«Юлдузлар жанги» тиз чўккан Американинг қаддини ростлагани ҳақида

«Юлдузлар жанги» тиз чўккан Американинг қаддини ростлагани ҳақида

«Юлдузлар жанги» фильми режиссери Джордж Лукас ўз фильмини антиҳарбий ва антиамерикача фильм тарзида суратга олиш ниятида бўлган — император Палпатин образини президент Ричард Никсондан ва фильмда йўқ қилиб юборилган Алдераанни  Хиросимадан олган. Бироқ фильм тескари натижа берди: унинг пафоси ва қаҳрамонлари тиз чўккан ва тушкун кайфиятдаги (Вьетнам уруши ва Уотергейт воқеаларидан кейинги ҳолат) Америка халқининг аҳволини яхшилашга сабабчи бўлди. Яна ушбу фильм ҳарбий-милитаристик руҳдаги Рональд Рейганнинг ғолибона юришларига кўп жиҳатдан кўмак берган. Бир фильмнинг бунчалик таъсири сабабини ўрганиш учун маданиятшунос ва тарихчилар билан бирга «Лента.ру» нашри қуйидаги  изланишларини чоп этди.

Янги қаҳрамонлар

1975 йили Джордж Лукас чигал ҳолатга тушиб қолди. Унинг дўсти ва устози Френсис Форд Коппола Голивудда («Чўқинтирган ота» фильми орқали) улкан зафарларга эришиб, Вьетнам уруши мавзусига оид «Қиёмат бугун» антиҳарбий ва тинчликпарвар фильмига маблағ топа олди. Фильмни Лукас суратга олиш керак эди. «Қиёмат бугун» фильми Скорсезенинг «Таксист», ёки Поланскининг «Хитой квартали» каби тушкун, психологик ва биринчи кассабоп шедевр фильм бўлиши керак эди. Бироқ Лукас бир неча йилдирким, ўз лойиҳаси устида ишлаётган бўлиб, у Кополланинг таклифини рад этди. Натижада икки дўст алоҳида ўз лойиҳалари устида иш бошлашди. Лукаснинг сўзларига қараганда, «Юлдузлар жанги» Вьетнам уруши ва ҳарбий драмма каби тинчликпарвар фильм бўлиши керак эди. Фақат улардан фарқи — воқеалар узоқ, ўта узоқ галактикаларда содир бўлади. Лукас сценарийни туб аҳолининг агрессор устидан қозонган ғалабси тўғрисида ёзишни мақсад қилиб, қораламалари (черновик) Уотергейт жанжалининг авжида ёзилган бўлиб, Палпатин образи Ричард Никсондан шундайича кўчириб олинган, империя эса худди Вьетнамдаги АҚШ каби ҳатти-ҳаракатларни содир этади. Параллель ўхшаш чизиқлар айниқса «Джедайнинг қайтиши» фильмида яққол кўзга ташланади, унда фильмнинг ўз Вьетконги — эвоклари бўлиб, технологик ривожланган империяни «ибтидоий» халқ  мағлуб этади. Аммо Лукас ўз олдига бошқа мақсадни ҳам қўйганди — ўзининг ёшлигидаги кўрган қароқчи, ковбой, жасур жангчи ва космик қаҳрамонларнинг («Флэш Гордон») эстетикаси бўлган оптимистик руҳини ва «яхши», ҳамда «ёмонлари» бор фильмни катта экранга қайтармоқчи эди. Қанчалик ғалати туюлмасин, 70-йилларда Голливудда бундай фильмлар суратга олинмас, кинотеатрларда намойиш этилмасди. Лукаснинг фильмида эстетика ғоянинг устидан ғалаба қозонди.
Яна «Юлдузлар жанги» премьераси мўлжални бехато урганини таъкидлаш лозим: 1977 йилда Америка урушдан чарчаган, армия сафларига эса аксар камбағал ва ночор қоратанлиларгина ноиложликдан (илмсиз, ҳунарсиз кишига маош тайинланишининг осон йўли) қўшилар, иқтисодий инқироз, ишсизлик гирдобида эди. Агар дунёда бирорта одам АҚШни дунё халоскори ва демократия қалқони сифатида кўрган эди деган гапга ишониш мумкин бўлса, мамлакат ичидагиларнинг ўзи бунга унча-мунча ишонмас эди. Шу орада содда ва томошабоп «яхши йигитлар»нинг золим ҳукумат устидан қозонган ғалабаси ҳақидаги фильм экранларга чиқди. Лукаснинг АҚШни танқид қилиш ғояси ҳозирги кунда гўлликнинг ўзи бўлиб кўринади: нега энди томошабин ўзини (АҚШни) ёвуз деб билиши керак? Аксинча, томошабин ўзини эзгулик тарафида деб топиб, фильм қаҳрамонлари унга тайёр тақлид объекти бўлди-қолди. Фильм томошабинни космик саргузаштларга олиб кетибгина қолмай, милитарист сиёсатчилар устамонлик  билан фойдаланиб қолган жиҳатини — уруш қизиқарли ва эзгуликка йўналтирилган иш бўлиши мумкин деган тасаввурни пайдо қилди. Фильм сўнгида бош қаҳрамонлар тантаналар билан саф олдида медаллар билан тақдирланишини-ку айтмаса ҳам бўлади! Голливуд ва Пентагон ушбу фильм орқали деярли ўлик бўлган жангари кино жанрини ҳаётга қайтаришга муваффақ бўлди. Пентагон 60-йиллар охирида армия ва уруш мавзусида фильм ишловчи режиссерларга ҳарбий техникасини ҳатто текинга бериб туришга тайёр бўлишига қарамай, бундай фильмлар суратга олинмаган (иккита истиснодан ташқари: «Яшил беретталар» (1968) ва прокатда йирик мувафаққиятсизликка учраган  «Торлар! Торлар! Торлар!» (1970) фильмлари).
Вьетнам даври жасур ва эзгу ниятли жангчилар эмас, антиҳарбий мавзудаги фильмларга тўлиб кетди. Лукаснинг фильми айнан уруш ҳақида эди, бироқ воқеаларнинг узоқ галактикага кўчирилиши ва фантастика жилоси тинчликпарвар бўлиб қолган оммани пост-вьетнам аллергиясидан олиб чиқиб, уларга урушни шон-шуҳратли ва ҳақиқий америкача қаҳрамонлик қилиб кўрсатиб қўйди. Бундай «реабилитация»дан сўнг, 1980-йилларга келиб, энди Пентагон Голливудга ялинмай қўйди, аксинча режиссерлар ҳарбий мавзудаги киноларни суратга олишга кўмак учун навбатга турадиган бўлиб қолишди. Бу ерда бурилиш ясаган фильм Рейганнинг милитаристик сиёсати авжига чиққан 1986 йилда суратга олинган «Топ Ган» бўлди. Сценарий ортиқча савол бермай, сўзсиз буйруқларни бажарувчи ҳарбий денгиз кучлари учувчилари ҳақида бўлиб (бош ролни ёқимтой кўринишга эга Том Круз ижро этган), у погонли кишилар тарафидан ҳижжалаб таҳрир этилган эди — бунинг эвазига эса, Paramount Pictures компаниясига жанговар самолет ва авиаташувчи кема атиги 1,1 миллион доллар эвазига бериб турилди. Картинанинг иккала тарафга ҳам берган йирик фойдаси (353 миллион доллар даромад ва флотда хизмат қилишни хоҳловчиларнинг, эътибор беринг, 500 %га ошиб кетиши) Голливудни ҳарбийлар билан, улар сценарийни қайта ёзсалар-да, дўстлашиш яхши экан деган фикрга олиб борди. 1991 йилга келиб, милитаристик экшн-фильмлар анти-ҳарбий ва тинчликпарвар фильмларни Голливуддан бутунлай сиқиб чиқарди. Шу орада, ҳарбий мавзуга асосланган отишмали видеоўйинлар, аскарча каби ўйинчоқлар ва бошқа турдаги ўсмирларга мўлжалланган маҳсулотлар сотувини ёддан чиқармаслик керак. «Ҳарбий кўнгилочар комплекс»лар ҳозирда ҳам гуллаб яшнамоқда.

Таржимондан хулоса ўрнида

Оммавий маданиятнинг сиёсатга таъсир қилиш факти 2015 йилга келиб ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Ҳатто Эрондаги охири шармандаларча тугаган «Саҳродаги бўрон» операцияси Голливудда сайқалланиб, фильм ҳолида чиқарилса, аниқки, одамлар тарихни бузилган ҳолида қабул қиладилар. Кишилар фильм, телекўрсатув ва видеоўйинлардаги ғоя ва қадриятларни реал ҳаётдай қабул қиладилар — хусусан, улар ичидан ўзларига мос қаҳрамонларини қидирадилар.
Агрессор давлатлар қурол кучи билангина бошқа давлат халқини бошқариш мумкин эмаслигини аллақачон англаб етишган. Онгни бошқара олиш, бутун бошли халқни бошқариш демакдир. Бунинг учун биргина АҚШ Голливуди йилига миллиардлаб долларлар ажратишини, бу миллиардлар эса уларнинг ўзига икки-уч, ҳатто ундан ҳам кўпроқ маротаба даромад билан қайтишини эслаш кифоя...

Ибн Маъруф

back to top