Қўшиқ айтаётган одам

Қўшиқ айтаётган одам

Эрками-аёлми, кексами-ёшми ҳамма улар билан ҳар куни учрашади. Албатта, хонишларини телеэкранда кўрасиз ёки радио эфиридан эшитасиз. Қўшиқ эшитаётган одамнинг маънавий қаёфасини тасаввур қилиш озгина фаросати бор одамга унчалик қийин эмас. Ликиллама мусиқанинг енгил-елпи сўзларига ликилламасдан қулоқ солишнинг ўзи кифоя.

Бир куни телемухбирлардан бири келиб, бугунги кун қўшиқчилиги ҳақида фикр билдиришимни сўради. Бу соҳа мутахассиси эмасман, бир оз иккиланиб розилик бердим. Суҳбат бўлди. Аммо дастур эфирга узатилгач, кўриб, тўғриси, кўнгил тўлмади. Энг муҳим гап айтилмай қолгандай бўлаверди. Шу боис мавзуга қайта назар ташлашга зарурат сездим.

Бугунги қўшиқлар касалманд. Унга ташхис қўйиб, даволаш йўлларини излашга эҳтиёж бор. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Қўшиқларда ҳаёсиз, асаббузар вируслар кўп. Айниқса, бир мақомда бир сўз тинимсиз такрорланадики, бунинг санъатга қандай дахли бор, англаш қийин.

Мактаб ёшидагилар нари турсин, боғча боласининг ҳам ўша қўшиқларга маҳлиё бўла бошлагани ҳақиқат. Бу кетишда боланинг маънавий-руҳий оламида ямаш имконсиз баҳайбат йиртиқлар пайдо бўлади. Қўшиқ санъатида бамаъни сўз, завқли мусиқа, гўзал оҳанг ўрни ва аҳволига баҳо бера билмайдиган дидсиз калтабинлар авлоди шаклланади. Бу хатарли. Радио ва телевизорда берилаётган «замонавий эстрада» намуналарида ўзбекона табиатимизга, мусулмонча урф-одатларимизга номувофиқ беҳаё қилиқлар (қитмирлик, дегани тўғрироқ) бор. Маънавий юк, масъулиятдан гап очилгудек бўлса, дарҳол моддият, пули тўлангани рўкач қилинади, бизнес замонида яшаётганимиз эслатилади. Қўшиқчиликдан мақсад пул эканини яширишмайди.

Шарм-ҳаё, иффат, одамийлик, уят, андиша туйғуларини оёқ ости қилаётган пул! Шу билан бирга қўшиқ айтаётган одам машҳур бўлишни; тарих саҳифаларида ном қолдиришни ўйлар экан...

Беш ёшлардаги бир болакай барча телеканалларни эгаллаган корейс филмларини томоша қилатуриб, ўша миллатга ўхшашни хоҳлаган экан. Бу кулиб айтиладиган ҳангома эмас. Бу фожеа. Бола, худди шунингдек, аллақайси қўшиқчилар шакли-шамойилига ҳам тақлид қилиши мумкин. Эчкига жон қайғуси, қўшиқчига шуҳрат. Маънавий-ахлоқий қиёфа, мусиқий тарбия, гўзалликни англашдаги дид-фаросат қайси сўқмоқлардан кетаётгани билан қўшиқчининг нима иши бор?! У эл оғзига тушса, саҳнада хиром айласа, тўйлар-да ялла қилса бўлди...

Ҳолбуки, санъат кошонаси покиза, унга жулдур, авратни ҳам ёпмайдиган йиртиқ либос, лойга ботган ифлос оёқ кийимда кириш уят. Вазифаси инсон қалбини гўзалликка ошно қилиш бўлган қўшиқчилик санъатининг ҳоли бугун абгор. Бу даргоҳга кеча кирган ва бугун кираётганларнинг маънавий ҳуқуқи борлиги ҳақида ўйлашга юрак бетламайди. Зотан, бу ҳуқуқни олий ўқув юртини битирганини билдирувчи диплом ҳам бермайди. Овоз кучайтиргич, турли электрон асбоб-ускуналар ёрдамида (илҳом эмас) бирор хорижий мусиқага эргашиб ясалган «куй»га тил синдирадиган ўзбекча сўзлар илова қилинади. Инглиз ёхуд французча талаффуз қилинадиган «матн» жуда саёз, унинг бадииятга алоқаси хусусида гапириш ҳам ортиқча. Бу «матн»дан вазн, қофия, бадиий санъат, латиф ва гўзал ҳис-туйғулар ифодаси каби «арзимас» унсурларни қидириш вақт ўлдиришнинг энг ишончли усулига айланиб бўлган. Ўн гулидан етти-саккизтаси очилиб бўлган хонанда аёл тинмай ўз ошиғини чорлайди, юзига йиллар бешафқат муҳр босиб ташлаган ҳофиз уйланишдан бетўхтов хониш қилади. Ёш «юлдуз»ларнинг ҳоли ҳам шу атрофда. Бири «Энди бизга куёв бўлинг», дейди, бошқаси кўрпа-ёстиқ излаб юради. Буларнинг барчаси эстетик дидни сўндиришга, кўнгилни жароҳатлашга хизмат қилади, холос.

Саҳнага чиқаётган замонавий қўшиқчиларнинг кийим-кечаги ҳам репертуарларига яраша: калта-култа, йиртиқ, айримларини либос дейишга тил бормайди (худди хонишларини қўшиқ аташга ботинилмагани каби). Аслида улар асосий эътиборларини сўз санъати, дилкаш оҳанг ва оригинал мусиқага эмас, соч турмаги, пардоз, саҳна безаклари ва шунга ўхшаш ташқи омилларга қаратишади. (Энди ўзбек оиласининг бундай «томошалар»ни кўришини тасаввур қилинг.) Бу қўшиқчиларнинг маънавий-руҳий дунёси ноқис бўлиши табиий. Буни ҳеч қандай сершовқин мусиқаю сербезак либос беркитолмайди, бу қусур ҳар анжуманда ошкор бўлиб қолаверади. Шундай ҳолларда «қўшиғини айтиб кетабергани тузук эди», деб ўйлаб қоласан киши.

Воқеа: Феврал ойи эди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан уюштирилган илмий-адабий анжуманда қатнашдим. Шоирнинг ҳарбий маҳорати, латиф ғазаллари ва уларнинг бадиий савияси, бетакрор гўзаллиги тўғрисида мароқли суҳбат бўлди. Ёш ҳаваскорлар шоирнинг ҳаётига оид саҳна кўринишларини намойиш қилишди. Талабаларнинг шоир шахсиятига, шеъриятига қизиқишлари ортгани уларнинг қиёфасидан, кўзларидан, саволларидан яққол сезилиб турарди.

Бошқарувчи даврада Бобур ғазалларини куйга солган таниқли хонанда қатнашаётганини эълон қилди. Талабаларнинг кўзларида қувонч чақнади, ўша гўзал ғазалларнинг мусиқий талқинини эшитиш умиди порлади. Шунда бу хонанда хоним: «Азизлар, гўзаллар, муҳтарам талабалар, ҳаммангизни бугунги севишганлар куни бўлмиш Валентин куни билан муборакбод этаман», деса бўладими? Қий-чув кўтарил-ди. Бу эътирозми ё эътирофми, англаб бўлмади. Нима бўлганда ҳам анжуманнинг маънавий-маърифий самараси ҳавога учган эди. Бобур ғазалларини куйлаб мукофотлар олган бу қўшиқчи ўзи айтаётган табрик моҳиятидан бохабармиди? Бутун диққат-эътибор ўзбекнинг машҳур адабий сиймосига қаратилган бир вазиятда севишганлар кунини тилга олиш хонанда савиясини кўрсатди-қўйди. Эл назаридаги киши гапини ўйлаб гапиргани маъқул.
Қўшиқ инсоннинг маънавий-руҳий дунёсига таъсир қилади. Инсондаги завқни тарбиялайди. Буюк қўшиқлар, умидли қўшиқлар, маҳзун ва завқли қўшиқлар воситасида шаклланган авлодларни биламиз.

Қўшиқ гўзаллиги энг аввало шеърий матн пухталигига боғлиқ. Ҳозирга қадар қайта-қайта эшитиладиган, санъатимиз хазинасидан ўрин олган қўшиқлар аввало шеърий матн ҳолида машҳур бўлгани аниқ.
Бугун санъатнинг деярли ҳар бир тури ўз мунаққидига эга. Уларнинг мақолалари матбуотда босилиб туради. Бироқ қўшиқшунослар қўшиқ айтаётган одамга эътибор бераётгани йўқ. Умуман, бизда қўшиқ танқидчилиги шаклланган эмас.
Ҳозирги қўшиқчиликдаги бемаъни, ночор ҳолатни қандай ўнглаш мумкин? Бош муаммо шу! Болаларнинг маънавий-руҳий дунёси енгил-елпи қўшиқлар даражаси шаклланиб қолмаслиги учун нималар қилиш лозим? Сиз ҳам бир ўйлаб кўринг! Имконини топсангиз, ўнглаб қўйинг!

Баҳодир Нурмуҳаммад

back to top