Logo
Print this page

Турқи совуқ маданият

Оммавий маданият ҳақида жуда кўп гапирилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Оммавий маданиятнинг қандай кўринишларга эга эканлигини, уни ҳаракатлантирувчи куч нималардан ташкил топгани ва у қандай механизм асосида ҳаракатланишини ҳамма ҳам билавермаса керак.

«Поп маданият» деган мақомда  дунё халқлари ҳаётига борган сари сингиб бораётган, миллатларнинг тарихий ва ўз менталитетларига асосланган урф-одатларини оёқ ости қилаётган бу маданият, Осиё халқлари, жумладан миллатимиз ҳаётига ҳам ўзининг жирканч қиёфаси билан кириб келмоқда. Оммавий маданиятни, агар жоиз бўлса, минг бир қиёфали махлуқ деб атаган бўлардим. У инсон онги ва ақли, руҳияти ва салоҳиятини бутунлигича қамраб олувчи алдамчи ниқобларга эгадир. Ана шундай ниқоблардан иккитаси бугунга келиб шиддат билан ўсиб бораётган глобаллашув жараёни билан уйғунлашиб кетган. Булар: имейдж ва медия.
Оммавий маданият тарғиботчилари томонидан турли хил оқим вакилларининг кўринишлари ва кийимларининг урфга айлантирилаётгани ташвишланарли ҳол. Бугун биз ёшларимиз кияётган «замонавий» кийимларга шунчалик кўникиб қолдикки, энди уларнинг эгнидаги лаш-лушлар, ярашиқсиз пардоз ва ўзбекка хос бўлмаган соч турмаклари бизни ортиқча  ҳайратлантирмай ҳам қўйди.

Иблис малайлари

Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Шарқий Европада «Гот» деб ном олган оқим пайдо бўлган эди. Гуруҳ аъзоларининг деярли юз фоизи христиан динида бўлиб, улар бу оқимга аъзо бўлгач, ўз динларидан воз кечардилар. Чунки «гот»ларнинг эътиқоди умуман бошқача бўлиб, улар қуйидаги ғояга эргашардилар: «Инсонларнинг ҳаммаси гуноҳкордирлар. Шунинг учун ҳам, вафот этгач, ҳаммамиз, албатта, жаҳаннамга тушамиз. Дўзахнинг ҳокими эса Иблисдир. Агар биз бу дунёда шайтонга хизмат қилсак, нариги дунёда, жаҳаннамда у бизга енгиллик беради». Улар бошқалардан ажралиб туриш, тўғрироғи, шайтонга хизмат қилаётганларини англатиш мақсадида, асосан, чарм маҳсулотидан тайёрланган, қора рангли кийимлар кийиб юришни, сочларини, тирноқларини ва ҳатто қош-қовоқларини ҳам қоп-қора рангга бўяб юришни одат қилишди. 70-80 йилларга келиб,  «Гот» гуруҳларига исроиллик мультимиллионер Жозе Ави ҳомийлик қила бошлади ва уларнинг сафини кенгайтириш мақсадида, гуруҳ вакилларининг имейджи - кийим-кечаклари, соч турмаклари ва юзларининг қиёфасини, одатларини дунёга оммалаштира бошлади.
Хуллас, «гот»ларнинг бизга олиб келган «мода»лари қуйидагича:
1. Тор шим кийиш.
2. Тирноқларни, қош-қовоқларни қоп-қора рангга бўяб юриш.
3. Қизларнинг сочларини калта қилиб кесишлари (каре) ва қора рангга бўяб юришлари.
4. «Рок» мусиқаларни тинглаш.
Бугунга келиб «рок» мусиқалари бутун дунёда хит даражасига кўтарилди. Ғарбда «Рок қироллари» деб ном олган, асл мақсади оммавий маданиятни тарғиб қилишдан иборат бир қанча рок-н-ролчилар пайдо бўлди. Буларнинг энг йириклари: «Ramsstein», «The Rasmus», «Chimical Brothers».
 Бизда ҳам айрим ёшлар ўзлари тушунмаган ҳолда бир неча рок-гуруҳлари тузган эдилар. Хайриятки, бунақа бемаъниликни одамларимиз, ёшларимиз қабул қилмади, бу мусиқа йўналиши бизда унчалик ҳам урф бўлмади.
Мутахассисларнинг айтишларига қараганда, 15 дақиқа узлуксиз рок мусиқа тинглаган тингловчининг танасида, миясида салбий ўзгаришлар содир бўлади. Бу ўзгаришлар, 72 соат - уч кун ичидагина мўътадиллашиши мумкин, яъни организмнинг ўзига келиб олиши учун 72 соат вақт керак.
Энди бу ёғини эшитинг! Ўтган асрнинг 80-90- йилларига келиб, «Гот» гуруҳлари ўртасида низо чиқади ва улар уч оқимга ажралиб кетишади. Биринчи гуруҳ ўша-ўша «гот»лар,  иккинчи гуруҳ «эмо»лар, учинчи гуруҳ «металлик»лар деб атай бошланди.

«Эмо» қизлар

«Эмо»лар «гот»лардан фарқли ўлароқ, бошқача фикрга эътиқод қилишган.
Уларнинг фикрича: «Ҳамма инсоният вакиллари дўзахга тушишади, лекин бунинг учун одам боласи шайтонга хизмат қилиши шарт эмас, аксинча бу дунёда яйраб, ўйнаб қолиш керак».
Улар «гот»лардан фарқланиб туриш учун, қора рангли кийимларга яшил, қизил ва пушти рангли кийимларни аралаштириб кийишни ва бўянишни бошладилар. Улар эшитадиган «рок» ҳам бошқачароқ эди. Шу тариқа мусиқа оламида «енгил рок» деб номланган йўналиш пайдо бўлди. Унинг энг кўзга кўринган вакиллари «Linkin Park», «Savage Suybert», «Kesha»лар ҳисобланишади. Айрим маълумотларга қараганда, Шарқий Европа ва Россиянинг баъзи ҳудудларида «гот» ва «эмо» гуруҳлари ўртасида қонли тўқнашувлар ҳам бўлиб тураркан.
Афсуски, ёшларимиз орасида «эмо»ларнинг кийимларига ва кўринишларига тақлид қилаётганлар талайгина. Интернетдан фойдаланаётган айрим қизларимиз эса, туппа-тузук ўзбекча исмларига «эмо» сўзини қўшиб ёзишмоқда: «Муни эмо», «Иро эмошка»...
«Эмо» гуруҳи вакилларининг бизга олиб келган «мода»лари қуйидагилар:
1. Соч улаш ва сочларни ҳар хил оч (яшил, пушти) рангларга бўяш.
2. Оч рангли косметикадан фойдаланиш.
3. Рок мусиқаларнинг «енгил»ларини тинглаш.
Энг ачинарлиси, ҳозирги кунларда пойтахтимизнинг Алишер Навоий кинотеатрида  намойиш этилаётган янги «Ҳей, қизалоқ» фильми  ўзбек «эмо» қизининг ҳаётидан ҳикоя қилади ва бу фиьмнинг ғоявий хавфи катта эканини таъкидлаш жоиз. Бунинг устига, фильмда айнан «Kesha» кўйлаган қўшиқлардан фойдаланилган. Бу эса очиқдан-очиқ оммавий мадиятни тарғиб қилиш демакдир.

Темир-терсакли овсарлар

«Металлик»ларнинг номидан ҳам маълумки, бу гуруҳ вакиллари, ўзларини ҳар хил металл ашёлари - темир-терсаклар билан безайдилар. Баданларининг турли аъзоларига (бурун, қошларнинг тепа қисми, тил ва ҳатто киндикларига) темир безак тақишни одат қилган «металлик»лар фақат бугунги кун учун яшашади.
Бу гуруҳ вакиллари орасида «геймер»лар, яъни компьютер ўйинлари усталари кўп. Ўз навбатида улар ҳам ўз маҳсулотларини дунёга ёйишга ҳаракат қилишган ва бунга қайсидир маънода эришишган ҳам. «Металлик»лар унчалик кўпчиликни ташкил этишмайди, лекин маънавий хавфлилик жиҳатидан «гот» ва «эмо»лардан қолишадиган эмас. «Металлик»лар ҳам «рок» мусиқаларини севиб тинглашади. Шу сабабли бўлса керак, компьютер ўйинларининг аксариятида «рок» мусиқаларидан фойдаланилади.

«Неонекромания»дан қочинг!

2005 йилда «оммавий маданият»нинг янги «қуроли» пайдо бўлди. У фақатгина шоу-бизнес вакилларига мўлжалланган бўлиб, дунёда «неонекромания» номини олди. Унинг асосчилари Lady Gaga, Rihanna ва Beyonceлар ҳисобланишади.
Инсонни тушкун кайфиятга туширувчи, ўликлар ва «псиэтноик» махлуқлар кўринишида саҳнага чиқувчи бу «юлдузлар»нинг ўзлари аллақачон руҳий хасталикка йўлиқишган. Афсуски, ўзбек мусиқасида ҳам ана шу ғоялар таъсирида ижод қилаётганлар пайдо бўла бошлади. Хусусан, Муниса Ризаева ва Канизанинг ижодларида ана шу «неонекромания»нинг кичик кўринишлари кузатилмоқда...   

Бировга чоҳ қазисанг...

Оммавий маданият ортидан пайдо бўлаётган кичик муаммолар вақт ўтиши билан тузатиб бўлмас хавф-хатарларга олиб келиши мумкинлиги дунёдаги бир қанча жамиятлар ҳаётида ўз исботини топиб бўлди. Ғарб давлатлари жамиятшуносларини ташвишлантираётган оила масаласи, бугунга келиб ўта долзарб масалага айланган. Мактабларда гиёҳванд ўқувчиларнинг кўпаяётгани, нотўғри турмуш кечириш натижасида, турли хил касалликлар, жумладан СПИДнинг тарқалаётгани, қонунбузарлик ҳолатларининг борган сари кучаяётгани, жамиятдаги ахлоқсизликлар, ўта совуққон ва худбин, меҳрсиз шахсларнинг пайдо бўлаётгани, аллақачон Ғарбнинг кўп давлатларини эсанкиратиб, боши берк кўчага олиб кириб қўйган.
Донишмандликда тенги йўқ, ҳар бир сўзидан ҳикмат томиб турувчи халқимизда ажойиб мақол бор: «Бировга чоҳ қазисанг, унга албатта ўзинг йиқиласан». Ўзбек халқи азалдан жаҳон халқлари, жумладан, Шарқ миллат ва элатлари орасида ўз обрў-эътиборига, тарихий ва чуқур миллий қадриятларига ва ўз ҳаёт йўлига эга халқдир. Қанчадан-қанча босқинчилар миллатимизнинг эгилмаган бошини эгишни, тоғлардан ҳам баланд ғурурини поймол қилишни, минг йиллардан садо бергувчи миллий қадриятларимизни оёқ ости қилмоқни исташди, шунга уринишди, лекин ниятларига ета олмадилар. Чунки бизда оила муқаддас, чунки бизда миллат қадрли. Бизнинг одамларимизда оқибат, ҳаё, андиша, миллийликка садоқат кучли ва шундай бўлиб қолажак.

Сарварбек Кенагас

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика