“Қора олтин” нархлари яна тушиб кетди

“Қора олтин” нархлари яна тушиб кетди

Жаҳон бозорларида нефт нархлари етти ҳафта давомида тушиб бормоқда: хом ашё котировкалари март ойидаги минимумга қайтди. Бугунги савдода Brent нави бўлган нефт 0,58% га арзонлашди, яъни бир баррели 48,33 долларга тушиб кетди. WTI нави эса, 0,57%га, бир баррели 43,62 долларга сотилди.
“Қора олтин” ортидан Россия валютаси ўз қадрини йўқотмоқда. Бир евро 71 рублга чиқди: Марказий банк белгилаган евронинг расмий курси эса, 70,7 рубл. Америка валютаси эса, 64 рублга чиқиб кетди.

Нефт нархини ким туширяпти?

Нефт нархлари тушиб кетишига бир нечта сабаблар бор. Биринчидан, хом ашё жаҳон бозорига Эроннинг углеводородлари кириши кутилмоқда. 2012 йилгача Теҳрон 2,5 миллон баррел “қора олтин” сотар эди, бироқ Ғарб санкцияларидан сўнг хом ашё экспортини 1 миллион баррелга туширишга мажбур бўлди. Ислом республикаси билан ядро дастури бўйича муросага келишгач, АҚШ ва Европа иттифоқи Эронга нисбатан эмбарголарни олиб ташлашга ваъда қилишди. Эрон эса, 0,5–1 миллион баррелга нефт экспортини кўпайтиришини айтмоқда.
Айни вақт жаҳон угеводород бозорида Эронсиз ҳам талабдан кўра таклиф кўп экани кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам котировкалар тушиб ётибди. Энди Эрон тиқиладиган бўлса нарх янада ўпирилиб тушади.
Энергоресурсларга бўлган талабнинг кўнгилдагидек бўлмаётганининг яна бир сабаби, Хитойда иқтисодий ўсиш ҳам секинлашган. Май ўрталаридан бошлаб Хитой жамғарма (фонд) бозори 30% капиталидан маҳрум бўлган. Хитой иқтисоди секинлашаётгани ҳозирдан маълум, биржаларнинг барбод бўлиши эса вазиятни янада оғирлаштиради. Хитой бозорларида ҳамон сақланиб қолган салбий ўзгарувчанлик, жаҳон иқтисодига янги хавф, деб ҳисоблашмоқда Халқаро Валюта жамғармаси. Модомики, Хитой энергоресурсларнинг энг йирик импортчиси ҳисобланар экан, унинг Ялпи Ички Маҳсулотлари (ЯИМ) ҳам секинлашади, бу эса хом ашёга бўлган талабни камайтиради.
Хом ашёни қазиб чиқариш ошиб бормоқда ва шундай экан таклиф ҳам катта – бу эса нефт нархининг тушиб кетишининг иккинчи сабабидир.
Нефт экспортерлари мамлакатлари ташкилоти (ОПЕК), қазиб чиқаришни рекорд даражада ушлаб туришибди, улар дунё бўйича 40% “қора олтин”ни ишлаб чиқаришади. Россияда ҳам нефт қазиб чиқариш ошиб бормоқда: май ойида Саудия Арабистонидан (бир кунда 10,708 миллион баррел) ҳам ошиб кетди.
Нефт ва газ қазиб чиқариш конлари кўпайиб бориши ҳам умидсизликка сабаб бўлмоқда. Американинг Baker Hughes нефт-сервис компаниясининг маълумотларига кўра, уларнинг сони мана икки ойдан бери ошмоқда ва бугунга келиб, уларнинг сони 2167ни ташкил қилади, яъни жорий йилнинг июн ойига қараганда 31 тага кўпайган. Масалан. Канадада уларнинг сони 54дан 183 га ошган. АҚШда ҳам улар сони ошиб, бештага кўпайган. Америкада ғамлаб қўйилган энергоресурслар 90 миллион баррелга камайган бўлса ҳам, улар ўтган йилнинг шу вақтидаги ўртача кўрсаткичларига қараганда ҳали ҳам кўп.

Барча умидлар 2016 йилдан

Goldman Sachsнинг яқинда чоп қилган башоратларига кўра, жорий йилда бир кунги углеводородга бўлган таклиф 2 миллион баррелдан кўп бўлиши мумкин. Кўп эҳтимолга кўра, йил охиригача бутун дунёда нефтни сақлаш қувватлари тўлган бўлади, бу эса, хом ашё нархи ошмаслигига далолатдир.
Узоқ муддат давомида нефт котировкалари тушиши ҳақида нидерланд-британ компанияси Shell ҳам хабар берган. Компаниянинг амалдаги директори Бен ванн Берденнинг маълум қилишича, юқорилаб бораётган хомашё нархлари компанияни 6,5 минг ишчи ва иккиламчи активлардан воз кечишга мажбур қилган. Бундан ташқари, Reuters маълумотларига кўра, Shell 2 миллиард доллар миқдордаги ҳаражатини қисқартиришга мажбур бўлган. BMI Research аналитикларига кўра, Brent навидаги нефт нархи яна 45 долларгача пасаяди. Шу билан биргаликда, мутахассислар фикрича, келаси йили хомашё нархи бундан ҳам юқори бўлади. Халқаро Энергетика Агентлигидан ва Нефт эксортерлари мамлакатлари ташкилотлари оптимистик руҳларини йўқотаётган йўқ.
“Биз, йилнинг иккинчи яримида талаб ошишини кутяпмиз. Бу эса жаҳон иқтисодининг тикланишига таъсир қилади. Бироқ булар нархларга қандай таъсир қилишини ҳам ўрганишимиз керак. Биз арзон нархлар иқтисодга таъсир қилиши ва унинг тикланишига ёрдам беришига ижобий таъсир қилаётганига гувоҳ бўляпмиз”, деди Халқаро энергетика агентлигининг раҳбари Мари ван дер Хувен.
Ўз навбатида Нефт эксортерлари мамлакатлари ташкилотининг раҳбари Абдуллоҳ Бадрийнинг ҳисоблашича, кейинги йил углеводородга бўлган талаб ошади ва шунинг билан бирга қазиб чиқариш ҳажми камайиб боради.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top