Ушалмаган орзулар ёки мода оламининг маъсият салтанати

Ушалмаган орзулар ёки мода оламининг маъсият салтанати

Ушалмаган орзулар ёки мода оламининг маъсият салтанати

“Онажон, мен модел (янги либосларни намойиш қилувчи) бўлишни истайман!” Замонанинг кўпгина оналари ўз қизларидан шу мазмундаги гапларни балки эшитишгандир. Модалар олами ва ялтироқ ҳаёт содда қизларни тунда парвоналарнинг гулханга талпингани каби ўзига тинимсиз чорлайди. Бир қарашда бу усти ялтироқ ҳаёт, янги модалар намойиш қилинадиган муҳташам қасрлар, мода кўргазмалари ва бошқалар худди ўйноқи оловнинг ёрқин тиллари каби ҳаддан ташқари жозибали кўринади. Аммо олов қучоғига тушганларгина унинг нақадар қаҳри қаттиқ, аёвсиз эканини, ўз домига тушган ҳамма нарсани охири кулга айлантириб юборишини яхши билишади.

Қанчалаб гўзал қизлар ана шу гуриллаган “моданинг ялтироқ оловида” ёниб тугадийкин? Қанчалаб тақдирлар эрта пайхон бўлдийкин?
Ҳафсаланинг пир бўлиши, ушалмаган орзулар, алдов ва хўрликлар ёш қизларнинг “супер модел” бўлиш орзусини рўёбга чиқариш йўлида дуч келадиган беҳисоб машаққатларнинг бир қисми, холос.
Шахсиятни мавҳ этиш нимадан бошланади? Мода олами жуда қаттиққўл ва беаёв, аммо жуда гўзал шоҳона пардалар ортига яширинган бўлади. Шунинг учун унга киришга ишқибозлар ниҳоятда кўп топилади.
Кўпгина моделлар учун ҳаммаси “кастинг” деб номланган хўрловчи танловдан бошланади. Уларда нигоҳи ўткир, аммо тошбағир фэшн-индустрия (кийим-кечак саноати) мутахассислари ва моделлар ахтариб топиш бўйича югурдаклар қизларни худди буюм каби навларга ажратишади ва кейинчалик улар қисматини поймол этиб, ўзларини ҳуқуқсиз қўғирчоқларга айлантиришади.
Аслида улар назарига тушмаган қизларнинг омади чопди, деса бўлади. Танловдан ўтган чиройли ва хушбичим “бахтиёр”ларни эса даҳшатли қисмат кутиб турибди. Уларнинг кўпи тўшак орқалигина ютуққа эришиб, ном чиқаради. Аслида модел бизнеси индустрияси бой-бадавлат кишиларнинг дунёнинг ҳамма бурчакларидан келган энг гўзал қизлар билан бирга бўлиб, лаззат олиши учун ўйлаб топилган бир найрангдир.
Ҳусндор модел қизларнинг фэшн-индустрия қопқонига тўхтовсиз оқиб келишини таъминлаш учун “реклама” деб ном олган яна бир индустрия ишлаб туради. Ялтироқ журналлар, телевидение, оммавий ахборот воситалари ва Интернет ҳою-ҳашам рекламаси орқали қизларни модел бўлишга, бойларни эса ана шу гўзалликка пул сочишга тинимсиз чорлаб туради. Бунинг устига моделларга бу бизнесда ютуққа эришиш учун бўйлари қанча бўлиши, тана аъзоларининг мутаносиблиги ва шакли қандай бўлиши кераклиги ҳақида талаблар ҳам қўйилади. Гўзалликнинг нозиктаъб билимдонлари фикрича, қизларнинг бирор жойи бу “қолиплар”га тушмаса, катта пул эвазига аёл танасига ҳар қандай ўзгартириш киритишга тайёр пластик жарроҳлар ёрдамга келади. 
Иш шунга бориб етдики, ҳатто болаларга ёшлигиданоқ модел бизнесининг ботқоғига қандай шўнғиш ўргатилмоқда. Бунинг учун олдинига “мутахассислар” оналарга қизларининг имконияти бор-йўқлигини қандай билиш-аниқлашда маслаҳат беради. Кейин болалар кастинги, модел мактаблари ва бошқа тадбирлар бошланади. Тайёргарликнинг барча босқичларидан ўтган, юриш, ўзини тутиш ва танасини ҳаракатлантириш малакасига эришган қизлар гуноҳлар уммонига шўнғиш учун подиумларга (намойиш супаларига) ташланишади.

