Logo
Print this page

Ҳажга боролмаганлар учун тавсия

TwoCircles TwoCircles

Ҳажга боролмаганлар 

Аллоҳ таборака ва таоло ўзининг байтини ҳаж қилганларга худди Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга ажр берганидек улуғ ажрларни белгилаб қўйди. Мана шу муборак сафарнинг самараларидан айримлари – ҳожининг байтуллоҳдан онадан туғилган кундек пок, гуноҳлардан холи, савоблари кўпайтириб берилган ва даражалари юқори бўлган ҳолда  чиқишидир.

Шундай экан, ҳажжи мабрурниниг савоби фақатгина жаннатдир. Агар ҳисобини фақатгина Аллоҳнинг ўзи биладиган бу ажрларга мағрибу машриқдаги мусулмонларнинг Аллоҳнинг байтига интилиши, Маккаи мукаррама ва пайғамбаримизнинг манзиллари бўлмиш Мадинаи мунаввара зиёратини хуш кўришларини қўшсак, нима учун ҳар бир мусулмон ҳаж сафарига интилиши ва унинг руҳи ўша диёрга бориш, байтуллоҳни тавоф қилиш, “раҳмат тоғи”(Арафот)га чиқиш ва Раҳмоннинг меҳмонлари сафига қўшилишни яхши кўришини тушуниб етамиз. Лекин унинг бу орзуларини баъзи сабаблар ўзгартириб юборади: ҳажга борувчилар ёши ва  сонининг чегаралаб қўйилгани, оғир бетоблик, камбағаллик, мажбурий тобеълик ва бошқалар. Лекин Аллоҳ таоло ҳаж амалини фарз қилганда уни имкониятга боғлаб қўйди. Шунинг учун, агар ким бу улуғ ибодатни қодир бўлмаганлиги учун бажара олмаса, гуноҳкор бўлмайди.

Балки, агар Аллоҳ фазлу карам қилса, қодир бўлмаган кишининг узридан ўтибгина қолмай, унга ҳаж кунларида ҳожиларга ажрда шерик бўлиши учун улуғ бир фурсатни беради. Бу кунлар зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни бўлиб, оз амаллар билан кўп савоблар ва ҳасанотларга эга бўлишдир. Бу улуғ кунлар Аллоҳ таолонинг улкан совғаси ва мусулмонлар бу кунда кўплаб яхшиликлар қилишлари керак. Бу кунларнинг фазли ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан  ҳадис ворид бўлган.

“Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шу кунлар(Зулҳижжа)да қилинган солиҳ амал бошқа кунлардаги солиҳ амалдан кўра Аллоҳга маҳбуброқдир”. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ йўлида қилинган жиҳод ҳамми?” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, Аллоҳ йўлида қилинган жиҳоддан ҳам, илло бир киши жони ва молини сарфласаю ундан ҳеч нарсасиз қайтса, мустасно”, дедилар.

Ҳажга қодир бўлмаган ва баъзи тўсиқлар сабабли бора олмаган кишилар ушбу кунларда солиҳ амалларни ғанимат билиб, унумли фойдаланиб қолмоқлари керак. Баъзан бу кунларни солиҳ амаллар билан ўтказиб, хато ва нуқсонли ҳаждан кўра афзал савобга эга бўлиш мумкин.

Ҳажга қодир бўлмаганлар нима сабабдан бу савобларга эга бўладилар?

Уларнинг жасадлари ўз юртларида бўла туриб, руҳлари қандай қилиб ҳаж қилиши мумкин?

Ният қилиб, Аллоҳ розилиги учун солиҳ амаллар қилиш орқали қай тарзда ҳаж қилганлик савобига эга бўлиш мумкин?

Бу фазилатларга эга бўлиш учун сабаб бўладиган ишларга суннати набавийдан мисоллар келтирамиз.

Намозни адо қилиш учун масжидга қараб юриш.

“Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки фарз намозини жамоат билан адо қилиш учун юрса, бас, у ҳаж қилгандекдир. Ва кимки нафл (чошгоҳ) намозини адо қилса, у умрани бажаргандекдир”.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Кимки уйидан пок ҳолда фарз намозини адо қилиш учун чиқса, унинг ажри худди эҳром боғлаган ҳожининг ажридекдир. Ва кимки фақатгина чошгоҳ намози учун чиқса, унинг ажри умра қилувчининг ажридекдир”.

Бомдод ва хуфтон намозларини жамоат билан ўқиш.

“Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир жамоа саҳобалари айтдилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бойлар савобда биздан ўтиб кетишди – биздек намоз ўқийдилар, биздек рўза тутадилар ва ортиқча молларидан садақа қиладилар”. Шунда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларга жамоат билан ўқилган хуфтон намозининг савобини ҳажга тенглаштириб қўймадими? Яна, жамоат билан ўқилган бомдод намозининг савобини умрага тенглаштириб қўйди-ку”, дедилар”.

Бомдод намозидан сўнг то қуёш чиққунча масжидда эътикоф ўтириш ва чошгоҳ намозини адо қилиш

 “Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки жамоат  билан бомдод намозини адо қилса, сўнг то қуёш чиққунча Аллоҳнинг зикрида бўлса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унга мукаммал ҳаж ва умранинг савоби берилади”

“Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки эрта билан масжидга фақатгина илм ўргангани ёки ўргатгани борса, унга тўлиқ ҳаж амалининг савоби берилади”

“Зайд ибн Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир ғозийни ёки ҳожини жиҳозлантирса ёки рўзадорни таомлантирса, унинг ажри ғозий, ҳожи ва рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймаган ҳолда берилади”.

 Ҳажга кетувчи биродари ҳаққида унинг ҳаж амали енгил бўлишини сўраб дуо қилиш.

  “Абу Дардо  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бундай деганларини эшитганман: “Ким бир биродарини ғойибона дуо қилса, муваккал бир фаришта “Амин сенга ҳам бўлсин” деб туради. Шунингдек, ким биродари ёки ўзи учун қадрли инсон ёки умуман танимаган бир мўмин ҳаққида дуода бўлса ҳам бу унинг ҳаж амали енгиллашишига сабаб бўлади”.

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика