«Малайзия мўъжизаси» муаллифи ўз сирларини очди

Малайзиянинг собиқ бош вазири Махатхир Муҳаммад Бокуда ўтаётган Ислом Ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) «ИҲТ мамлакатларида ўзгариш ва трансформация» мавзусидаги «ақлий марказлар» III форумида иштирок этди. Доктор Махатхир Муҳаммад Форум бўлимларидан бирида «Миллат тараққиётида узоқни кўра билишнинг роли» мавзусида нутқ сўзлади. Эслатиб ўтамизки, М.Муҳаммад 1981-2003 йилларда Малайзиянинг бош вазири лавозимида ишлаган. Қолоқ аграр иқтисодиётли мамлакат бўлган Малайзия унинг даврида «осиё йўлбарслари»дан бирига айланган. М.Муҳаммад ғарбий қадриятларга зид ўлароқ, «осиёча қадриятлар»нинг ташвиқотчиларидан бири бўлган ҳамда ҳалқаро қўшилмаслик ҳаракатини раҳбари ҳисобланган.

Ривожланиш тўғрисида сўзлар экан, М.Муҳаммад мамлакатлар асосан доимо фойдани кўзловчи хусусий секторнинг ташаббуси орқали ўсишини таъкидлади.
«Буни табиий жараён дейиш мумкин. Ҳукумат томонидан бизнесга кўмаклашиш учун ҳеч қандай режалаштиришга зарурат туғилмади.
Ҳукуматнинг асосий вазифаси аввал бошданоқ, қонунлар ижросини таъминлаш ва тартибни сақлашдан иборат бўлди. Кишиларнинг тўкин ва фаровонлиги асосан уларнинг ташаббускорлигига боғлиқдир», - таъкидлади Малайзиянинг собиқ Бош вазири.
М.Муҳаммаднинг фикрига кўра, (жамиятда жиддий табақаланув юзага келганда) камбағал табақаларнинг бойлар томонидан эксплуатация қилиниши муқаррар, бу эса ўз навбатида зиддиятлар, беқарорлик ва ҳатто зўравонликларни келтириб чиқаради. Бундай шароитларда иқтисодий ўсиш сустлашиб, қашшоқликка барҳам бериш ҳамда миллат тараққиётини таъминашга имкон бермайди, дейди у.
«Аллома ва файласуфлар бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тенгсизликни йўқотишнинг усул ва воситалари устида бош қотирганлар.
Улардан бирининг фикрича, ҳукумат мамлакатнинг тараққиёт йўлини белгилашда ўз зиммасида катта мажбуриятни ҳис этиб туриши лозим.
Ижтимоий адолат барча учун биринчи даражали масала бўлиши керак», - таъкидлайди М.Муҳаммад.
Унинг сўзларига кўра, бу нарса социалистик мамлакатларда режали иқтисодиёт ва миллийлаштириш шаклини олган эди. Бундай режалаштириш нафақат ўсишни рағбатлантиришга, балки миллий бойликни ўзаро тенг тақсимлашга ҳам асосланган эди.
«Социалистик мамлакатларнинг бешйиллик режалари ўз олдига ана шундай мақсадларни қўйган эди. Ишлаб чиқариш воситалари тўлиқ назорат остига олинса, ҳукумат фойда устидан якка назорат қила олар, сўнг бу фойданинг барча фуқаролар ўртасида тенг тақсимланишини кафолатлай олар эди», -дейди М.Муҳаммад.
Бироқ, дейди Малайзия собиқ Бош вазири, бундай стратегия бир неча йиллар давомида амалга ошириб келингач, кутилган ўсиш суръатларига эришишнинг иложи бўлмаганлиги маълум бўлди.
«Миллийлаштирилган (давлат тасарруфига олинган) саноат тармоқлари рақобатбардош бўла олмади ва бозор иқтисодиёти шароитидаги каби миллат равнақини кафолотлай олмади.
Бунинг сабаби шунда эдики, миллийлаштирилган тармоқларнинг раҳбарлари ҳам, ишчилари ҳам бу бизнеснинг ривожланишидан манфаатдор эмас эдилар, чунки тармоққа сарфланган куч ва ғояларнинг самараси қандай бўлишидан қатъий назар, уларнинг даромад сезиларли ўзгармас эди», -дейди М.Муҳаммад.
