари эркинлигини  чеклар,  валюта-олтин стандарти   эса  қуйма-олтин стандартига эга мамлакатлар валютаси орқали сотиб олишнинг  расман имконияти мавжуд бўла туриб, олтинни  хусусий айланмадан олиб қўйишни англатар эди. Кейинчалик  ғарб мамлакатлари монетар сиёсати ва 1929-1933 йиллардаги  жаҳон иқтисодий инқирози натижасида 1931 йили фунт стерлингнинг қуйма-олтин стандарти, 1933 йилда америка долларининг олтин танга стандарти, 1936 йилда эса француз франкининг қуйма-олтин стандарти   бекор қилинди.1944 йилда Бреттон-Вудс(АҚШ)да имзоланган битимга  мувофиқ жаҳонда олтин-девиза(французча device – чет эл валютасида ифодаланган ҳар қандай пул маблағи бўлиб, ҳалқаро ҳисоб-китобларда ишлатиладиган тўлов ҳужжатидир.Девиза шакллари: чеклар, аккредитивлар, векселлар, чет эл банкнотлари ва тангалари ҳисобланади)  стандарти ўрнатилди.Битим иштирокчилари бўлган мамлакатлар  тўлов балансларидаги тақчилликни  қоплаш учун  эндиликда олтин ва девиза заҳираларига( асосан АҚШ  долларида)  эга бўлишлари  лозим эди.
 1971 йилда Бреттон- Вудс келишувининг бекор қилиниши АҚШда анчадан бери долларни олтинга худди тўлақонли  олтин стандарти каби алмаштириш имконияти  йўқлигини  қайд этиш далили эди, холос.
Энди исломда ссуда фоизини легаллаштириш  тарафдорларида салмоқли далил пайдо бўлди: нисбатан барқарор  пул тизими шаротидаги фоиз –  маълум вақт ўтиши билан  қадрсизланадиган ҳамда олтин билан  таъминланмаган пулларни айланишидаги фоиз ҳолатидан яхшироқдир.
Олтин стандарти тугатилиши шароитида  фоизсиз кредитлар  тақдим этган банк  нафақат фойда олмай, балки ўзининг зиёнига ишлашга мажбур бўлади.1960-йиллари мусулмон дунёснинг турли қисмларида ташкил этилган исломий ва квазибанклар(квази – сохта, ниқобланган) фоиз муносабатларидаги  вазиятни ўзгартира олмадилар.Бунинг учун бутун молиявий тизимни  тубдан қайта қуриш зарур эди.Фақат уч мамлакат: Покистон, Эрон ва Суданда зарурий ўзгариштиришлар қилишга  ҳаракатларни амалга оширишга   уринилди, юқорида қайд этилганидек, Судандагина исломий секторни  исломийлаштириш бўйича ислоҳотлар якунига етказилди.
Мусулмон мамлакатлар ўз табиий бойликларига(углеводородлар, қалай ва бошқалар)  қарамай, ривожланган капиталистик мамлакатларга қарз қарамлигида қолишда давом этдилар.Ташқи қарзга  тўловларни амалга ошириш уларнинг аксариятига давлат даромадининг катта қисмини ўзининг ривожланиши учун йўналтиришга имкон бермаган ва бермаяпти ҳам.Мана шундай вазиятда, 1970-йилларнинг ўрталарида мусулмон мамлакатлари ўртасида ўзаро савдо тўлов воситаси сифатида америка долларининг муқобили бўлган – ягона олтин валютасидан фойдаланишга асосланган молиявий тизимни ташкил этиш тўғрисидаги ғоя  иштиёқ билан кутиб олинди.Лекин 1970-йилларда мана шундай валюта мусулмон мамлакатлари ўртасидаги келишмовчилик сабабли муомалага киритилмай қолди.
1990-йилларда универсал мусулмон валютаси ғояси ўша даврларда Малайзиянинг бош вазири ва молия вазири лавозимларида ишлаган Маҳатхир Муҳаммадни ҳам қизиқтириб қолди.У АҚШ долларининг муқобили  сифатида мусулмон дунёсида олтин(исломий) динор ғоясини қўллаб-қувватлади ва ривожлантирди.
Аввалда олтин динор Малайзия миллий валютаси сифатида ринггитни алмаштиришга эмас, балки фақат мусулмон мамлакатлари ўртасидаги савдо амалиётларини молиялаштириш учун  мўлжалланган эди.Малайзия бош вазири олтин  стандарти ва биметаллизмга  қайтиш фикрига  қарши эмас эди, лекин ҳамма мамлакатлар ҳам мана шундай маъсулиятли ва муҳим қадамни қўйишга тайёр эмасликларини ҳис этган ҳолда олин динордан фойдаланишнинг  эгилувчан схемасини таклиф этди.
Маҳатхир Муҳаммад  томонидан таклиф этилган  режага мувофиқ, олтин динор лойиҳасининг   иштирокчи-мамлакатлари ўзаро ҳисоб-китобларни кўрсатилган валюта воситасида нақд пулсиз шаклда юритишга асосланган  ҳисоблашиш клиринг тизимини  тиклашлари  лозим эди.
Малайзия 1997-1998 йиллардаги осиё молиявий инқирози оқибатларини  иқтисодиёти  учун энг кам йўқотишлар билан   бартараф этган  мамлакатлардан бири ҳисобланади. Олтин динор лойиҳаси инқироз давомида кўплаб давлатларнинг миллий валюталарини қулатган валюта чайқовчиларининг ҳаракатига муносиб жавоб эди. Ҳалқаро валюта жамғармаси(ҲВЖ)нинг ҳалқаро тўлов воситаси сифатида олтиндан фойдаланишга қўйган  тақиқини инобатга олиб, олтин динор лойиҳаси АҚШ ва у томонидан назорат этиладиган ҳалқаро молиявий  ташкилотларга очиқ-ойдин  чақириғи эканлигини айтиш мумкин.Вашингтонда олтин динор жорий этилган мамлакатлар иқтисодиётига АҚШнинг таъсири энг паст даражага тушиб кетишини яхши  тушунадилар. Оддий доллар ушловчилар ҳам АҚШ иқтисодиётига ундан кам бўлмаган жиддий зарба беришга қодирдир.Ўз жамғармаларини олтин билан таъминланмаган америка банкнотларига инвестиция қилгандан кўра, уни  олтин динор фойдасига йўналтириш истаклари уларнинг  АҚШ ҳукуматига фоизсиз қарз беришдан воз кечишларини англатади. 
Инқироздан кейин  мусулмон дунёси ва Осиё-Тинч океани мамлакатлари иқтисодий ҳамкорлиги(АТЭС) мамлакатларида  Малайзиянинг обрўси жиддий тарзда ошди.  Осиё молиявий инқирози,  Жанубий-Шарқий Осиё  мамлакатларининг жабр кўрган  иқтисодиёти манфаатларини  кўзлаб, АҚШ долларига қарама-қарши  бўлган қандайдир универсал валюта ташкиллаштириш ҳаракатларига   олиб келди. Масалан, 1998 йилда Малайзия, Бруней, Жанубий Корея ва Тайвань миллий ва давлатлараро   валюта сифатида Осиёда  азианани жорий этиш бўйича   режалар тўғрисида баёнот бердилар. Ҳатто азианани олтин-валюта таъминоти махсус жамғармаси ҳам  ташкил этилди. Лекин ушбу лойиҳа  муваффақият қозона олмади.
Орадан 5  йил ўтгач ҳудудда, дастлабки европа валютаси ЭКЮга ўхшаш ягона ҳисоб-китоб бирлиги – АКЮни ташкил этиш келажаги тўғрисида сўзлай бошладилар. Янги валютани  мажбурий олтин таъминотига эга бўлиши ҳам  мумкинлиги ва давлатлараро   ҳисоб-китобларда ишлатиш  режалаштирилган  эди.Айрим мамлакатларда АКЮни миилий валюта сифатида  жорий этиш ҳам истисно этилмади.Охирги йилларда Канада, АҚШ ва Мексика учун амеро шартли номи билан  ҳудудий валюта мавзуси ҳақидаги шов-шувлар пайдо бўлди.
1990-йилларнинг ўрталарида ислом  тамойилларига мувофиқ иқтисодий ривожланиш тарафдори, ўша вақтларда Туркия  Бош вазири бўлган Н.Эрбакан томонидан  бин неча бор олтин динор фойдасига фикрлар билдирилди.У  Туркиядан ташқари Бангладеш, Миср, Индонезия, Эрон, Малайзия, Нигерия ва Покистон  аъзо бўлган “Исломий саккизлик” деб аталувчи иштирокчи-мамлакатлар валютаси сифатида – олтин динорни киритишни таклиф этди.Бу ғоя очиқдан-очиқ ҳеч бўлмаса Туркия сингари давлат учун  хаёлий эди, шунинг учун, олтин динор “Исломий саккизлик”нинг валютаси бўла олмаслиги ҳеч кимни ажаблантирмади.Марокаш қироли Ҳасан II ҳам закот тўловчи мақбул восита сифатида олтин динорни ёқлаган эди.
Шундай бўлсада, Малайзия раҳбарияти олтин динор ҳудудини ташкил этиш лойиҳаси бўйича иттифоқчиларни  қидиришда давом этди.Олтин динор анча вақтдан бери Яқин Шарқда қизиқиш туғдирар эди.Маҳатхир Муҳаммаднинг фикрига кўра, олтин динор тизимининг  асоси мусулмон мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама эмас, балки икки томонлама келишувларда тузилиши лозим.Олтин динорни  аста-секин  жорий этиш тангаларни тайёрлаш учун  олтин хом ашёси  тақчиллигидан қочиш имконини берар эди.Малайзиянинг олтин ва кумушни экспорт қилувчи мамлакатлар билан  мустаҳкам иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиши  тўғрисидаги масала  кун тартибида  пайдо бўлди.
2000- йилда E-gold,  GoldMoney,  e-Billion ва бошқаларнинг ўхшаши бўлган E-Dinar  электрон тўлов тизими  иш бошлади.Худди шу йилда Лабаун(Малайзия) ва Дубай амирлиги(БАА) офшшор ҳудудида мос равишда олтин ва кумуш тангаларни зарб этиш билан шуғулланадиган E-Dinar Ltd ва E-Dinar FZ-LLC  компаниялари ташкил этилди.Моҳиятига кўра  ҳар икки компания  мижозлар маблағларини олтинга конвертация қилувчи ва олтин динорларда  ҳисоб-китоб ўтказиш сингари хизматларни кўрсатувчи банклар ҳисобланади.
E-Dinor  тизимини ташкил этиш олтин хом ашёси танқислиги сабабли олтин динор лойиҳаси хаёлий  деб ҳисобловчилар тахминини камайтирди.  E-Dinor   электрон тўлов тизими интернетда ҳам тўлов ва алмашинув амалиётларини амалга ошириш имконини беради. E-Dinor  тизимида 24 карат ўлчовли 4,25 грамм оғирликдаги соф қуйма олтинга тенг шу номдаги E-Dinor  бирлигидан  ҳамда 3 грамм оғирликдаги кумуш  қуймасига мос келадиган  E-Dirhamдан фойдаланилади.
E-Dinor  тизимининг энг асосий афзаллиги – инфляция хатарларидан ҳимоялаш ишларидаги ишончлилигидир.Шунингдек, тизимнинг муомаладаги оддийлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. E-Dinorда  рўйхатдан ўтиш учун шахсни тақсдиқлайдиган ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, компания омборидаги олтин ва кумуш заҳираси уларнинг электрон эквивалентига  мос келиши керак. Мижознинг ҳоҳишига қараб, у металл ёки хорижий валютада эквивалентни олиши мумкин.Лекин E-Dinor   тизимида айланаётган олтин ва кумуш  аниқ сони маълум эмас. E-Dinor  тизимининг шаффоф эмаслиги худди бошқа шундай тизимлар каби, ундан шариат талабларига  буткул мувофиқ келадиган восита сифатида фойдаланишни афзал деб биладиганлар  учун жиддий муаммо ҳисобланади.Хусусан, мижозларда уларнинг ҳисоб варақлари мос равишда 100% олтин ёки кумуш билан таъминлаганига ишонч йўқ.
Бундан ташқари E-Dinor  тизимида асосий ўрин олтин ва кумуш тангаларга эмас, балки юқорида қайд этилганидек,  мусулмон фиқҳшунослари томонидан flat money сингари қоғоз пуллар сифатида кўриб чиқиладиган  электрон пулларга  берилган. Бундай  шароитда олтин динорнинг барча тарафдорлари учун, назарий жиҳатдан 100% олтин билан таъминланган электрон пуллар ношаффоф тизимидан фойдаланиш мақбул бўлмайди. Шу билан бирга мижозда ўз маблағларини воқеликдаги олтин ёки кумушдан қилинган тангаларга конвертация қилиш имконияти бўлади.
2001 йилнинг ноябрида Дубайда  олтин динор(4,25 грамм оғирлиқда) ва кумуш дирҳамни(3 грамм вазнда) муомалага киритиш тўғрисида расман эълон қилинди.Тангалар Thomas Cook al-Rostamani Exchange Kompany   ва “Дубай Ислом банк”и орқали  тарқатилади.

“Исломий иқтисодий модель ва ҳозирги замон” китобидан
Ботирхўжа Жўраев таржима қилди

back to top