Жаҳон ҳижобининг универсал бичими – мутахассис фикри

Рамзлар тили ҳаётимизда улкан, баъзан эса ҳал қилувчи ўрин тутади. Зеро, бу маънавий ҳаётимизга тааллуқли масаладир. Ҳар қандай иймон-эътиқодли кишининг дийний ҳаёти (айниқса атрофдагиларнинг назарида) батамом рамзлардан иборат бўлади. Бу табиий ҳол – иймоннинг асоси, яъни инсон билан Аллоҳ ўртасидаги ўзаро муносабат – инсоннинг фақат ўзигагина маълумлигича қолади. Шунинг учун ҳам, биз инсоннинг қайси динга мансублигини унинг кўксидаги хочга, қўлидаги тасбеҳга ёки кенг соябонли шляпа остидаги пейсларига қараб аниқлаймиз.

Биз бугун жаҳон аҳлининг глобаллашувга бўлган муносабатини кўриб, афсусланишимиз ёки қувонишимиз мумкин («баррикада»нинг қайси томонидан турганлигимизга қараб, албатта). Бу муносабат сўнгги ўн етти йил давомида Самуэл Хантингтон башорат қилганидек, цивилизациялар тўқнашувига айланиб улгурди. Ҳар қалай, католик-протестант («ғарб») ва Ислом цивилизациялари ўртасидаги тўқнашув бугунги кунда ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Ғарб АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари қиёфасида тобора чуқур ва муқаррар равишда Ислом дунёси билан бевосита ҳарбий тўқнашувга кириб бормоқда. Мана, ўзининг мустамлакачилик урушларида бой тажриба орттирган Британия ҳам «укаси»нинг ортидан Афғонистон ва Ироққа суқилиб кирди, худди шундай тажрибаси Британиядан кам бўлмаган, узоқ йиллар давомида генерал де Голлнинг васиятларига риоя қилиб, ҳарбий-сиёсий блок доирасида «ўзига хос» мавқега эга бўлиб кела олган Франция ҳам ўзининг «Легион»ларини Африка қитъасининг мамлакатларига ташлашга мажбур бўлди. Ҳозирча бу фақат жанг разведкаси ҳамда тинчликпарвар кучлар номи билан эзгу мақсадларида дейилмоқда, бироқ африка деҳқонлари «Легион»га кетмон билан ҳужум қилиб қолса, у ҳолда…

Бундай шароитларда тамаддуний ва диний рамзлар замонавий ҳарбий техникада фойдаланиладиган «дўст/душман» белгиларига айланиб бормоқда. Бу нарса биринчи навбатда биз ҳар куни ҳамманинг кўз ўнгида кийиб юрадиган кийим-бошимизда кўринади.

Энди эса гапни Шарқ аёлларининг анъанавий либоси – ҳижобни кўриб, жазавага тушаётган «олтин миллиард»дан эшитинг.

Маълумки, ҳар қандай халқнинг анъанавий либоси миллий маданиятнинг ажралмас қисми сифатида (табиий-иқлим шароитлари, турмуш даражаси ва хўжалик фаолиятига доир хусусиятлардан ташқари) у ёки бу дийний таълимотнинг таъсири остида шаклланган бўлади. Демак, қаерда дийннинг миллий маданиятга таъсири кучли бўлса, либоснинг бичимига бўлган талаблар ҳам қатъийроқ бўлади. Бу жиҳат айниқса аёллар либосида яққол сезилади.

Масалан, Руб-ул-Хали водийсида яшовчи муслима билан унинг бошқирд қишлоқларидан бирида яшовчи диндош синглисининг либосларини таққослаб кўринг. Уларнинг фарқи киевлик аёл билан унинг Мисрдаги қибтий қишлоқлардан бирида яшовчи диндош синглиси ўртасидаги тафовут билан деярли бир хил бўлади.

Бироқ, Саудия Арабистонида яшовчи муслима билан Мисрлик насрония аёлнинг анъанавий либослари бир-бирига жуда ўхшаш бўлади. Буни бир қарашдаёқ сезиш мумкин. Гап бу ерда ушбу икки мамлакатнинг географик жиҳатдан бир-бирига яқин жойлашганлиги ёки Яқин Шарқ иқлимининг ўхшашлигида эмас, балки бу икки дийндаги либосга оид таълимотларнинг муштараклигидадир. «Тажриба»миз янада «холис» бўлиши учун мисол тариқасида сицилиялик католик деҳқон аёлнинг либоси билан Сибир қишлоқларида яшовчи қадимги эътиқод аҳлидан бўлган онахоннинг либосини ҳам солиштириб кўрамиз. Бу либосларнинг ҳаммаси аввало ўзининг ёпиқлиги билан ўхшашдир. Ёпиқликнинг сабаби эса Инжилдаги «Зино қилма» ва «Яқинларингнинг аёлларига кўз олайтирма» деган икки васиятдир («Исход»: 28, 14, 17). Худди шундай кўрсатмаларни Қуръони каримдаги «Нисо» (Аёллар) сурасида ҳам учратиш мумкин.

Ҳар қандай иболи, ҳаёли насрония аёлнинг миллий либос «Буюк ўн тўққизинчи аср», яъни Буюк француз революцияси давригача Яқин Шарқлик муслималарнинг ҳижобидан деярли фарқ қилмас эди. Насроний дини ҳам, Ислом каби, аёлни (шу аёлнинг қариндош ва яқинларидан бошқа) эркакларнинг ҳирсли назарларидан қатъият билан «тўсиб» турарди. Бундан атиги олтмиш-етмиш йил аввал ҳам рус деҳқон аёллари узун кўйлаклар, сарафанлар ва рўмолларга ўраниб юрар, ўранишда ҳозирги эронлик аёллардан қолишмас эдилар.

«Олтин миллиард» аёлларни «ечинтириб» ташлаган пайт жамият даҳрийлашган, дийн давлатдан ажратилган даврга тўғри келди. Бу шармандалик тахминан 1960 йилларда, «жинсий инқилоб» пайтида ўзининг чўққисига чиқди. Агар жамият яҳудийлик, насронийлик ёки исломга эътиқод қилган халқлар либосининг «мода»си қайси тамойилларга асосланганлигини ёдда тутмаса (ёки ёдда тутишни истамаса), бугунги кунда аҳлоқнинг бузилиб кетаётганлиги ҳақида ҳар томондан айтилаётган дийдиёлар ҳеч қандай фойда бермайди. Қизларининг юбкаси калтариб борган сари уларнинг хавфсизлиги ва номусидан ташвишланаётган бечора оналарнинг эътирози гормонлари жунбушга келган ойимтиллаларнинг «Нима учун ахир?!» деган саволи олдида жавобсиз қолмоқда.

Сўнгги ярим аср ичида ўзларининг дийний ва миллий рамзларига тобора кўпроқ қайтаётган мусулмонларнинг феъл-атвори «олтин миллиард» томонидан уларнинг (энг яхши ва ягона тўғри) турмуш тарзига тажовуздек қабул қилинмоқда: «Бошқача яшашни ис-та-май-миз!!!». Ғарбнинг муносабати «Бремен машшоқлари»даги бюргерларга ўхшайди – улар сарой соқчиларини замбарак билан ўрмонга юборган эдилар. Бу ишнинг охири нима бўлгани эса ҳаммамизга маълум.

Миллий қонунчиликка тузатишлар киритиб, аёлларга паспортга ҳижобда расмга тушишга рухсат берган Россия ва Қирғизистон давлат ҳукуматларининг пухта ўйланган, оқилона қадамларини фақат олқишлаш мумкин. Ҳар қандай физиогномистдан (қиёфа бўйича мутахассис) сўраб кўринг, инсон қиёфасини эслаб қолиш учун юз қисмининг ўзи кифоя эканлигини, соч турмаги эса қиёфаси мутлақо ўзгартириб юбориши мумкинлигини айтиб беради.

Ғарбнинг ҳар қандай мамлакатидан кўра Ислом билан яқиндан мулоқотда бўлаётган Россия ўзининг миллий тикланиши эркагу-аёлларнинг либосига муайян талаблар белгилаб қўйган православие билан чамбарчас боғлиқлигини унутмаслиги лозим. Хуллас, муҳтарама хонимлар, бувижонлардан қолган сандиқдаги узун кўйлакларни ташлаб юборишга шошилманг, керак бўлиб қолиши аниқ!

Муаллиф: Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори

Абу Муслим таржимаси

(Рус аёлларининг миллий либослари акс этирилган расмлар)

back to top