Амал нима?

Амал нима?

 Банданинг ҳаётда қилган барча ишлари, ҳатти-ҳаракатлари, интилишлари амал саналади. Исломда амаллар учга тақсимланади: 1. Буюрилган амаллар. Буларни қилишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, риёгаайланади. 2. Қайтарилган амаллар. Бундай амалларни ният қилмай тарк этса, уларнинг зараридан қутулади, аммо савоб олмайди.

Лекин ният қилиб, Аллоҳ таолонинг розилиги учун у ишларни ташласа, ажр олади. 3. Мубоҳ амаллар. Ейиш-ичиш, оила ҳаётини юритишга ўхшаш ишлар. Бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди, Аллоҳ таолонинг розилигини олиш ниятида қилса, ажр олади. Ҳар бир мубоҳ амал Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилиш ила ибодатга айланади. Ибодатга қувват бўлсин деган ниятда овқатланиш ҳам ибодат.

  Қалбдаги нарсани амал юзага чиқаради. Исломда Аллоҳ таолога қалбни таслим қилиш билан бирга бутун аъзоларини амал билан таслим қилиш ҳам бор. Мусулмон уммати имонига қанчалик содиқ бўлса, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига қанчалик сидқидилдан ибодат этса, динга қанчалик кўп  амал қилса, ер юзини обод қилишда шунчалик пешқадам бўлгани Ислом тарихидан маълум. Чунки бу нарса ваъда қилинган (Нур, 55). Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан. Аллоҳ таоло ҳидоятни хоҳлаб унга интилган одамга ҳидоят нурини ато этади. Ким иймон учун ҳаракат қилса, Оламлар Парвардигори уни умидсиз қўймайди. «Аллоҳ қилинаётган амаллардан хабардордир» (Ҳашр, 18).

 Ким (хоҳ кофир, хоҳ мусулмон) бу дунёда қўлидан келадиган ҳаракатни қилса, амалига яраша самарасини камситилмасдан тўлиқ олишини Аллоҳ таоло кафолатлаган (Ҳуд, 15). Охират учун ҳаракат ҳеч қачон бу дунёни тарк этишни талаб этмайди. Инсон иймонли бўлса, дунё учун қилган амалларини иймонли ҳолда бажариб, охиратда ҳам, бу дунёда ҳам улуғ мақомга эришади. Исломда қуруқ гап (ёки ният)нинг эътибори йўқ, балки айтилган гап (ёки ният)ни амал билан тасдиқлаган, яъни, фақат Парвардигорга ибодат қилиб, фақат Унга суянганларнинг мукофоти жаннатда мангу қолишдир (Аҳыоф, 14). Тиллари билан айтган гапларга амал қилиш керак бўлганида юз ўгириб бошқа томонга кетадиганлар мўмин эмас, мунофиқдирлар (Нур, 47). Аллоҳ таолога ва Пайғамбарга ишонмай, фақат бу дунё ҳаёти ва зийнатини хоҳлаб амал қилганлар (таъкидланганидек) бу дунёда орзуларига эришадилар, аммо охиратда улар учун «дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир» (Ҳуд, 16-17), чунки улар охират ҳаёти учун ҳеч амал қилишмаган.

 Ҳар бир инсон яхшими, ёмонми амал қилса, унинг амали ўзи билан бўлади, ундан ажрамайди (Ал-Исро, 13). Ундан тониб, мен қилганим йўқ, деб қутулишнинг имкони йўқ. Бу дунёдаги ҳамма ишлар амал дафтарига битилади ва ўшанга кўра ҳисоб-китоб бўлади. Тарози паллаларида бу дунёдаги ишларнинг савоблари оғир келиши ё гуноҳлари оғир келиши ила банданинг бахтли (жаннатий) ёки бадбахт (дўзахий) экани кўринади. Аллоҳ таоло «яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар»ни мўминлар (Тавба, 71), «ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтарувчилар»ни фосиқ, мунофиқлар (Тавба, 67) деб таърифлаган. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Огоҳ бўлинглар, дин самимиятдир», дедилар. «Эй Расулаллоҳ, ким учун самимият?» деб сўрашди. «Аллоҳ учун, Расули, Китоби ва барча мусулмонлар учун самимият», деб жавоб қилдилар. Уламоларимиз ушбу Ҳадиси шарифни шарҳлаб: «Аллоҳ учун самимият – Аллоҳга имон келтириш, одамларни ҳам иймонга чақириш ва одамларнинг ҳаммаси мўмин бўлишини орзу қилишдир. Пайғамбар (алайҳиссалом) учун самимий бўлиш эса, у кишига Аллоҳ таолодан нима келган бўлса, тасдиқлаш, суннатларга амал қилиш ва одамларни ҳам бу ишга бошлашдир. Китоби учун самимият уни ўқиш, унда бор нарсаларга амал қилиш ва одамларнинг ҳаммаси ўқишини ҳамда амал қилишини орзу этишдир. Мусулмонларнинг уламоларига самимият уларнинг буюрганларига итоат қилиш, қайтарганларидан қайтиш ва уларга қилич билан қарши чиқмасликдир. Мусулмонлар учун самимий бўлиш ўзи яхши кўрган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўриш, ўзи ёмон кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрмаслик, мусулмонлар орасида дўстлик ва иноқлик бўлишини хоҳлашдир», дейишган.

 Амал дафтаримиз ўнгга ва сўлга пирпираб учадиган кунни хаёлдан қочирмасдан, ғофил бўлмасдан, бу дунёда яхшилик қилиб қолиш керак. Бу дунёдаги банданинг амали саккиз қисмга бўлинади: фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, ҳаром, макруҳ ва мустакраҳ.

 
Сайфуллоҳ Абдуллоҳ ўғли АШУРОВ тайёрлади


 1) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-нашр. 2- жуз. Т., «Мовароуннаҳр», 2005, 456-б.; 2) Шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-нашр. 3-жуз. Т., «Шарқ», 2006, 87-, 407-б.; 3) Шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-нашр. 4-жуз. Т., «Шарқ», 2006, 187–196-б.; 4)  Шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад  Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-нашр. 5-жуз. Т., «Шарқ», 2007, 449-, 560-б.; 5) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад  Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-нашр. 6-жуз. Т., «Шарқ», 2007, 190-, 517-б.; 6) Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. Танбеҳул ғофилин (ўафлатдан уйғотиш). Т., «Мовароуннаҳр», 2007, 459–464-б.

 

back to top