Ислом қандай дин?

Ислом барча замонларнинг ва ҳамма умматларнинг динидир. Олдин ўтган пайғамбарларники каби муайян аср, баъзи замонларгагина тегишли муваққат дин эмас. Исломгача барча пайғамбарлар маълум бир замонга юборилган бўлсалар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматга қадар боқий бир шариат эгаси, пайғамбарларнинг охиргиси, якунловчисидирлар. Исломдан кейин бошқа шариат келмайди. Қуръони каримдан сўнг бошқа китоб тушмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин бошқа пайғамбар келмайди.

Ислом бир уммат ёки замон билан чегараланмаган экан, демак, бирор макон, миллат, халқ ёки табақа билан ҳам чегараланган эмас. Ислом барча миллатлар, жинслар, халқлар ва табақаларга баробар хитоб қиладиган кенг қамровли умумий бир диндир.
Ислом Аллоҳнинг «танланган халқи» деб билинган айрим халқларнинг рисолати эмас, балки бутун инсоният ҳаётининг ҳамма томонларини қамраган, инсоннинг бутун борлиғини ўз ичига олган ягона диндир.
Ислом Ернинг барча иқлимларини ўзига бўйсундириш ва барча бойликларни талашни шарт қилиб олган муайян бир иқлимнинг рисолати ҳам эмас, балки Ер юзининг барча минтақаларида мислсиз адолат ва ҳурриятни жорий қилувчи ягона диндир.
Ислом бошқа табақаларни ўз манфаатига, хоҳишига бўйсундиришни кўзлаган камбағал ё бойнинг, кучли ё кучсизнинг, умуман муайян бир табақа ёки синфнинг рисолати эмас, балки ҳамма миллат ва табақалар ўртасида тенглик-тотувликни иҳота қилувчи, барча дунё ва охират ишларини қамровчи улуғ бир диндир.
Ислом инсоннинг руҳи қолиб ақлининг, жисми қолиб руҳининг ёки туйғулари қолиб қуруқ фикрининг рисолати эмас, балки у инсоннинг бутун борлиғи – руҳи ва ақли, жинси ва замири, иродаси ва виждонининг рисолатидир, ҳар бир инсоннинг, дунёдаги барча комил инсонларнинг динидир. 
Ислом уммати ана шу рисолат ила шарафланган, бу рисолатга ҳамиша содиқ қолишга байъат берган, бу рисолатни асрлар оша бутун инсониятга етказишга вазифаланган саодатманд умматдир.
Умматларнинг энг мўътабари, сараси ва олийи Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси, бутун инсониятга ибрат бўладигани, бошқа инсонларни эргаштирадигани ҳам Ислом умматидир. Умматларнинг энг пешқадами,  афзали ва собитқадами ҳам Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таоло «Сиз одамлардан чиққан энг яхши уммат бўлдингиз» деган (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Бу умматнинг Китоби Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун инсониятга индирилган илоҳий дастурдир. Ҳукми қиёматгача амалда бўладиган ва ақлларни лол қолдирадиган Қуръони каримдир. Аввалги самовий китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилиб, қўшимчалар киритилиб аслиятидан узоқлаштириб юборилгани ҳолда, Қуръони каримни қиёматгача бирор ҳарфини ўзгартирмасдан муҳофаза қилишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган.
Бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳозиргача тарих кўрган барча пайғамбарларнинг энг аълосидирлар. Бу зот бутун инсониятга йўлбошчи ўлароқ юборилган Коинот сарвари ва фахри, инсонларнинг энг афзали ва комили, мусулмонларнинг қиёматдаги шафоатчиси, Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггисидирлар.
Бу умматнинг ҳатто қибласини ҳам Аллоҳ таоло дунёдаги энг афзал қибла қилиб қўйган. Қибламиз саналган Каъба Ер куррасидаги қуруқликнинг қоқ киндигида, айни марказида, заминнинг энг табаррук ва муқаддас бир ерида жойлашганини ҳатто мусулмон бўлмаган олимлар ҳам тан олиб ёзишди ва ёзишяпти.
 Ислом дини инсонларнинг бир-бирларидаги ҳақларидан тортиб, жамиятдаги муносабатларнинг ҳамма қирраларигача шуғулланади, ислоҳ қилади. Инсонлар ҳаётининг бирор соҳаси йўқки, у ерга Ислом кириб бормаган бўлса. Кишилик жамиятининг бирор муаммоси йўқки, Ислом уни ҳал этиб бормаган бўлса.
Ислом иймон ва куфрни, яхши ва ёмонни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаб беради. У фарзандни қандай эмизишдан тортиб, марҳумни қандай дафн этишгача, меросни қандай тақсимлашдан тортиб, етимлар ҳаққини ҳимоялашгача, жониворларни қандай овлашдан тортиб, уй ҳайвонларини қандай сўйишгача, ота-онани қандай ҳурматлашдан тортиб, бемордан қандай ҳол сўрашгача, қандай кийинишдан тортиб, қандай еб-ичишгача, қандай олди-сотди қилишдан тортиб, қўшни билан қандай муносабат ўрнатишгача ва ҳоказо – ҳамма нарсани қамраб олган. Динимиз аралашмайдиган, ислоҳ қилмайдиган, таъсир ўтказмайдиган, муносабат билдирмайдиган бирор соҳанинг, ҳатто энг майда-чуйда нарсанинг ўзи йўқ.
Бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради.
Бу шундайин динки, мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёллар шаънини кўтаради.
Бу шундайин динки, инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик, туғилгандан бошлаб ҳур, озод бўлиш, одил судлов, эркин сафар қилиш ва кўчиш, уйланиш ва оила қуриш, ислоҳ қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини кафолатлайди. 
Ислом динига иймон келтириш, унинг ақийда, шариат, ибодат, ахлоқ, одоб каби асосларига, арконлари ва вожибларига амал қилиш – Аллоҳга бўлган иймоннинг шартидир. Ким ушбуни қабул қилса, мусулмондир, уни рад этса, кофир бўлади.
Ислом ўз шавкати билан фитрий чин инсонлигимизга қайтишга имкон беради. У иймонимизни асровчи, хасталикдан қутқарувчи турмуш тарзи билан ҳаёт уммонидан сузиб ўтишга имкон берадиган нажот кемасидир. Ислом Аллоҳ юборган динлар ичида хотима, қиёматгача барча даврлар ва жамиятлар учун баб-баробар жавоб берадиган ва хизмат қиладиган ягона диндир. Бу дин «Илгариги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар этиб юборилганди, мен бўлсам ер юзидаги барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим», дея баралла эълон қилган хотамун набий Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган илоҳий дастурдир.
Абдуллоҳ ибн Ҳузаймани Рум империяси ҳукмдори ўз динига даъват қилганида, агар унинг динига киришга кўнса, дунё молининг ярмини ва қизини бермоқчи бўлганида рад қилдирган, иймонни асраш учун қизиб турган қозонга ташланишига рози қилган ҳам Ислом эди.
Халифа Умар ибн Хаттобни «Дажла қирғоғида бир чўпоннинг қўзисини бўри олиб қочса, Аллоҳ халифа Умардан сўрайди», деб нола-изтироб чектирган, Аллоҳдан қўрқиб ўн икки ямоқ ҳирқада юришга, амирлик саройида тунашдан воз кечишга мажбурлаган ҳам Ислом эди.
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифани бир кийимнинг нуқсонини айтишни унутиб сотиб юборгани учун тижоратдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан ажрашиб кетишга ва савдодан тушган ҳамма пулни эҳсон қилиб юборишга рози қилган нарса ҳам Ислом эди.
Муҳожир саҳобалар ичидаги аҳли суффани  юпун кийимга, оч-наҳор юришга, масжид ёнидаги суффани бошпана қилишга кўндирган ҳам Ислом эди.
Муҳаддислар султони Имом Бухорийни охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун барча мол-мулк ва бойликлардан воз кечишга, фақат қотган нон ва сув билан қаноатланишга чорлаган нарса ҳам Ислом эди.
Молик ибн Дийнорни битта бўйра, Мусҳафи шариф ва битта кўзачадан бошқа бисот ушламасликка рози қилган нарса ҳам Ислом эди.
Робиаи Адавияни «Тавбаларимизнинг ўзи тавба-тазарруъга муҳтождир», дея фарёд чектирган нарса ҳам Ислом эди.
Ислом инсониятнинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик-гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик ва солиҳ амалларга даъват этадиган сўнгги Ҳақ диндир!

Аҳмад Муҳаммад

back to top