Logo
Print this page

Нима учун Diam`sнинг интервьюсини ўчириб ташлашяпти?

Бу қабоҳатдан мусулмон олами жунбушга келган, норозилик намойишлари баъзан қон тўкилишигача бориб етган бўлса-да, мазкур сайтнинг эгалари безрайиб туриб, «Бу нарса муайян бир шахсга нисбатан ҳақорат бўлганида, уни сайтдан олиб ташлар эдик, лекин у муайян бир кишига қаратилмаган, шунинг учун уни олиб ташлаш ижод эркинлигига хилоф бўлади», дейишган эди. Энди Аллоҳ таоло уларнинг асл башарасини янада очибди…

Энг рейтингбоп эфир

Франциянинг TF1 телеканали эфирида собиқ рэп-ижрочи Diam`s билан суҳбат бўлди. Diam`s ушбу суҳбатда ўзининг Исломни қабул қилгани ва бу воқеа унинг ҳаётида қандай улкан бурилиш ясагани ҳақида ҳаяжон билан сўзлади. Кўрсатув эфир орқали узатилганига ҳали 24 соат ўтмай туриб, телеканал шу видеолавҳани YouTubeдан ўчириб ташлади. Ваҳоланки Diam`s иштирок этган бу кўрсатувни кўрган томошабинлар сони рекорд натижани қайд этган эди – уни бир неча соат ичида 5,7 миллион киши томоша қилибди. Huffington Post газетасининг французча нашрининг ёзишича, бу эфир TF1 каналининг сўнгги олти ой ичидаги энг юқори рейтингга эришган экан.
Интервью телевидение орқали намойиш этилган заҳоти уни YouTubeга қўйишди ва уни миллионлаб Интернет фойдаланувчилар дарҳол ёзиб олишди. Икки соат ичида Diam`s билан бўлиб ўтган суҳбат Facebook ва Twitter саҳифаларидаги энг қизғин муҳокама қилинаётган мавзуга айланиб кетди. Бир ҳафта ичида бу видеолавҳа 300 мингдан ортиқ маротаба томоша қилинди. Минглаб инсонлар ижодининг авжига, шуҳратининг чўққисига энди кўтарилган бу қизнинг нима сабабдан ҳашаматли ҳаётдан бирдан воз кечиб, ҳаётини тубдан ўзгартирганини унинг ўз оғзидан тинглашди.
Ғарб мамлакатларида ташвиқот авж олиб, Исломга салбий тус беришга зўр бериб уринишаётган бир пайтда бу видеолавҳа Исломнинг чинакам қиёфасини ойдинлаштириш учун айни муддао бўлди. Буни қарангки, Франциянинг энг машҳур қўшиқчиларидан бири, рэп ижрочи Diam`s калтафаҳм одамларга олабўжи қилиб кўрсатилаётган бу динни қабул қилганидан бахтиёр эканлигини изҳор қилган эди.
Хўш, Diam`s ўзи ким?
У ҳақни қандай топди, бунга қайси йўлдан кириб келди ва нима учун унинг дил изҳорини Интернетдан ўчирмоқдалар?