ЗИНО ОРҚАЛИ - ЧЎҚҚИГА

Моделларнинг қандай иш бошлашларию, мода оламида қай тарзда ютуқларга эришишлари ҳақидаги ҳикоялари кишини даҳшатга солади.
Собиқ моделнинг дил изҳорига қулоқ тутинг: “Одатда кастингда маъқул келиб қолган қизни агентлар ҳалиги... ўзингиз билган нарса эвазига машҳур қилишга ваъда беради. Қизнинг розилиги олингач, у ишга қабул қилинади ва модел санъати ўргатила бошланади. Мураббийлар таълим курсларида мана бу гапни тинмай уқтиришади: “Агар машҳур модел бўлишни истасангиз, агентлик директорларга қулоқ солинг ва улар нима дейишса, гарчи бу сизга ёқмаса ҳам, сўзсиз бажаришга интилинг”.
Мода агентлари ўртача кўрсаткичларга эга, аммо итоатгўй ва қайсарлик қилмайдиган қизларининг Франсияга жўнат кетишгани, у ерда катта пул топишаётганини мисол қилиб келтиришади. Турли журналлар ва мода агентликлари буюртмасига кўра қизлар суратини ишлайдиган фоточилар ҳам қизларни шу тариқа “ишлов”дан ўтказишади. Натижада қизлар руҳан ҳамма нарсага тайёр бўлишади.    
Биринчи “кўргазма”ларни конференсияга келган бизнесменлар учун шаҳар четидаги дам олиш уйларида ташкил этишади. Кейин қизларни дам олиш уйидаги алоҳида хоналарга бошлаб кириб кетишади. Барча қизлар билан мижозлар ҳисоб-китоб қилишади. Ишрат учун тўланадиган ҳақ қизлар кийим намойиш этишга оладиган пулдан ўн баравар кўп бўлади. Кўплаб қизлар кундузлари урфга кирган кийимларни намойиш қилиш, кечқурунлари эса “топшириқ” бажаришга мажбурдирлар. Улар билан шафқатсизларча муомала қилиш ҳоллари ҳам тез-тез учрайди.
Модел бизнесида очиқ-ойдин фоҳишабозлик кўлами табиий офат миқёсларига тенглашиб бўлди. Агентликларда даромаднинг яширин манбалари, яъни “ҳамроҳлик хизмати” (эскорт-услуги) деган нарсалар бор. Машҳур шахслар ва бадавлат кишилар қандайдир кеча ва базмларда ўзларига ҳамроҳлик қиладиган модел агентлиги гўзалларига катта пул тўлашади. Бу пулнинг анчагина қисми агентликка кетади. Кўп ҳолларда бундай базмлар қаттиқ гуноҳ ҳисобланган зино (никоҳсиз қўшилиш) билан тугайди.
Бу соҳанинг билимдонлари модел бизнесида жиддий ютуқларга эришмоқчи бўлган қизларга ҳаёли, одобли, иззат-нафс эгаси бўлиш кабиларни унутишни, аксинча ўзида очкўзлик ва енгилтаклик хислатларини шакллантиришни маслаҳат беришади. Акс ҳолда бу бизнесда чўққига чиқиш амри маҳол. Агар чўққини кўзласангиз, қартайган, аммо баобрў амакиларнинг тўшаги орқали ўтишингиз шарт. Агар бу соҳага кирган қиз ўзининг ахлоқий қиёфаси ҳақида қайғурадиган бўлса, унга мода бизнесида ўрин йўқ, фақат ойлик маошга кўниб яшашга маҳкум.

“МОДА” БУЗУҚЛИКЛАРИ

Модел бўлишга аҳд қилган йигитларни ҳам мода оламида лаззатли ҳаёт кутиб тургани йўқ. Уларни жуда ифлос саналган бесоқолбозлик гуноҳига ботиш ва унга ғарқ бўлиш ҳамда эркак ва аёл орасидаги хунаса бир махлуққа айланиш имкониятларигина кутиб турибди.
Ислом нуқтаи назаридан таҳлил этадиган бўлсак, модел бизнесини гуноҳлар индустрияси деб аташ мумкин. Келинг, мода оламини “иффат элаги”дан ўтказайлик ва фаолиятнинг ушбу турида кўп учрайдиган асосий гуноҳларни бирма-бир санаб ўтайлик:
* Ўз гўзаллигини номаҳрам ва бегона кишилар кўз ўнгида (подиумлар, видеотасвирлар, журналлар саҳифасида) намойиш этувчи қизлар ва уларни томоша қилувчилар қаттиқ гуноҳга ботишади.
* Агентликлар эгалари ҳамда ёш қизларнинг қисматини бузишга, уларнинг кўз ёшлари ва азоблари эвазига катта пул ишлашга дахлдор кишилар катта гуноҳга йўл қўйишади ва бунинг учун қиёмат куни Парвардигор ҳузурида ҳисоб беришади.
* Никоҳсиз жинсий алоқа, яъни зино бу соҳада ютуқлар ва машҳурликлар тўловидир.
* Ишдаги доимий босим ва зўриқишларни унутиш учун айрим моделлар кўпинча маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга ўтишади.
* Қизларни турли ҳолат ва кўринишларда суратга туширадиган фоточилар мунтазам гуноҳга ботишади ва бу тақиқланган суратларни кейинчалик кўрган барча одамларнинг гуноҳига шерик бўлишади.
* Доимий босимга дош беролмай қолган қизлар баъзан иложсизликдан ўз жонларига қасд қилишади. Аммо бу қутулиш чораси эмас, аксинча олдингидан ҳам қаттиқроқ гуноҳ бўлиб, ўз жонига қасд қилганлар дўзахда абадий азоб чекишга маҳкум бўлишади.
 Бундан ташқари яна кўпгина гуноҳларни санаб ўтиш мумкин, аммо бундан “мода ҳаётидан” эзилган шўрлик қизларнинг машаққати аримайди. Кимдир: “Албатта айблаш осон, ахир ҳаёт талаби шундай бўлгач, бу бечоралар нима қилсин?!” дер. Бироқ ушбу мақоланинг мақсади чорасиз қизларни маломат қилиш эмас, балки уларга сароб шуҳрат учун мангу пойга бўлмиш бу машъум тушовдан қутулишда ёрдам бериш, ўз ихтиёрлари билан эмас, аслида чиройли ваъдаларга алданиб, йўл қўйган гуноҳларининг ўзини қоралашдир.
 Ҳамма нарсани чиройли ислоҳ қилувчи (тузатувчи) Ислом балки бир қарашда мода масаласидаги фаолият эркинликларини жиловлаб қўядигандай туюлар? Ислом ғояларини миридан-сиригача ўрганган киши у ҳаётнинг барча жабҳаларига тўла жавоб беришини, инсоннинг ижодий ва кашф этиш фаолиятини мукаммал бошқара олишини англаб етади. Мода масаласида ҳам Исломнинг муқобил таклифлари бор.

ҲАЛОЛ МОДА ИНДУСТРИЯСИ

Ислом дини фэшн-индустрия ва ялтироқ ҳаётга муқобил тарзда ҳалол бизнесни таклиф этади. Шиддат билан ривожланаётган ислом дунёси эркаклар ва аёлларнинг чиройли, урф бўлган (модадаги) ва айни пайтда  Ислом меъёрларига жавоб берувчи кийимларини яратишда янги йўналишларга муҳтождир. Агар моделчилар ва услуб ўйлаб топувчилар (стилистлар) бу йўналишда иш олиб боришса, модел қизлар кийимларнинг исломий янги тўпламларини фақат аёллар иштирок этадиган подиумларда намойиш этган бўлишар эди. Шунда гўзалликка интилиш чинакам маъносини топган, аёллар ҳақиқатан ҳурматланган, аёл шаъни, иффатига ҳеч ким тажовуз қилмаган бўлар эди.

НАЖОТ ИСЛОМДАДИР!

Эҳтимол, мода ҳаётининг тўрига илиниб, беҳисоб гуноҳлар қилган, одамлардан ва ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлганлар кўпчиликдир. Бундай кишилар фақат Ислом орқалигина нажот топишлари ва ҳаёт завқини қайта туйишлари мумкин. Аллоҳ таолонинг мусулмонларга ато этган фазли ва марҳамати тавбадир. Чин дилдан тавба қилиб, гуноҳларга қайтмасликка аҳд қилган кишининг барча гуноҳлари кечирилади, иншааллоҳ!
 Мода олами аёлларни олди-сотди буюмига, аёл танасини эса тижоратни юрғизиш воситасига айлантирди. Ҳар қандай мол ёки буюмни фақат аёллар реклама қилишади. Бу инсониятнинг чиройли қисмини хорлаш эмасми? Наҳотки у ўзига истеъмол буюми каби муомала қилишларига муносиб бўлса?
Аёллар ўзларининг қадр-қимматларини билиб, бундай муносабатларга барҳам беришлари ва: “Бизларни хўрлаб-камситиш ва тирик қўғирчоқлар каби молини сотиш ва бойларнинг кўнгилхушлиги йўлида фойдаланишларига чек қўйиш пайти келди” дейишлари лозим. Қизлари модел бўлишни орзу қилаётган ота-оналар эса уларнинг бу орзуси ҳақида жиддий ўйлаб кўришлари керак бўлади.

 Ҳожимурод РАЖАБОВ

back to top