Биз Ғарбдан орқада эмасмиз!

Биз Ғарбдан орқада эмасмиз!

Яқинда бир шифокор танишим мен билан тортишиб қолди: эмишки, мусулмонлар тиббиёт (медицина) соҳасида илгари ҳам, ҳозирда ҳам Ғарбдан жуда орқада қолиб кетганмиш. Биргина Олмония ва Исроилдаги малакали шифокорлар сони бутун Ислом оламидагидан кўп эмиш. Шифохоналардаги ўринлар сони ва болалар ўлимини камайтириш бўйича ҳам мусулмонлар ҳали-бери ғарбликларга ета олмасмиш. Олдинига унинг бу иддаоларига: “Ҳа энди, уларда касалланиш кўп бўлгани учун дўхтир билан шифохона кўп-да, мусулмонлар унча-бунчага касал бўлавермайди, иннайкейин ғарбда туғилиш йўқ ҳисоби, туғилмаган бола қандай қилиб вафот этсин?”, деб ҳазил билан жавоб қайтармоқчи ҳам бўлдим.

Кейин унинг бунақа ҳазил жавобларни хушламаслигини ва ҳозир ўз фикридан қайтиш нияти ҳам йўқлигини сезгач, ҳазорамизда тиббиётга қанчалик эътибор берилгани билан бир қур таништиришга қарор қилдим. Шифокор танишим фақат биргина масалада ҳақ эди: ҳақиқатан бир вақтлар илм-фаннинг бешиги бўлган, илмнинг деярли барча соҳаларида ўша ғарбликларга устоз бўлган, ҳазораси гуллаб-яшнаган пайтда бутун дунёга ибрат кўрсатган Ислом дунёсининг кейинги асрларда турли тарихий жараёнлар ва илоҳий ирода туфайли бироз ортда қолиб келгани ҳақиқат!
Аммо бу – Аллоҳнинг иродаси! У Ўзи билган ҳикматга кўра, бир даврда баъзи халқларни тараққиётнинг чўққисига чиқарса, маълум вақт ўтганидан кейин уларнинг ўрнига бошқа бир қавм ёки миллатни юксакликка кўтаради. Бу ҳолат янги милодий асрга келиб мусулмонларнинг илмий-техникавий соҳадаги ҳаракат ва ютуқлари ижобий томонга қараб жиддий ўзгараётганида ҳам кўринмоқда. Буни ғарбликларнинг ўзлари ҳам тан олиб ёзишяпти. Ғарб эса жуда узоқ йиллик қолоқликдан кейингина охирги асрларга келиб бугунги тараққиётига эришганини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. “Тегирмон навбати билан” деганларидай, мусулмонларнинг яқин орада яна тарих саҳнасида пешқадамлик қилишлари мумкинлиги унча баҳс талаб этмайдиган ҳақиқат бўлиб кўринмоқда.
Энди ўша ғарбпараст танишимиз билан баҳслашиб, тортишиб ўтирмайлик-да, у ёмонлаётган мусулмонлар бутун тарих давомида бошқа жуда кўп соҳалар қатори тиббиётда ҳам пешқадамлик қилишганини исботловчи далилларни келтириб қўяқолайлик.
Юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид “Ал-Қонун” каби шоҳ асарлари ўн олтинчи асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳаларда Ибн Синодан ўрганганини, ҳатто “медицина” сўзи ҳам унинг номидан олингани ҳақида гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Энди ўша баҳсчи танишим билмаган ёки билишни истамаган баъзи далилларни келтириб ўтсак. Мусулмон олими Собит ибн Қурра (835–902) биринчи марта анестезинни топган. Али ибн Исо эса ўн биринчи асрда буни илк бор кўз жарроҳлигида қўллаган. Бироқ бу кашфиёт 1850 йилга келиб Жанкайники бўлиб кетди.
Али ибн Аббос (вафоти 994) капиляр қон томирларини кашф қилган, минг йил олдин саратон (рак) амалиётини амалга оширган.
Аммор ибн Али ўн биринчи асрда биринчи марта кўз пардаси жарроҳлигини ўтказган.
Абул Қосим Захравий ғарбда замонавий жарроҳлик отаси, деб тан олинган, у жарроҳликда икки юз хил асбоб ишлатган, олим туғишда қўллаган усул ғарбда беш юз йил кейин жорий бўлди.
Усмонли салтанат ҳукмдори Султон Муҳаммад Фотиҳнинг устози Оқшамсуддин (1389–1459) Пастордан тўрт юз йил аввал микробни кашф қилган.
Умуртқа сили ва артрит (бўғимлар шамоллаши) касаллигини биринчи бўлиб аллома Абул Қосим аниқлаган, Потт эса ундан 700 кейин буларни "кашф этди".
"Верем" микробини топгани учун Р. Кочга Нобел мукофоти берилган, ваҳоланки бу микробни ундан 150 йил олдин Камбур Восим (вафоти 1761 йил) топганди.
Исломнинг илк даврларидаёқ, яъни милодий олтинчи аср ўрталарида Ҳорис ибн Килда каби тиббий мадрасани битирган мусулмон табиблари етишиб чиқди. У Пайғамбар алайҳиссалом замонларида яшаган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар саҳобаларининг касали қайталанаверса, унга бориб даволанишни маслаҳат берардилар.
Валид ибн Абдулмалик замонида Исломдаги илк шифохона барпо этилди, у фақат моховларни ажратиб даволарди. Кейин бирин-кетин турли ихтисосдаги шифохоанлар пайдо бўла бошлади, улар “бемористон” номи билан танилган эди.
Исломий шифохоналар доимий ва кўчма бўларди. Кўчма шифохоналардан бири илк бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларидаёқ урфга кирганди. Ҳандақ ғазотида ярадорлар учун махсус чодир (тиббий пункт) тикилганди. Кейинчалик қишлоқма-қишлоқ кўчиб юрадиган кўчма шифохоналар ҳам пайдо бўлди.
Доимий шифохоналарга келсак, улар пойтахт ва шаҳарларни тўлдирадиган даражада кўп эди. Ислом оламидаги кичикроқ шаҳарларда ҳам ўнлаб шифохоналар ишлаб турарди. Масалан, биргина Қуртуба шаҳрида элликта йирик шифохона бор эди.
Табибнинг ўз ҳолича муолажа қилишига рухсат берилмасди. Бунгача у мамлакатнинг катта табиблари олдида имтиҳондан ўтиши, шаҳодатнома олишни кўзлаган фани бўйича рисола тақдим этиши (рисола ўзи ёзган асар ёки машҳур тиб олимлари асарларига шарҳ, изоҳлар бўлиши керак) зарур бўлар эди. У имтиҳонда барча саволларга жавоб берсагина ва ўз иқтидорини исботлай олсагина, унинг табиблик қилишига ижозат бериларди. Ҳижрий 319 (милодий 931) йили айрим табиблар хатоси туфайли бир одам вафот этиб қолганида халифа Муқтадир салтанат пойтахти Бағдоддаги барча табибларни қайт имтиҳондан ўтказишга фармон берган ва Бағдод бош табиби Синон ибн Собит шаҳардаги 864 табибнинг ҳаммасини шахсан ўзи синовдан ўтказган эди.
Барча йирик шифохоналар қошида алоҳида тиббий маъҳадлар (институтлар) ҳам бўлган. Уларда талабалар устозлари билан бирга беморларни муолажа қилишда қатнашишган, бундан бўш пайтларида дарс ва машғулотлар, илмий тажрибалар олиб боришган. Шифохоналарнинг кутубхоналарида тиббиётга оид асар ва дарсликлар етарли бўлган. Масалан, Ибн Тулуннинг Қоҳирадаги шифохонаси кутубхонасида тиббиётнинг турли соҳаларига доир юз минг жилддан зиёд китоб бўлган.
Ўша давр шифохоналарида беморга муносабат ҳозиргилар ҳавас қилгудай даражада бўлган. Касалланиб, шифохонага келган беморнинг исми-шарифи алоҳида дафтарга қайд этилгач, унинг кийимлари ечиб олиниб, ҳаммом қилдирилган ва махсус шифохона кийими берилган. У икки-уч кишилик хоналарга алоҳида каравотга ётқизилган. Уларнинг озуқаси қўй, мол, товуқ ва парранда гўштидан тайёрланган, уларга шифобахш шароблар, табиий дори-дармон ва маъжунлар берилган. Бир ўтиришда битта нон ва бутун бир овуқ гўштини еб тугатган бемор тузалган, деб ҳисобланган. Муолажа охирига етганида у янги кийимлар, ишлашга қодир бўлгунича етадиган маблағ билан таъминланган. Ислом оламида ташкил этилган барча шифохоналар, у Мағрибда ё Машриқда бўладими, Бағдод, Дамашқ, Қоҳирадами, Макка, Марокаш, Самарқанд ё Андалусда бўладими, ҳамма ерда шароит бир хил эди.
Бағдоддаги Азудий шифохонасини ҳукмдор Азуддавла ибн Бувайҳ ҳижрий 371 йили қурдирган эди. Бу шифохонада даволаш жойларидан ташқари улкан кутубхона, дорихона, ошхона ва омборхона ҳам бор эди. Беморларга дори-дармондан ташқари ноёб ичимликлар, мева шарбатлари, атир каби хушбўйликлар бериларди. Мева ва сабзавотлар шифохонага қарашли вақф ерларда етиштириларди.
Дамашқдаги Ан-Нурий ал-Кабир шифохонасидаги қулайликлар бундан ҳам кўп эди. Уни одил подшоҳ, султон Нуриддин аш-Шаҳид ўз пулига қурдирган эди. Султон уни фақат камбағал ва мискинлар ихтиёрига бериб қўйган, барча дори-дармонлар бепул эди. Ҳижрий 580 йили ушбу шифохонани келиб кўрган сайёҳ Ибн Жубайр ундаги шароитлар ҳақида алоҳида рисола ҳам ёзган экан.
Тарихчиларнинг зикр қилишларича, ҳижрий 831 йили фазилатли шайхлардан бўлган бир ажамий (араб бўлмаган) киши Дамашқни зиёрат қилибди. У ан-Нурий шифохонасига кириб, табибларнинг кўплиги, беморларга кўрсатилаётган яхши эътибор, ундаги озиқ-овқат, кўрпа-тўшак ва беҳисоб қулайликларни кўриб, табибларнинг билимини бир синаб кўрмоқчи бўлибди. У ўзини касалга солиб, уч кун шифохонада қолибди. Табиббоши унинг касалини кўргани кириб, томирини ушлаб кўргач, касал эмаслигини, табибларни синаш учунгина келганини сезибди-да, унга тотли таомлар, семиз товуқлар, ширинлик ва ичимликлар, турли мевалар беришни буюрибди. Сўнгра уч кун ўтгач, унга: “Бизда меҳмондорчилик уч кундир” деган сўзлар ёзилган қоғозни тутқазишибди. Шунда ажамий киши ўз мақсадини сезиб қолишганини англаб, секин жўнаб қолибди.
Мисрдаги “Қоловун бемористони” номи билан машҳур бўлган “Ал-Мансурий ал-кабир” шифохонасини султон Мансур Сайфуддин Қоловун амирлардан бирининг ҳовлисини сотиб олиб, қурдирган эди. Унга кириш ва фойдаланиш эркагу аёл, бою камбағал, қулу ҳур – барчага баробар бепул эди. Ундан тузалиб чиққан беморларга бир сидирға янги кийим бериларди. Бордию касал тузалмай вафот этиб қолса, уни шифохона ҳисобидан ювиб-кафанлаб, дафн этишар эди. Ҳар бир беморга малакали табиблардан ташқари, биттадан ходим ва фаррош хизмат кўрсатарди. Ўша пайтдаги ғарб ўлкаларида бўлганидай битта каравотга уч-тўрттадан эмас, биттадан касал ётқизилар эди. Уйида даволанишни истовчиларга ҳам шифохонадан алоҳида табиб бориб хизмат кўрсатар, шу ердан дори-дармон, таом ва ичимликлар етказиб бериларди. Бу шифохонанинг довруғи шунга етдики, ундан соғайиб чиқиб кетганларнинг ҳар кунги сони тўрт минг кишидан ортиб кетди. Энг қизиғи, тузалиб чиқиб кетаётганларга янги уст-бошдан ташқари шифохонадан чиқа солиб ишлашга мажбур бўлмасин, дея икки-уч ойга етадиган нафақа ҳам берилар эди.
Булардан ҳам ажойиби, ҳар бир касалга бошқа бемор ишлатмаган хос идишда овқат улашиларди. Унинг усти маҳкам ёпилиб, шу ҳолатда касалга етказилиши лозим эди. Бундан ҳам ажойиби, сариқ касаллигига чалинганлар алоҳида хонага ёлғиз ажартиб қўйиларди. Бу хонада уларга босиқ, ёқимли куйлар эшиттирилар ёки қиссахонлар турли ривоятларни сўзлаб беришарди. Тузалиш арафасидаги беморларга кулгили саҳналар ўйнаб берилар ёки уларнинг дардини енгиллатиш учун майин овозда ашула айтиб туриларди. Бу ҳолат милодий 1797 йили француз қўшинлари Мисрга бостириб киргунларича давом этди ва бу ажойиб шифохонанинг фаолияти тугади.
Яна бир машҳур шифохонани Марокашда мўминлар амири Мансур Абу Юсуф қурдирган эди. Шифохона ичига турли мевали ва манзарали дарахтлар, гул ва буталар, ҳар хил сабзавотлар экилган эди. Шифохонанинг ҳамма хоналаридан сув айланиб ўтарди. Унинг ҳовлисида тўртта мармар билан ишланган ҳовуз бор эди. Марокашда ҳар бир камбағал ва ғариб унда бемалол даволанар, унинг таъминоти тўлалигича шифохона ҳисобидан эди. Агар бемор камбағал бўлса,тузалганидан кейин ҳам ишлатиб туришга алоҳида маблағ бериларди. Амр ҳар жума куни шифохонага келиб, беморлар ҳолидан хабар олар, табиб ва ҳамшираларнинг муомаласи ҳақида сўраб-суриштирарди.
Шу ўринда Ислом оламидаги шифохоналар фаолияти ҳақидаги сўзимизни тугаллаб, энди ўша пайтдаги Оврупада энг катта ҳисобланган Париждаги “Отел Дею” шифохонасидаги аҳвол ҳақида фаранг тарихчилари Макс Тордо ва Теннонларнинг ёзганларини келтирамиз: “Шифохонада 1200 та каравот бор, шундан фақат 486 таси бир кишига мўлжалланган. Эни беш қадамча келадиган қолганларида одатда учтада олтитагача касал ётдаи. Ҳаво кирадиган туйнуклари йўқлиги сабабли катта заллари сассиқ, жуда зах ва доимий қоронғу эди. Доимо битта залда саккиз юз чоғли касал ерга узала тушиб ётади. Хона торлик қилганидан беморлар полга ёки похол тўшалган ерга устма-уст бўлар даражада тиқилиб ётишади. Бу ҳолатдан одам эзилиб кетади. Ўртача катталикдаги битта каравотда ёш болалар кексалар билан, аёллар эркакларнинг ёнида ётганини кўрасиз (Ишонмаслигингиз мумкин, лекин булар ҳақиқат!) Йўлакдаги аёлни ичтерламадан иситма алангасида ёниб ётган бола билан ёнма-ён ҳолда топасиз. Иккови эса тери касалига чалинган кишининг ёнида ётишибди. Уларга берилаётган таом ҳам тасаввур қилиб бўлмайдиган даржада кам ва бетартиб, узоқ муддатда бериларди”.
Менимча, бу ҳаққоний сўзларга изоҳ беришнинг ёки Шарқдаги ва Ғарбдаги ҳар икки ҳолатнинг қай бири афзал экани ҳақида тортишиб  ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак!

Аҳмад МУҲАММАД

back to top