Ҳаққа йўл

Diam’sнинг ҳақиқий исми – Мелани Георгиадес. У 1980 йил 27 июлда Кипрда туғилган. Мелани 4 ёшга тўлганда отаси уни ва хотинини ташлаб кетади. Мелани онаси билан Францияга келиб қолади. Меланининг болалиги Парижнинг сокин чеккаларидан бирида ўтди. Онасининг қарамоғидан қочиб, ҳаёт йўлини уйдан узоқда, рэп оқими ўсмирларнинг юрагидан жой олган ерларда қидирди. Мелани ўзи ёзган бир неча қўшиқларни айтиб юриб, оммалашиб кетди. Рэп саҳнасида асосан эркаклар фаолият кўрсатаётган бўлса-да, Diam’s бу йўналишда ўз ўрнини топа олди. У тезда ишқибозларнинг оғзига тушди, айни пайтда мусиқа индустрияси профессионалларининг ва машҳур ижрочиларнинг ҳурматини қозонди. Бироқ, 2009 йилда, шуҳрат пиллапоясининг энг юксак чўққисида турган пайтда Мелани кутилмаганда саҳнадан ғойиб бўлди. Табиийки, тезда у ҳақда турли миш-мишлар тарқаб кетди.
TF1 раҳбарияти собиқ рэп-ижрочи билан олиб борилган мазкур суҳбатни ўзининг YouTubeдаги каналидан ўчириб ташлаган бўлса-да, унинг бир қисмини бошқа фойдаланувчиларнинг каналларидан кўриш мумкин. Маълум бўлишича, Diam`s (энди у ўзини Мелани деб аташни маъқул кўради) мудом қалбига ҳаловат топа олмай юрган, унинг қўшиқлари ҳам айнан шу ҳақда бўлган. Ўзининг айтишича, у бир неча йил давомида юрагига хотиржамлик топишга беҳуда уринган.
Мелани Георгиадеснинг интервьюсидан иқтибос: «Мен жуда машҳур эдим, машҳур одам орзу қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсам бор эди. Лекин уйда ёлғиз қолсам, ухлашга ётсам, негадир йиғлагим келар, ҳеч тинчлана олмас эдим. Мухлисларим менинг бу аҳволда эканимни хаёлларига ҳам келтиришмаган бўлса керак. Антидепрессант (диққинафасликка қарши) дорилар ича бошладим, қалб хасталигини даволаш клиникаларига ётдим, лекин аҳволи яхшиланмади. Ниҳоят, дугоналарим билан ўтирсам, улардан бири (у муслима эди): «Мен ҳозир, намоз ўқиб келай» деб ўрнидан турди. Шунда мен унга «Тўхта, мен ҳам намоз ўқигим келяпти» дедим…
Мелани Исломни ўргана бошлайди, Қуръон ўқишни ўрганади ва 2009 йилда Исломни қабул қилади. У интервьюда ички дунёсидаги ўзгаришнинг аста-секин, босқичма-босқич юз берганини айтади. Исломни қабул қилгач, Мелани бир неча тадбирларда бошида чиройли рўмол билан қатнашди, кейинроқ эса бутунлай исломий қиёфага кириб, тўлиқ ўраниб олди. TF1 канали Интернетдан шоша-пиша ўчириб ташлаган ўша видеолавҳада Мелани илк бор ҳижобда кўриниши эди. Мелани бутун Францияга, интернет орқали эса бутун дунёга ўзининг муслима бўлганлигини расман эълон қилди.
Мелани Георгиадеснинг интервьюсидан иқтибос: «Мен ўзим учун Исломнинг ажиб оламини кашф этиб, унинг гўзаллиги қаршисида лол қолдим. Бу ҳикмат, тинчлик, сабр ва меҳр дини экан. Бу Ийсо, Мусо, Иброҳим, Сулаймон алайҳиссаломларнинг, бошқа барча пайғамбарларнинг дини экан. Нима учун одамлар Исломни бу қадар ёмон кўрсатишга уринишади? Терактлар натижасида бегуноҳ одамларнинг ўлишини ҳеч қандай вазиятда оддий ҳолат деб ҳисоблаш мумкин эмас».
Меланидан бугунги кунда Исломни салбий маънода кўрсатишга уринишлар ҳақидаги муносабатини сўрашганда, у шундай деди: «Ишончим комилки, биз илмли ва жоҳил одамлар ўртасида фарқ борлигини айтиб ўтишимиз керак. Билмайдиганлар билмаган нарсалари ҳақида гапирмасликлари керак. Ислом бегуноҳ одамларни ўлдиришни тақиқлайди».
Мелани Георгиадеснинг интервьюсидан иқтибос: «Менимча, мен толерант (бағрикенг) жамиятда яшайман. Шунинг учун менга танқид эмас, балки ҳақоратлар, уйдирмалар ва қабул қилинаётган қонунлар оғир ботмоқда. Исломни қабул қилганимдан кейин, ҳали ҳижобга кирмасимдан аввал тўлиқ ўрана оламанми, бошимни бутунлай ёпа оламанми? деб ўз-ўзимга савол берардим. Бир куни денгиз соҳилида ёлғиз сайр қилиб юриб, ўзимга шундай савол бердим: “Шу денгизларни яратган Зот ҳижоб кийишни буюрмоқда. Мен қандай қилиб Унга итоат қилмайман?” Мен шу заҳоти ҳижоб ўрашга қарор қилдим.
Меланининг айтишича, Ягона Аллоҳга бўлган иймон унинг руҳига қувват, қалбига хотиржамлик ато этди. У бир йил аввал турмушга чиққанини, бир неча ой аввал эса она бўлганини маълум қилди. “Мен тинч ва мазмунли ҳаёт кечиряпман” – дейди Diam's.

Меланининг ишидан ҳамма ҳам хурсанд эмас

Diam`sнинг ушбу суҳбатини томоша қилган интернет фойдаланувчилари шундай савол беришмоқда: “Бу қиз TF1 канали интервьюни интернетдан ўчириб ташлайдиган даражада нима гап айтди?” Шунингдек, блоггерларни “Хўш, агар бир одам ўз интервьюсида Исломни қораласа, ўша видеолавҳа ҳам интернетдан ўчириб ташланармиди?” деган савол қизиқтирмоқда. Мелани самимий, очиқ, оддий ва лўнда далиллар келтириб, Ислом унинг ҳаётини яхши томонга буриб юборганини исботлаб қўйди. Кўриниб турибдики, Исломнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиш кимларнингдир манфаатига зид келиб қолган.
Франция ўзининг аксилисломий ҳатти-ҳаракатлари билан, мисол учун, шаҳар кўчаларида намоз ўқишни тақиқлаш каби чоралар билан машҳур. Мусулмонлар ҳақида, Исломда аёлнинг мавқеи, ҳижоб кийиши ва виждон эркинлиги ҳақида Францияда кенг тарқалган хурофотларни бутун дунё билади. Ана шундай мамлакатда яшовчи Меланининг муслима бўлганини ошкора эълон қилиши ва чинакам муслималардек бутунлай ўраниб, ҳижоб кийиши ҳақиқий қаҳрамонликдир.
Бошқа ҳеч қаердан топа олмаган ҳаловатини Исломдан топган Меланининг бахти унинг баъзи юртдошларига ёқмаган кўринади. Меланининг Исломни қабул қилгани кутилмаганда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Юқорида айтилганидек, мазкур суҳбат TF1 каналида эфирга узатилгач, у тезда YouTubeдан ўчириб ташланди. Шундан бироз кейин бир неча журналист LCI каналидаги ток-шоуда иштирок этиб, Diam’sнинг янги либосини ва унинг Исломга кирганини муҳокама қилишди. Ушбу шоуда қулоққа чалинган гапларга эътибор беринг:  «Diam’sнинг қиёфасини, унинг Исломга бу қадар берилганини кўриб, ҳафсаламиз пир бўлди, оғзимиз очилиб қолди», «унинг бундай қиёфада пайдо бўлиши рўмоллар ва ўранган аёлларни реклама қилиш бўйича ўзига хос кампания эмасмикан?»

Ислом инсонларга ҳаловат, уйғунлик топишда ёрдам беради

Бундай одамлар ўз маданиятини камолот чўққиси деб биладилар, бу эса уларга Ислом ҳақида ҳаққоний билим олишга ҳалақит беради. Улар ҳеч тушуна олмайдиларки, Ислом инсонни бахтли қилади, унинг ҳаётига мазмун олиб киради, шунинг учун одамлар бу динни танламоқдалар.
Бироқ, бундайларнинг фикрларини ҳам, турмуш тарзини ҳам бир четга суриб қўйлик да, иншааллоҳ, чинакам бахтини топган Меланини муборакбод этайлик. Унинг интервьюсини диққат билан кузатсак, Меланининг Исломни қабул қилиши – қизгинанинг шахсий ишончи ва бу муқаддас динни онгли равишда ўрганиши натижаси бўлганини кўрамиз. Унинг босиб ўтган йўли ҳар бир инсон ўз ҳаётининг мазмуни, дунёга келишининг моҳияти ҳақида чуқур тафаккур қилса, Аллоҳ таолонинг раҳмати ила албатта Исломга келишини яна бир бор исботлайди!

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика