Амал қилинг савоб олинг!

Амал қилинг савоб олинг!

(Ушбу маълумотни қалб, тил ва фикрни мужассам қилиб, хотиржам бўлиб, амал қилиш учун мутолаа қилишингизни сўраймиз)

Баъзи китобхон ёки ўқувчи томонидан “Пул аччиғи-жон аччиғи”, деган иборани айтиб, ушбу маълумотни оққа туширган кишининг кўп маблағи бўлмаган ёки ҳеч кимга қарз бермаган деган фикрни таъна қилиши табиий. Ҳаётимиз китобнинг қонунига мослашишига мажбур. Китоб ҳаётнинг қонунига эмас. Ҳаловат шундадир! Роҳат шундадир! Фароғат ҳам  шундадир!

Ҳозирги давр ижтимоий муаммоларидан бири, олди-берди, айниқса, қарздорлик масаласи бўлгани ҳамма-ҳаммага маълум. Бироқ бу бобда пешонасини саждадан узмаган, тили Аллоҳни зикридан тўхтамаган ва бўктириб айтганда, қўлидан тасбеҳ тушмаган айрим кишилар ҳам риоя қилишда оқсоқланиб қолгани айни ҳақиқатдир. Яратган Зот курраи заминни бунёд қилиб, хазрати инсонни мукаррам қилиб яратди. Инсонга ўзининг масъулиятидан ўзгасини юкламади. Бироқ, ер юзида киши фаровон умр кечирар экан, ҳаётида Унинг амрини адо этиш билан бирга мажозий сўз билан айтганда, банда Аллоҳ таолони қарздор қилиб қўйишга чақирилган. Каломи шарифда  ҳам чиройли қарз беришга ундади. Сўнгидан Аллоҳ таоло уни қиёмат куни зиёдаси билан қайтаришга ҳам ваъда қилди. Оятнинг мазмунига кўра, Аллоҳ таоло биз бандаларга таълим бериб, ҚАРЗДОР бўлишни эмас, балки, ҲАҚДОР бўлишга чорламоқда. Жамиятимиз ичидаги олди-берди масаласида қарздорларнинг ҳам инсофдан ва қуюшқондан чиққанлари талайгина топилади. Баъзилари токи, керакли маблағ ёки буюмларни қарз сифатида ёки фойдаланиш мақсадида олгунча, “Ишинг битгунча эшакни тоға дейсан”, деган бамаъни ўгитга тўлиқ амал қилишади. Ёки замонавий қилиб айтганда, берганда битта қўнғироқ орқали айрим номи улуғ кишиларни ўртага қўйиб ёки ҳаётда ҳануз қўлланмаган қасам ва ваъдалар билан қўлга киритишадида, сенга керак ёки муддати келган пайтда мингтта қўнғироқ билан ёки кўкка чиқсанг ҳам ерга кирсанг ҳам топа олмайсан ёҳуд қарздорнинг ота-онаси уни оқ қилган ва шу каби воқеаларга гувоҳ бўласан киши. Худди ҳаёт шу зайлда ўтиб кетадигандек. Шунга ўхшаш одатларни бира тўла Ислом дини қоралаган ва бундан кейин ҳам қоралайди. Айрим вазиятлар шуни кўрсатадики, ҳақдорлар доим ҳам ҳақдор эмас. Балки, улар ҳам  кимнингдир наздида ҳақдор бўлса, айни пайтда бошқа кишининг олдида қарздорлиги маълум. Бу сўз билан биз қарз олиш ёки қарздорлик ёмон одат демоқчи ҳам эмасмиз. Бу каби даъводан мутлақ йироқмиз. Балки, ҳалол тарзда оила бешигини тебратиш фарз ва бу йўлда фиқҳий мажбуриятлардан четга чиқмаган ҳолда қарз олиш ибодат ҳам саналади. Шунингдек, ҳадиси шариф мазмуни ила айтганда, у элу-юртга барака ва меҳр-оқибат ҳам олиб келади.  Сабаби, қарз олган киши ибодатида ҳақдорнинг ҳаққига тинимсиз дуо қилиши ва ўзининг иши юриб ва ривож топишини ёлвориб сўраши сир эмас.

Ҳалол савдо-сотиқ орқали сочи оқарган ва тажрибали доно кишиларнинг маълумотларига кўра, баъзи қарздорлардан ҳақдорнинг маънавий, ҳамда моддий зарар кўргани, қолмишига турли туҳматларга илакишиб қолиши ва энг ачинарлиси, шу муаммо билан ҳаёти ҳам ниҳоясига етгани, шунингдек, оиласидан маҳрум бўлишгача боргани қайси иймонли кишининг ҳаёлига ҳам келарди.

БАРАКА ким томонда, ҳақдор томонидами, ёки қарздор томонидами? Мутлақ ҳақдор томонида ҳам эмас ва мутлақ қарздор томонида ҳам эмас. Биргина ҳақиқат шуки, БАРАКА Аллоҳ ва Расулининг амрига итоат этган, ўткинчи беш кунли молу-дунёни қўйиб, охиратини ва абадий жаннатини ўйлаган иймонли ва инсофли киши томонидадир.

Фақат бир нарсани айтиш керакки, қарздор бўлган киши қарзни чиройли қайтариш мақсадида бўлмаса, ҳақдор ўз риоясида турмаса, икки дунёда мағлуб ва ютқазган кишидир. Шунингдек, қиёмат кунида ҳам Аллоҳ таоло, Расули ва бутун умматнинг олдида шарманда бўлиши турган гап.

Бу каби муаммолар ечими Аллоҳ ва Расули томонидан ва шунингдек, саҳобалар ҳаётидан топиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бу ўринда ҳақдор яъни, берувчи устун ва қиёмат куни ҳам шундай ҳисобланади. Фаразан саҳобалардан бирлари ҳозирги биз яшаб турган даврда бўлиб, кимларнидир устидан ҳақдор ёки билакс қарздор бўлиб қолишганда қўйида келтирилган олди-берди масаласига доир ҳадисларга қай тарзда амал қилишарди. Аниқ ибора билан айтганда, саҳобалардан биттасигина ҳақдор ва ҳозирги барча уммат ундан қарздор бўлганида бир зумда масалани ечимини топарди. Албатта ва яна албатта таъкидлашимиз даркорки, улар оят ва ҳадис томонида бўлиб, иймонлари  ва виждонлари билан бу муаммодан тезда чиққан бўлишарди. Уларнинг оят ва ҳадисга амал қилишда қизиққон ва чанқоқ бўлишгани ҳаётларидан ҳам маълум ва машҳурдир. Саҳобалардан бирлари “Уйга киришда изн сўраш ” ҳақида нозил бўлган оятда “(Киришга) изн берилмаса, қайтинглар” сўзидаги “Қайтинглар” га  амал қилиш умидида уй эгаларини чақирар эди. Уй эгалари томонидан киришга изн беришса, оятга амал қилолмаганидан мақсади пучга чиқар ва пушаймон ва надоматда бўлар эди. Бизда эса, кузатилагн жараёнлар шуни кўрсатадики, уйга киритиш эмас, балки, уяли алоқда “мен ҳозир бандман” деган ёки шу каби хабар юборилса, ёҳуд қизил тугмаси ногоҳон босилиб кетса ҳам капалаги учиб, ичидаги гумонларини тилга оладиганлар ҳам йўқ эмас. Мўмин киши ҳар бир ҳолатдан гўзал хулоса ясай олади ва унга ажр мукофотга эришади. ОМИИИН......

Мазҳаббошлардан улуғ имом Абу Ҳанифа р.а. биргина ҳадисга амал қилиш учун савдо-сотиқ қилгани ва бу йўлда моддий зарар кўрсада ҳадиси шариф кўрсатмасига мувофиқ бутун баракани қўлга киритгани ҳақидаги хушхабардан хурсанд бўлгани ҳозиргача тилларда достон. 

Аллоҳнинг раҳмати, файзи ва баракаси ростликда, тўғриликда ҳажман  нисбий катта ва кўпликда эмас. Шу нарсаларни салафи солиҳлар тўғри тушуниб талқин қила олганлар.       

Ҳозирда ушбу мавзуга доир савол бўлганда имомлар ўз хутбаларида эҳсон берганга ўнта савоб, қарз берганга ўн саккизта савоб деб қарз олди-бердида савобнинг кўплиги ҳақида ҳадиси шариф ва оятлардан мисоллар келтиришади. Ҳақиқатан, Аллоҳим бу каби амалларга улуғ ва кўплаб савобларни бериши ҳақдир.     

