Хайрли Хотима

Хайрли Хотима

Хайрли Хотима

Ёхуд Исломнинг гўзаллиги

Шу кунларда қаерда бўлмайлик, ким билан учрашмайлик, суҳбат айланиб келиб, муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг жанозаси, дафн маросими ҳақида кечмоқда. Жанозани ойнаижаҳон орқали кўрган кишилар у ердаги ҳар бир ҳаракатни бемисл қунт билан кузатгани, ҳар бир сўзни жон қулоғи билан эшитиб, қалбига муҳрлаб олгани ҳар бир суҳбатдошнинг тўлқинланиб айтган гапларидан шундоққина балқиб турибди.

Ким билан суҳбатлашманг, ёши нечада бўлишидан, ижтимоий табақасидан қатъий назар, умри бино бўлиб бундай гўзал дафн маросимини ҳаргиз кўрмаганини, ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганини бир овоздан таъкидламоқда. Яна кўпчиликнинг фикри шуки, ушбу жанозани кўрган дунёдаги мусулмону номусулмон подшоҳлар, президентлар халқи уларни сўнгги сафарга мана шу тарзда кузатишини орзу қилиб қолган бўлса керак. Бу юксак ибратни кўриб, кўпчилик давлат раҳбарлари ва мутасаддиларининг қалбида элга хизмат қилиш, халқнинг меҳрини қозонишга бўлган иштиёқ жўш урди. Марҳумнинг ўз халқи қошида ҳам, дунё миқёсида ҳам обрў-эътибори чандон юксалди. Хуллас, Юртбошининг жанозаси ўзига хос ибратларга бой бўлди.

Дарҳақиқат, жаноза ниҳоятда гўзал, намунали, бетакрор суратда ўтди. Инсоний туйғуларга ҳам, замонавий дидга ҳам тўла мос, ҳар бир ҳолати мантиқий, беҳуда ҳаракат йўқ, марҳум учун ҳам, тириклар учун фойдали шаклда кечди. Унда чинакам айрилиқ ҳисси, мотам, мусибат руҳи бўй кўрсатди. Барча бирдек хомуш, кўзларда ёш, қўллар дуода, тилда фақат охират ободлиги сўрови. Устига ўлим ҳақидаги ва бошқа оятлар битилган махсус чойшаб ёпилиб, гирдига фақат каъбапўш тортилган оддийгина тобут минглаган инсонларнинг елкалари узра масжид сари сокин бормоқда. Тобутнинг ушбу соддалиги ўзгача бир мусаффолик, ҳақиқий самимият ва чин инсонийлик шукуҳини дилларга таратаётгандек. Айнан мана шу беғубор софлик қалбларни жунбушга келтирди, инсоний туйғуларни қўзғаб юборди. Айни шу асллик ўзгача маҳобат, бемисл шавкат касб этди. Инсонийлигини унутмаган ҳар қандай одам бу манзарадан керакли ибрат олди, ўзлигини англади. Тобутнинг қибла тарафга, тик турган жамоат олдига қўйилиб, мадҳу мақтовлар ўрнига ярим соат Каломуллоҳдан тиловат қилиниши эса маросимга янада улуғворлик бахш этди. Шахсга сиғиниш, маддоҳлик, носамимий сўзларга ўрин йўқ, фақат насиҳат ва ибрат бор. Ҳа, ўлмас гўзаллик оддийликда, самимийликда экан. Қисқаси, жаноза марҳумнинг шарафига шараф, обрўсига обрў қўшди, ҳатто ғайридинлар наздида ҳам. Маросим жанозани уюштирганларга ҳам фақат шараф келтирди, ҳеч бир эътирозга ўрин қолмади, тан беришдан бошқа чора йўқ. Хўш, бу ютуқларнинг сири нимада? Нега бу жаноза ҳаммани бунчалар ҳайратга солди, қалбларни тўлқинлантириб юборди? Қандай қилиб инсонни бунчалар ҳавас қиларли даражада дафн қилишга эришилди экан?

Мазкур саволларнинг барчасига жавоб бир: чунки дафн ишлари Аллоҳнинг динига, Ислом шариатига мувофиқ бажарилди. Буюк Яратувчининг йўриқлари ана шундай олийдир. Очиғини айтганда, жаноза маросими ойнаижаҳонда қанчалар шукуҳли намойиш этилган бўлмасин, аслида ундан бир неча баробар юқори руҳиятда ўтди. Марҳумимиз телетомошабинлар кўз ўнгида қанчалар эъзозланган бўлса, намойиш этилмаган ўринларда ундан-да юксак эҳтиромга сазовор бўлди. Буларнинг барчаси Исломнинг гўзаллиги, инсонийлигининг бир намунасидир, албатта.

Ислом ўлим тўшагида ётган инсоннинг ҳузурида ҳатто ёқимсиз сўз айтишдан ҳам қайтаради. Ҳадиси шарифларда бемор олдида фақат яхши ниятлар айтилиши кераклиги, чунки фаришталар ҳар бир сўзга «омин!» дейиши таъкидланади. Ўлими яқинлашган кишига шаҳодат калимаси талқин қилинади, аммо бу калимани айтишга мажбур қилинмайди, фақат эслатиб турилади. Шу билан бирга, унинг бошида Ёсин сураси ва бошқа ояту сураларни тиловат қилиш ҳам тавсия этилган. Мусулмон инсон ана шундай ҳузурбахш, илоҳий каломлар оғушида жон таслим қилади.

Исломда жонсиз тананинг ҳам бир қатор ҳақлари бор. У тириклигида қанчалар эҳтиром қилинса, ўлганидан кейин ҳам шундай, балки янада кўпроқ эъзозланади. Уни ўнг тарафини қиблага қилиб ёки ўзини қиблага юзлантириб ёткизилади, аъзолари ростланади. Унга қаттиқ тегиниш, қўполлик қилиш мумкин эмас. Юзини ҳар кимга ҳам очилавермайди, фақат яқин кишиларигина кўриши мумкин. Бу ҳам эҳтиром ва эҳтиёт юзасидандир. Озор етмасин учун мўйларига тегилмайди, тирноғи олинмайди. Унга аввал таҳорат, кейин эса ғусл қилдирилади. Суннатга кўра, аъзоларга уч маротабадан сув қуйилади, бутун бадани совун ва хушбўй сув билан ювилиб, сўнг муаттар ҳидли хушбўйлик суртилади. Яхшилаб покланган, хушбўйланган тана махсус бичимдаги покиза матога махсус суратда, тасбеҳу таҳлиллар айтиб ўралади.

Намозга буткул ярайдиган,тўла-тўкис покланган жасад тобутга солиниб, қибла тарафга қўйилади. Йиғилган жамоат ҳам таҳоратли ҳолда, бир имомга эргашганча маййитга мағфират сўраб махсус намозни ‒ жаноза намози ўқишади. Намоздаги зикру дуоларнинг маъноларини тафаккур қилсангиз, янада лол қоласиз.

«Аллоҳим, тирикларимизни ҳам, ўтганларимизни ҳам, борларимизни ҳам, йўқларимизни ҳам, каттаю кичигимизни, эркагу аёлларимизни ҳам мағфират қилгин. Аллоҳим, биздан кимни вафот этдирсанг, Исломда вафот этдир, кимни яшатсанг, иймонда яшат...»

Жанозадан сўнг тобут елкалар узра қабр сари сузиб боради. Бунда бош тараф олдинда кетиши лозим. Қабр худди пастқам уй каби тайёрланган бўлиб, маййит у ерда ҳам қиблага юзлантириб ётқизилади. Маййитни қўйишда ҳам суннат бўлган зикр бор: «Бисмиллааҳ, ва ъалаа миллати Росуулиллааҳ» (Аллоҳнинг исми ила, Расулуллоҳнинг динларига кўра) деб айтиб турилади. Тупроқ тортилганда ҳам маййитнинг устига тушмаслиги таъминланади, қабр оёқости бўлмаслиги учун устини ердан бироз дўнгроқ қилиб кўтариб қўйилади. Дафндан сўнг тиловату дуолар қилинади, марҳум учун Аллоҳдан мағфират сўралади.

Ҳар ким ўзи инсоф билан ўйлаб кўрсин, инсонни дафн қилишнинг бундан афзалроқ сурати борми? Марҳумга бундан ортиқ эъзоз кўрсатиш мумкинми?

Исломда жасад бевосита ерга қўйилади, токи аслига тезроқ қоришиб кетсин. Бу ҳам ўз навбатида марҳум учун иззат-икром ва қулайлик келтиради. Бошқа ҳар қандай даҳмазалар ғирт беҳудадир.

Хуллас, ушбу дафн маросими тафаккур қилган киши учун Исломнинг нақадар гўзаллигини, қанчалар инсонийлигини, беҳад буюклигини ва унинг барча замонлар учун яроқли эканини яна бир бор намоён қилди. Ҳа, бу тадбир Исломнинг кўркини ва ҳаётийлигини кўрсатиб қўйди. Шу билан бирга, ўз динига, исломий қадриятларига садоқат кўрсатиш ҳар қандай мусулмон учун шараф бўлишини, барча инсонлар қошида обрў бўлишини яна бир бор тасдиқлади. Шунингдек, Исломда ҳеч бир беҳуда, мантиқсиз иш йўқлиги, ҳар бир амалда теран маъно ва хайрли мақсад мужассамлиги, ҳар бир иш ўликка ҳам, тирикка ҳам манфаат келтиришини намойиш этди.

Дафн маросимининг бундай гўзал ўтишининг асосий омили уч нуқтада ўз ифодасини топди:

1.       Маросимнинг соф Ислом шариати талабларига, мақсадларига мувофиқлиги, турли бидъат-хурофотлардан, таассубдан холилиги.
Жанозада бир қатор фарз амаллар билан бирга кўплаб одоб-аҳкмолар ҳам бор. Уларнинг барчаси вафот этган инсоннинг эҳтиромига, мусибат аҳлининг кўнгли таскин топишига сабаб бўлади. Маросимда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор берилди. Айниқса, ғойибона ўқилган жаноза намозлари бутун мамлакатда ўзгача руҳият касб этди. Айни пайтда шариатда йўқ удумлардан сақланилди. Агар жанозада одамлар ўйлаб топган турли бидъат-хурофотларга йўл қўйилганида, айрим тоифалар каби ғулувга кетиб, маҳдудликка тушиб қолинганида ёки кўп жойларда учраганидек, баъзи бир одоб-аҳкомларга бепарволик қилинганида, тадбир бунчалар тўкис ва гўзал бўлмас эди;

2.       Исломий ҳукм ва одобларнинг замон руҳига мувофиқ тарзда амалга оширилганлиги.
Исломда асосий амаллар қатъий белгилаб қўйилган, иккиламчи масалаларда эса бироз кенглик яратилган бўлиб, замон ва маконга қараб умумий мақсадга хизмат қиладиган айрим тасарруфларга рухсат берилган. Мазкур тадбирда мана шу рухсатдан унумли фойдаланилди. Мисол учун, одамларнинг йўлнинг икки тарафида саф бўлиб туриб марҳумни кузатиши, жанозага келган кишиларни тартибга солиш ва ҳоказо. Булар Исломда шароитга қараб қилиш мумкин бўлган ишлар бўлиб, бунинг учун шариатда етарли асослар бор;

3.       Мазкур ишларни бажаришга самимият, ихлос ва муҳаббат билан ёндашилгани.
Ҳа, руҳий қувват, маънавий поклик бўлмаса, ҳеч бир амалда равнақ ва мақбуллик бўлмайди. Юз марта режа билан тадбир қилинг, Аллоҳ ёрлақамаса, ҳеч бир ишингиз ўхшамайди. Маросимнинг бу қадар файзли ўтишида ушбу маънавий омилнинг ҳам ўрни катта бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тадбирдаги барча ютуқлар, гўзалликлар муқаддас динимизга тўғри амал қилишнинг самараси бўлиб, биз буни дафн маросими мисолида кўрдик. Аслини олганда, динимизда фақат дафн эмас, балки ҳар бир ҳукм, ҳар бир амал мана шундай гўзалликка, мана шундай инсонийликка, шундай буюкликка эга, фақат биз буни кўра олишимиз, кўрсата билишимиз керак. Муҳаммад Ғаззолий айтганларидек, Исломнинг ўзи гўзал, унга қўшимча безак беришга ҳожат йўқ, унинг гўзаллигини намойиш қила олиш керак холос. Бунинг учун эса ҳар бир ишда юқорида саналган учта омилни ишга солиш керак:

1.       Амални шариатга мувофиқ бажариш;
2.       Уни шариат мақсадлари асосида замон руҳида талқин эта билиш;
3.       Амални чин ихлос, самимият ва муҳаббат билан қилиш.

Биз Исломнинг ҳар бир ҳукмини мана шу шартлар асосида амалга оширадиган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, ҳар бир ишда, худди мазкур дафн маросимида бўлганидек, барчани лол қолдиришимиз, ҳаммага манзур иш қила олишимиз аниқ. Исломнинг вафот этган инсонга доир аҳкомлари қанчалик манфаатли ва мантиқий бўлса, тирикларга оид ҳукм ва одоблари ҳам инсон учун ундан-да фойдали ва аҳамиятлидир. Исломга мувофиқ дафн қилиниш инсонга қанчалар шараф келтирса, унга кўра яшаш янада шарафбахшдир. Ислом шариати аввало тирикларга қаратилган, уларни тўғри йўлга ҳидоят қилишга йўналтирилган. Ислом динининг тирикларга кўрсатадиган эҳтироми вафот этганларга кўрсатган эҳтиромидан  ортиқдир. Исломга амал қилиш марҳумларга шунчалар шон-шараф келтирар экан, тирикларга ундан ҳам зиёда яхшиликларни тақдим этади. Фақат бунинг учун, юқорида таъкидланганидек, Исломга тўғри равишда, унинг мақсадларини чуқур англаган ҳолда, кўрсатилган мўътадиллик йўсинида амал қилиш лозим. Лоқайдлик ва бепарволик ҳам, гапнинг зоҳирига кўр-кўрона ёпишиб олиб иш тутиш ҳам мақсадга етиштира олмайди.  Мана шу ҳақиқатларни бугун яхши тушуниб олишимиз, англаб етишимиз лозим.

Аллоҳ таоло ўтганларимизни Ўз раҳматига олиб, ҳаётимизда Ўз шариатига амал қилиб боришимизни насиб айласин!

 
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Амал қилинг савоб олинг! Талоққа шошилманг! »
Юқорига