Саудия уламолари Расулуллоҳ с.а.в ҳақидаги фильмни қораладилар

Саудия уламолари Расулуллоҳ с.а.в ҳақидаги фильмни қораладилар

Саудия Арабистони уламолари Эронда суратга туширилган “Муҳаммад” номли эпик драмани кескин қораладилар. Фильм сюжети пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ёшлик даврларига бағишланган.

Олимларнинг фикрига кўра, бу тарзда фильм суратга олиш ва кўрсатиш мумкин эмас, зеро, Исломда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаломни тасвирлаш таъқиқланган.
OnIslam.net хабарига кўра, Саудия Арабистони Олий муфтийси Абдул Азиз бин Абдулла аш-Шайх  Эронда тасвирга олинган ушбу картинани “сеҳргарларнинг иши” ва “Исломга душманлик харакати” деб баҳолаган.
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом мукаммал жисмоний ва аҳлоқий сифатларга эга бўлган шахс бўлиб, фильмда у кишини ҳеч бир актёр тасвирлай олмайди”, - деб тушунтиради муфтий.
“Бу фильм режиссёрлари ҳақиқатни акс эттирмаганлар. Бу эхтиёжи йўқ иш, унинг диний эътиқодга боғлиқлиги йўқ. Бу Исломга нисбатан тўғридан-тўғри бўҳтондир”, - қўшимча қилди Саудия Арабистонининг Олий муфтийси.
Саудия муфтийси мусулмон оламига тегишли барча кинотеатрларда ушбу картина намойиши таъқиқланишига ҳамда мусулмонларни бу куфроний фильмни кўрмасликка даъват қилди.
“Муҳаммад” фильми Эрон кинотеатрларида ўтган хафтадан бери намойиш қилинмоқда. Картина премьераси бир вақтнинг ўзида Монреалда ҳам бўлиб ўтган. Тахмин қилинишича, мазкур фильм биографик трилогиянинг дастлабки қисми бўлади.  

Абу Асадуллоҳ тайёрлади

back to top