Масжидларимиз обод бўлмоқда

Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, юртимиздаги сони икки мингдан ошиб бораётган барча масжидларимиз кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Халқимиз ичида саховатпеша тадбиркор ва ғаний кишиларимизнинг Аллоҳ йўлида қилаётган хайрия ишлари туфайли қатор масжидлар қурилди, жуда кўплари таъмир қилиниб, чиройли ҳолатга келтирилди. Намозхонларимизнинг масжидларга нисбатан иззат ва эҳтиромлари ҳамда қилаётган иона-хайриялари натижасида ибодатхоналаримиз саналмиш Аллоҳнинг уйлари шинам, қишу ёзга мослашган бўлиб, намозхонлар хотиржамликда ибодатларини адо этиб келмоқдалар.

Буларнинг ҳаммаси аввало Аллоҳнинг марҳамати, мустақиллигимиз шарофати ҳамда давлат ва ҳукуматимизнинг миллий ва диний қадриятларимизга нисбатан ижобий мунособатларининг аломатларидандир.
Ҳақ субҳонаҳу таоло Ўз каломида ҳамда Расулуллоҳ (сав) ҳадисларида баён этган буюк амаллардан бири динимиз белгиси бўлган Аллоҳнинг уйлари – масжидларни обод қилиш ва уларни яхши ҳолатда сақлашликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин”.
Ибн Касир ушбу оят шарҳида шундай дейди: “Аллоҳ таоло ушбу оятда масжидларни обод қилувчиларнинг мўмин эканлигига гувоҳлик бермоқда. Бу хусусда Имом Аҳмад ва Термизийлар Абу Саъид ал-Худрий (рз.)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (сав) марҳамат қилиб:
“Агар масжидга доимий қатнашни одат қилган кишини кўрсангиз, унинг мўминлигига гувоҳлик берингиз” – деганлар.
Демак, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва юқори эътиқодимизнинг кўриниши экан. Зеро, Аллоҳ таоло ва Расул акрам (сав) бу амалларни имон билан боғламоқда.
Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидларни обод қилиш икки йўл – маънавий ва моддий йўллар билан бўлади. Масжидни маънавий ободлиги у ерда ибодат қилиш, зикр, тасбеҳ айтиш ва Қуръон ўқиш каби амаллар билан бўлса, моддий обод қилиш супириб сидириш, тозалигини сақлаш, қайта таъмирлаш ва янгидан бино қилишдек амаллар билан бўлади. Масжидларимизнинг бу икки йўл билан обод бўлишида албатта, масжидда саф тортиб турувчи, саждага бош қўйувчи намозхонларимизнинг ўрни беқиёсдир.
Салмон (рз.) Пайғамбаримиз (сав)дан ушбу ҳадисни келтирадилар:
“Кимки уйида таҳорат олиб, сўнгра масжидга келса, у Аллоҳнинг меҳмонидир. Меҳмонни ҳурматлаш мезбоннинг ҳаққидир ”.
Масжидга келувчилар Аллоҳнинг меҳмонлари экан. Зеро, улар инсонларнинг эмас, балки Аллоҳнинг уйига ташриф буюрадилар. Аллоҳ Ўзининг меҳмонини икромсиз қайтармайди, бандалари қиладиган яхшиликларига зиёда қилиб ажр-савоблар беради.
Анас ибн Молик (рз.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (сав) қуйидагича марҳамат этадилар:
“Кимки бирорта масжидда чироқ ўрнатса-ю, унинг нури ўша масжидни ёриштириб турар экан, фаришталар, ҳатто Аршни кўтариб турувчи (фаришта)лар ҳам унга истиғфор айтиб туришади”.
Расул (а.с.) Мадинага ҳижрат қилиб келган кунларидан бошлаб Қубо масжидини қуришга киришганлар. Масжид битгач, ўзлари келиб жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар. Буни кўрган баъзи мунофиқлар ҳасад қилиб, ўзларини кўрсатиш мақсадида бошқа жойга алоҳида масжид қуриш учун турли сохта узрларни кўрсатиб Расул (а.с.) дан рухсат оладилар. Расул (а.с.)га масжид битгани тўғрисида хабар бериб, ўзлари имом бўлиб намозни бошлаб беришларини сўраган пайтларида “Тавба” сурасининг 107-ояти нозил бўлиб, уларнинг сирлари фош бўлади ва пайғамбар (а.с.)га у масжидда намоз ўқишларига рухсат бўлмайди.
Мунофиқлар қурган бу масжид Ислом тарихида "Масжиди зирор", яъни “зарар келтирувчи масжид” номи билан танилган. Расул (а.с.) Маан ибн Адий, Ваҳший ва бошқаларни юбориб, мунофиқлар қурган масжидни бузиб, ёндириб юбориш ва ўрнини ахлатхонага айлантириб қўйишга буюрганлар (Ас-Самарқандий, Мадорик ва Хозин тафсир китоблари).
Масжидларимизни ҳам маънавий, ҳам моддий йўллар билан обод қилиш ҳаммамизнинг имоний бурчимиз, исломий вазифамиздир. Масжидларимиз тоза-озода, саронжам-саришта ва тинч-осойишта бўлса, юртимиз ободлиги, мамлакатимиз фаровонлиги давомли бўлади.Аллоҳ таоло юртимизни тинч, масжидларимизни обод айлаб, доим яхши амалларга муяссар қилсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди имом хатиби
2011 - йилнинг "Энг намунали имом"
кўрик-танлови ғолиби
Имом Бухорий халқаро марказининг
XХ - давра битирувчиси
2012 - йилнинг "Энг фаол имом хатиби"

back to top