Logo
Print this page

Исломни европалаштиришми ёки Европани исломлаштириш?

ХХ асрда Ер куррасида яшаётган аҳоли сони тўрт баравар кўпайиб, 6,5 млрд кишидан ортиб кетди. Сўнгги ўн йилликлардаги демографик жараёнларнинг ўзига хос хусусияти мусулмонлар сонининг тез ўсиши бўлди. 1990 йилдан буён Ер шаридаги мусулмонларнинг сони 880 миллиондан бир миллиард кишига етди. Ислом дунёда эътиқод қилувчилар сони энг тез ўсиб бораётган динга айланди ва мўлжалларга кўра, 2030 йилга бориб Ер юзида яшовчи 8 миллиард кишилик аҳолининг камида 2 миллиарди, яъни чорак қисмини мусулмонлар ташкил қилиши кутилмоқда (1902 йилда мусулмонлар дунё аҳолисининг атиги 4,2 фоизини ташкил қилар эдилар)

Бугунги кунга келиб, эътиқод қилганлар сони бўйича Ислом дини насронийликдан кейинги иккинчи ўринга кўтарилди. Мусулмонларнинг учдан икки қисмидан кўпи Осиёда яшайди ва аҳолининг 20 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Африкада эса мусулмонлар аҳолининг деярли 30 фоизини (қитъа аҳолисининг ярмини) ташкил қилади. Мусулмонлар дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакатида яшайди, 35 та давлатда улар жами аҳолининг 80 фоиздан ортиқ қисмини ташкил қилади (уларнинг кўпчилиги Шимолий Африка ва Ғарбий Осиё мамлакатларида яшайди). Индонезия, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш мамлакатларида мусулмон жамоаларининг абсолют сони энг каттадир. Социологларнинг мўлжалларига кўра, 2010 йилга бориб АҚШдаги мусулмонлар сони яҳудийларни қувиб ўтиб, насронийлардан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олади.

Мусулмонларнинг сони айниқса Европада шиддат билан ўсиб бормоқда. Мусулмонлар энг кўп яшайдиган давлат – Францияда 5-7 миллион мусулмон яшайди (аҳолининг деярли 10 фоизи). Бу ерда мусулмонлар католиклардан кейини иккинчи ўринни эгаллаб турибдилар. Кўпсонли мусулмон жамоалари Германияда (4 млн.), Англияда (1,7 млн.), Италия ва Голландияда (по 1 млн.) ҳам яшамоқда. Бугунги кунда Ғарбий Европада мусулмонлар яшамайдиган бирорта мамлакат қолмаган.

Айтиш жоизки, Ғарбий Европада яшаётган мусулмонларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди, чунки бу ерларда расмий муҳожирлар ва уларнинг авлодлари билан бир қаторда расмий статистик маълумотларга киритилмаган миллионлаб норасмий муҳожирлар ҳам яшайди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Ғарбий Европада яшовчи мусулмонларнинг сони ҳозирда 15 миллиондан 24 миллион кишигача бўлиши мумкин. Демографларнинг айтишича, 2015 йилга келиб, Европада яшаётган мусулмонлар сони икки бараварга ортади. Бунга туғилишнинг даражасининг юқорилиги ҳамда Шимолий Африка ва Яқин Шарқдан ёппасига кўчиб келаётган муҳожирлар сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Исломнинг Ғарбий Европага келганига атиги бир неча ўн йил бўлди, холос. 1940-йилларнинг охиригача бу ерда мусулмонлар деярли яшамаган ёки уларнинг сони жуда кам бўлган (мусулмонлар энг кўп бўлган Францияда 1920 йилларнинг ўрталарида 120 минг киши). Биринчи оммавий ҳижратга 1954-62 йилларда Жазоирда бўлиб ўтган уруш сабаб бўлди. Франция ушбу Шимолий Африка давлатининг мустақиллигини тан олишга мажбур бўлгач, юз минглаб маҳаллий мусулмонлар ўзларининг собиқ метрополияларига кўчиб ўтиш имкониятидан фойдаланиб қолдилар.

Ривожланаётган мамлакатлардан келаётган муҳожирларнинг улкан оқими натижасида Европа давлатларининг аҳолиси этник ва диний жиҳатдан хилма-хил бўлиб кетди. Ваҳоланки, бир неча ўн йиллар аввал бу давлатларнинг аҳоли таркиби деярли бир хил бўлган эди. Шуниси муҳимки, аввалги йиллардан фарқли равишда, мусулмон муҳожирлар ва уларнинг авлодларининг аксарияти ўзлари учун янги бўлган муҳитга мослашиб кетишни истамаяпти.

