Logo
Print this page

Асл мурувватнинг эгаси

Кейинги пайтларда диний бағрикенглик ҳақида кўп гапириладиган ва ёзиладиган бўлиб қолди. Гўёки Ғарб демократияси бағрикенгликнинг юксак намунаси эмиш. Исломдагилар эса бошқа конфессиялар вакилларига бағрикенглик қилмаётган эмиш. Чунки мусулмонлар жангари, муросасиз, ўзгалар фикрига тоқат қилолмайдиган маданиятсиз кишилар эмиш. Ғарб олимлари ва тадқиқотчилари, оммавий ахборот воситаларининг бу иддао ва туҳматларида асос бормикин? Келинг, ғарблик «билағон» жаноблар билан тортишиб ўтирмайлик-да, ўтмиш тарихимизга холис назар ташлайлик, воқелик билан яқиндан танишайлик.

Аслида диний бағрикенглик дегани мусулмонлар истилоҳида «мурувват» дейилади. Бу тушунча кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, демакдир.
Ислом динимиз азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри эди, Унинг расули умматга берган кўрсатма эди. Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин» (Моида, 2); «Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз!» (Оли-Имрон, 103); «…Ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки сизлар билан урушиш ҳам, ўзларининг қавми билан урушиш ҳам жонига тегиб, олдингизга келган кимсаларга (тегмангиз!)» (Нисо, 90). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).
Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши эди, эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик эди. Ислом илк давриданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар.
Дастлаб роҳиб бўлган англиялик тарихчи Карен Армстронг «Муқаддас уруш» китобида шундай ёзади: «Муҳаммад (алайҳиссалом) фақатгина Макка мушриклари билан эмас, бир пайтнинг ўзида маҳаллий яҳудий қабилалари ва улар билан тил бириктириб ҳужумни режалаштирган Шом насронийлари билан ҳам урушишга мажбур бўлган эди. Аммо бу унинг қалбида душманларига нафрат туғдирмади, уни аҳли китобни (яҳудий ва насронийларни) лаънатлашга олиб келмади. Мусулмонлар ҳаётларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишди, лекин ўз душманларининг динига қарши муқаддас урушга кирганлари йўқ. Борди-ю, урушишга мажбур бўлиб қолишса, инсонпарварликни унутишмасди. Улар диний хизматчиларни, роҳибларни безовта қилишмасди, урушда қатнашмаётган, ожиз кишилар, аёллар, ёш болалар, кексаларга тегишмас, уларга зарар етказишмас эди. Улар тинч аҳолини ўлдиришмаган, бино ва уй-жойлардан ҳеч бирини вайрон қилишмаган» (Caren Armstrong, «Holy War», London, 1987).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин бу зотнинг ишларини давом эттирган Хулофои рошидин (тўғри йўлдаги халифалар) озод қилинган ўлкалардаги маҳаллий аҳолига, зиммат жамоаларига ва аҳли китобларга мурувват ҳамда бағрикенгликнинг олий намунасини кўрсатишди. Халифа Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу Шом фатҳига жўнаётган қўшинга шундай насиҳат қилган эдилар: «Болаларни, аёлларни, кексаларни ўлдирманг. Хурмо дарахтларига ўт қўйманг ва буталарни кесманг. Туяларни, бошқа ҳайвонлар подасини ўлдирманг… Сиз ўзга ишлар, охират дунёсига хизмат қилиш билан машғул одамларни учратасиз. Шунда уларни ўз ҳолига қўйинг…»
Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ўзга динларга хайрихоҳлиги, меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умарнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди. Бу зот Байтул-Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида «Қуддус ал-Кубро» черковида туришганида аср намозининг вақти кириб қолади. Кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олишмасин, дея бу ерда намоз ўқишдан бош тортгандилар. Шаҳар фатҳ этилганидан кейин кўп ўтмай, Несториан патриархи Иешуйаб Иккинчи дўстига ёзган мактубида шундай сўзларни битган эди: «Худо Ўзининг иродасини ато этган… бу араблар бизга ҳеч қандай зарар етказишмади. Ҳақиқатдан улар динимизга, руҳонийларимизга, черков ва узлатгоҳлармизга ҳурмат билан қарашди» (Ҳорун Яҳё, «Ислом террорни лаънатлайди», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2003 йил, 34-бет).
Тарих давомида улкан ҳудудларни бошқарган мусулмон ҳукмдорлар бошқа динларнинг вакилларига фавқулодда ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишган. Ислом давлатларида яшаган насроний ва яҳудий динидагилар ҳамиша тўла хавфсизликда, тинч-осойишта яшаб келишган, диний маросимларини бемалол ўтказишган. Буни Ғарб тарихчилари ва тадқиқотчилари ҳам, аҳли китобларнинг руҳонийлари ҳам очиқ тан олиб ёзишган. «Исломнинг ёйилиши» китоби муаллифи шундай фикр юритади: «Мусулмонлар қўл остида ўз динларига эътиқод қилишнинг бехавотирлигини англаган христианларнинг туйғулари Кичик Осиё (Онадўли) насронийларининг салжуқий туркларини халоскорлар каби кутиб олишларига сабаб бўлган. Бунинг устига императур Михаил Саккизинчи ҳукмронлиги даврида Кичик Осиёдаги насронийлар Византия империясининг зулмидан халос бўлиш умидида турклардан ўз давлатларига қўшиб олишни сўраганлар» (Tomas Arnold, «The Preaching of Islam», London, 1966, p 68).        
Эътиқодлари учун таъқиб, ўлим ва ваҳшийликларга дучор қилинган, кейинчалик Испания, Португалия католик ҳукмдорлари томонидан қувғин қилинган яҳудийлар Усмонли салтанат ерларида ором-осойишталик топишди. Султон Боязид Иккинчи 1492 йиллари Испаниядан қувғин қилинган яҳудийларни қўл остидаги Эдирна, Ливадия, Тархала шаҳарларига жойлаштирди. Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур салтанатига қарашли барча шаҳарларда ғайримуслим фуқароларга ҳам эркин яшаш, динлари ва урф-одатларига бемалол амал қилиш ҳуқуқи бериб қўйилган эди.
Мусулмон мамлакатларида яшайдиган номусулмон халқлар арзимас солиқ (жизя) тўлаш эвазига мусулмон ҳукмдорларнинг ҳимоясида бўлишарди. Шу ўринда Ислом ҳазорасида машҳур бўлган бир воқеани келтириб ўтиш жоиз: «Музаффар Ислом лашкарлари Дамашқ, Ҳумс ва Суриянинг бошқа шаҳарларини фатҳ этган пайтида ерли аҳолидан уларни ҳимоя ва мудофаа этиш эвазига солиқ (жизя) олишди. Рум императури Хирақл улар билан ҳал қилувчи жангда тўқнашиш учун катта қўшин тўплаётганини эшитган қўмондонлар фатҳ этилган шаҳарларни ташлаб чиқиб, Румга қарши урушиш учун кучларни бир жойга тўплаш керак, деган қарорга келишди. Холид ибн Валид Ҳумс аҳлини, Абу Убайда Дамашқ аҳлини, бошқа қўмондонлар қолган шаҳарларнинг аҳолисини йиғиб: «Биз сизларни ҳимоя ва мудофаа қиламиз, деб молларингизни олган эдик. Ҳозирда эса сизларни ҳимоя қилишга қодир эмасмиз. Мана сизлар берган моллар, қайтариб олинглар», дейишди. Ўша шаҳарларнинг аҳолиси: «Аллоҳ сизларга зафар ато этсин. Аллоҳга қасамки, сизларнинг ҳукм ва адолатингиз Румнинг жабр-зулмидан яхшидир. Аллоҳга қасамки, улар сизнинг ўрнингизда бўлишганида олган нарсаларини асло қайтариб беришмасди», дейишди қўмондонларга» (Мустафо Ҳусний ас-Сибаъи, «Ислом ҳазораси ажойиботларидан», Байрут, 5-нашр, 1987).
Усмонли салтанат султони Муҳаммад Фотиҳнинг бутун шарқда православ патриархи қароргоҳи бўлган Қустантанияни эгаллагандаги манзара ҳали тарих саҳифаларидан ўчгани йўқ. Ўша куни мусулмонлар султони барчаси насроний бўлган аҳолига молларида, жонларида, эътиқодларида, черков ва хочларида омонда эканини эълон қилди ҳамда уларни аскарликка олинишдан озод этди. Уларнинг раисларига қонунчилик ва қавмлари орасида чиқадиган турли даъволарни давлатнинг аралашувисиз, ўзлари ҳал қилиш ҳуқуқини берди.
Ғарбликлар милодий 1920 йилгача яҳудийларга паст назар билан қарашган. Ўша йиллари амриқолик уй соҳиблари «Ижарага уй бор, аммо яҳудийларга эмас», деб эълон ёзиб қўйишарди. Амриқонинг Манхэттен-Бич, Кони Айслэнд тугул, Ню-Йорк, Ню-Жерси каби йирик шаҳарларидаги вилла ва дала ҳовлилари кираверишидаги тахтачаларга «No Jews or Dogs Admitted Here», яъни «Яҳудийлар ва итлар киритилмайди», деб ёзиб қўйилар эди. Ана шу шармандаликлардан 539 йил муқаддам мусулмон хоқони Фотиҳ Султон Меҳмед: «Мен яҳудий фуқароларимни ховра (синагога)да, насроний фуқароларимни черковда, мусулмон фуқароларимни эса жомеъда кўришни истайман», деб баёнот берган эди (Necat Kotan, Tarih Fikralari, Istanbul, 1988, s 80).
Ислом ўлкаларида ақидаси ва мазҳабидан қатъи назар мустаҳиқ, муносиб, аҳл кишиларга вазифалар бериш ҳам бағрикенглик ва мурувватнинг кўринишларидан эди. Умавий ва аббосий халифалар замонида масиҳий табиблар ва олимлар Бағдод ҳамда Дамашқнинг тиббиёт мадрасаларига бошчилик қилишган, саройда хизматда бўлишган. Насроний табиб Ибн Асол халифа Муовиянинг (р.а.) хос табиби бўлган. Марвон эса Исносиюс (Исҳоқ) исмли яҳудийни Мисрда ҳукумат мансабига тайинлаган. Жиржис ибн Бахтяшуъ исмли машҳур табиб халифа Мансурнинг саройида хизмат қиларди. Закои Кўнрапанинг «Ҳазрат Пайғамбаримиз ва Ислом дини» китобида келтирилишича, аббосий халифалардан Маъмун Шом мадрасасига бир насроний муаллимни ишга тайин қилди. Буни кўрган устозлар эътироз билдиришди. Шунда Маъмун: «Мен бу одамни дин ишларида раҳбарим бўлсин, деб эмас, бир фан муаллими ўлароқ келтирдим», деб жавоб берган эди (Аҳмад Муҳаммад, Мубашшир Аҳмад, «Ислом ҳазораси», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2004, 39–55-бетлар).
Бу ҳақда Ғарб тарихчиларининг ўзлари ҳам кўплаб холисона фикрларни ёзиб қолдиришган. Сэр Марк Сойис халифа Ҳорун ар-Рашид замонидаги исломий салтанатни таърифлаб: «Масиҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат хизматида баробар ишлашарди», деб ёзади. Леви Бротский ўзининг «Ўнинчи асрдаги исломий Испания» китобида мана буларни ёзади: «Шартнома котиблари кўпинча яҳудий ёки насронийлар бўлишарди… Улар давлатнинг идорий ва ҳарбий соҳаларини тасарруф этардилар. Яҳудийлардан баъзилари Ғарбий Оврўпа давлатларидаги элчихоналарда халифалардан ноиб, ўринбосар эдилар». Рино арабларнинг Оврўпага юришлари ҳақида шундай фикр юритади: «Мусулмонлар Андалус шаҳарларида насронийларга яхши муомалада бўлишарди. Шунингдек, насоролар ҳам мусулмонларнинг иззат-шуурларини ҳурмат қилиб, фарзандларини хатна қилдирар, чўчқа гўшти емасдилар» («Ислом ҳазораси», 39–55-бетлар).
Агар нигоҳларимизни шарқдан ғарбга кўчирадиган бўлсак, тамоман бошқача манзарани кўрамиз. Ғарб тарихига мурожаат қилинса, ҳақиқатан ҳам унинг азалдан ҳақиқатшунос ва карами кенг бир тузум бўлганига шубҳа-гумонларимиз кўпаяди. Насронийлик тарихига мудҳиш ва қонли фожеа сифатида ёзилган салиб (хоч) урушлари муқаддас Фаластин ерларини «сақлаб қолиш» мақсадида қилинган энг мудҳиш жиноятлардан эди. Оврўпа насронийлари ўн биринчи аср охиридан бошлаб мусулмонлар ва бошқа халқларнинг бошига мисли кўрилмаган кулфат ёғдирди, минглаб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкди, обод шаҳарларни вайронага айлантирди. Салибчилар қадами етган жойларига даҳшат, шафқатсизлик, кулфат олиб боришди. Мусулмонлар қўл остида бўлганида тинчлик, барқарорлик, муслимлар ва аҳли китоблар аҳиллигининг рамзи бўлган Қуддусни эгаллаб олгач, уни ваҳшийлик ва қонхўрлик майдонига айлантиришди, мусулмон ва яҳудийларни аёвсиз қиличдан ўтказишди. Насроний тарихчилардан бирининг ёзишича, улар шаҳарда учратган барча арабларни ва туркларни… эркак ёки аёллигига қарамай ўлдиришди, ҳеч нарсани ҳисобга олмай ёппасига қиришди.
Салибчилардан Раймонд Агилскийнинг йилномасида мана бундай мазмундаги мақтанчоқлик билан битилган ёзувлар бор эди: «Айрим одамларимиз душманларининг калласини сапчадек узишди, бошқалари эса уларни найза билан тинчитишарди. Аскарларимиз ғанимларини тириклай ўтга ташлашар, кейин узоқ қийнаб, секин ўлдиришар эди. Шаҳар кўчалари танасидан узилган калла, қўл-оёқлар ғарамига тўлиб кетган эди. Ана шу тана аъзолари ва каллаларга қоқилмасдан кўчада юриш мушкул эди… Сулаймон подшоҳ ибодатхонаси олдида тўкилган қон дарёси одамларимизнинг тиззасидан юқорироққа чиқиб кетди» (Ҳорун Яҳё, «Ислом террорни лаънатлайди», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2003 йил, 38-бет).
Йилномалардаги маълумотларга қараганда, салибчиларнинг қўшинлари шаҳарда икки кун ичида 40 мингга яқин мусулмон ва яҳудийни ёвузларча қиймалаб ўлдиришган. Уларнинг ваҳшийлиги шу даражага бориб етдики, тўртинчи салиб юриши чоғида ўз диндошларига қарашли Қустантания (Константинопол) шаҳрини ҳам талон-тарож қилишди. Шаҳар черковларига ички безак қилинган олтин зийнатларни, қимматбаҳо тошларни кўчириб олиб, ташиб кетишдан ҳам ҳазар қилишмади («Ислом террорни лаънатлайди», 38-бет).
Қуддус аҳолиси қуббасига омонлик байроғи ўрнатилган Ақсо масжидига тўпланганида салибчилар бегуноҳ қариялар, аёллар ва болаларни қўй бўғизлагандек калласини узишди. Солномачиларнинг ёзишича, масжид ичида ўлдирилганларнинг адади етмиш мингга етди. Уларнинг орасида аёл ва гўдаклардан ташқари имомлар, обид ва зоҳидлар жамоаси ҳам бор эди. Бу ваҳшийликларни Ғарб тарихчиларининг ўзлари ҳам инкор этишмайди.
Мана шу хунрезликлардан тўқсон йил ўтиб, Қоҳира султони Салоҳиддин Айюбий Байтул-Мақдисни фатҳ этди. У ўша пайтда Қуддусда бўлган юз мингдан ортиқ ғарбликнинг моллари ва жонларига омонлик берди. Қодир бўлганларига тўлашлари учун арзимас маблағ (фидя) белгилаб, ҳаммаларига шаҳардан чиқиб кетиш учун қирқ кун муҳлат тайинлади. Фақирлардан кўпини фидясиз қўйиб юборди. Фотиҳ Салоҳиддиннинг акаси Одил подшоҳ фақирлардан икки мингига ёнидан фидя тўлади. Султон фаранг патриархига шаҳардан чиқишни хоҳласа, ўзи билан Сохра, Ақсо, Қиёмат ибодатхоналарининг беҳисоб бойликларини олиб чиқиб кетишига ижозат берди.
Мусулмонлар Андалусияни фатҳ этганларидан сўнг миллионлаб ерли аҳоли ўз истаги билан Исломни қабул қилди. Мусулмон бўлмаганлар ҳам тинч-осойишта, эркин-эмин умргузаронлик қилишди. Кейинчалик тарих ғилдираги эврилиб, бу ўлкани яна салибчилар ишғол этишди. Улар бирорта мусулмонни қолдирмай тиғдан ўтказишди ёки ҳайдашди, масжидларни бузиб ташлашди, исломий китобларни йўқ қилишди. 1542 йили папа Испаниядаги барча масжидларни канисаларга айлантириш ҳақида буйруқ чиқарди.
Ҳиндистон Англиянинг мустамлакаси бўлганида велосипед ҳайдаб кетаётган инглиз қизига ҳурматсизлик қилишгани учун аскарлар етти юз аҳолини ўша жойнинг ўзида отиб ташлашган. Бу ҳам камлик қилгандай вилоят губернатори бутун шаҳар аҳолисини бир неча кун фақат эмаклаб юришга мажбур қилган. Ундан нега бундай буйруқ берганини сўрашганида, «Улар худоларига ишонишади, аммо битта инглиз аёли уларнинг худосидан олийдир», деб жавоб берган.
«Милодий ўн олтинчи аср ўрталарида, – деб ёзади Русия бош муфтийи Равил Ғайнуддин, – Масков режалаган мусулмонларни насронийлаштиришнинг янги тўлқини кўтарилди. Кейинчалик бу давлат томонидан қўллаб-қувватланди. 1593 йили қабул қилинган махсус Ёрлиқда «Христианлар ва чўқинтирилганларни қизиқтирмаслик учун қишлоқларда ўрислар билан ёнма-ён яшаётган татарларга масжид қурмаслик» буюрилган эди. Подшоҳ Пётр эса 1713 йили Қозон ва Азов губернасидаги мусулмонларни ярим йил ичида чўқинтириш ва ўрислаштириш, бунга кўнмаганларнинг ерлари ва мулкларини мусодара қилиш ҳақида махсус фармон чиқарган эди» (Равилғ Гайнутдин, «Ислам в современной России», Москва, «Гранд», 2004, 32–33-стр.).
Яна бир тарихий воқеага эътиборингизни жалб этмоқчимиз: Ғарбликларнинг ўзлари эътироф этишларича, салиб юришлари саркардаларининг энг улуғ ва шижоатлиси Шерюрак Ричард касал бўлиб қолганининг хабари Салоҳиддин Айюбийга етиб келади. У Ричардга хос табибини дори-дармонлар, салибчи саркарда топиши мушкул мева-чевалар билан жўнатади. Бу воқеа уларнинг ўртасида уруш қизиган, қўшинлар жанг қилаётган пайтда бўлди.
Ваҳоланки, Англияда халқ қаҳрамонига айланган ўша Шерюрак Ричард 1119 йилги учинчи салб юришида Фаластин заминидаги Аккон (Акра) қалъаси қамалида қатнашган, у таслим бўлганидан кейин товон тўлаш ва сулҳ таклифларининг бирортасига кўнмай, шаҳардаги уч минг мусулмонни, аёллар ва болаларни ҳам қўшиб қатл қилишга буйруқ берган эди. Шаҳарни озод қилган Салоҳиддин қўшинлари тинч аҳолининг ваҳшиёна қатл этилганини ўз кўзи билан кўрган эди. Бундан ортиқ мурувват ва бағрикенгликни тарих қачон кўрибди? («Ислом террорни лаънатлайди», 72-бет.)
Мўғул-татарлар билан Шомда бўлган урушда уларнинг қўлига мусулмон, насоро, яҳудийлардан жуда кўпчилик асир тушиб қолди. Шунда шайхулислом Ибн Таймийя мўғулларнинг амири билан асирлар ва уларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб борди. Амир у кишига насоро ва яҳудийларни қолдириб, фақат мусулмон асирларни озод қилишини айтди. Шайхул-ислом бу таклифдан бош тортди ва: «Қўлингдаги аҳли зимматдан бўлган яҳудий ва насороларнинг ҳаммасини озод қилишинг лозим. Биз аҳли миллатдан ҳам, аҳли зимматдан ҳам бирор асирни қолдирмаймиз», деб жавоб берди.
…Халифалик Умар ибн Абдулазизга ўтган пайтда Самарқанд аҳлидан бир жамоа элчи бўлиб келди. Улар диёрларидаги Ислом қўшини қўмондони Қутайба шаҳарлари Самарқандга киргани ва адолатсиз равишда мусулмонларни у ерга жойлаштирганидан шикоят қилиб келишган эди. Умар ибн Абдулазиз Самарқанддаги волийига мактуб ёзиб, уларнинг шикоятини кўриб чиқиш учун бир қози тайин этишни, агар қози мусулмонларни Самарқанддан чиқаришга буюрса, шундай қилишни амр этди. Волий Жамиъ ибн Ҳозир ал-Божий уларнинг шикоятини кўриб чиқиш учун қози тайинлади. Қози эса мусулмон бўлгани ҳолда лашкарни у ердан чиқаришга ҳукм қилди. Чунки уруш Ислом қоидаларига биноан қилинмаган эди. Аҳли Самарқанд бу ҳолни кўриб ҳайратда қолди, қўшини ва қўмондонининг зарарига бўлса ҳам адолат ила ҳукм юритаётган бу давлатнинг мисли йўқ эканини англади. «Бу миллатга қарши курашилмайди, чунки унинг ҳукми раҳмат ва неъматдир», деб Ислом қўшинининг қолишига рози бўлишди ва ўз ораларида мусулмонларнинг яшашларини маъқул кўришди.
Мусулмонлар ҳеч қачон тинч аҳолига қарши ҳарбий куч ишлатишмаган. Ҳаттоки мағлуб салибчиларнинг қўшинларига нисбатан асло жазо ва шафқатсизлик қўлланилмаган. Чунки Ислом – тинчлик, омонлик динидир. Зўравонлик, зиддиятлар, урушлар ва террорни таг-томири билан йўқотиш йўлидир. Ер юзида адолат, тинчлик, мурувват ва диний бағрикенглик кафолатидир.
Аммо буни мусулмонларнинг ожизлиги, қўрқоқлигига йўяётган Ғарб урушқоқлари ҳозирда ҳам мусулмонлар устига «янги салиб юришлари бошлаш» (АҚШ президенти Бушнинг оғзидан бехос чиқиб кетган таъбир) режаларидан ҳамон воз кечишгани йўқ. Турли ҳийла-баҳоналар билан Яқин Шарқда, Болқонда, Форс кўрфазида, Осиё қитъасида юз минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг ҳеч бир сабабсиз қони тўкилмоқда. Ер юзида «янгича тартиб ўрнатиш», «демократияни ёйиш» баҳонасида дунёга эгалик қилишни кўзлаётган АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Афғонистон, Ироқдаги минглаб бегуноҳ мусулмонлар жонига зомин бўлиб, янги салиб урушини бошлаб юборишди. Оврўпа қитъасига қарашли Босна-Херсекда бир ҳовуч мусулмоннинг яшаётганига тоқат қила олмай, улар бошига бомба ёғдирганлар ҳам ғарбликлар эди. Ана шундай ваҳшийликларни қилганларнинг мусулмонларни мурувватсизликда айблашга ҳаққилари бормикан? Тарихда мусулмонлардан кўрилган меҳр-шафқат, яхшилик эвазига уларнинг бошига зулм-кулфат солганларнинг мурувватдан, маданиятлиликдан, ҳатто инсонийликдан баҳс юритишга ҳаққилари бормикин?
Тарих шоҳидки, Ислом инсониятга диний бағрикенглик, мурувват, адолат, раҳм-шафқат ва халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, аҳиллик олиб келган ягона диний низом бўлди. Буни ҳатто Исломга хайрихоҳ бўлмаган Ғарб олимларининг фикрлари ҳам тасдиқлаб турибди. Густав ле Бон шундай дейди: «Албатта халқлар араблардек раҳмдил ва бағрикенг фотиҳларни, динларидек самоҳатли – эркин динни кўрмаган».
Бу сўзлар мусулмонларга инсоф қилишдан кўра ҳақиқатга инсоф қилиш эмасми?

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика