Офтоб нури етяптими?

Офтоб нури етяптими?

Офтоб нури етяптими?

Китобнинг буюк куч эканини исботлашга ҳожат йўқ. Ҳар қандай жамиятдаги гўзал маънавият саройининг мустаҳкам пойдевори ҳам айнан китоб экани ҳам ҳақиқат. Агар китобдан юз ўгирган бирон жамоа маънавият саройи қурибди, деб эшитсангиз билинг-ки, улар бу бинони туздан барпо қилибдилар.

Ҳатто қисқа муддат давомида майдалаб ёққан ёмғир ҳам оз фурсат ичида бу “сарой” аталмиш нобоп иморатни эритиб йўқ қилиб юборади. Тарих ҳақида, айниқса дунё мўъжизалари ҳақида сўз кетса Бобил минораси, Тож Маҳал каби етти обида тилга олинади. Буни инкор этмаган ҳолда айтамиз-ки, инсон заковати билан яратилган энг бебаҳо ва ўхшаши йўқ, хайратланарли биринчи мўъжиза - китобдир. Бошқа барча кашфиётлар китоб олдида қарздорлар десак, ҳақлимиз. Электр лампочкаси милтиллаб ёнаётган шамни масхара қилиб: “Шу ҳам нурми, менинг порлашимни қарагин!” деб мақтанганида шам: “Ҳа, яхши порлаяпсан. Лекин сени менинг нуримда ихтиро қилишган”, деган экан. Улуғ адиб Стефан Цвейг “Китоб ҳар қандай билимнинг жони ва юраги, ҳар қандай фаннинг ибтидосидир”, деб ғоят тўғри фикрни баён қилган. Дониш аҳлининг “Китобни ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан тўхтайди”, деган ҳақиқатини ўзига шиор қилиб олган одам комиллик мартабасига осон ета олиши ҳам тарихда ўз исботини топган.

Китоб ҳақида юзлаб донишмандлар мингларча ажойиб фикрларни бизларга мерос қилиб қолдирганлар. Уларнинг китобни шарафловчи сатрлари тўпланса, эҳтимол юзларча жилдни ташкил қилар. Муҳтарам ўқувчилар билан бу онда китобнинг аҳамияти ҳақида сўзлашмоқчи эмасмиз. Бу ҳақда кўп гаплар айтилган, айтиляпти. Мустақил юртимизнинг маънавий оламини бойитишдаги китобнинг хизматини ҳеч ким инкор этмайди. Миллий истиқлол ғояси ва маънавият масалаларига бағишланган ҳар бир катта ёки кичик анжуманда китобхонликка жиддий эътибор бериш таъкидланади.

Китобхонлик масаласида икки жиддий муаммони четлаб ўтиш мумкин эмас. Биринчиси – бугун нашр этилаётган барча китоблар маънавий олам хазинасига бойлик қўша оладими ёки аксинча, қашшоқлаштириб қўядими? Бу китоблар дид ва тафаккурни тарбия қилишга қандай хизмат эта олади? Китобхонга бузуқ тушунча бериб, жоҳилни баттар жоҳил қилиб қўймайдими? Бугун нашр этилаётган китобларнинг барчасини ўқиш учун бир одамнинг умри етмайди. Шундай экан, танлаб-саралаб ўқиш эҳтиёжи туғилади.

Хўш, китоб пештахтаси рўпарасида турувчи ёш китобхонга бу масалада ким ёрдам беради, ким устозлик қилади?
Китоб муҳиби биринчи галда асарнинг яхши ёки ёмон эмаслигини сотувчидан сўрайди. Сотувчиларнинг юздан тўқсонтаси умрида биронта китоб ўқимаган бўлса, бу ерда фақат тирикчилик важҳи билан ўтирган бўлса, қандай маслаҳат берсин? Ҳудди ўзи етиштирмаган сабзини сотишга уринган бозор чайқовчиси каби мақтовини келтираверадими? Кийим-кечак дўконида ҳисоб-китобни билувчи ҳар қандай одам ишлай олиши мумкин. Аммо китоб дўконида ишлаш учун бу билимнинг ўзи кифоя қилмайди. Буни дўкондорлар ҳам сотувчилар ҳам тушуниб етадиган замон келди. Албатта, бир неча ойда ёки бир йилда бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Лекин ечими мушкул муаммони ечими йўқ муаммо сифатида четга суриш инсофдан эмас.

Ёшларга китобнинг яхши ёки савияси саёз экани ҳақида мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юрти кутубхоначилари маслаҳат беришга масъулдирлар. Ҳар ҳолда улар билан китоб дўкони сотувчиси орасидаги фарқ сиртдан қаралганда ҳам сезилиб туриши керак. Чунки китоб сотувчисининг билими ўрта мактаб даражасидан юқори эмас. Кутубхоначи эса бу соҳада ишлаш учун махсус ўқув даргоҳларида билим олади. Уларнинг кўпчилиги олий маълумотли мутаҳассис ҳисобланганлари ҳолда китоб ўқимайдилар, десак бизни бадбинликда ёки туҳматда айбламассизлар, деб ўйлаймиз. Маданият институтида кутубхоначилик мутахассислигига ҳам ўқитишади. Лекин, ажабки, бу касбни эгаллаганларнинг кўпчилиги ўз соҳасида ишламайди. Балки бу ердаги ўқишни “кутубхоначилик ва китоб савдоси” деган йўналишда ташкил этган маъқулдир?

Ёшларни китобнинг мўъжизали оламига олиб киришдек сурурли вазифани бажаришлари шарт бўлган адабиёт муаллимларининг китобга муҳаббатлари қай даражада экан? Эҳтимол уларни китоб ўқиш-ўқимасликларини суриштириш, имтиҳон қилиш уятлидир. У ҳолда уйларига бир қарайлик, ҳеч бўлмаса беш-ўнта китобдан иборат шахсий кутубхоналари бормикин? Кичкинагина кутубхонаси бўлмаган, ўзи асар ўқиб завқланиш нималигини билмайдиган муаллим шогирди қалбида китобга муҳаббатни қай йўсинда уйғота оларкин – буниси бизга қоронғу. Дарсда боланинг қай даражада билим олганини иншо ёки баён орқали белгилаймиз. Бу анъанавий услуб. Камина мактабда ўқиган эллигинчи йилларда ҳам, ҳозир ҳам ўқувчининг ёки талабанинг бадиий асар ўқигани сира ҳисобга олинмайди, тақдирланмайди. Дарслик китобидан “Кумуш - чин муҳаббат эгаси” деб кўчириб берган бола аълочи бўлиб юраверади. Бир институтдаги учрашувда талабаларга “Абдулла Қодирийнинг “Ойбек” романида нима учун Кумушни ўлдиришади?” деган саволни ҳазил тариқасида бериб “Биз мактабда бу китобни ўқимаганмиз”, деган жиддий жавобни олдик. Эътибор беряпсизми, “Бундай асар йўқ”, дейишмади, “Бундай асарни ўқимадик”, дейишди!? Шу болаларнинг шаҳодатномасида ҳамда тест синовида адабиёт фанидан аъло баҳо қўйилган бўлса ҳам ажабланманг. Бир мақолни ўзгартириб айтайлик: “Ўқувчиларининг савиясини кўринг-у ўқитувчининг даражасига баҳо бераверинг”.

Авваллари ҳар йили баҳорги таътилда республика бўйича мактаб ўқувчилари учун китоб байрамлари ўтказиларди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ёзувчилар уюшмаси бу тадбирни сентябр ойининг биринчи ярмида ўтказиш ташаббуси чиққанда Республика раҳбарияти қўллаб-қувватлаган эди. Раҳбариятнинг эътибори туфайли ҳозирги Миллий боғ бир кун давомида болалар иҳтиёрига берилганди. Болалар ёзувчиларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлишиб, актёрлар ижросидаги китоб қаҳрамонлари билан учрашиб қувнаган эдилар. Вилоятларда ҳам шундай байрамлар ўтказиш йўлга қўйилаётган эди. Кейинчалик Ёзувчилар уюшмасидаги ички муаммолар сабаб бўлибми, бу яхши одат унутилди. Халқ таълими вазирлиги ҳам бу тадбирни эътибордан четда қолдирди. Эндиликда “Камолот” ташкилоти бу борадаги ташаббусни ўз қўлига олса, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва махсус таълим вазирлиги, шунингдек, республика “Маҳалла” жамғармаси уларни қўллаб қувватлашса, маънавиятга доир ишларимизда сезиларли ютуқларга эришган бўлардик.

Китоб ҳақида тўғри йўналиш берувчи энг асосий маслаҳатгўй ким? Албатта ота ва она! Бува ва бувилар, амаки ва тоғалар, амма ва холалар ҳам бу борада четда турмасалар қандай яхши! Атрофимизга қараб кўрайлик-чи, ўзи китоб ўқиб, фарзандларида ҳам бу хайрли фазилатларни тарбия этишга уринувчи ота-оналар кўпми ё “ўқиб менга шаҳар олиб берармидинг, қўй, китоб ўқиб бошингни оғритма!” дегувчилар кўпроқми? Бозорга тушганларида фарзандларига қурт, писта, сақич олувчиларга нисбатан китоб харид қилувчилар озроқми ё кўпроқми? Уйдаги жавонларини виски, коньяк, бренди, ароқнинг ўнлаб турлари билан тўлдириб қўювчилар билан китоб жавонларига меҳр қўйганлар нисбати қандай экан? Булар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Шу муаммолар ҳақида сўз очилиши билан албатта китобларнинг нархи баландлиги ҳақида нолиб қолишади. Каттақўрғонда бир воқеани эшитган эдим: урушнинг дастлабки йили, совуқ қиш фаслида кичик дўконда Алишер Навоий ғазаллари жамланган китобча сотилаётган экан. Бир бола ҳар куни дўкончага келиб, шу китобга меҳр билан боқиб-боқиб кетаркан. Сотиб олай деса, пули йўқ. Отаси урушда. Онасининг топгани нонга аранг етади. Шундай ҳолатда ҳам китобдан кўнгил уза олмаган бола сотувчи амакига бир таклиф билан мурожаат этади. Совуқ ва очлик азобидан ҳимоя қилиш мақсадида мактабда ҳар куни ўқувчиларга биттадан бўғирсоқ берилар экан. Бола сотувчи амаки билан савдолашиб, ўн кун бўғирсоқ емай, тўплаб китобга алмаштиради. Худога шукур, биз ҳозир бундай аянчли ҳолатда эмасмиз. Китобни қиммат дегувчи одам улфатлари билан ичаётган конъякнинг пулига фарзандлари учун қанча китоб сотиб олиши мумкин эканлигини бир мартагина ўйлаб кўрса эди! Китобни қиммат деб нолиётган одамнинг ўзи ёки фарзанди кутубхонага бориб китобни текинга ўқиш мумкинлигини билишмасмикин? Ҳаммасини билишади. Фақат турли баҳоналар билан ўзларини ўзлари алдайдилар. Билмайдиларки, бу алдовлари билан аввало ўзлари маънавий қашшоқ ҳолларида қоладилар, фарзандларини эса маънавий қашшоқлик ботқоғида тарбия қила-қила оқибатда “нега боламнинг афти-ангорига балчиқ чапланган?” деб фиғон қиладилар.

Китоб дўконида жиззахлик бир одам билан танишиб қолган эдик. Ҳар икки-уч ойда фарзандларига китоб сотиб олиш учун Тошкент марказидаги “Шарқ зиёкори” китоб дўконига келар экан. Нақадар гўзал одат! Нақадар онгли ота ва она! Қани эди, ҳаммамиз шулар каби бўла олсак!

Китобхонлик масаласидаги жиддий муаммолардан иккинчиси – нашр этилган китобни мухлисларга етказиб бериш, яъни китоб савдосининг тушкун аҳволи. Мустақиллик йилларида китоб нашр этиш ишлари ислоҳ этилди. Нашриётларга эркинлик берилди. Вилоятларда ҳам нашриётлар ташкил этилиб, китоблар нашр этиш сон жиҳатдан анча ошди. “Сон жиҳатдан” деб таъкид этишимиз бежиз эмас, чунки сифат жиҳатидан мақтанадиган даражага эришганимиз йўқким, бу ҳақда кенгроқ миқёсда алоҳида баҳслар юритилса чакки бўлмас эди. Ҳар бир ишлаб чиқаришда сон ва сифат мувофиқлигига эриши мушкулоти борки, китоб нашри бундан истисно эмас. Сифат деганда биз муқова, қоғоз ва бўёқлар сифатинигина эмас, асар мазмунини, бадиий савиясини ҳам назарда тутяпмиз. Муаллифнинг ўз ҳисобидан ёки биронта марҳаматли бой ташкилот ҳомийлигида китоб чиқаришини инкор этмаганимиз ҳолда бундай китобларнинг аксари саёз эканини ҳам эътироф этсак ёмон бўлмасди.

Таъкид этамиз, нашр ишларида ривожланиш сезилди. Аммо бу ютуққа қарама-қарши ўлароқ китоб савдоси аввалгидан ҳам паст даражага тушиб кетди. Республикадаги ўнлаб китоб дўконлари ҳокимиятларнинг бу соҳадаги нотўғри иш юритишлари сабабли ёпилди. Ажабки, шаҳар ҳокимлари ўз жойларидаги маънавият ва маърифат маркази раислари ҳисобланадилар. Китоб дўконини ёпиб, унинг биносини бошқа бойроқ ташкилот фойдасига ҳукм қилиб бераётганларида улар зиммаларидаги ана шу раислик масъулиятини эсладиларми экан? Биз бу даъво билан барча ҳокимларни ёмонотлиққа чиқармоқчи эмасмиз. Самарқанд шаҳрининг марказида қарийб юз йиллик тарихга эга китоб дўкони бор. Шу дўконга бир қанча бадавлат жаноблар кўз тикдилар. Дўкон хизматчилари шаҳар зиёлилари билан ҳамкорликда уларга қарши чиқа олдилар. Ҳокимият ҳам уларни қўллади. Тошкентдаги “Шарқ зиёкори” китоб дўкони уларга ёрдам бериб, бинони қайта таъмирлади. Фақатгина замонавий пештахталар билан таъминламади. Балки китоб савдоси европа тажрибалари асосида қайта ташкил этилди. Китобхон дўкон бўйлаб эркин юриб, истаган китоби билан истаганча танишиш имконига эга бўлди. Ўрни келганда “Шарқ зиёкори”нинг бу борадаги яна бошқа ишларини ибрат тариқасида тилга олиш жоиз. Уларнинг ташаббуслари билан Термизда, Андижонда, Марғилонда, Гулистонда ҳам замонавий китоб дўконлари бунёд этилди. Тошкентдаги китоб дўкони ҳам европа дўконларидан қолишмайдиган тарзда таъмирланди.

Германиядаги бир нашриёт иши билан танишаётганимизда бу нашриётнинг мамлакатда уч минг китоб дўкони борлигини айтишган эди. Демак, бу нашриётнинг китоб савдоси бўйича муаммоси йўқ экан. Агар бир китобни ўттиз минг нусҳада нашр этса, демак, ҳар бир дўконга ўнтадан тарқатиши мумкин. Битта дўкон яхши китобнинг ўнтасини эмас, юзтасини уч-тўрт кундаёқ сотиб адо қилиши мумкин. Биздаги нашриётларга шундай дўконлар очишга тўсиқлик борми? Қисман бор. Гап яна айланиб, ҳокимиятларга бориб тақалади.

Пойтахтимизни олиб қарайлик: нечта китоб дўконлари бутунлай олиб қўйилиб, бошқача дўконларга айлантирилди? Қанчаларининг ярми, ёки чораги марҳамат сифатида китоб савдосига қолдирилди? Гўзал қурилишлар бунёд этилаётган шаҳримизда қанча янги китоб дўконлари иш бошлади? Бир нарсани унутмайлик: ҳориж меҳмонлари учун чиройли бинолар янгилик эмас. Уларнинг юртларида бунақа бинолар етарли. Улар халқнинг маънавий ва маданий савияси билан кўпроқ қизиқадилар. Миллий консерватория, Миллий театр, опера ва балет театри, музейлар... уларнинг диққатини тортиши аниқ. Сайёҳлар орасида китобхон тоифаси ҳам кўп бўлади. Гарчи улар тил билмасалар-да, биздаги ноширлик билан қизиқишлари табиий. Хўш, биз уларга қайси китоб дўконимизни кўрсатамиз? Илгари “Китоб пассажи” деб номда машҳур бўлиб, ҳозир каталакдай бир бўлакдаги дўкончаними?

Бу пойтахтдаги аҳвол. Вилоят марказларидаги аҳволни тасаввур қилаверинг. Район марказлари ёки қишлоқларни гапирмасак ҳам бўлади. Агар бир қишлоқ аҳли уч-тўрт йилдан бери китоб ўқимаётган бўлса, уларни эмас, китоб савдосига масъул дўстларимизни айблашга тўғри келади. Кейинги йилларда мактаб ўқувчилари учун лотин ҳарфларда анчагина китоблар чиқарилди. Аввало қарийб беш миллион нафар ўқувчилар учун 10-20 минг нусҳада китоб чиқариш ачинарли. Бу китобларнинг асосан йирик шаҳарларнинг пештахталаридагина туриши янада ачинарли. Шундай яхши китоблардан биронтасини ҳозир Ҳазораспда ёки Шўрчида учратмайсиз. Чунки узоқ туманларда умуман китоб дўконлари йўқ.

Ҳозир нашриётлар кўп дедик. Лекин бу нашриётларнинг қандай китоб чиқараётганлари ва қандай сотаётганлари бир-бирлари учун сирли ҳолда. Ижодий ҳамкорлик йўқ. Китоб ярмаркалари йўқ. “Ўзкўргазмасавдо” деган гўзал иншоот қад ростлаганига кўп йил бўлди. Лекин унинг эшикларидан ҳали битта китоб кириб келганича йўқ. “Нима учун бу ерда китоб савдо ярмаркаси ўтказиш мумкин эмас?” деган саволга ким жавоб бера оларкин?

Ўтган йили Андижонда “китоб ярмаркаси” деган тадбир ўтқазилди. Биз учун бағоят қувончли ҳодиса бўлиб туюлиб, бордик. Тошкентнинг йирик нашриётлари ўзлари чиқарган китобларни намойиш қилдилар. Андижонликлар, айниқса ёшларнинг бу кўргазмага қизиқишлари бениҳоя бўлди. Аммо афсуслари ҳам чексиз бўлди. Чунки кўргазма “кўрмоқ бор-у емоқ йўқ”, тарзида ташкил этилган эди. Китобхон синглимиз бир асарни анчадан бери излаб юрган экан. Нашриёт ходимларидан “шу китобни менга сотинглар”, деб худонинг зорини қилди, аммо ниятига эриша олмади. Биз аралашиб, илтимос қилсак ҳам сотишмади. Чунки бу кўргаазмани бир ҳафтадан кейин Наманганга олиб бориб намойиш қилишлари керак экан. Ана энди савол берайлик: бунақа томоша кимга керак?

Кўргазманинг очилишига пойтахтдан ҳам, Андижоннинг ўзидан ҳам талайгина ёзувчилар тўпланишган эди. Китобхонлар ўзлари кутган ижодкорлар билан учрашиш, дастҳатлар олиш қувончида туришганда ёзувчилар ҳокимият тасдиқ этган режага амал қилиб, ўн дақиқалик табрик нутқидан сўнг китоб кўргазмаси томонга юрмай, ҳаммалари биргалашиб тиббиёт институтидаги учрашувга жўнаб қолишди.

Ҳозир китоб савдосида катта муаммолар мавжуд. Аввало китоб савдоси пойафзал савдосидан кескин фарқ қилишини англаб етишимиз керак. Агар пойафзал дўкони шаҳарнинг нарига бурчагида бўлса ҳам зарурат туфайли ўша жойга борамиз. Лекин китоб дўкони ҳар куни юраётган йўлимиздан юз қадам нарида бўлса ҳам кириб ўтишга эринамиз. Мисол тариқасида айтсак, Қуръони каримнинг ўзбекча маъно таржимаси китоб бўлиб чиққан вақтларда бу китобни қидириб юрувчилар кўп эди. Иттифоқо, Бўз туманига бордик. Китоб дўконида Қуръони каримнинг таржимаси тахлаб қўйилибди. Бу дўкондан уч юз қадам нарида, ичкариликда эмас, айни шу катта кўча ёқасида масжид ҳам бор эди. Жумъа намозидан олдин бир йигит қўлбола китоб растаси очиб, савдо қилаётган экан. Қуръони каримнинг ўзбекча таржимаси бир пасда сотилиб бўлинди. Бошқалар йигитдан шу китобни топиб беришни илтимос қила бошладилар. Намоз бошлангач, йигит китоб дўконига бориб, барча китобларни сотиб олди-ю намоз тугагач, уч баравар қимматига пуллади. Бунга нима дейсиз?

Ўшанда биз китоб дўкони мудирига “Ўзингиз ўша ерда сотсангиз бўлмасмиди?” десак, “Биз сотсак балога қоламиз, солиқчилар, милиция ходимлари шўримизни қуритади”, дедилар. Бизнинг ишларимиз ана шунақа. Баъзан лицейдами ё институтдами маънавият куни доирасида учрашувга таклиф қилишса, китоб савдоси ташкил қилишларини тавсия этамиз. Шунда яна солиқ ва милиция идораларининг таъқиқлашлари ҳақидаги эътирозларни эшитамиз. Яқинда машҳур футболчимиз Миржалол Қосимовнинг хайрлашув тадбири аъло даражада ўтказилди. Ташкилотчиларга барча раҳмат айтди. Аммо стадионга хайрли ниятда борган “Шарқ зиёкори” китоб дўкони учун савдога ижозат этилмади. Ҳолбуки, зиёкорчилар “Ўзбегимнинг Миржалоли” деб номланган ажойиб китоб билан ташриф буюришган эди. Бу маросимдан мухлислар бутун умрга эсда қоларли ажойиб совға билан уйларига қайтишлари мумикин эди. Афсус ва минг бора афсус... Бозорчилар эмас, расмий китоб дўкони ходимлари уч-тўрт соат давомида бу каби тадбирларда, ўқув даргоҳларида китоб савдосини ташкил қилсалар нимаси ёмон? Ахир шу китоблар лицейда сотиладими ё дўкондами, барибир дўкондорлар ўша солиқни тўлайдилар-ку? Яна бир яхши томони – ўқув даргоҳига олиб келинган китобларни муаллимлар назардан ўтказишлари, ёшларга тавсия этиш маъқул кўрилмаган китобларни соттирмасликлари ҳам мумкин.

Китоб дўконлари учун энг гавжум, энг серқатнов жойлар ажратилса мақсадга мувофиқ бўлади. “Шарқ зиёкори” китоб дўкони замонавий кўринишдаги еттита енгил дўконлар учун Тошкент ҳокимиятидан жой сўраб, ижобий жавобдан умидвор бўлиб турибди. Бу масалалнинг ижобий ҳал этилиши минглаб китоб мухлислари учун беназир совға бўлур эди. Эътибор берайлик: “китоб дўкони қуриб беринг”, деб сўралмаяпти, балки тайёр дўкон учун қуруқ жой илтимос қилиняпти. Тошкент шаҳрида аввалдан ишлаб келган китоб дўконларининг ачинарли аҳволини айтдик. Ҳозир ишлаб турган бу дўкончаларга кирсак, ҳайратга тушамиз: пештахталарда асосан алмисоқдан қолган китоблар. Янги нашр этилган, айниқса лотин ҳарфларидан чиқарилган китобларни учратмаймиз. Шундай экан, бу дўконларда қандай савдо бўлсин, қандай даромад бўлсин? Эҳтимол ўзини эплай олмаётган бу дўконларни “Шарқ зиёкори”га ўхшаб ишларни яхши ташкил этаётган дўконларнинг бўлимларига айлантириш маъқулдир?

Китоб савдоси ишларини яхшилаш йўлида қилинадиган ишлар кўп. Шулардан бири – қўшни республикаларда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг китобга бўлган эҳтиёжларини қондириш. Бу бир халта китобни кўтариб, чегарадан ўтиб, бозорда сотиб келиш билан битадиган иш эмас, балки ҳукуматлараро келишувлар билан амалга ошириладиган жиддий тадбир. Яна бири - китоб савдосига доир солиқлар масаласини ўрганиб чиқиш. Муҳтарам президентимиз ҳунармандларга бу борада имтиёзлар яратиб берганларидан сўнг бу соҳада ривожланиш сезиларли бўлди. Китоб савдосини ўқув даргоҳлари кутубхоналари орқали амалга ошириш ҳам яхши самара бериши мумкин. Айниқса савдонинг обуна турини почта муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширишда фойда борлиги аниқ. Хуллас, бу соҳанинг ривож топиши учун республикада барча шароитлар мавжуд. Фақат бу шароитлардан оқилона фойдалана билиш лозим. Китоб савдосини яхшилаш чораларини излаш, ҳаракат қилиш керак. Энг муҳими – бу бир ёки бир неча идора ходимларининг кучи билан амалга ошмайди. Бу ишда жамоатчиликнинг фаол кўмаги зарур. Демак, янги ва яхши китобнинг уйимизга ардоқли меҳмон мартабасида кириб келиши учун ҳаммамиз жон куйдиришимиз зарур бўлади.
Китобни офтобга ўхшатишади. Қуёш нури тегмаган ер ҳосил бермайди. Кўнгил ҳам шундай. Офтоб нуридан бебаҳра жойларни мунаввар этилишига лоқайд бўлмасак бас.

Тоҳир Малик

back to top