Лекин капиталистик жамиятларда, М.Муҳаммаднинг фикрича, катта даромадларнинг кўзланиши тараққиёт учун, айниқса яхши менежмент, инновация ва ташаббуслар шароитида жиддий стимул (туртки) бўлди.
«Шунга қарамай, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовутни барибир қисқартириб бўлмади. Аслида, бундай табақалашувнинг кучайиб кетиш хавфи ҳам бор эди», - дейди у.
М.Муҳаммаднинг сўзларига кўра, айнан шунинг учун социалистик тизим ва капиталистик эркин бозор тажрибаларини ўргангач, Малайзияда ушбу икки тизимнинг ижобий элементларини уйғунлаштирилса, энг яхши натижаларга эришиш мумкин, деган қарорга келинди.
«Шу боис Малайзия ҳукумати эркин бозор муносабатларини ўрнатишга қарор қилди ва айни пайтда уларни муайян бир иқтисодий режалаштириш билан юмшатиб, чекланган миқдорда давлат корхоналарини сақлаб қолди», - қайд этди у.
М.Муҳаммаднинг фикрича, хусусий сектор бизнес билан эркин шуғулланаётган пайтда, ҳукумат маълум бир тараққиёт йўналишларининг белгилаб берилишини таъминлаши, хусусий секторнинг фаолиятини тартибга солувчи адолатли қонун-қоидалар ўрнатиши лозим.
Бу бозорни монополлаштириш ёки нарх-навони қатъий белгилаб олиш каби ҳолатларнинг олдини олиш ёки имкон қадар чеклаш учун қилинади, дейди у.
«Режалаштириш батафсил ва кенг кўламли бўлиб, хусусий секторнинг иштирокини тақозо этар эди. Саноатлаштиришнинг асосий мақсади янги иш ўринларини яратиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилишдан иборат эди.
Аввал айтиб ўтилганидек, Малайзияда ҳар икки система элементларининг уйғунлигини таъминланса, юқори натижаларга эришиш мумкин деган хулосага келинди.
Шунга биноан, инвесторлар учун солиқ имтиёзлари каби қулай ва фойдали шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, давлат бизнес билан дўстона муносабатлар ўрнатиш учун уларнинг даромадини ошириш йўлида янада олға босди», - таъкидлайди у.
Унинг айтишича, давлат тарафидан яратилаётган мана шундай енгилликлар ва эътибор туфайли, маҳаллий ва хорижий инвесторлар ўзларини қайта ишлаш саноатини барпо этишга уришди.
«Ишсизлик қисқа муддатларда камайди, мамлакат иқтисодиёти таркибида эса саноат қишлоқ хўжалигидан ўзиб кета бошлади», - дейди М.Муҳаммад.
«Ҳа, ҳукумат солиқ имтиёзлари туфайли маблағ йўқотар эди. Бироқ аҳолининг даромадлари ўсиши натижасида унинг харид қобилияти ҳам ўсди. Бу эса ўз навбатида бюджетга катта миқдорда солиқ тўлайдиган улгуржи ва чакана савдо корхоналарининг ривожланишига олиб келди.
Бундай ҳолат саноат инвесторларини солиқдан озод қилиш оқибатида йўқотилган даромадларни қоплаш имконини берди. Шунингдек, гуркираб ривожланаётган маҳаллий корхоналар ва тармоқларни ҳам қўллаб-қувватлаш талаб қилинар эди.
Маҳаллий иқтисодиётга ҳам салмоқли инвестициялар киритилиши натижасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдори кескин ортди. Озиқ овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва кўчмас мулкка бўлган талаб ортиб борган сари давлат даромадлари ҳам ортди. Бу эса импортнинг ўсишига ва бинобарин, хазинага солиқлар тушумининг ортишига олиб келди.
Солиқ имтиёзлари ҳисобига бизнесни рағбатлантириш ушбу имтиёзларга эга бўлган маҳаллий корхоналар ҳисобига даромад ва солиқларнинг ортишига олиб келиши аниқ бўлиб қолди», – дейди Малайзиянинг собиқ Бош вазири.
У зеб-зийнат, ҳашамат моллари, камералар, телевизорлар ва шу каби электрон товарларга нисбатан импорт тўловларининг бекор қилинишини мисол қилиб келтирди.
«Солиқдан озод қилинган бундай маҳсулотларнинг савдоси гуркираб ривожланди. Ҳаттоки уларни арзон нархда сотиб олиш учун Малайзияга чет элликлар кела бошлашди», – қўшимча қилди М.Муҳаммад.
Унинг сўзларига кўра, бундай товарлар билан савдо қилувчи дўконларнинг даромадлари тобора орта бориб, улкан фойда келтира бошлади.
«Ҳукумат эса бу фойдадан олинадиган 28 фоизлик солиқ ҳисобига ўз даромадини орттирди. Шу тариқа ҳукумат импорт солиғидан воз кечиб, савдо ҳажмининг ўсиши ҳисобига мўмай даромадга эга бўлди», – дейди у.
Малайзия ҳукумати собиқ раҳбарининг фикрича, импорт божининг бекор қилиниши маълум ҳолатларда бизнесни рағбатлантиришнинг, даромад ва корпоратив солиқлари ҳисобига давлат даромадларини оширишнинг ажойиб усулидир.
«Шунинг билан бирга, бешйиллик режалар ҳукуматга бутун эътиборни ривожлантириш керак бўлган муайян соҳаларга қаратиш имконини берди.
Моддий неъматлар яратиш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга катта ҳисса қўша оладиган соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди», - деди нотиқ ўз сўзида.
Унинг сўзларига кўра, масалан, туризм иқтисодни ўсишни таъминловчи индустрия деб белгиланди.
«Туристлар оқими ортганлиги хизмат кўрсатиш соҳаларининг, жумладан, транспорт, меҳмонхона ва ресторанлар соҳасининг ривожланиши учун катта туртки бўлди. Туризмни ривожлантириш учун жиддий бюджет шакллантирилди, қатор мамлакатлар билан виза режимлари бекор қилинди. Махсус аттракционлар ташкил этилди, янги туристик маҳсулотлар шакллантирилди», – баён этди у.
М.Муҳаммаднинг айтишича, «Формула-1» каби халқаро миқёсдаги турнирлар, спорт мусобақалари, авиация ва сув шоулари мамлакатга кўплаб сайёҳатчиларни жалб этди.
«20 йил мобайнида туристлар сони 1 млн кишидан 25 млн кишигача ортди, натижада мамлакатга кириб келадиган хорижий валюта оқими кучайди. Ҳукумат маҳаллий туризмни ривожлантириш билан ҳам шуғулланди. Туризм бизнеси тараққиётга катта маблағ йўналтирмоқда, яхши инфраструктура ва коммунал хизматга бўлган талаб эса мамлакат равнақига ёрдам бермоқда», – деб ҳисоблайди собиқ бош вазир.
«Аҳоли даромадларининг ўсиб борган сари турар-жой ва офис биноларига бўлган талаб ҳам ортди. Янги шаҳарлар бунёд этилди, эскилари эса кенгайтирила бошланди. Электропоездлар ва шаҳар атрофи поездлари қатнови одамларга иш жойидан узоқроқда яшашга имкон бердиа, бу эса шаҳарларнинг кенгайишини таъминлади», – дейди М.Муҳаммад.
Таълим соҳаси аввалбошдан энг устувор соҳа деб белгиланди.
Таълим харажатлари баъзан миллий бюджетнинг 25 фоизини ҳам ташкил қилди. Давлат сиёсати бизнес соҳасини юқори малакали ходимлар билан таъминлашга қаратилди.
Ишсизлик мутлақо бартараф қилингач, аҳоли фаровонлигини янада оширишнинг бирдан-бир йўли иш ҳақини ошириш эди. Айнан шунинг учун хай-тек соҳаси ва бошқа юқори қўшимча қийматли индустриялар соҳасига асосий урғу берилди.
Одамлар юқори малакали ва мураккаб ишларни бажариш орқали юқорироқ маош оладиган қилиб тайёрлана бошланди.
Офислар, квартиралар, савдо мажмуалари ўсиб ва ривожланиб бораётган миллат эҳтиёжларини қондирадиган тарзда қурила бошланди.
Автомобиль ва темир йўллар, гидроэлектростанциялар ва сув билан таъминлаш тизимлари ҳукумат томонидан аҳолининг ўсиб бораётган талабларини қондириш учун такомиллаштириб борилди», - таъкидлади нотиқ.
Унинг сўзларига кўра, буларнинг ҳаммаси мамлакатнинг ташқи қиёфасини ўзгартириб юборди. Мамлакатнинг аграр қиёфаси ўрнини янги заводлар, фабрикалар, йўллар, кўприклар, электр узатиш линиялари манзараси эгаллади. Автомобиллар сотиб олиш ҳажми сезиларли ортди, бу эса аҳоли даромадларининг ошганини ва мамлакатнинг тараққиёт даражаси юксалганлигини кўрсатади.
«Бугунги кунда мамлакат ривожланган давлат тусини олди. Кўчалар, савдо мажмуалари яхши кийинган одамлар билан тўла.
Мамлакатни ривожлантириш концепцияси босқичма-босқич амалга оширилди. Малайзия тажрибасини барча давлатлар учун бирдай қўллаш қийиндир, бироқ унда ривожланган давлат бўлишни истаганлар учун элементлар борди», – дейди нотиқ.
«Мен араб мамлакатларида ҳукуматга қарши кўтарилган қўзғолонларнинг асосий сабабларидан бири ҳукуматларнинг аҳоли эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қила олмаслигида деб ҳисоблайман.
Одамларнинг биринчи даражали эҳтиёжи – муносиб ҳаёт кечириш учун барқарор даромад келтирадиган иш билан шуғулланишдир. Қишлоқ хўжалиги етарли даражада иш ўринлари яратишга қодир эмас.
Бунга саноатни ривожлантириш орқали эришиш мумкин. Қишлоқ хўжалигида банд бўлган бир гектар ер майдони биттагина кишини боқа олади. Бироқ худди шу бир гектар майдонда 500 киши ишлайдиган заводни жойлаштириш мумкин. Мана нима учун Малайзия ерга ишлов бериб бўлмай қолгач, саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларини танлади», - дейди у.
Саноатни ривожлантириш ишчилар синфига иш жойидан ташқари ишлаб чиқариш тренингларида қатнашиш имконини ҳам берди. Профессионал кўникмаларга эга бўлган киши ўз фаолиятини саноатнинг турли тармоқларида кенгайтириш имконига эга бўлади.
Мамлакат фақат аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадга қарабгина ривожланган ҳисобланмайди. Нефть қазиб олувчи кўплаб мамлакатлар борки, (бу кўрсаткич уларда жуда юқори бўлишига қарамай) ривожланган ҳисобланмайдилар.
Тез орада тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларига қарамлик камайтирилди, чунки маҳаллий аҳолининг ўзида хусусий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун етарли бўлган маблағ ва тажриба тўпланди», – қўшимча қилди у.
Ривожланган мамлакат яхши тараққий этган инфратузилмага, юқори малакали ишчилар синфига, кўп сонли ўрта табақага ҳамда яхши технологик ва ишлаб чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим.
Инфратузилманинг мавжуд бўлиши ғоятда муҳимдир, чунки у аҳолининг фаровон турмуш даражасини таъминлаб туришга имкон беради. Сув ва электр одамлар учун кечаю кундуз муҳайё бўлиши шарт», - деб ҳисоблайди Малайзиянинг собиқ Бош вазири.
Унинг фикрича, маиший ҳаётнинг катта қисми электрга боғлиқлиги сабабли, электр таъминотидаги узилишлар озиқ-овқатларнинг бузилишига, офис ва дўконларнинг эса яшаш ва ишлаш учун яроқсиз ҳолга келишига олиб келади. Кўплаб саноат тармоқлари ҳам доимий (узлуксиз) электр таъминотига боғлиқ бўлиб, ҳар қандай узилиш жараённинг тўхтаб қолишига ва йўқотишларга олиб келади.
М.Муҳаммаднинг таъкидлашича, сув ва элекр энергия таъминоти керакли техник хизматини тақозо этади. Бунинг учун эса малакали инженерлар, техниклар ва усталар керак.
«Иш сифати муттасид юксалиб бориши ва ривожланган давлатга хос бўлган жаҳон андозаларига етишишга қаратилган бўлиши лозим.
Бунинг барчасига бирданига эришиб бўлмайди», -дейди у.
Бой бўлмаган мамлакатнинг ривожланиш жараёни маълум бир вақтни талаб этади. Тараққиёт истиқболлари мамлакатнинг муайян вақт оралиғидаги реал имкониятларига мос бўлиши керак. Янги вазифалар эса мамлакат ривожлана борган сари қўйилиши мумкин.
Ҳақиқий имкониятларни ҳисобга олмай туриб тараққиёт истиқболини белгилаш худди чет элга бориб, супермаркетни кўриб келган ва ўзининг қашшоқ мамлакатида ҳам шундай супермаркет қурмоқчи бўлган раҳбарга ўхшайди.
Унинг ваколати каттакон бино қурдириб, ичига хилма хил товарларни тердириб қўйишга етади, албатта.
Раҳбарнинг роли миллатнинг тараққиёт истиқболини муваффақиятли амалга оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.
Аммо бу дўкондаги товарларни сотиб олишга қашшоқ фуқароларнинг қурби етмайди. Такаббур раҳбар ўз халқининг ривожланиш даражасини билмай туриб нореал мақсадларни ўз олдига қўйса мана шундай оқибатларга олиб келади.
Ҳатто ўсиш учун маблағ ва потенциал етарли бўлган тақдирда ҳам, кераклича ғайрат ва шижоатли раҳбарда бўлмаса, тараққиётга эришиб бўлмайди.
Бу маънода Хитой тажрибаси ниҳоятда ибратлидир. Мао Цзе Дун партизанлар раҳбари бўлиб, миллатчи Чан Кай Ши кучларини енгган ва Хитой Ҳалқ Республикасини ташкил этган эди.
Мао ажойиб ҳарбий қўмондон эди, бироқ мамлакатни бошқариш уруш олиб бориш эмас экан. У олға сурган коммунистик мафкура ҳам тараққиётга йўналтирилган эмас эди. Натижа шу бўлдики, Хитой ривожланишда ортда қола бошлади.
Лекин Маонинг вориси Дэн Сяо Пин бутунлай бошқа одам эди. У ҳам коммунист бўлса да, прагматик эди ва Хитойни ривожлантиришга интилар, «ҳамонки мушук сичқонларни овлар экан, унинг қора ёки оқлиги муҳим эмас» деб ҳисоблар эди.
Натижа – бугунги биз кўриб турган Хитой бўлди. Йигирма йил муқаддам у учинчи дунё мамлакати эди. Бугунги кунда эса Хитой – жаҳоннинг иккинчи иқтисодиётидир», - таъкидлайди М.Муҳаммад.
М.Муҳаммаднинг фикрича, миллат раҳбари мамлакат тараққиётида ниҳоятда муҳим рол ўйнайди.
«Унинг мамлакат тараққиётини белгилай олиш қобилияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. У бу ишга жон-жаҳди билан берилган бўлиши лозим.
У ўз тараққиёт йўлини ҳаётга татбиқ этиш ишига шахсан раҳбарлик қилиши керак. У бошқарувда, сиёсатда, молия ва савдо соҳаларида юқори малакага эга бўлиши керак. Шунингдек, ўзи танлаган тараққиёт жараёни ҳақида ҳам етарлича билимларга эга бўлиши лозим.
Раҳбар ишни шахсан ўзи бевосита кузатиб бориши, қийинчилик ва тўсиқларни бартараф этишга интилиши, лойиҳанинг тўғри амалга оширилаётганига шахсан ишонч ҳосил қилиши лозим.
Давлат раҳбарининг қурилиш майдонида бевосита ҳозир бўлиши барча поғонадаги иштирокчиларнинг руҳлантириб юборади. Раҳбар иш энг қизғин бораётган жойларга тез-тез ташриф буюриб туриши лозим.
Бу ишга вазирлар ҳам жалаб қилиниши лозим. Улар ҳам давлат раҳбари каби бунёдкорлик объектларига ташриф буюриб туришлари, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини бевосита кузатиб боришлари керак.
Тараққиёт режасига эга бўлиш зарур нарса, бироқ шунинг ўзи етарли эмас. Бу режани мамлакат равнақи йўлида қандай амалга ошириш ҳақида аниқ тасаввурга эга бўли лозим», – деб ўз нутқига хулоса ясади Малайзиянинг собиқ бош вазири Махатҳир Муҳаммад.

Жўраев Ботирхўжа тайёрлади

back to top