Ўзбек киночилик санъатига бир муносабат

Ўзбек киночилик санъатига бир муносабат

Изтиробу роҳат узатмалари таъсирида узлуксиз ҳаракатда кун сайин айланиб етган бир жонли мурват эмас эканман. Биласизми азизларим, илгари сезмаган бу туйғу недан пайдо бўлди? Истасагу истамасак, билсак-да билмасак, энг олий роҳат бу фикрлаш роҳатидур. Истеъмол қилиш, билиш, таъсирланиш кабилар қаторида биринчи ўринда туради. Муаллиф саҳифаларда ўз фикрини эркин, хотиржам, буткул ишониб бизга тортиқ қиляпти. Биз ҳам фикрлай бошлаяпмиз. Куни кеча тоталитар тузумдан бутунлай қутулиб чиққан бўлсак-да, асорати ҳалигача руҳимизни чандиб ташлаган экан. Фикрлаш учун ижозат, мансаб, унвон, даража, малака шарт эмас экан. Балки, яшамоқнинг ягона шарти фикрлаш экан. Фикрлаяпманми, демак мен ҳам одамлар орасида бир одамман. Борман. Шунинг учун бу кун одамлар орасига мен ҳам кириб келяпман. Қабул қилинг.

...Ҳар қандай бадиий асарнинг ғояси бўлиши керак, бўлади ҳам. Ҳатто тасвиру баёнга мутлоқ бегона санъат тури бўлган архитектура асарида ҳам бир ғоя мавжуд бўлади. Ғоя ўзи ёлғиз қолса ҳам санъат асари бўлиши мумкин. Шиор, чақириқ, плакатларни эсланг. Улар бир зумлик қисқа умрида жасур жангчилардур. Ғоя бўлмаса-чи? Ҳар қанча уриниш, маҳорат, истеъдод бекор. Некрасов сўзи билан айтсак, санъаткор аввал гражданин бўлмоғи лозим. Муаллиф ўз ғоясини рўкач қилмай, шу ғоя яралган муҳитни, замонни реал тасвирласа, у ё Достоевский, ё Абдулла Қодирий бўлади, ё Рембрант, ё Абдулҳақ Абдуллаев бўлади. Реаллик йўқолган жойда на плакат бор, на тасвир бор. Реализмдан воз кечишиб, абстракционизмни яратдим деган Кандинский, Шагалларнинг асарларида реаллик устивор бўлган. Муаллифнинг руҳий кечинмалари реаллиги мавжуд эди, изҳор тили ўзгача бўлса-да...

Лекин кечаги тоталитар кунимизда изтироб доялик қилиб, муаллиф қалбида туғилган Ғоя партиянинг яккахон, яккаҳоким мафкура исканжасида қолган эди. Мана шу кундан биз чиқиб келдик. Иймон-эътиқод сургунда, виждон қувғинда, ҳалолу ҳаром фарқи асир, қўллар эмас, тил кишанбанд эди. Шу аҳволда Эркбону ғолиб чиқиб, асл санъаткорларимиз ижод қилганлар. Мавзуимиз ўзбек киноси бўлгани учун А. Қодирийнинг «Ўтган кунлари»ни эмас, А.Қаҳҳорнинг «Дув-дув гапини» тилга олайлик. Севикли адибимиз яратган Ойпошша (М. Ёқубова), Ҳалима (И. Болтаева), Меҳрихон (Л. Саримсоқова) бир ёқда туришсин. Бошқа ёққа «аяжонларимга» муқояса қилиб Урбанский яратган «Комуннист»ини қўяйлик. Партия А.Қаҳҳор даврида қурилишга доир «чиройли» фармонлар чиқарган эди. Архитектура санъати (Усташирин Муродовлар ҳам) қурилишдан ҳайдалган эди. Натижада, сиз биласиз, «хрушчовкалар» пайдо бўлди. Партия мана шу «гўзал шиорга» хизмат қилувчи кинолар яратишни буюрган эди. Грузияда «Ниначи», бизда «Маҳаллада дув-дув гап» шу даврда партия фармонига кўра, партиянинг диктат оёқлари остида яратилган эди. А.Қаҳҳор шу муҳитда шу картина орқали ўзининг шахсий ғоясини ўз халқига олиб чиқишга эришди. Учта оддий ўзбек аёли енг шимариб, этагини липпасига қистириб, супурги ушлаб, ҳовлидан чиқмай туриб, бутун бир кино иморатини қуриб қўйишди. Бу «иморатнинг хоналари» оналаримиз меҳри билан жозибали тилларининг сеҳри билан чароғон. Қалантаров яратган ҳовли тўрида Манас Левиев мусиқаси фонида учта ўзбек аёлининг бўй баробар, қуйма, бўртма мармар портретлари гавдалангандек бўлди. Булар Аристит Маель эмас, Миккельанжелло эмас, Шубин эмас, қаҳҳорона образлар эди (Қаҳҳоршуносларга айтар гапим бор. Мазкур кино муаллифлари Рамазонов, Рестлар эмас, Абдулла Қаҳҳордур. Исбот қилиш мумкин).

Бир дўстимиз ҳақ гапни ёзган: кинони бир парча гўшт – чақалоқ ҳолатида ёзувчи дунёга келтиради. Қолганлар уни ўстириб, тарбиялаб, бўйи етгач ўраб-чирмаб, ҳаётга узатиб юборадилар. «Маҳаллада дув-дув гап» ҳақиқий ўлмас санъат асаридур.

Энди Габрилович ғоясини ўқиб кўрайлик. Партиянинг халқпарвар шиорларини либос қилиб олган аксар коммунист арбоблар шахсий, чиркин манфаатлари йўлида тубан ҳаёт кечиришар эди. Урушдан кейин қанча қонлар, жонлар эвазига пайдо бўлган тинч ва мусаффо осмон остида чиркин ҳаёт қуришган эди. Минбар ҳам, эгар ҳам улар остида эди. Муаллиф ўз орзусидаги камбағалпарвар, ҳалол, меҳнаткаш, ҳақиқатпарвар комил инсонни яратмоқчи бўлган. Партия диктатураси остида ижод қилган муаллиф бундай инсонни партия аъзоси қилиб яратиши шарт эди. Муаллиф қаҳрамонни райком, обком секретари эмас, оддий коммунист, юпун ва мискин одам шамойилида яратди. Воқеаларни эса 20-йилларга кўчирди. Ёзувчи ҳаёт ҳақиқатига бўйин эгиб қаҳрамонини ўлдириб юборди. Бугун Рус халқи кечаги қадриятларидан воз кечган. Мазкур кино асаридан ҳам. Кечаги Оқни Қора, Қорани Оқ, дейди. Эртага нимани нима рангга бўяшини билмай қолдим. Биз-чи? Якка мафкура кишанлари йўқолган пайтда, ҳар бир муаллиф ўзининг эзгу ғояларини бемалол халққа олиб чиқишга ҳақли ва эркли бўлган пайтда бугунги А. Қаҳҳорлар қани? Бугун ғоясизлик ғояси ҳукмрон бўламан демоқчими?

 «Амир Темур» картинасини ҳаммамиз кўрдик. Тўғри, тарихий асар, лекин асар моҳиятида нима ётади? Картина яратишдан муддао нима? Асар ғояси нимада изҳор? Биласиз, Шекспир ўз асарларида тасвирлаган воқеалари муаллифдан анча илгари бўлиб ўтган даврга бориб тақалади. Улар ҳам, шубҳасиз, Шекспир замондоши учун тарихий асарлар бўлишган. Лекин ҳар бирида қандай боқий ғоялар жам бўлган. Бай-бай-бай. Гамлет, Отелло, Қирол Лир. Булар тарихий фактлари билан эмас, ўз ғоялари билан умумбашарий ўлмас асарлардур.

Бизнинг муаллифларимиз эса Амир Темурдек буюк инсон образи орқали қандай буюк ғояни тараннум этмоқчи эдилар? Ҳеч қандай. Бадиий хронологик асар яратмоқчи бўлишганми? Ундай бўлса, бадиий мантиқ қани? Жанр талаб қилувчи хроникал ёзув ёки муаррих образи, ёки экран ортидаги муаллиф сўзлари қани? Жанр жиҳатдан бадиий баркамол бўлганда эди, мактаб ўкувчилари учун бебаҳо қўлланма бўлурмиди? Эссиз мавзу.

Бадиий асарда, ҳар бир фард ё бир рубоийда, ҳар бир достон ё тўрт томлик романда муаллифнинг бирон бир ғояси бўлади. Маълум бир дарди бўлади. Бугунги ғоясизлик қайдан келди? Яратганнинг иродаси – муаллим истеъдоди билан одамлар орасидаги бир одам бир зумлик қисқа ҳаёти давомида қалбида пайдо бўлган дардини ғоя қатраси қилиб ватандошларининг боқий ҳаёт оқимига қўшиб юборади. Ўзи эса фоний дунё соҳилида қолиб кетади. Бу не олий бахтки, ҳар бир касб бунга мушарраф бўла олмасин, бу не бахтки, қанчадан қанча орзумандлар бунга эриша олмаса. Бу не бахтки, бугунги баъзи замондошларим бунга беписанд бўлишса. Наҳотки бадиий ҳаётимизда «Ўтган кунлар» яратган оламшумул воқеа ўтиб кетган бўлса? Бундай воқеалар эртага бўлмаса? Асло. Асло (Гап келганда айтиб ўтай, бутун роман давомида баёндан баланд турган буюк асрдошимиз асар ғоясини роман хотимасида бир жумла сўз билан баён қилиб кетганлар. Сиз азизларим бу сўзларни яна бир бор ўқиб чиқинг. Абдулла Қодирийнинг рамзий қабри «Камолон» мозоротида жойлашган. Отабекнинг рамзий қабрини қабр тошида битилган муаллиф сўзлари билан шаҳидлар мажмуасида ўрнатсак бўлмасму? Сиз ҳам ўйлаб кўринг) Бу мавзудан чекиниш бўлди. Қандоқ қилай? Туйғуларим уйғунликдан йироқда. Эътироз эътирофга қоришиб кетган.

Эртага матбуот ушбу фикрларимни халқимга етказади. Ҳар кимга берилмайдиган бу бахт, бу масуълият юки менга берилибди. Шу ҳиссиёт бугунги кунимни қамраган, бугунги унимни боғлаган, ақлимни доғлаган. Сиз азизлар мени тушуняпсизми? Ундай бўлса менга ҳамдард бўлинг. Мен ҳам бир одамман, холос. Шундай экан, мен сезиб қолган масъулият ҳиссини хас-пўш қилаётган, бепарво ундан юз ўгирган, бахт ёғдусига беписанд бўлган баъзи кино ижодкорларини биргаликда тушунишга ҳаракат қилайлик: Фанда тарихий хотира, ижтимоий хотира, бадиий хотира каби тушунчалар мавжуд. Ижод саҳнига чиққан бугунги ёшлар партия исканжаси даврида ижод қилишмаган. Балким ўша пайтда қўғирчоқ ўйнашган. Тарихий хотира кучи таъсирида улар ҳам ғоябозликдан қочишяпти. Партия сохта бўлса ҳам ижтимоий мақсадларга йўналган ғояларни тан олар эдию, маиший ҳаётни тараннум этган ғояларга ғов бўлар эди. Оддий инсоннинг оддий ҳаёт мавзуси таъқиб остида эди. Бугунги ёшлар «Давлат сиёсатига қаршимисан? Бу майда буржуазия чиқди», деган партия тўқмоқларини билишмайди. Лекин тўқмоқдан нафратланиш йиллар оша булар ижодида ҳам билиниб турибди. Табиий, улар плакат майдонидан қочиб чиқишяпти. Афсуски, улар мутлоқ ғоясизлик, маънисизлик ҳовлисига кириб қолишяпти. Ахир қандайин кучли асар бўлмасин «коммунист» киноси тўқмоқ остида курашган бир плакат эди, холос. Бундай катта плакат матосидан кўра саводсиз, уқувсиз Пиросмани яратган майда картиналар бизга яқинроқ. Ўзаро тушуниш майдонига элтувчи кўчалардан бири мана шудур.

Мени Иброҳим Йўлдошев  «Бошингга не бало ёғса...» мақоласи) кечирсин. Куррамизнинг бир бутунлигини тан олган ҳолда шартли равишда шарқу ғарб атамаларини қўллашга мажбурман. Ғарбда технократия ҳукмрон, демократия унга тобеъ. Уларнинг техник тараққиётига ҳамма эргашяпти. Кинога олиш техникаси, кинода роль ўйнаш техникаси ижодкор ҳавасини келтиради. Лекин маънога, ғояга интилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Хўш, нима учун? Моддий ҳаётимиздаги қолоқлик ҳар қадамда далиллар билан бизга рўкач бўлмокда. Бугунги моддиётимизни инкор этиш маънавиятимизни ҳам инкор этишга олиб келган. Шундай аҳволда ўз маънавиятимизга таяниш баъзилар учун оғир кечмоқда. Ўзгалар эмас, ўзимиз ўзимизни камситяпмиз. Тарихан моънелик таралган ўлкада яшасак-да, юз йилларча бизга мустабидлар томонидан «сен қолоқ халқсан» деган тушунча сингдирилган бўлса-да, Миллат ўз ғурурини баланд тутиши керак. Ўз маънавият ҳудудида қолиши керак. Бирон бир миллий мансубликка эга бўлмаган маданият умумбашарий маданиятга ҳисса қўша олмайди. Буни билмаган бизнинг Муаллиф қандоқ қилсин? Мустабид оёғи остида офтоб кўриш учун миллатнинг забардаст олимлари ўзга фикрат аравасига осилиб вояга етишган бўлишса, бизнинг Муаллиф қандоқ қилсин? Пушкин сўзлари хотирамда: «Там русский дух. Там русью пахнет» деган эди. Ҳар қанча ўзга тилни билсаю , ундан «рус ҳиди» келмаса, бизнинг Муаллиф қандоқ қилсин? Ўз тилини билмай, ўз миллий руҳиятига илдиз отмай, ўзга халққа ҳам барибир бегона бўлиб қолаверса, бизнинг Муаллиф на қилсин? Муаллифнинг қалб қўрида, миллий руҳият даласида ўсадурғон мева — Ғоя қайдан пайдо бўлсин? Бу тушуниш майдонига элтувчи бошқа бир кўчадур.

Хулосаки, иқтисодий баркамоллик ўз миллий маънавиятимизни тараннум этишда муҳим бир омилдур. Меҳнаткаш халқимга ишонаман. Биз иқтисодий бўҳрондан, худо хоҳласа, чиқиб оламиз. Ҳали бизнинг иқтисодиётимиз кимларнидур ҳавасини келтиради. Дарғазабликка ўрин йўқ. Мўътадиллик пиёласидан хотиржамлик шарбатини симирайлик. Ижтимоий ҳаётда ўз инимизни, оғамизни асрайлик. Бугун тортилган битта тарсаки йиллар оша қайсидур авлод қулоғида акс-садо беради. Ижтимоий хотира мавжуд нарса. Мустақилликка эришган ҳинд халқининг вакили Махат Магандини ўлдириб юборишди. Бу қабоҳат кейинги авлодларда ҳам акс садо бермоқда. Индира жаноби олияларининг ўлимини эсланг. Авлодлар ҳаққи, бир-биримизни асрайлик. Тамға босишдан, билимдонлик даъвосидан бегонаман. Аллоҳ билгувчидур. «Ғоясизлар» деб тамға босишдан йироқдаман. Ғоясизлик табиатини ўрганишга интиляпман, холос.

XX асрнинг энг буюк ва энг паст бўйлик сиёсатчиси айтганидек, кино санъати энг кучли санъатдур. Миллионлар нигоҳини бир зумда қамраб олади. Мен қўшимча қилган бўлардим. Шу билан бирга энг ожиз санъатдур. Адабиёт паҳлавон. Биласиз, илмий таҳлилдан кўра бадиий таҳлил олдинроқ юради. Миллатнинг бугунги бурилиш куни бадиий таҳлилга муҳтож. Кучли забардаст ёзувчилар пайдо бўлишини кутяпман. Улар ҳар тонг бизни қамраб олган саволларга жавоб беришади: Умуммиллий ғоя қандай бўлиши керак? Иқтисодий тараққиёт замирида қандай маънавият ётибди? Замонамиз қаҳрамони ким? Маънавият ва моддиёт боғлами қайда? Йўқ, адашдим. Улар мен билган ва билмаган қанча саволларни халқимиз олдига шундай бадиий таҳлил билан, тасвир билан, тиниқ кўзгу билан, қуйма образлар билан қўйиб қўйишадики, бутун жамият уларга жавоб қидира бошлайди. Шунда халқимизга олимлар лаббай деб ёрдамга келишади. 19-аср рус ҳаётидаги Гоголь, Белинскийлардан кейин файласуф Гертсенларни эсланг (Минг афсуслар бўлсинки, 19-аср ўзбек маънавий ҳаётидан бутунлай бехабарман). Бурилиш даврида ҳаммамиз сиз билан биргамиз. Маями метросида фаррош бўлиб юрганимиз йўқ. Яратганнинг халқимизга тақдим этган тақдири билан биргамиз.

Кино санъатига келсак, бугунги кун ўз олдига қўйган бу вазифани бажара олмайди. Кино экрани нозик шиша бадани билан яқинда уйга кириб келган ёш келинчакка ўхшайди. Ҳаммани эъзозлаб, оилада қандай юмуш бўлса пайсалга солмай бажарар у, катта оила муаммосини елкалай олмайди. Оғир вазни билан жимгина ҳикмат йиққан содиқ Адабиёт бу ишни елкалайди.

Ожиз қалбнинг Сизга эзмалик билан айтмоқчи бўлган фикрат «достони» шудур. Саломат бўлайлик.

Ҳасанали Қодиров

back to top