Ҳар бир давр ва замонда савдо-сотиқ масаласида ўзига яраша муаммолар бўлган. Кимдир фойда кўрса, яна кимдир зарар кўрган. Фақат улардаги ўзаро келишув ва битимлар ёзма бўлиши билан бирга ораларида ёлғон сўзни эмас, ёлғонга олиб борадиган хаёл қилишдан уялишган. Бу эса уларнинг катта ютуқ ва баракаси ҳисобланган. Уларни содда сўз билан тавсифлаганда ҳамкор ёки ҳомийларини алдашни ҳам уйламаганлар. Яъни, мақсад ва муддоалари ўзларигина фойда қилиш бўлмаган.

Уй юмушларимизда кундалик эҳтиёжимизнинг ажралмас қисми ва ибодатларимизга кўмак бўлиб турган хизмат (газ, сув, электр ва бошқа солиқ)ларнинг ҳам юртимиз ва халқимизнинг обод ва фаровонлигига ҳиссаси беқиёсдир. Чунки, бу имкониятларнинг бизгача етиб келиш асносида минглаб катта-кичик ходимларнинг хизмати ва ҳаққи ётади. Юқорида келтирган ўзаро қарз олди-берди икки киши ёки нари борса ўн кишилар орасида кузатилади холос. Бу жиҳатга ҳам эътибор бериш мўмин кишиниг фазилати ҳисобланади. Чунки, ҳадиси шарифда мўмин кишини шундай мадҳ ила мақтаб келтирилади: “Мусулмонлар  шартларига (вафо қиладилар)”. Оятнинг мазмунида ҳам аҳд (келушув)га тарғиб мавжуддир.        

Бу борада келган айрим ҳадиси шарифларни излаб, Расулуллоҳ с.а.в.нинг сўзларига диққат қиламиз ва уни сиз билан ўртоқлашамиз; Имом Бухорий ва Муслимнинг ривоятларида келтирилишича, Ҳузайфа р.а. айтди: “Расулуллоҳ с.а.в дедилар: “Сизлардан олдинги умматдан бир кишининг ҳузурига ўлим фариштаси жонини олиш учун келиб, деди: “(Дунёда бирор) яхшилик қилганмисан. У деди: “(Бирор яхшилик қилганимни) билмайман”. Унга дейилди: “қарачи!”. У деди: “(бирор яхшилик қилганимни) билмайман. Бироқ ҳаётда инсонлар билан савдолашардим ва уларни тақдирлар ёки жарима солар эдим. Имконияти бор қарздорга муҳлат бераман ва қийналганидан қарзни кечар эдим”. (Бу амали эвазига)Аллоҳ таоло уни жаннатга киргизди”.

Ибн Аббос р.а. айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қай бирингизни жаҳаннам ҳидидан асраши хушнуд қилади. Аллоҳ қай бирингизни жаҳаннам ҳидидан асраши хушнуд қилади, деб масжидга кирдилар. Биз айтдик: “Ё Расулуллоҳ! (Бу ҳолат) ҳаммамизни хушнуд қилади”. У зот айтдилар: “Ким қийналганга муҳлат қўйса ёки имконият берса, Аллоҳ уни жаҳаннам ҳидидан ҳам асрайди”.

Абу Мусо Ашъарий айтди: “Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳ таолонинг ҳузурида

қайтарган гуноҳи кабиралардан кейинги энг каттаси банда Аллоҳ таолога  у гуноҳ билан йўлиқишидир. У ҳам бўлса, киши зиммасида ўтаб бўлмайдиган қарзи бўлиб, вафот этишидир”.

Абдуллоҳ ибн Амр р.а айтди: “Албатта, Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Шаҳиднинг бутун гуноҳи мағфират этилади. Фақатгина қарзи (кечилмайди)”.

Абдуллоҳ ибн Амр р.а айтди: “Ким дуоси ижобат ва машаққати кушойиш бўлишини ирода қилса, қийналганга (қарздорга)  ёрдам берсин”.

Яқинлашиб келаётган байрам муносабати билан меҳр-оқибат ва силаи раҳм деган неъматдан қарзимиз бўлган кишиларга ўз ҳақларини вақти келди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд хутбасини ўқиётиб, “Ким силаи раҳмни узган бўлса, орамиздан чиқиб алоқасини ўрнатсин”, деган мазмундаги сўзлари умматга ҳозиргача таълим-тарбия ўчоғи бўлиб келмоқда.
 

Тузувчи: Абу Аюб Муҳаммад Фозил

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « ИЙМОН САДОҚАТИ Хайрли Хотима »
Юқорига