Миллий давлат ҳудудида ягона фуқаролик миллатини барпо этишнинг европача модели (АҚШдаги «эритиш дошқозони» каби) бугунги шароитларда иш бермай қолди. Натижада Ғарбий Европанинг айрим давлатлари доирасида кўпмаданиятли, кўпдинли, яқиндан бошлаб эса ҳатто бир неча тилли ҳамжамиятлар барпо этиш концепциялари шаклланмоқда. Либерализм (эркинлаштириш) тарафдорлари бу концепцияларни камчиликнинг ҳуқуқлари кафолатланган ва давлат томонидан ҳимояланадиган демократиянинг мантиқий оқибати деб қарамоқдалар.  Айни пайтда «эски» ва «янги» аҳоли ўртасида ҳеч қандай фарқ кузатилмаяпти: уларнинг мустақил ҳаёт кечириш ҳуқуқи демократик давлат томонидан тенг даражада ҳимоя қилинмоқда.

Мусулмонлар яшайдиган ҳудудлар ва шаҳар чеккалари Парижда, Берлинда, Лондонда ва Европанинг бошқа кўплаб йирик шаҳарларида пайдо бўлмоқда. Бугунги кунда франциялик мусулмонларнинг кўпчилиги араб Мағрибидан (Жазоир, Тунис, Марокаш) келганларнинг авлодидир. Германия, Голландия, Австрия ва Данияда яшовчи мусулмонларни асосан туркиялик муҳожирлар ташкил қилади. Англиялик мусулмонларнинг кўпчилиги эса Британия Ҳиндистонидан (Покистон ва Бангладеш) келган муҳожирлардир.

Европалик мусулмонлар сонининг тез кўпайишига давлат ижтимоий дастурлари томонидан рағбатлантирилаётган юқори туғилиш даражаси сабаб бўлмоқда. Мусулмон оилаларда фарзандлар сони одатда ўртача тўрттадан кам эмас. Туб европалик оилаларда фарзандларнинг камлиги ва анъанавий оилавий қадриятларнинг инқирозга учраган шароитда мусулмон оилаларнинг серфарзандлиги айниқса яққол намоён бўлмоқда. Замонавий ғарб цивилизациясининг энг муҳим демократик ғалабаси деб гомосексуализм таърифланмоқда, бир қатор мамлакатларда эса (Голландия, Бельгия, Канада, Испания ва Швейцарияда, АҚШнинг бир қатор штатларида) бир жинс вакиллари ўртасида оила қуришга қонунан рухсат этилган.

Хунасалар сонининг ортиши билан бир қаторда Ғарбий Европада туб (даҳрий ёки номинал-насроний) аҳоли сони ҳам камайиб бораётганлигига фарзанд кўришдан онгли равишда воз кечиш ҳам сабаб бўлмоқда, чунки европаликларнинг кўпчилиги, болалар хизмат пиллапояларидан кўтарилишга ёки ҳатто беташвиш, бемалол ҳаёт кечиришга ҳалақит беради, деб ҳисоблайдилар (астағфируллоҳ!).

Битта фарзанди бор оилалар камдан-кам ҳолатларда иккинчи фарзандни туғишга қарор қиладилар. Аҳоли сонининг оддий, табиий ўсишини таъминлаш учун ўртача туғилиш даражаси 2,1 та болани ташкил қилиши керак. Бироқ, Ғарбий Европадаги аёллар ўртача фақат 1,4 та фарзанд кўрмоқдалар. Шунинг учун, туб Европа аҳолиси сони тобора камайиб бораётган шароитда юзага келаётган демографик бўшлиқни мусулмонлар муваффақият билан тўлдирмоқдалар.

Шу ўринда феминистик тарғиботнинг таъсирини ҳам айтиб ўтиш жоиздир, чунки бу тарғиботга кўра, болалар аёлларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига тўсқинлик қилар эмиш. Анъанавий оилавий қадриятлардан воз кечиш, жамиятдаги маънавий инқироз Исломнинг ҳатто Европанинг туб аҳолиси ўртасида ҳам оммавийлашишига олиб келмоқда. Францияда оқ танли мусулмонларнинг сони ҳозирнинг ўзида 50 минг кишидан ортиб кетган, бу кўрсаткич эса, масалан Россиядаги рус мусулмонлар сонидан анчагина юқоридир.

Бир неча ўн йиллар давомида демографик ва иқтисодий қийинчиликлар Европа иттифоқи мамлакатларини мусулмон мамлакатлардан келадиган муҳожирларни расман тан олиш ва ҳатто уларни бунга қизиқтириш сиёсатини қўллашга мажбур қилган эди. Европа сиёсатчилари замонавий Европа билан ислом аслида бир-бирига мос келадими, деган саволни беришнинг ўзи одобдан эмас, деб ҳисоблар эдилар. Улар бағрикенглик ва мультикультурализм (маданиятлар хилма-хиллиги) каби ғояларни илгари сурар, бу ғоялар эса Сэмюэль Хантингтоннинг кўп шов-шувларга сабаб бўлган «Цивилизациялар тўқнашуви» номли китобидаги қарашларига, Европа ва ислом – икки қарама-қарши қутб, бир-бирига азалдан душман бўлган икки антагонистик цивилизациядир, деган фикрларга мутлақо зид эди. Аксинча, мусулмонларнинг Европа жамиятига мослашуви насроний ва исломий цивилизацияларнинг яқинлашувига олиб келади, деган фикр ҳукм сурар эди.

Бундай оптимистик тасаввурларга асос бор эди – масалан, кечагина саводсиз бўлган гастарбайтерлар ёки уларнинг авлодлари Европа воқелигига муваффақият билан мослашиб, хизмат пиллапояларидан равон кўтарилар, ҳатто Европарламентга депутат бўлаётган эдилар. Бироқ, кенг оммалаштирилган бундай мисоллар камдан-кам учрар, улар реал манзарани акс эттирмас, балки жамиятни ҳам, Ғарбий Европадаги олий сиёсий табақаларни ҳам чалғитар эди.

Эътиборли жиҳати шундаки, биринчи авлод муҳожирлардан фарқли равишда, иккинчи ва учинчи авлод мусулмонларида бу ердаги носоғлом муҳитдан норозилик тобора кучайиб бориб, борган сари радикаллашиб борди. 1990-йилларнинг иккинчи ярмидаёқ, Европалик ёш мусулмонлар Европага хос бўлган сексуал тенглик, дин эркинлиги, сўз эркинлиги, хунасаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва шу кабиларга кўпроқ даражада норозилик билдира бошладилар. Ёш мусулмонлар борадиган мактабларда баъзи фанларни ўқитиш тобора қийинлашиб борди. Йиллар ўтиб, кўпчилик мактабларда Холокост тарихини, ҳаётнинг пайдо бўлиш назариясини, турлар ва одамзоднинг ривожланишини, шунингдек, яна баъзи бир шунга ўхшаш фанларни ёш мусулмонлар ва уларнинг ота-оналарига мутлақо ўқитиб бўлмай қолди.

Аста-секин, мусулмон ўқувчилар ўқийдиган мактабларда жинсий сегрегация вужудга келди: ўғил болалар синфнинг бир томонига, қиз болалар бошқа томонига ўтирадиган бўлишди, касалхоналарда аёллар эркак шифокорга, эркаклар эса аёл шифокорга кўринишдан бош торта бошладилар. Атиги ўн йил аввал ҳижобни фақат кекса ёшдаги аёлларда кўриш мумкин эди. Ҳозир Францияда яшовчи муслималарнинг ярмидан кўпи, мамлакатнинг баъзи муниципал ҳудудларида эса ҳатто 90 фоизи ўраниб юрадиган бўлди. Ҳижоб Европанинг бошқа давлатларида ҳам тез-тез учрай бошлади.

90-йилларнинг охиригача Европада исломий сиёсий партиялар йўқ эди. Ҳозир Франция ва Бельгияда бундай партиялар ташкил қилинди. Ҳозирча улар жуда камчилик бўлиб, парламентда вакиллари йўқ.

Вашингтондаги Пью тадқиқот маркази томонидан ғарбдаги 13 та давлатда олиб борилган ижтимоий тадқиқотларнинг натижаларига кўра, туб аҳоли муҳожир мусулмонларга нисбатан энг бағрикенглик билан муносабатда бўлаётган давлат Британия экан.

Кўпчилик мамлакатларда мусулмонлар ва ғайримуслимларнинг бир-бирларига нисбатан шубҳа ва нафрат билан қарашлари деярли бир хилдир. Бироқ, Британияда аҳвол бундан кескин фарқ қилар экан. Британияликларнинг 63 фоизи мусулмонларга нисбатан ижобий фикрда, фақат 2004 йилдаги Лондон метросида юз берган портлашлардан кейин бу кўрсаткич бироз пасайган. Францяда эса аҳолининг тахминан 60 фоизи мусулмонларга нафрат билан қарамайди, АҚШ, Германия ва Испанияда эса бу кўрсаткич 29 фоиздан ошмайди.

Британияликларнинг уч фоиз қисмигина мусулмонларни шафқатсиз ва душман кайфиятдаги кишилар деб ҳисоблар экан. Испанияда эса туб аҳолининг 60 фоизи шундай фикрда. Бу кўрсаткич Германияда 52, АҚШда 45 ва Францияда 41 фоизни ташкил қилади. Айни пайтда Ғарбда айнан Британиялик мусулмонларнинг европача қадриятларига нисбатан энг салбий муносабатда эканлиги қайд қилинган. Британия мусулмонларининг аксарияти ғарб дунёси вакилларини худбин, такаббур, очкўз ва аҳлоқсиз кишилар деб ҳисоблайди. Қолган мамлакатларда мусулмонларнинг кўпчилиги европаликларни аёлларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлади, деб ҳисобласа, британиялик биродарларимизнинг ярмигина бу фикрга қўшилган.

Британиялик мусулмонларнинг фақат 32 фоиз қисми яҳудийларга нисбатан яхши муносабат билдирган бўлса, Францияда бу кўрсаткич 71 фоизни ташкил этган. Ниҳоят, ғарб жамиятида яшаб, ўзларининг анъанавий турмуш тарзини сақлаб қолиш, консерватив қадриятларга содиқ бўлиш мумкинлигига ишонч билдирган мусулмонлар айнан британияда энг камчиликни ташкил этган.

Айни пайтда, «карикатура можароси» пайтида бошқа давлатлардан кўра айнан Британия фуқаролари кўпроқ мусулмонларнинг тарафини олдилар. Сўровда иштирок этган инглизларнинг 9 фоизигина бунинг оқибатида Ислом ва Ғарб ўртасида вужудга келган зиддиятларни «мусулмонларнинг ғарб эркинлигига нисбатан муросасизлиги» деб ҳисоблаган бўлса, уларнинг тўртдан уч қисми бу ишда «Ғарбнинг мусулмонларга нисбатан ҳурматсизлиги»ни сабаб қилиб кўрсатган. Мусулмон давлатларида ҳам деярли шундай аҳвол кузатилган. Америкаликларнинг 55 фоизи ҳамда олман ва фарангларнинг учдан икки қисми ғарбликлар билан мусулмонлар ўртасидаги муносабатни салбий деб ҳисоблайди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, Европадаги мусулмон жамоаларнинг европаликларга муносабати мусулмон мамлакатлардагига нисбатан яхшироқ бўлиб, фақат шу ҳолатгина юқоридаги фикрга бироз оптимистик руҳ бағишлайди.

Учинчи мингйилликнинг бошига келиб европалик мусулмонлар фаол сиёсий кучга айландилар. 2001 йилнинг баҳори ва ёзида ўрта Англиянинг фабрика-шаҳарларида британиялик мусулмонлар томонидан оммавий намойишлаш ўтказилди. 2002 йилда Франция парламент сайловларида фаранг мусулмонлари оммавий намойишлар уюштириб, ўнг экстремистик Миллий фронтнинг фаолиятини анчагина тўхтатиб қўйишга эришдилар. Европанинг Ироқдаги 2003 йилги урушга нисбатан ўз мустақил позициясини ишлаб чиқишига кўп жиҳатдан европалик мусулмонлар сабаб бўлдилар. 2003 йилдан 2004 йилга ўтар қишда европалик мусулмонлар томонидан Франция маориф вазирлигининг мактабларда ҳижобни тақиқлаш ҳақидаги қарорига қарши кенг кўламли норозилик намойишлари ўтказилди. Европа шаҳарларида Фаластин халқини қўллаб-қувватлашга, АҚШ ва Исроил сиёсатига норозилик билдиришга қаратилган оммавий чиқишлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ислом Европада ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим омилига айланиб улгурди. Бу омилни ҳисобга олмай туриб, Европанинг ва умуман бугунги дунёнинг келгуси тараққиёти ҳақида ҳеч қандай жиддий прогнозлар қилиш мумкин бўлмай қолди. Европа мусулмонларнинг катта қисми Европанинг бугунги воқеълигига киришиб кетмади, балки улар Ғарбий Европанинг турмуш тарзини, аҳлоқи ва қадриятларини қабул қилишдан онгли равишда бош тортмоқда.

Ўз жамоаси доирасида, ўз қонун-қоидаларига риоя қилиб яшашни афзал кўрувчи, ҳатто ўзи яшаётган давлатнинг тилида сўзлашишни ҳам истамаётган мусулмонларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Мусулмонларнинг ҳатти-ҳаракатлари ўз маданий анъаналари ва ўзига хослигини сақласа ҳам, барибири ўзлари яшаётган жамиятга киришиб, мослашиб кетишга уринаётган бошқа муҳожир миллатлардан (хитойлар, ҳиндлар, шарқий европаликлар ва ҳоказо) айнан шуниси билан фарқ қилиб турибди.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, маҳаллий жамиятга мослашмаган исломий сегментларнинг сони кўпайиб борган сари, жамиятдаги ички низолар эҳтимоли ҳам ортиб бориб, радикал гуруҳларнинг фаолият кўрсатиши учун қулай шароит юзага келиб қолмоқда.

Таъкидлаш керакки, барча самовий динлар каби, Ислом ҳам жаҳонга, жамиятга ҳеч қандай таҳдид солмайди. Исломдан дин эмас, балки айрим мамлакатларда, минтақаларда ёки бутун дунёда ҳокимиятни қўлга олишга қаратилган сиёсий мафкура сифатида фойдаланилсагина таҳдид вужудга келади.

Либерал қадриятлар асосига қурилган Европа жамияти шароитларида мусулмонларга нисбатан қандайдир алоҳида сиёсатни ишлаб чиқиш, уларни бошқа миллий ёки диний табақа ёки гуруҳлардан алоҳида ажратиб қарашнинг ўзи демократиянинг йўл қўйиб бўлмас даражада бузилиши ҳисобланади. Мусулмонларга оид муаммоларнинг ўзига хослигини ўжарлик билан тан олмай келиш оқибатида мисрлик Абу Ҳамза каби экстремистлар ҳеч қийналмай британия фуқаролигига қабул қилиндилар ва узоқ йиллар давомида Англияда яшаб, террорчилик фаолияти билан шуғулланиб кела олдилар.

Европадаги либерализм шароитида яқинда Австралия ҳукуматининг «террорчилик актларини содир этиш эҳтимоли сезилаётган» араб-мусулмон муҳожирлар тўғрисидаги қарори сингари қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниши ҳақида ўйлаб кўриш ҳам мумкин эмас. Австралия ҳукуматининг қарорида очиқдан-очиқ «Шариат қонунларига кўра яшашни истовчи Австралиялик мусулмонлар мамлакатдан чиқиб кетишларига тўғри келади» деб ёзиб қўйилган. Европада эса «Ислом жамиятга таҳдид солади», деган фикрнинг ўзи учун киши ирқчиликда айбланиб, суд маҳкамасига жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бельгиялик машҳур руҳоний, Шарлеруадаги авлиё Антоний Падуанский черкови ходими Самуэль Оздемир ўз маърузаларида Европада Ислом экспансияси таҳдиди ҳақида сўз юритганлиги учун мамлакат ҳукумати томонидан ирқчиликда айбланган эди. Туркиянинг Курдистонида, суриялик насронийлар оиласида туғилиб ўсган бу руҳоний ўз нутқида «Мўътадил мусулмонлар деган тушунчанинг ўзи йўқ нарса» деб таъкидлаган, маҳаллий телевидениеда қилган чиқишида Европада туғилаётган ҳар бир мусулмон чақалоқни «тез орада камчилик бўлиб қоладиган европача маданият болалари учун секин ишга тушадиган бомба» деб атаган эди.

Шуниси эътиборга лойиқки, Оздемир устидан қўзғатилган суд маҳкамаси Исломий ташкилотлар эмас, балки Бельгия ҳукуматининг «тенг имкониятлар ва ирқчиликка қаршилик маркази» деб номланган ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилотининг ташаббуси билан бошланган бўлиб, бу ташкилот унинг фикрларини «ирқий адоватни кучайтириш» деб топган ва ҳатто суд ҳукми эълон қилингунча Самуэль Оздемирни ҳибсда сақлашни тавсия қилган эди.

Европанинг келажаги биринчи навбатда Европа давлатлари ўсиб бораётган ва жамиятга мослашмай, алоҳида ривожланаётган мусулмон жамоаларга нисбатан муносиб сиёсат ишлаб чиқа олишларига боғлиқ бўлиб қолди. Бундай сиёсат нафақат Европа мусулмонларининг барча ҳуқуқларини, уларнинг диний ва маданий ўзлиги сақлаб қолинишини кафолатлаши, балки уларнинг жамият билан ўзаро муносабатларини тартибга солиши, мусулмонларнинг замонавий Европа цивилизациясига интеграцияланишини ҳам таъминлай олиши лозим.

Благовестинфо
Абу Муслим таржимаси

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика