Бойлик нима? (Ёҳуд шу пайтгача ўрганилмаган таҳлил!)

Бу масала бугунги кунда ҳам, илгарилари ҳам ўта жиддий масалалардан бири бўлган. Чунки бойлик ҳақида шу қадар турлича қараш мавжудки, уларнинг барчасини ўқиб, инсон бир тўхтамга кела олмай қолади. Баъзилар: «Ислом бойликни қоралайди, ҳадисларнинг аксарига қарасак, бойлик зарарли эканлиги айтилган, шунинг учун иложи борича инсон камбағал бўлиши керак!» деган сўзларни айтишади.

Бошқа тоифа кишилардан эса: «Ислом тарихида жуда кўп бадавлат кишилар ўтган, жаннатга тушишини тириклигидаёқ эшитган ўнта саҳобийнинг ярмидан кўпи бой кишилар бўлган, ислом бойликни қораламайди, аксинча, мусулмонлар қанча бой бўлишса, шунча яхши», деган гапларни эшитамиз. Хуллас, атроф-жавонибда бойлик масаласи ҳақида турли-туман фикрлар мавжуд.

Юқоридаги ҳолатларни ўрганиб чиқиб, биз бу масалада ЎРТАДА турмоқ афзал эканини айтамиз. Яъни, ислом бойликни қораламайди, мусулмонлар ичида бой-бадавлат кишилар кўпайгани яхши, дейди, бироқ бойлик инсоннинг охирати учун зарарли бўлса, ундан хатарлироқ нарса йўқлигини ҳам баён этади. Чунки Расули акрамнинг мавқелари шундай бўлганки, мўмин кимсага бойлик фойдали бўлса, у бой бўлгани, зарар бўлса эса, фақир ўтгани хайрли, деб ҳисоблаганлар. Бунга ҳаётий далиллар тўлиб ётибди.

Тарихда қайсики қавм ҳалокатга учраган бўлса, у бойликка ружуъ қўйганидан шу ҳолга тушган. Чунки инсоннинг табиатида бой бўлганидан сўнг кибр отлиғ туйғу пайдо бўлади. Мана шу туйғуга кўпчилик енгилади. Пайғамбаримиз ҳам ўз ҳадисларида инсон учта ҳолатда ўзгаришини баён қилганлар. Ана шу ҳолатлардан бири қўлига катта бойлик тушганидадир.

Тарихда ўтган солиҳ инсонларнинг қай бири бой ўтгани ва қай бири фақирлик остонасида кун кечиргани ҳақида у қадар кўп муҳокама қилинмайди. Чунки солиҳликнинг белгиси ҳеч қачон бойлик бўлиб келмаган. Бойлик фақатгина инсонга берилган синовдир. (Қаранг, "Талоқ", 7)

Ҳазрати Али томонидан айтилган машҳур бир гап достонга айланаёзган: «Бирон бир кимса оч қолса, қайсидир бойнинг хасислиги туфайли оч қолибди!» Бу жумлалардан чиқадиган маъно шуки, Жаноби Ҳақ инсониятнинг ризқини ҳаммага ҳар хил қилиб берган-у, бандалар эҳсон, садақа ва закот орқали бир-бирларининг ҳолларидан бохабар бўлиб туришларини шарт қилиб қўйган. Бу йўналиш Раззоқ Зотнинг чексиз ҳикмати ила содир бўлган! У кимга бойликни ато этган бўлса, у ўша бандасини жиддий синовга таклиф қилгани аниқ. Кўпчилик бойлик берилишини исташади-ю, аслида бу ўта жиддий имтихон йўлакчаси эканлигини ёддан чиқаришади. Бу бойликка бардош берган кишилар тарихда иймон ва амал масаласида ҳам ўзларига яраша қийинчиликларга дуч келганликларини бироз унутиб қўйишади.

Инсон бой бўлса, қўлида пули кўп бўлса, яшаши осон кечади. Бу – тўғри, аммо шу миқдорда ҳотиржамлиги йўқолиши ҳам бор гап-да! Бой кишилар ҳар доим фақир-мискинлар сингари ўз уйларида ҳотиржам ухлай олишмаган. Ҳотиржам ухлашликни исташса, камбағал бўлиб ўтишлари талаб этилади. Худонинг кўзга кўринмаган бир қонуни мавжудки, у худди сув қирғоққа келиб урилиб, ортига қайтиб тургани каби, албатта, ўз чегарасига келганда тўхтайди. Мана шу буюк чегара бой кишиларнинг ҳаётида яққол намоён бўлади.

Ҳолиқ Зот бир бойга кўп мулк берган бўлса, уни яхши кўрганидан эмас, балки унинг иймонини текшириш учун берган бўлади. Бир кимсанинг камбағал бўлишини ирода этган бўлса, уни ёмон кўрганидан эмас, балки мана шу ҳолатида ҳам қуллигини унутиб қўймасин, деган буюк имтихони учун хоҳлаган бўлади. Бирон бир инсон унутмасинки, бойлик ва фақирлик шу пайтгача инсониятнинг ўлчови бўлиб келмаган. Кимдир бой бўлиб синалади, кимдир эса фақир бўлиб! «Дунё Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотичалик қадрли бўлганида, унда кофирни бир ҳўплам сув билан ҳам суғормасди!» деган мазмундаги машҳур ҳадис фикримизга далилдир.

Тўғри, тарихимизда жуда кўп аҳли давлат кишилар ўтган. Уларнинг аксари савдогар бўлиб, тижорий соҳада ўрнак бўларли ишларни намойиш этишган. Шунинг учун ҳам уларни тинмасдан ривоят қиламиз, тарихларини йиғлаб ўқиймиз. Усмон, Талҳа, Абдураҳмон ибн Авф ва бошқа бир қатор саҳий зотлар томонидан кўрсатилган мурувват достонларга айланган. Кейинги асрларда ҳам саҳоватлари билан танилган Абу Ҳанифа, имом Молик ва бир қатор забардаст уламолар ҳаётини тингласак, кўзимизга ёш келади. Бу воқеотларни ўқиган кимса, «қанийди мен ҳам бой бўлсам, тинмасдан саҳоват кўрсатардим, жуда кўп ажрлар билан жаннатга сазовор бўлардим», деб юборади. Аммо бу ерда банда ана шу бойлик уни жаннат сари эмас, балки жаҳаннам қаърига етаклаб кетувчи восита бўлиб қолиши хусусида ўйлаб кўрмайди. Чунки Ҳақ таъоло ҳар бир бандасининг ҳолатини ўша бандасининг ўзидан яхши билгани учун, унга керакли миқдорда неъматларини ато этади. Агар инсон ўзига катта баҳо бериб, ҳаддидан ошадиган бўлса, Парвардигорнинг синовига бели синиб қолиши ҳеч гап эмас. Банда бу ерда асосий масала бойликда эмаслигини билиши лозим. Асосий масала иймонда. Иймон қанча бақувват бўлса, шунчалик буюк мақомларга эришади. Агар иймон дош бермайдиган бўлса, Абу Хурайрадан келган ҳадисга кўра, биринчи бўлиб дўзахга улоқтириладиган кимса ҳам "саҳий бой" эканлигини эслатиб ўтамиз. Унинг саҳийлиги одамлар орасида машҳур бўлиб кетганидан, ҳамма уни "жаннатнинг юқори даражаларидан бирида бўлади", деган эди. Аммо...

Демак, гап бойликда эмас экан. Агар гап бойликда бўлганида, биринчи навбатда пайғамбаримизнинг ўзлари бойликка интилган бўлардилар. Бу зоти шариф инсониятга ибрат бўларли даражада тақво йўлини танладиларки, уйларида бир неча кунлаб қозон қайнамаган пайтлари бўлди. Шунингдек, умматларига дуо қилишни ўргатганларида, фақирликдан паноҳ сўрадилар. Бу қадар ўртада туриш, бу қадар масаланинг моҳиятини очиб бериш фақат пайғамбаримизнинг дорулфунунларидагина бўлган, деб ўйлаймиз. Чунки сарваримиз ўз умматларига энг асосий нарсани ўргатиб кетдилар – бойлик ҳам, фақирлик ҳам Худодан!

back to top