Маънавий ва моддий қашшоқлар

Қашшоқлик муаммоси бугун дунёда долзарб масалага айланди. БМТ ҳам давлатлар ва одамларга қашшоқлик билан курашиш лозимлиги ҳақида доим бекорга жар солиб келаётгани йўқ.

Қашшоқликда умр сураётганлар айниқса Африка, Осиё, Лотин Америкаси қитъасидаги ривожланаётган мамлакатларда жуда кўп. Бу бошқалар қашшоқлик муаммосидан халос бўлди дегани эмас, албатта. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа кўп мамлакатларда қашшоқ аҳоли сони камайиб бораётгани йўқ. 2011 йил ҳолатига кўра Россияда 16 фоиз аҳоли қашшоқ ҳисобланган.
Қашшоқлик – инсон ҳуқуқлари бузилишининг сабаби ва оқибати ҳамдир. Муаммонинг икки тарафламалиги уни бутунлай йўқ қилишга йўл бермаяпти.  Ҳуқуқлари поймол қилинаётган одамларнинг кўпи қашшоқ. Одатда улар иш топиши, сифатли таълим ёки тиббий хизмат олиши жуда қийиндир. Шунинг билан бирга қашшоқ одамлар ўз ҳуқуқларини амалга ошира олишлари ҳам жуда қийин бўлади, чунки бунинг учун етарли маблағи йўқ. Қуйидаги силсилага бир назар солсак. (Россиянинг бир телекўрсатувда, турмага тушганлар ҳаётини кўрсатилди. Унда бир одам қўшнисининг қуёнини ўғирлаб егани учун саккиз йилга қамалган экан. Шу лавҳадан кейин мамлакат Мудофаа вазирилигида ишлаб келган бир мансабдорнинг икки юз эллик миллион доллар ўмаргани учун уч йил шартли равишда қамоқ жазоси белгилаганини кўрсатди. Икки юз эллик миллион долларга қанча қуён сотиб олса бўлади?)
Қашшоқ одам сифатли таълим олишдан маҳрум (дунёнинг аксар мамлакатларида сифатли таълим учун пул керак), демак улар “иқтисодий-ижтимоий” ҳуқуқидан ҳам маҳрум. Бу эса ўз навбатида уни жамият ҳаётида тўлиқ фаолият қилиш имкониятидан маҳрум қилади, демак унинг “сиёсий ва фуқаролик” ҳуқуқи амалга ошмайди. Бу эса ўз навбатида мамлакатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этишдан, демак ўзининг молиявий ҳолати ёки уни ўзгартириш имкониятидан маҳрум қилади.
Бундай бир-бирига туташган силсилалар қашшоқ одамнинг ҳаётида кўп учрайди. Буни узиб ташлаш учун фавқулодда бахт ёки жуда катта қобилият эгаси бўлиш талаб қилинади.
Қашшоқлик доим ҳам омадсизлик оқибати ёки ҳаракатчанлик ва меҳнатсеварлик йўқлигининг натижаси эмас. Қашшоқлик ижтимоий жиҳатдан тенгсизлик авж олган жамиятларда кўпроқ учрайди. Бундай жамиятларда камситиш, ҳуқуқбузарлик, қардсизлаш ҳамда табиий ва сунъий заҳиралардан фойдаланишда тенгсизлик ҳукм суради.
Умуман олганда моддий қашшоқлик сабабларини қуйидаги гуруҳларга бирлаштириш мумкин:

• иқтисодий (ойлик маошнинг камлиги, ишсизлик)
• ижтимоий-тиббий (ногиронлик, қарилик, касаллликка мойиллик)
• демографик (кўп болалик, қарамоқда кўп одам бўлиши)
• иқтисодий-ижтимоий (ижтимоий кафолатлар ўта паст даражада бўлиши)
• таълим (малака ва таълимнинг паст даражадалиги)
• сиёсий (ҳарбий тўқнашувлар, миграция, иқтисодий қамаллар)
• жўғрофий-минтақавий (минтақада ривожланиш бир хил эмаслиги)

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фақирнинг қашшоқлиги фақат объектив сабабларгагина эмас, балки унинг яшаш жойига ҳам боғлиқ. Европада ўзини қашшоқ ҳисоблаган одам худди шу маблағи билан Марказий Африкада бой-бадавлат ҳисобланиши мумкин. Дунёнинг турли минтақаларида умумий яшаш даражаси турлича бўлиб, бир хил маҳсулот ва хизматларнинг нархлари ҳам ҳар жойда ҳар хиллигига боғлиқ.
Моддий қашшоқлик барибир жамиятнинг ижтимоий модел натижасидир. Бозор иқтисодиётида иш ўринлари учун курашиш ва рақобат бирламчи омиллардан бўлиб, қашшоқлик мазкур сиёсатнинг маҳсулидир. Курашиш бор экан, албатта бири мағлуб бўлади. Мағлубият сабаби балки унинг кучсизлигидир, балки мусобақа бошидаёқ у орқада қолиб кетгандир. (Масалан, мағлубнинг ота-онаси камбағал бўлган ёки у керакли таълим олмаган).
Совет иттифоқининг ижтимоий модели ҳам ўзини оқлагани йўқ. Ҳар бир кишидан қобилиятига мувофиқ ва ҳар бир кишига эҳтиёжларига кўра ёндашиш принципи мамлакатни “қонуний” йўл билан талон-тарож бўлишига олиб келди. Чунки одамнинг эҳтиёжлари чексиз, қобилият эса ҳаммада ҳам бўлавермайди.

Динга амал қилишнинг аста-секин заифлашиши, ҳар қандай адолатли бўлган иқтисодий моделни ҳам заифлаштирди. Шарқда илгари мавжуд бўлган жамият иллатлари – очарчилик, қашшоқлик, аҳолининг баъзи қисмларининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилиниши ва қуллар савдосининг қайтарилиши билан мустабид тузумлар ўрнатилди. Аксар ҳолатларда булар диндан узоқлашиш натижасида рўй берди.

Хуллас, моддий қашшоқлар доим ҳам маънавий қашшоқ бўлавермайди. Албатта, тўртинчи йигитини (бойфрендини) алмаштираётган  ва саҳнадан нари ҳаётни кўра олмайдиган моделдан кўра фоҳишалик қилишгача тубанлашмаган ва ўқувчиларни тарбиялаётган қишлоқ ўқитувчи аёли маънавий жиҳатдан анча бойроқ ва бу иффати билан саҳнадаги анави исқиртдан кўра ҳурматга сазоворроқдир! Оиласини боқаётган ва ўғлини ўқитишга интилаётган завод ишчиси ўнинчи яхта сотиб олаётган катта ўғри-олигархдан афзалдир.
Фақат маънавий қашшоқ бўлганлар очликдан изтироб чекаётган болалар олдига ўзининг шахсий самолётида учиб келади, арзимаган пулга муҳожир-ишчини ёллаб олтиндан ҳожатхона қурдиради. Қўшниси умрида бир марта бўлса ҳам ҳажга бора олмаслигини билиб туриб, ҳар йили ҳаж қилиб келади. Афсус, мусулмонлар баъзи амалларга таассуб қилиб, бошқа амалларни мутлақ эсларидан чиқариб қўймоқдалар.
Аллоҳнинг Расули алайҳиссалом муборак ҳадисларида асҳобларидан Қиёматда муфлис (банкрот) бўлиб қоладиган одам ҳақида сўраганларида бизни айнан шу нарсадан огоҳлантирган эдилар. Амалларнинг баъзиларини риё учун бажариб, ҳақиқий мусулмон бўлиш мумкин эмас. Бу дунёда гўёки қадрсиз бўлган кўп нарсалар кейинги ҳаётда катта қадрга, баҳога эга бўлади. Ўшанда яхши сўз Швецариядаги банк ҳисоб рақамидан кўра анча қадрлироқ ҳисобланади.
Қашшоқликни йўқотса бўлади ва бу тарихда ўз исботини топган. Бироқ... бунинг учун аввало адолатли, юксак ахлоқли ва ҳақиқий иймон соҳиблари жамиятини қуриш керак бўлади.
Маънан бой бўлмасдан туриб моддий бой бўлишнинг у қадар қадр-қиймати йўқ, чунки бундай бойлик жамият учун манфаат келтирмайди, аксинча зарар келтиради! Маънавий қашшоқлик моддий қашшоқликдан хавфлидир ва агар у бўлмаганида қашшоқликни аллақачон йўқ қилса бўлар эди.

Ҳа, айтмоқчи ўзингизга бир боқинг – маънавий ҳисоб рақамингизда қанча маблағ бор экан?

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top