Китоб ўқишни унутиб қўйдик…

Олмония пойтахти Берлиндаги Миллий боғда сайр қилиб юрувдим. Боғдаги жуда кўп ўриндиқларда фарзанди ёки набирасини ўйнатгани чиққан немислар қатор ўтиришарди. Мени таажжубга солган нарса: ҳамманинг қўлида китоб.

Дарахтлар соясида, майсазорларда, махсус қумлоқларда ўйнаб ўтирган кичкинтойлардан бохабар бўлган ҳолда ҳамма ёппасига китоб ўқиб ўтирарди. Ҳавасим келиб кетди. Кейин Масковда ҳам одамларнинг метро вагонларида, бекатларда, боғларда, ҳатто харид учун навбатга турганда ҳам китобни қўлдан қўйишмаганини кўриб қойил қолгандим.

Дарҳақиқат, китоб улкан мўъжиза. Бир донишманд айтгандай, «китоб ҳаётнинг эгри-бугри сўқмоқлари, алғов-далғов паст-баландликлардан ўтишда инсонга мадад беради, ғамли онларда юпатади, касаллик пайтида оқсоч вазифасини ўтайди, ёлғизлигида ўртоқ бўлади». Овқат еб жисм, тананинг эҳтиёжларини  қондирганимиз каби китоб ўқиб руҳимизни баркамол қиламиз.
Аммо бугунга келиб, китоб ўқишни унутиб қўйдик. Кўп вақтимиз беҳуда юмушлар билан ёки телевизор қаршисида ўтадиган бўлиб қолди. Баъзан шатранж, нард тахтаси устида, гоҳо бекорчиликда, ғийбат-шикоятлар билан кунни кеч қиламиз. Аммо китоб ўқишга хафсаламиз келмайди.

Яқинда бир танишимиз икки қўшнининг суҳбатига гувоҳ бўлибди. Уларнинг бири иккинчисига дермиш:
–Шу-у,  кичик ўғилчадан тузукроқ одам чиқмайди шекилли.
–Нега ундай дейсиз? –ҳайрон бўлибди иккинчиси,–Ўғлингиз одобли, эсли, ҳушли….
–Э, китоб ўқигани ўқиганда. Китоб қорин тўйғизармиди!–дебди биринчиси хафсаласи пир бўлиб.
Ана, сизга айрим одамларнинг китоб ўқишга бўлган муносабати. Бу ҳам холва шекилли. Яқинда радиожурналистлар кўчада ўнлаб одамларни тўхтатиб, «Ҳозир нима китоб ўқияпсиз?» деб сўраб чиқишди. Жавоблар жуда ачинарли ва ташвишли: бир икки кишини истисно қилганда сўралганларнинг аксарияти китоб ўқимаслигини,  вақти етишмаётганини, бунга эҳтиёжи йўқлигини, яхши китоблар чиқмаётганини рўкач қилиб кўратишган. Ёки мана бунга нима дейсиз: танишларимдан бири эҳсон қилиб, ҳамкасбларини уйига таклиф этди. Тантанали маросим бўлгани учун бир жуфт ноёб китобни қоғозга ўраб, совға қилиб олиб бордим. Танишим совғани қўлимдан олди-ю, китоблигидан хафсаласи пир бўлиб, уни диванга улоқтирди. Қадрига етмаган кишига китоб совға қилганимга минг бора пушаймон бўлдим.

Ҳа, бугунги бозор шароитида китобнинг қадри тушгандек  туюлади. Бир-биримизга китоб совға қилмай қўйдик. Икки зиёли учрашса китоб муҳокамаси бўлмай қолди. Китоб дўконлари секин-аста ёпила бошлади. Энг даҳшатлиси кутубхоналар кескин камайиб кетди. Борларининг китоб фонди ҳолига маймунлар йиғлайди. Бир вилоятдаги марказий кутубхонага китоб харид қилиш учун 50 минг сўм пул ажратилибди. Бу росмана 25-30та китоб дегани.

Яқин ўтмишимиздан оталаримизнинг айтиб беришларича, тонгги нонушта пайтида, кечки овқат маҳали бутун оила аъзолари битта дастурхон атрофига тўпланиб овқатланишган. Таомдан сўнг албатта китобхонлик бўлган. Оила каттаси ёки саводхони китоб ўқиб берган, бошқалар тинглаган. Булар Қуръон тафсири ёки ҳадис шарҳи  каби диний китоблар бўладими, Абу Муслим, Иброҳим Адҳам, Маликаи Донишманд  ҳақидаги ривоятлар бўладими, Фузулий, Сўфи Оллоёр, Яссавий, Машраб, Бедил шеърлари бўладими–барибир эшитувчиларга завқ берган, болаларнинг тарбиясида ёрдами теккан. Ёшлигиданоқ кимдан ибрат  олишни, яхши-ёмонни, ҳалол-харомни айиришни ўргатган. Нега ана шундай ажойиб усул бугун йўқ бўлиб кетди?

Авваллари кўп китоб йиққан зиёлилар, ёзувчилар уйларида оилавий кутубхоналар ташкил этишганди. Ҳабибулло Қодирийнинг ёзишича,  оталари Абдулло Қодирий ўз уйида  кутубхона ташкил этган, бир неча йил маҳалладаги ёшларга  китоб тарқатиб зиё улашган эканлар. Маҳалладаги бекорчи, ошиқ отиб, қимор ўйнаб ҳамманинг ғашига  теккан ёшлар ана шу        кутубхона сабаб бўлибми, келажакда муаллим, зиёли одамлар бўлиб етишишган.
Яқинда таниқли олим, профессор Исматуллоҳ Абдуллаевнинг бир неча минг жилд китобини Наманган Университети талабаларига туҳфа қилганини эшитиб, қани энди шундай олийҳиммат зиёкорлар кўпроқ бўлсайди, деб ўйлаб қоласан.
Илгари ҳам ҳозир ҳам айрим саховатпеша бойларимиз ўз маблағларига янги чиққан ибратли, фойдали китобларни сотиб олиб, китобнинг чин шайдоларига     текинга тарқатишганини кўп эшитган эдик. Аммо ҳозир бундайлар озайиб боряпти. Ҳатто китобини чиқаролмай юрган ёзувчи ёки ноширга елка қўйиб юборадиган олийҳиммат сармоядорлар ҳам камайиб кетди.
Китобнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Муҳаммад Жабалрудий ёзганидек «Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди, суҳбатидан кишига малол етмайди… Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради»   Шундай экан, қачон бу дўст ила ошно тутинамиз? Қачон уйимизда, дастурхон устида китобхонлик қилиб, фарзандларимизга илму-одобдан сабоқлар беришга киришамиз? Қачон яна китоб дўконлари ва кутубхоналарга юришни бошлаймиз?
Бу саволлар ҳамон жавобсиз…

back to top