Афина тепасидан бир назар...

Афина тепасидан бир назар...

Юнонистонда бўлаётган тартибсизликлар ҳақида  ОАВларининг деярли ҳар куни хабар бериб туриши сўнгги ойларда одатий ҳолга айланиб қолди. Мамлакат тушиб кетган иқтисодий ўра, ишсизликнинг кўпайиши, аҳоли даромадининг кескин камайишига сабаб бўлди. Бир қарашда нарх-наво олдингидек кўринсада, баъзи нарсаларнинг нархлари ошиб бормоқда. Драҳмага қайтиш ва Евро ҳудудидан (Еврозона) чиқишни истамаслик ҳукуматни оммага ёқмайдиган қарорларни қабул қилишга мажбур қилди, аҳоли эса буларга кўникишни истамади. Албатта, жанубликларнинг қони қайнаб туради...

Натижада халқ ғалаёнига айланиб бораётган оммавий норозиликлар пайдо бўлди.  Афинадаги намойишларга 80 минг нафардан ортиқ одам чиқди, улар тош ва ёндирувчи нарсаларни кафе, кинотеатр ва ҳукумат биноларига қараб отишган. Баъзи  жоҳиллар  тарихий ёдгорликларга ҳам ўт қўйишга уриниб кўрди.  Шу орада Юнонистон кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан инқирозга чуқурроқ ботиб бормоқда: ишсизлик даражаси 20 фоизга етди ва бу ҳали охирги чегарага ўхшамайди. Аҳолининг фикрича, Европа Иттифоқи тарафидан тайёрланаётган ёрдамдан кўра ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар зарарлироқ экан. Бироқ инқироздан чиқишнинг аниқ концепцияси ҳеч кимда йўқ.
Аввалги босқичларда гап фақат қаттиқ тежаш чоралари ҳақида эди, аммо  Юнонистон (ва бошқа қарзга ботган мамлакатлар ҳам) ҳукумати оммага ёқимсиз бўлган чораларни кўришни қабул қилишга рози бўлиши билан бошқа иқтисодиётни рағбатлантириш ҳақидаги гаплар ҳам чиқиб қолди. Қандай рағбатлантирилиши эса   номаълум, чунки бунинг учун на маблағ ва на унинг топилишига умид бор, бунинг устига аҳоли ҳукуматга қарши намойишларда фаол иштирок эта бошлади. Шундай бўлсада, Юнон ҳукуматининг кайфиятини ўртача десак бўлади. Юнонистон Бош вазири Лукас Пападимос вазмин ва хотиржам бўлишликка чақирмоқда. Унинг айтишича, иқтисодга оид кескин чоралар бўйича қабул қилинаётган қонун лойиҳалари ислоҳот ва иқтисоднинг тикланишига асос бўлар эмиш. Лекин унинг ўзи ҳам сўзларига унчалик ишонмаётган бўлса керак.
Европа иттифоқи юзага келган вазиятдан чиқиш йўлларини изламоқда. Қарздорлар ҳам кун сайин кўпайиб бормоқда. Юнонлардан кейин рўйхатда Италия ва Испания турибди, буларнинг ҳаммаси Европа иқтисодий потенциалининг учдан бирига тенг келиб қолади. Инқирознинг сабаби нима? Нега бу инқироз бунчалик кенг миқёсли бўлмоқда? Яқинда Малайзия собиқ бош вазири Европа иттифоқи ҳолати ҳақида очиқчасига: “Имкониятларингга қараб яшашни ўрганинглар” деб айтди. У мутлақ ҳақ эди.
Евро ҳудуд инқирози қарзларга бевосита боғлиқдир. Кўҳна қитъадаги ҳаётнинг юқори даражада бўлиши банк кредитларига асосланаётганди. Аҳолининг эҳтиёж ва  талаби геометрик прогрессия бўйича ўсиб борди, аммо “Икс” вақти келди.  Қарз (кредит) берувчилар қарзларини фоизлари билан қайтаришни талаб қила бошлашди. Қарзни қайтариш учун эса ҳеч нарса, умуман ҳеч нарса йўқ экан...
Айниқса, бош кредитор – Европа иттифоқининг ядроси ҳисобланган Олмония (иқтисоди энг ривожланган мамлакат сифатида) оловга мой қуймоқда. Модомики, қарздорлар қарзларини уза олмаётган экан, уларга янада яқинроқ интеграциялашув таклиф қилинди. Аслида бу билан, қарз берувчи мамлакатлар қарздор мамлакатнинг ички ишларига аралашиш имкониятига эга бўлишади. Масалан, давлат бюджетини назорат қилиш. Бундан ташқари, олмонлар юнонларнинг кескин ва режали ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги ҳақида гапириб келмоқдалар. Албатта, доимий ислоҳотлар ва тартибга солишлар ўта муҳим. Мисол тариқасида Олмония ибратлидир. Икки марта урушда мағлуб бўлиш, мамлакатнинг Ғарбий ва Шарқий қисмларга бўлиниши билан ҳам бу мамлакат Европада энг кучли иқтисодиётга эга бўла олди. Бугунги кунда ушбу мамлакат ўзига қарз бўлган давлатларгагина эмас, бошқаларга ҳам шартларини қўйишга ҳақли, аммо бу бошқа мамлакатларга ёқмаяпти.
Британияликлар Берлинга зарда қилиб скандинавия мамлакатлари билан ҳамкорлигини ривожлантирмоқда, Франция эса ғазабда. Эҳтимол, у навбатдаги инқилобни кутаётган бўлса керак, чунки тарихда улар барча муаммоларни шундай йўл билан ҳал қилишга ўрганиб қолишган. АҚШ эса европаликларнинг муаммоларига юқоридан назар солмоқда, айни вақтда Вашингтон кун тартибида “Осиё ва Шимолий Африка мамлакатларида тартиб ўрнатиш” режаси турибди, аниқроғи, ушбу минтақалар ҳамда Эрон ва Хитойга ўз таъсирини кучайтирмоқчи.  
Европадаги инқирознинг асл сабабларига қайтамиз. Хароб қилувчи банк кредитлари ҳисобига юқори даражали ҳаётни хоҳлаш, топишига яраша яшамасликдир. Айнан шундай ҳолатларни Ислом қонунлари тартибга солиб келган. Ислом қарзларга ўта жиддий муносабат билдиради. Агар очиқ айтадиган бўлсак, қарз фақат энг сўнги чора сифатида олинади. Қарзларга турли хил кўринишларда фоиз қўйиш ҳам асло мумкин эмас. Қарз биринчи имконият билан қайтарилиши шарт.
Агар Юнонистон иқтисоди шу тамойиллар асосида ташкил қилинганида ҳеч қандай инқироз юз бермаган бўларди. Аҳоли даромадини юқорига кўтариш – албатта, сиёсий маънода яхши ҳаракатдир, сайловчиларнинг (электорат) ҳам қўллаб-қувватлаши таъминланади. Аммо ўша қарзларга (кредитларга) ҳаётий зарурият йўқ эди. Мамлакат ичкарисидаги ижтимоий ҳолатни яхшилаш учун қарзга олинган пуллар бўлмаганида, Юнонистон бир неча йилларда иқтисодий потенциалини бир мунча яхшилаб олган, яшаш даражаси ҳам кўтарилиб борарди. Албатта, бу аста-секин амалга ошар, бугунги сиёсий ва иқтисодий қийинчиликлар ҳам бўлмасди. Юқорида айтилганлар фақат юнонларгагина тегишли эмас. Европанинг кўп мамлакатлари ҳам қарзларга ботиб қолган. Банкларга қарзларни қайтаришга маблағ – имкон йўқ, фақир ҳаёт кечиришни эса ҳеч ким хоҳламайди. Натижа – ишсизлик, саноатдаги турғунлик, банкларга ишончларнинг йўқолиб кетиши. Пулни қаердандир ташқаридан топиш – деярли хом хаёл фикрдир. Юз йил олдин ўз иқтисодларидаги дефицитларни ёпиш учун ўзларига қарам бўлган мамлакатлардан ёки колониялардан керакли бойлик, маблағни суғуриб оларди, аммо бугун бундай қилиқлар энди ўтмайди. Албатта, вақти-вақти билан шунга ўхшаш ҳаракатлар бўлиб туради, аммо ривожланаётган мамлакатларнинг ҳукуматлари, ҳолатни яхши англаб етганидан буларга муносиб жавоб беришга ҳаракат қилиб келади.
Ислом нуқтаи назаридан қарзларни қайтариш кўп нарсалардан кўра биринчи даражали (приоритет) аҳамиятга эга. Қарз берувчи қарздорнинг қарзини кечиб юбориши мумкин (бунга ўхшаш “жасорат”ни европа банкларидан кутиб бўлмайди), қарзларни қайтариш муддатини узайтириш, улардан воз кечиш мумкин (бу ҳам бугунги банк тизимлари учун реал нарса эмас). Бошқа йўл ҳам бор – қарздорнинг қарзини бошқа имкони бор тараф ёпади. Умуман олганда, Европа иттифоқида Исломнинг иқтисодий тамойилларидан фойдаланилганида ҳеч қандай муаммолар вужудга келмасди ёки энг камида бундай муаммоларни тез (оператив) ҳал қилса бўларди. Европа Исломни фақат терроризм ва паранжилар билан “идентификация” қилиб, катта хатога йўл қўймоқда.  Аҳвол шундай давом этса юқори даражали ҳаётни унутса ҳам бўлаверади. Қарздан бошлари чиқмай юраверади. Катта-катта буюк супер давлатлар эса ўзидан кичик ва заиф бўлган  мамлакатларни турли хил баҳоналар билан талон-торож қилиш эвазига иқтисодини “тўғирлаб” олишади. (Масалан, нефть ва газ захираларига бой Либия, Ироқ мамлакатларининг табиий ресурсларини ўз назоратларига олгани каби...)
Баъзан, ўз ишларини тартибга солиш учун Шарққа фақат томчисигача сўриб, ялаб оладиган ҳом ашё манбаи сифатида қарамасдан, балки буюк дин ва маданият меросхўрларини ҳам кўрса яхши бўларди. Дин, моҳиятига кўра фақат маълум бир маросимларни бажариш эмас, балки у ҳаёт тарзи ҳамдир. Ўз нафсига эргашиш осон, аммо булар кўпинча нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, сиёсий, маданий инқирозларга ҳам сабаб бўлиши мумкин...
Иқтисодиёт учун Ислом қонунлари каби фойдали қонунларни ҳали ҳеч ким ўйлаб топмаган. Балки Европа иттифоқи ўзининг Ислом ва унга алоқаси бўлган барча нарсаларга салбий қарашларини бас қилар, энди... Ислом тамойиллари асосида қурилган иқтисод Евро ҳудудини аниқ инқироздан олиб чиқиши мумкин, бошқа барча нарсалар кўриб турганимиздек беҳуда ва самарасиз бўлмоқда.

Фатима Манзур мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top