ХАЛҚСЕВАР РАҲБАР

ХАЛҚСЕВАР РАҲБАР

Юртбошимизнинг асарлари ва нутқларига синчиклаб назар солинса, у кишининг Ислом динига бўлган ихлос-муҳаббатлари қанчалар юксак экани яққол намоён бўлади. «Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда», «Юксак маънавият ‒ енгилмас куч» ва бошқа бир қатор асарларида билдирилган фикр-мулоҳазалар сўзимизни қувватлайди. Бу ҳақда жуда кўп гапириш мумкин. Бироқ, биз ҳозир имкониятдан келиб чиқиб, айрим мисоллар келтириш билан кифояланмоқчимиз.

Президент Ислом Каримов «Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда» номли асарида Ислом динини ўзлигимизнинг асоси деб баҳолайди: «Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айро ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз».

Бошқа бир ўринда эса: «Дин бизнинг қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди», дея Исломга қарши бўлган унсурларга қарата баралла радия беради.

Президентимиз ўз асарларида Ислом дини эзгулик дини эканини, бу диннинг асл моҳияти нималардан иборат эканини қуйидагича таърифлайдилар: «Эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош, оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди».

Президентимиз Ислом Каримов ўзининг бир нутқида халқни дин ва дунё ишларини баббаробар олиб боришга чақириб, жумладан шундай дегандилар: «Дунёвий ва диний қадриятлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтиришимиз лозим. Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб топиш осон бўлмайди. Шу маънода, биз муқаддас динимиз арконлари ва қадриятларини доимо улуғлаб, шу билан бирга, дунёвий ҳаётга ҳам қатъий ишонч билан интилиб яшаган тақдирдагина ўз эзгу мақсадларимизга ета оламиз».

Агар мулоҳаза қилиб кўрилса, бу гаплар айни ҳақиқатдир, зеро, Исломнинг асл моҳияти ҳам шу, бошқа динлардан устун қилиб турадиган мезони ҳам шу, яъни динини деб дунёдан воз кечиш ҳам, дунёни деб динига нописанд бўлиш ҳам ярамайди.

Юртбошимиз Ислом динига ва маданиятига бўлган эҳтиромларини баён қилиб, «Минор» масжиди очилишида қилган нутқида: «Тарихга назар солсак, қандай ютуққа эришган бўлсак, Ислом динимиз сабабли эришганмиз. Шонли тарихимизни усиз тасаввур қилиб бўлмайди», дея таъкидлагандилар. У киши ушбу фикрнинг тасдиқи ўлароқ, 2014 йили Самарқанда «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказишни шахсан ўзлари таклиф қилганлар. Ушбу анжуманнинг очилишида қилган маърузаларида буюк алломаларимизнинг илмий кашфиётлари, ихтиролари ва бебаҳо асарларини бугун яна қайта жонлантириш, ёш авлодни шу руҳда тарбиялаш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтганлар.

Президент Ислом Каримов мусаффо Ислом динини ёмонотлиқ қилиш учун қўпорувчилик қилиб, бутун инсониятга, хусусан, мўмин-мусулмонлар бошига турли кулфатлар келтираётган адашган тоифаларнинг кирдикорларларини очиб, уларга кескин қарши туришга чақирганди: «Ислом дини номидан қўпорувчилик қилаётган кимсаларни жиловлаб қўйиш ҳар бир иймонли кишининг, ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчидир».

Муҳтарам Юртбошимиз ўрни келганда динимизнинг шаънини бутун дунё тинглаб турган юқори минбарлардан туриб ҳам ҳимоя қилган эди. У кишининг Уфа шаҳридаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг йиғилишида айтган қуйидаги гаплари бутун дунёда акс-садо бергандек бўлди:

«Ислом дунё миқёсидаги Диндир, у билан курашиш маъносиздир».

Бу сўзлар шундай қалтис бир вазиятда дунёнинг энг катта еткачиларига қарата айтилганини ҳисобга олсак, нақадар катта жасорат, нақадар қатъиятли даъват бўлганини англай оламиз.

Ислом Каримов террор бошқа, Ислом бошқа нарса эканини кўп бора таъкидлаган. У киши: «Террорнинг дини йўқ», дер эди.

Юртбошимиз муҳтарам имом домлаларимизга комил ишончини изҳор қилиб ўз сўзида шундай деган: «Ўйлайманки, халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом динининг моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, иймон-эътиқодимиз поклигини сақлаш, муқаддас динимиздан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган кимсаларга қарши курашда, аввало, ана шу муҳтарам домла-мударрисларимиз ўз илм ва тажрибаларини сафарбар этишлари ҳам қарз, ҳам фарздир» (Ислом Каримов. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз).

Президентимиз келажак авлодни жисмонан ҳам, маънан ҳам соғлом қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор бериш кераклигини бот-бот таъкидлардилар: «Соғлом деганда биз фақатгина жисман бақувват фарзандларимизни эмас, балки маънавий бой авлодни ҳам кўзда тутганмиз. Чунки, ҳар тарафлама соғлом авлодга эга бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди».

«Юксак маънавият ‒ енгилмас куч» асарида фарзандларимизнинг маънавий тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб: «Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин», деганлар.

Ушбу асарда яна: «Одобли,билимдон ва ақлли,меҳнатсевар, иймон эътиқодли  фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир», деб таъкидлаганлар.

Юртбошимиз маънавий иммунитент деганда нималарни кўзда тутганларини у кишининг қуйидаги сўзларидан англаб олишимиз мумкин: «Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: «Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак», деб айтаман. Айни вақтда «Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!» деб такрорлайман».

2014 йил Шаҳидлар майдонида бўлган суҳбатда Президент Имом Бухорийнинг «Ал-Адабул-муфрад» номли асарини ҳар бир ўзбек фарзанди ўқиши кераклигини ва шундай қилинган тақдирда, жамиятда ҳар қандай-уруш жанжалнинг олди олинишини айтиб ўтган эди.

Ислом Каримов «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилишида қилган нутқларидан жумладан шундай дегандилар:

«Биз келгусида юртимиз ва хориждаги тегишли етакчи университетлар, илмий ва тадқиқот марказлари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланиб боришидан манфаатдормиз ва бугунги конференциядан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам шундан иборат эканини алоҳида таъкидлашни истардим».

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Ийдул Курбон табриги (2016/1437) ИЙМОН САДОҚАТИ »
Юқорига