Маданиятни кимдан ўрганайлик?

Маданиятни кимдан ўрганайлик?

Ер юзини макон тутган олти миллиарддан зиёд киши бугун масофалар қисқараётган, муносабатлар яқинлашаётган, ҳазоралар, маданиятлар муштараклашаётган, замон тили билан айтганда, ҳамма нарса «глобаллашаётган» бир даврда яшаб турибди. Ўзининг асрий анъаналарига, урф-одатларига, диний ва миллий қадриятларига содиқ қолган Шарқ халқлари ана шу неъматларни кўз қорачиғидай асрашга интилаётган бир пайтда Ғарб олами чуқур руҳий инқироз, маънавий қашшоқлик, жамиятларининг қаттиқ безовталиги ва изтироб қаршисида иккиланиб, саросимада, ташвишда турибди. Иқтисод ва сиёсатнинг глобаллашуви маданиятлар глобаллашувига сабаб бўлмоқда.

Дунё айвонида кучларнинг бундай қайта тақсимотидан халқларнинг маънавий-ижтимоий ҳаёти, урф-одатлари, ахлоқ-одоби, дунёқараши ҳам четда қолаётгани йўқ. Ғарбнинг фаҳш, ахлоқсизлик, сурбетликка тўлиб-тошган бемаъни ва мантиқсиз маданияти бугун минг йиллар мобайнида Исломнинг покиза ва мусаффо чашмаларидан сув ичиб келган мусулмонларнинг руҳий оламига ҳеч қандай сўроқ-ижозатсиз, сурбетларча бостириб кириб келяпти. Ўзи чуқур маънавий инқироз ва бўҳрондан чиқишга йўл тополмай боши қотган Ғарб бугун демократия ниқоби остида ёш мустақил давлатларнинг йигит-қизлари онгини заҳарлаш, минг йиллик синовларга дош берган ота-боболарининг ҳақ йўлидан тойдириш, уларни жаҳолат, бузуқлик, нодонлик чангалзорларида сарсон-саргардон қилиш учун бор ҳунарини ишга соляпти. Ўзининг ифлос мағзавахонасида ачиб-бижиб, бозори касод бўлиб ётган «маданияти»ни, «ахлоқи»ни, яшаш тарзини зўр бериб уларга тиқиштирмоқда. Ғарб бу йўлда миссионерлик ҳаракатларидан, кучли тарғибот-ташвиқот ишларидан, «поп-маданият», оммавий ахборот воситаларидан, хуллас, таъсир ўтказишнинг барча усулларидан кенг фойдаланмоқда.

Мақсадлар аниқ: нима қилиб бўлса ҳам, давлатнинг, миллатнинг келажаги, таянчи бўлмиш ёшларни бузиш, тўғри йўлдан оздириш ва шу тариқа мамлакатни маънавий таназзул жарига итариб юбориш! Бу бугунги ғоя, бугунги режа эмас, балки жуда кўҳна китобнинг битиклари. Мустамлакачилар бундан юз, икки юз, уч юз йил олдин ҳам худди шундай йўл тутишган. Мусулмон юртларини ичдан бузиш учун юборилган бир Ғарб жосусининг фаолият режасида «Мусулмон ўлкаларда зино, баччабозлик, ичкилик ва қиморбозликни авж олдириш, халқни диндан чалғитиш учун турли кўнгилочар жойлар, ўйинлар, байрамлар ташкил этиш, ёшлар кўнглида динларига нисбатан шубҳа ва зиддият уйғотиш керак», деган гаплар ёзилган экан. Ғарблик профессор Зевимер эса «Ичкилик ва фоҳишабозлик мусулмонларни бузишда бутун бошли ўрду (армия)дан кўра кўп иш бажаради. Шундай экан, уларни шаҳват ва лаззатлар гирдобига ғарқ қилиб ташланг», деб маслаҳат берган.

Ниятлар оддийгина: мусулмон ўлкаларида Аллоҳни танимайдиган, улкан ишларга эътиборсиз, роҳат ва танбалликни истаган, дунёда бор фикрини шаҳват ва лаззатга қаратган авлодни тарбиялаб етиштириш бўлган.

Энди ёшларимиз дўст ким-у душман ким – яхши ажратиб олишлари керак. Тажрибали боксчилар каби туйқус зарбанинг қаёқдан тушишини сергаклик билан, ички туйғу орқали сезиб олишлари зарур. Шунинг учун ўз мақсадига етиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган маккор ва ёвуз душман қаршисида турганларини унутмасликлари зарур.

Бугунги кунда ана шу хатарли душман ёшларимиз қалбини эгаллаш учун бор кучини ташлаган, барча тадбирларини ишга солган. Турли дин ва оқимларнинг дайди тарғиботчилари – миссионерлар дунёнинг ҳамма жойида изғиб-тентираб юришибди. Улар ёш, ҳали ривожланиш йўлига тушиб олмаган мамлакатларнинг ночорлигидан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиб қолишга интилишмоқда. Хайр-саховат ва ёрдам ниқоби остида шифохоналар, ўқув марказлари, хайрия муассасалари, тарбия ўчоқлари ташкил этишяпти. Аҳолининг ночор қатламлари қалбига йўл топиш учун уларга пул, кийим-кечак, озиқ-овқат, дори-дармон тарқатишмоқда. Бир талабанинг ҳикоясига кўра, аввал унга дўсти орқали ташвиқот ишлари бошлашган, ўз қароргоҳларига таклиф этишган. Мусиқа қўйиб беришган, енгилгина зиёфат билан сийлашган, у ёқ-бу ёқдан суҳбат қуришган. Кетаётганида қўлига пул тутқазишган. Бир неча марта бу аҳвол такрорлангач, ниҳоят бирга ибодат қилишга даъват этишган. Талабани бунга кўндиролмагач, уни қаттиқ ҳақоратлаб, берган пулларини тортиб олишган.

Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида (5-модда) «Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади», деб ёзиб қўйилган. Аммо мамлакатга турли йўллар ва баҳоналар билан кириб келган айрим миссионерлар қонунларимизни назар-писанд қилмай, мусулмонларни ўз динларига сурбетларча даъват қилишяпти. Тақиқланган китобларни, аудио-видео тасмалар ва дискларни кўча-кўйларда, жамоат жойларида, ўқув юртларида тарқатишга уринишмоқда.

Бир қарашда беозор кўринган бундай тарғиботчиларнинг китоб ёки пул улашишлари аслида узоқни кўзлаб, пухта режа билан олиб борилаётган қабиҳ сиёсатнинг бир кўриниши, холос. Ёш ўлкаларни қурол кучи билан енгиб бўлмасликка кўзи етиб қолган Ғарб энди улар устига фикрий ва маданий юриш қилишга, ўзининг сийқаси чиққан ақидаси ва анъаналарини мусулмон халқлар ўртасида ёйишга уринмоқда. Демократия, маданият, тараққиёт олиб кириш баҳонасида миллий ва диний асосларга зарба беришга, миллий мафкура моҳиятини камситишга, мусулмонлар қалбидан иймон, эътиқод, ишончни чиқариб ташлашга интилмоқда.

Ана шу жон талвасасидаги кураш ва ҳаракатлар ўз «меваси»ни бериб турибди. Улар қанчалаб мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини издан чиқариб, яхлит халқларни бир қанча гуруҳ ва табақаларга ажратиб юборди. Бу тафриқа, бўлиниш бугун ҳам давом этяпти. Халқлар ва миллатлар орасига нифоқ ва фитна солиб, бир-бирига қарши гижлаш авжида. Оқибатда миллий, диний аҳилликка, сиёсий барқарорликка путур етмоқда. Масалан, Индонезияда ҳаракат қилаётган миссионерлар йигирма йил мобайнида 250 минг мусулмонни насронийлаштиришга эришдилар. Аҳолиси насронийлашган Шарқий Тиморни мамлакатдан ажратиб олишди. Африқонинг бир қанча мамлакатларида салкам бир миллион мусулмон насронийликка ўтган. Бу қитъадаги беш миллион талабанинг таълими миссионерлар қўлида. Агар биз ҳам кўзимизни очмасак, ақлимизни топмасак, унда кеч бўлади. Ҳали қанча-қанча оналар қон қақшайди, келинлар бева қолади, ўғил-қизлар уйларидан қочади, қанча авлод даҳрий ёки насроний бўлади. У ёғи ёлғиз Аллоҳга аён!..

Бугун бизни миллий-диний қадриятларимиздан узиб, тубан ҳаёт тарзига бошлаётган ажнабий «маданият»лар, бемаъни мафкуралар хуружига дуч келиб турибмиз. Гап мазмун жиҳатидан наҳоятда саёз, ғояси бузуқ Ғарб сериаллари ва бузуқ филмлари ҳақида кетаётганини сезган бўлсангиз керак. Уларнинг номлари «Эсмералда» ёки «Гваделупе» бўладими, «Муҳаббат қаҳваси» ёки «…можароси» бўладими, «Санта-Барбара» ёки «Ёлғон асираси» бўладими, аҳамияти йўқ. Ҳаммаси қолипдан чиққандай бир хил, бир-биридан чучмал, сийқа, сохта муносабатлар асосига қурилган. Ҳаммасида эр хотинни алдайди ёки аксинча. Бир-биридан ўч олишга қасд қилади. Ҳаммасида зино, беҳаёлик, бузуқлик, бойлик, пул топиш учун ҳеч нарсадан қайтмаслик каби иллатлар очиқ-ойдин тарғиб қилинади. Ана шу сериал қаҳрамонлари учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Улар на динни, на ота-онани, на инсоний қадриятларни ҳурмат қилади. Томчи тошни тешганидай, ана шу жирканч тасвирлар, кўринмас заҳар ойлар мобайнида аста-секин қалбларни, онгларни ўйиб, қиймалаяпти.

Энг даҳшатлиси, ана шу беҳаё ва бузуқ филмларни телевизор ягона овунчоқ бўлиб қолган аксар хонадонларда ёш болалар, қизлар ҳам бемалол кўришяпти. Усти ялтироқ, аммо ичи аллақачон бузилиб, чириб кетган Ғарб дунёсининг жимжима-жозибаларига тақлид қилиб, шоҳона ҳаётлар, «эркин муносабатлар» орзусида тамшанишяпти. Худди шу ленталар таъсирида феъл-атвори, юриш-туриши, ҳаёт ва атрофдагиларга муносабати салбий томонга тез ўзгариб бормоқда.

Ғарбнинг тийинни ҳам ҳисоб-китоб қиладиган ва ёндирилган гугурт чўпини ҳам текинга бермайдиган сармоядор ва молия корчалонлари анчагина пул турадиган ана шу филмларни намойиш қилиш учун «сахийлик» билан текинга тарқатаётганидан таажжубга тушаётган бўлсангиз керак. Йўқ, улар Хотами Тойига мурид бўлишгани ҳам йўқ, ақлдан ҳам озишмаган. Шунчаки, шармандали «маданияти»ни ҳали бузилишга улгурмаган янги мустақил мамлакатларга ёйиш илинжида уйқуси қочган Ғарб демократиясининг топшириғини бажаришяпти, холос.

Улар мўлжални бехато олишганди. Пухта ўйланган сиёсатнинг дарахтлари ҳозирданоқ куртак чиқармоқда. Тез орада аччиқ мевасини ҳам теришга тўғри келмаса эди. Ёшларнинг ана шундай сериаллар таъсирида улғаяётган янги бир авлоди пайдо бўляпти. «Кока-кола болалари», деб ном олган бу авлодни таниб олиш унчалик қийин эмас. Бу йигит-қизлар учун тақиқ, деган нарсанинг ўзи йўқ. Иш ёки ўқиш, деса, лабларига учуқ тошади. Ота-оналаридан ярим дўқ, ярим илтимос билан ундирилган пулларга такасалтанглик билан кун ўтказишади. Умрларини бар, ресторан, тансахоналарда совуришади. Гаплар ҳам бўлакча: инглизча, ўрисча, ўзбекча сўзларни аралаш-қуралаш қилиб бидирлашади. Ота-онага бақириш, ақл ўргатиш, катталарнинг насиҳатига бурун жийириш, ёш-ёш қизчаларнинг бўяниб, ярим яланғоч, беҳаёларча кийинишлари, йигит-қизларнинг кўча-кўйда бемалол ўпишаётганлари бугун одатий ҳол бўлиб қолди.

«Ана шу сериаллар таъсирида катта бўлаётган дўстимнинг тўрт ёшли ўғли нонуштада онасига «Чойдан қуйинг, севгилим!» деб мурожаат қилиши ҳаммамизни сергак торттириши керак. Ҳали мактабга бормаган ёш қизалоқнинг онасига «Фалончи фалончидан ҳомиладорми ёки пистончиданми?» деб савол бериши ҳам ҳаммамизни ҳушёрликка чорлаши даркор. Бу катта фожеадан, даҳшатли хавфдан дарак беряпти. Ёш-ёш қизчаларимизнинг ана шу сериаллар қаҳрамонларидан нусха кўтариб кийинишлари, уларнинг сўзлашув ва қилиқларига тақлид қилишлари, энг ачинарлиси, ҳаётда ҳали тажриба орттирмаган ёш келин-куёвларнинг уларга ўхшамоқчи бўлиб, турмушлари барбод бўлаётгани шарқона ахлоқимиз инқироз сари «дадил» қадам ташлаётганидан хабар қиляпти. Бу халқнинг менталитетига қилинаётган суиқасддан бошқа нарса эмас» («Моҳият» газетаси, 2002 йил 22 ноябр, 46-сон).

Тўғри, барча телесериалларнинг савияси ҳам бирдай ёмон эмас. Япониянинг «Ошин», Жанубий Корея киночиларининг халқимиз руҳиятига яқин, самимий қувонч ва изтироблар манзарасини акс эттирган бир қатор филмлари ҳам намойиш этилди. Аммо булар оз бўлгани учун балчиққа тушган бир неча томчи зилол сувдай сезилмай кетди.

Ёшлар қалбига хўжайинликни даъво қилаётган биргина телевидениенинг ўзи эмас. Ёмғирдан кейинги қўзиқориндай потирлаб пайдо бўлаётган, «дам олиш», «кўнгилочар», «ҳордиқ», «оилавий», деган номларга ниқобланиб олган айрим «газетача»лар хориждаги «сариқ матбуот»дан ўзса-ўзадики, ортда қолмайди. Уларнинг мундарижаси ҳам деярли бир хил. Булар ҳам аллақаёқда яшайдиган бир беҳаё артистнинг шармандаликларию қанча пул топиши, миллатининг тайини йўқ қиз-йигитнинг ишқий можароларию кишини сескантириб юборадиган қонли жиноятнинг энг майда-чуйда тафсилотлари ҳақидаги мақолалар билан тўлиб-тошган. «Газаги»га албатта беш-олтита суюқ латифа, ҳеч қандай тайини-асоси йўқ «мунажжим башоратлари», савияси ғовлаб кетган ёки саводсиз кишиларга мўлжалланган бошқотирмалар тортиқ қилинади. Бу бошқотирмаларни ечишга бош қотириш ҳам шарт эмас. Кап-катта акахон ва опахонлар «Қишнинг русча аталиши», «Баҳорда пишириладиган наврўз таоми», «Ака ва …», «Хоразм вилоятининг маркази» каби ўта «мураккаб» саволларга жавоб топганларидан қувониб, доноликларидан фахрланиб юришибди. ҒМда ишлайдиган радиолардан бирининг бошловчиси берган «Япониянинг пул бирлигини айтинг», «Дунёдаги биринчи фазогир ким эди?» деган саволларга телефоннинг нариги томонида турган институт талабаси «Ака, озгина ёрдамлашиб юборинг», деганида ана шу «газетача»лар ёшларимизнинг савиясини қай аҳволга тушириб қўйгани очиқ-ойдин фош бўлди.

Хўш, ана шу руҳда вояга етган ёшлар эртага ким бўлиб етишади? Мамлакатни шундай савияда улғайган ёшлар бошқарадими? Дунёга Бухорий, Марғиноний, Мотуридий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Фарғоний, Амир Темур, Алишер Навоий каби буюк инсонларни берган улуғ мамлакатнинг келажаги шундайларнинг қўлига қоладими? Мисрлик машҳур шоир Аҳмад Шавқийнинг «Миллатлар ахлоқи билан миллат бўлади, ахлоқи кетса, миллат ҳам кетади», деган ҳақ сўзлари бир эсланса, ёмон бўлмас эди…

Ғарбнинг дунё қарғишига учраган поп-музикасини ҳам юртимиз маданий ҳаётига зўр бериб тиқиштиришяпти. ҒМ тўлқинларида ишлайдиган ўнлаб радиолар, телевидение эртадан кечгача «эстрадамиз ёрқин юлдузлари»нинг тутуриқсиз «ашула»ларини эшиттириш, кўрсатишдан чарчамаяпти. Соҳа билимдонларининг ҳисобича, ҳозир танилган 28 минг қўшиқчи бор эмиш. Танилмаганларининг адади эса бундан ҳам ошади, дейишади. Демак, бунча ашулачига эфир вақти етказиш ҳам осон бўлмаса керак.

Тинмай берилаётган «қўшиқ»ларнинг мазмуни, савиясига маймунлар аза тутиб юборади. Битта қўшиқда юзлаб марта «севаман» деявериб, шундай табаррук туйғунинг баҳосини сариқ чақа қилиб юборишди. Қўшиқларнинг йўналиши бир хил: «севаман», «кўп кутдим», «қачон келасан?», «нега бошқани дейсан?», «ўлдим-куйдим» каби тумтароқ, ҳеч қандай завқ бермайдиган сўзлар йиғиндисини ғарб оҳангларидан ўғирлаб қилинган мусиқавий бўтқага аралаштириб тортиқ қилишади. Хоҳланг-хоҳламанг, кўнглингиз айниб, ўхчиб ётсангиз ҳам, уларни «истеъмол» қилишга мажбурсиз...

Шарқ ва учинчи дунё мамлакатларида ўзликка қайтиш ҳаракати кенгаяётган экан, Ғарб олдида ўзининг меъдага теккан маданиятини кимга тиқиштириш муаммоси тез-тез кўндаланг бўлмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу бузуқ маданият ва унинг ажралмас қисми – поп-музика мусулмон ўлкаларга қанча кўп тиқиштирилса, фойдаси шунча кўп бўлар эмиш. Ваҳоланки, ғарбликларнинг ўзлари ҳам бу маданият аллақачон сийқаси чиқиб бўлганини, унинг зарарлари миқёсидан Ғарб ҳали-бери ўзига келолмаслигини, бутун бир авлоднинг маънавий дунёси бой берилганини ўкинч-алам билан ёзмоқдалар.

Рус маданияти арбобларидан бири Андрей Кончаловский «АиФ» мухбири билан суҳбатда шундай дейди: «Ахборот мўл-кўллиги инсониятнинг руҳий-маънавий тажрибасини еб битиряпти. Ахборот кўпайгани сайин унинг мазмуни йўқолиб боряпти. Интернет – мағзавахона, телевидение – мағзавахона, «Макдоналдс» – мағзавахона. Америка поп-маданияти бутун дунёга фаол тиқиштирилаётганига қарамай, унинг Америка маданиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ!» («АиФ», 2004 йил, 7-сон.) Бу ташбеҳларга эътироз билдиришнинг ҳожати бўлмаса керак!

Ғарб дунёсининг ўзи бугун ана шу бузуқлик тантанасининг жабри-жафосини тортиб ётибди. Америкада миллионлаб аёллар оиласиз яшаяпти, улар оила қуриш, фарзанд туғиб-тарбиялаш, деган тушунчаларни аллақачон унутиб бўлишган. Демократиянинг яна бир устуни Англия марказий статистика бюросининг маърузасига кўра, мамлакатдаги ҳар юз нафар чақалоқдан йигирма учтаси никоҳсиз, зинодан дунёга келган. Газеталарнинг бирида Британия қироллик соқчилари полкида янги аскарларни зўрлаш авжига чиқаётгани ёзилган. Тимоти Ж. Уинтер (Абдулҳаким Мурод) ўзининг « XXI асрда Ислом» китобида ёзишича, Лондондаги оила қадриятлари хусусида ваъз айтувчи 900 нафар руҳонийнинг 200 нафари бесоқолбозликка мойил экани ҳақида турли гап-сўзлар юрибди… Англиянинг «Гардиан» газетаси бундай ёзади: «Балоғатга етмаган 200 минг нафар қиз оталарининг ўз номусига тажовуз қилмоқчилигидан ҳимоя қилишни сўраб судларга мурожаат қилган». Британияда оила қурганларнинг учдан бири тезда ажрашиб кетади. Франсияда ўқувчи қизларнинг 48 фоизи ўтказилган сўровга кўра, никоҳсиз туғишни айб санамайди. Тайланддай кичкина мамлакатда бир миллион аёл фоҳишабозлик билан машғул. Ҳозир дунёда миллионлаб кишилар ОИТС (СПИД), тери-таносил касалликларига мубтало бўлган. ОИТС туфайли ҳалок бўлганларнинг сони 30 миллионга етиб қолди. Қўйди-чиқдилар, ўз жонига қасд қилишлар, етим болалар сони бўйича ҳам «эркин дунё» ҳаммадан олдинда. Нима, бизлар ҳам шу йўлдан боришимиз, уларнинг хатосини такрорлашимиз керакми?

Бугунги йигитларга ниҳоятда қийин: уларнинг олма-кесак терувчи кўзлари ҳар қадамда яланғочлик, тиқмачоқ бичимларга тушади. Ҳар қадамда сийнасини, киндигини, баданининг бошқа уят жойларини очиб, кўз-кўз қилиб кетаётган қиз-жувонларнинг шармандаликларига гувоҳ бўлади. Турли йўллар билан мамлакатга четдан олиб келинаётган фаҳш тўла газет-журналлар, китоблар, филмлар ёзилган тасма ва дисклар билан «танишиб» қони жунбушга келади. Қони қайноқ Шарқ йигитларини ана шу бузуқ жозибалар исканжасига олади. «Эркин жинсий муносабатлар»га чорлаётгандек туюлади. Бош-кўзини айлантиради. Охири улар ҳам шаҳвоний ҳирсларнинг қурбонига айланади. Ғарб ҳозирда бошдан кечираётган, ҳасратини кимга айтишни билмай боши қотган «жинсий инқилоб»нинг оғусидан уларнинг ҳам тотишига тўғри келади.

Дарҳақиқат, Ғарб олами мусулмон халқларни на моддий, на маънавий жиҳатдан енга олмагач, турфа хил, ақлга сиғмас усуллар билан курашни кучайтирмоқда. Вайрон қилиш кучи ниҳоятда катта ғоявий қирғин урушини бошлаган. Бу кучли босимга нимани қалқон қилишимиз мумкин? Чораси – ўзимизда. У ҳам бўлса, ўтмишда ҳатто Ғарб илҳом олган ва таъсирланган бебаҳо меросимиз, мукаммал илмимиз ва Ислом динимиздир. Авлодни авлод қилиб танитгувчи, ижтимоий ҳаётни ахлоқ назоратида, Ислом мувозанатида тутувчи нарса эса ана шуларга таянган уч асос: оиладаги она, дин кишилари, таълим ва муаллимдир. Бир дардкаш Шарқ мутафаккири айтганидай: «Фарзандлари тарбиясига лоқайд қараган миллатлар инқирозга маҳкумдир. Уларни бегона қўллар ва бегона маданиятга таслим этганлар ўзини йўқотишга маҳкумдир. Бугунги кунда тузумнинг юзи қоралари ҳисобланган ожизлар, золимлар, ароқхўрлар, бузуқлар, бангилар, исёнкорлар кечаги кунда тарбиясига бепарво қаралган болалардир».

Жаъфар АБДУЛМЎМИН

back to top