Босниядаги “Қози Ҳусрав Бег” масжидининг ёниб кетган кутубхонаси қайтаттан қурилди

Босниядаги “Қози Ҳусрав Бег” масжидининг ёниб кетган кутубхонаси қайтаттан қурилди

1990-йилларнинг ўрталарида Босния ва Ҳерцоговинада бўлиб ўтган қирғинбарот уруш натижасида Сараево шаҳридаги ўрта асрларда барпо этилган “Қози Ҳусрав Бег” жомеъ масжидининг катта кутубхонаси ўтта қолган эди. Ўшанда кутубхона фондида бир неча асрлардан бери эҳтиётлаб келинаётган кўплаб китоб ва қўлёзмалар ёниб кетган эди. Шундай бўлсада, маҳаллий аҳоли уларнинг бир қанчасини ёнғин ичидан олиб чиқишга улгуриб қолган ва ўз уйларида сақлаб қолишган.

Орадан салкам йигирма йил ўтиб, 2014 йилда замонавий имконият ва қулайликларга эга бўлган янги “зиё маскани” қуриб битказилди. Маҳаллий аҳоли ва бошқалар томонидан ўша машъум ёнғин пайтида сақлаб қолинган китоб ва қўлёзмалар кутубхонага қайтарилди. Ушбу ҳайрли ишга Қатар давлати молиявий жиҳатдан ҳомийлик қилган.
“Қози Ҳусрав Бег” масжиди 1537 йилда ўша пайтдаги санжак беги қози Ҳусрав Бег даврида бунёд этилган бўлиб, Босниядаги энг чиройли исломий обидалардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 1992 йилда Босния собиқ Югославия таркибидан ажралиб чиққач, унинг ҳудудига Сербия ва Хорватия томонидан тажовуз қилинган. 1995 йилнинг охирига қадар давом этган ҳамда “Босния уруши” ва “Босния геноциди” номлари билан тарихга кирган қирғинбарот натижасида 100 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Турли манбаларда келишича, 20 мингдан 50 мингача бўлган аёллар зўрланган, 2 миллион 200 минг киши ўз уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Минглаб бино ва иншоотлар, тарихий ва маданий аҳамиятга эга объектлар вайрон этилган.
2008 йилда Собиқ Югославия бўйича халқаро жиноят трибунали 45 та серб, 12 та хорват ва 4 та босниак миллатига мансуб шахсни уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид (этник қириб ташлаш) содир этганликда айбдор деб топган.
Ҳозир кунда Босния ҳудуди 51,197 кв. км.га тенг бўлиб, аҳолиси – 3 миллион 870 минг киши. Аҳолисининг салкам ярмини босниаклар (мусулмонлар) ташкил этади. Шунингдек серблар (37 фоиз) ва хорватлар (14 фоиз) ҳам истиқомат қиладилар.

back to top