Адолат

Адолат

“Адолат” сўзи арабча “адл”дан бўлиб, одиллик, ҳаққонийлик, тўғрилик маъноларини англатади. Ҳар ишда одил бўлиш, золим бўлмаслик, ҳақсизлик қилмаслик жуда аҳамиятли, гўзал ахлоқдандир. Хотинига, фарзандига, қўшнисига, халқига, ўзига ва бутун инсониятга ишда ва бошқа ҳар қандай муносабатларда адолатли бўлиш керак.


Чунки Аллоҳ таоло адолатга – исломий мутлақ адолатга буюрган (Наҳл, 90). Бу адолатга кўра, ҳар бир шахсга, жамоатга ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади, ҳавойи нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ҳамма учун ўлчов бир. Чунки Ислом бутун дунёда адолатни ҳукм сурдириш учун юборилган диндир (Шўро, 15). Бутун борлиқни ўзига хос ўлчов билан яратган Аллоҳ таоло дунёдаги барча инсоний тушунча ва муносабатларни илоҳий адолат ўлчови – Қуръони карим ва Ҳадиси шариф таълимотларига таянган ҳолда Ислом шариати асосида йўлга қўйишга буюрган (Ар-Роҳман, 9). Масалан, ўлчов ва тарозида адолатли бўлиш ҳеч кимга ҳеч қандай оғирлик туғдирмайди (Анъом, 152). Ҳақиқий адолат Аллоҳдан ҳақиқий қўрқадиган қалб эгасидагина содир бўлиши мумкин. Чунки фақат тақволи кишигина «Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардор Зотдир» (5:8), деган огоҳлантиришни ҳақиқати билан ҳис этади ва диндор ё динсизлигидан қатъи назар, барча одамлар орасида адолатли ҳукм юритишни бурчи, деб билади (Нисо, 58). «Бир соатли адолатли ҳукм қирқ йиллик ибодатга тенгдир» мазмунли ҳадиси шариф бор. Бу дегани, душманга нисбатан ҳам адолатли бўлиш керак, деганидир. Бу иш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди. Аммо имон, Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳ таоло розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни кўзланган мақсаддир.

Ҳаётдаги жуда нозик ва масъулиятли иш бўлган гувоҳликда ҳам адолат ила туриш буюрилган (Нисо, 135).

Исломда кўпхотинли киши иродасига боғлиқ ишларда - уй-жой ва нафақа масаласида, муомала, бирга ётиш, эр-хотинлик ҳуқуқларини адо этиш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда хотинлари ўртасида тўлиқ адолат қилишга буюрилган. Аммо иродасига боғлиқ бўлмаган масалада — муҳаббат борасида минг уринса ҳам адолат бўлмаслиги таъкидланган  (Нисо, 129). Кўпхотинли киши яхши кўрган хотини билан доимо бирга бўлиб, бошқасини тарк этиши шариатга тўғри келмайди. Қуръони каримда: «(Мудом) адолат қилинглар! Чунки Аллоҳ адолат қилувчиларни севар», деб марҳамат қилинган (Ҳужурот, 9).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Уч тоифа жаннат аҳлидир: адолатга муваффақ бўлган подшоҳ; қариндошлари ва мусулмон биродарларига раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши; болалари кўп ва ўзи муҳтож бўлса-да тиланчилик қилмайдиган киши», дедилар. Албатта, адолатсизлик энг ёмон хулқлардандир.

Сайфуллоҳ АШУРОВ.

Манбалар: 1) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”. 2-нашр. 1- жуз. Т., «Мовароуннаҳр», 2005, 562–565-б.; 629-б.; 2) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”. 2-нашр. 2-жуз. Т., «Мовароуннаҳр», 2005, 25–26-б.; 3) Шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”. 2-нашр. 3-жуз. Т., «Шарқ», 2006, 369-б.; 4) “Ислом”. Энциклопедия. Т.,  «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси» нашриёти, 2004, 20-б.; 5) Маҳмуд Асъад Жўшон. “Ислом, тасаввуф ва ахлоқ”. Т., «Истиқлол», 2000, 133-б.; 6) Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. “Риёзус солиҳин (Солиҳлар гулшани). Т., «Мовароуннаҳр», 2006, 332–334-б.

back to top