Муҳаммад алайҳиссалом гуноҳларимиз учун ўз жонини бериши керак эдими?

Муҳаммад алайҳиссалом гуноҳларимиз учун ўз жонини бериши керак эдими?

Нега Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонлар гуноҳи учун жонини қурбон қилмаган? Ахир унинг издошлари уни оламларга раҳмат деб ҳисобламайдиларми?
Ҳақиқатдан ҳам, Муҳаммад алайҳиссалом барча оламларга раҳмат бўлиб келган. Шундай бўлса ҳам у бошқаларнинг гуноҳи учун жонини қурбон қилмаган, чунки Ислом дастлабки гуноҳ ғоясини инкор қилади. Тушунтириб берамиз.

Биринчидан, насроний динидан фарқли ўлароқ, Исломда “дастлабки гуноҳ” деган тушунча йўқ. Одам алайҳиссалом тарафидан қилинган гуноҳ учун унинг ўзи масъулдир. Қуръони каримда зикр қилинишича, Аллоҳ таоло Одам ва унинг жуфти Ҳавво гуноҳлари учун тавба қилганларида гуноҳларини мағфират этган (Қаранг: 2:30-39; 7:19; 17:61; 18:50; 20:116-117 ва бошқалар). Шундай қилиб, Исломда Одам алайҳиссаломнинг гуноҳлари авлодларига ўтади ёки ўтди, деган гап йўқ. Дастлабки гуноҳ тушунчаси йўқ экан, гуноҳларни бўйнига олувчига ҳам ҳожат йўқдир.
Иккинчидан, дастлабки гуноҳ йўқ экан, ҳар ким фитратда туғилган ҳисобланади, яъни табиий бегуноҳ ҳолатда. Гуноҳлар эса кейинчалик ўз амаллари туфайли юзага келади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?», дедилар... (Яъни, ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининиг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳакозо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.)
Учинчидан, Ислом Аллоҳ таолони Раҳмон ва Раҳим эканини, Унга одамларнинг гуноҳларини кечиши учун қонли қурбонлик зарур эмаслигини таълим беради.
Исломда Аллоҳ таоло бизнинг тавбаларимизни қабул қилиши учун Ийсо алайҳиссалом ва Муҳаммад алайҳиссалом қонларининг тўкилишини шарт қилинмаган. Аллоҳ таоло айтади:
 “Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт. Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас”. (Зумар сураси, 53, 54-оят)
Бундан ташқари, Ислом ҳар ким ўз амали учун ўзи жавоб бериши ҳақида таълим беради. Аллоҳ таолонинг раҳмати, фазли бўлмаса на Иброҳим алайҳиссалом, на Мусо алайҳиссалом, на Муҳаммад алайҳиссалом бизларга нажот бера оладилар.
Бу борада Қуръони каримда қуйидагилар зикр қилинган:
 “Ким гуноҳ қилса, фақатгина ўз зарарига қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир” (Нисо сураси, 111-оят);
“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам касбидан, зарари ҳам касбидан...” (Бақара сураси, 286-оят);
“Ҳар бир жон ёмон касб қилса, фақат ўзига зиён қиладир. Ҳеч бир жон бошқанинг оғирлигини кўтармас” (Анъом сураси, 164-оят);
“Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас” (Исро сураси, 15-оят).
Ва ниҳоят, ҳар қандай эркак ёки аёл Аллоҳ таолога бевосита, яъни ўртада мулла ёки бошқа шахсларсиз мурожаат қилиши мумкин. Зеро Аллоҳ таоло бизга жон томиримиздан ҳам яқиндир. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам биламиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз”. (Қоф сураси, 16-оят)
“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар”. (Бақара сураси, 186-оят)
   Шундай қилиб, гуноҳларимиз учун кимдир ҳаётини қурбон қилиши Ислом эътиқодига мутлақо тўғри келмайди.
Ислом Аллоҳ таолонинг рисолатига ижобат қилишимиз, Унинг розилигини топиш, иймон ва ҳалол меҳнат орқали нажотга етишимизга чақиради.

Манба: About Islam
Абу Муслим таржимаси

back to top