Оли Байт Ислом фикри қироллик муассасаси

Оли Байт Ислом фикри қироллик муассасаси халқаро мустақил нодвалат ташкилот бўлиб, маркази Иордания пойтахти Уммонда жойлашган. Муассаса Ислом ва инсоният хизмати учун ташкил қилинган. Унга иорданиялик мутафаккир ва иқтисодчи, 1965‑1999 йиллари мобайнида Иордания Ҳошимийлик давлати Валийюлъаҳди бўлган Ҳасан ибн Талол томонидан 1980 йил асос солинган.

 Муассасанинг асосий вазифалари қуйидагилар:
‒ Ислом динини, исломий фикрни инсонларга танитиш;
‒ Ислом ҳақидаги нотўғри фикр ва тушунчаларни тўғрилаш, тузатиш;
‒ Исломий фикрнинг инсоният тараққиётида тутган ўрнини, қилган хизматларини кўрсатиб бериш;
‒ Турли исломий мазҳабларни ўзаро билик, ҳамкорлик ишларини чуқурлаштириш;
‒ Оли Байтнинг ислом васатийлиги, мўътадиллик, кенгбағирликка чақириш ва бу йўлдаги хизматларини ёритиш;
‒ Ўзаро ҳамкорлик, фикр алмашиш ишларини кучайтириш мақсадида уламолар учун учрашувлар уюштириш;
‒ Мана шундай эзгу мақсадлар йўлида фаолият олиб бораётган бошқа ташкилот ва муассасалар билан дўстона ҳамкорлик алоқаларини тиклаш, улар билан мазкур буюк мақсадлар йўлида елкама‑елка хизмат кўрсатиш.

Муассаса қошида исломий‑фикрий баҳс ва тадқиқотлар билан шуғулланадиган махсус марказ ҳам фаолият олиб боради.
Мусулмон улаомлари тарафидан масиҳий дини олимларига қаратилган «Баробар сўз» чақирувини ташвиқ қилишда ҳам муассасанинг ўрни катта. Бу тадбир турли динларга эргашувчи халкларнинг бир‑бирларига яхши муносабатда бўлишлари, ўзаро тотувликка эришишлари йўлида жуда ҳам катта ижобий таъсир кўрсатди.

Муассаса аъзолигига Ислом оламидаги етакчи шахслардан бир қанчалари қўшилган. Азҳари Шариф шайхи Аҳмад Тоййиб, ИКТ мудири Акмалуддин Эҳсон ўғли, Уммон салтанати муфтийси Аҳмад Халилий, мавританиялик олим Абдуллоҳ ибн Байя, Иордания муфтийси Нуҳ Қузот, Ҳабиб Алий Жифрий, америкалик даҳватчи Нуҳ Килер, суриялик машҳур аллома Муҳаммад Рамазон Бутий (раҳимаҳуллоҳ) ва Марказий Осиё минтақасининг йирик уламоси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шулар жумласидандир.

back to top