Logo
Print this page

Севильядаги 5 муқаддас қадамжо

Lonely Planet номли жаҳонга машҳур саёҳлик нашри 2018 йил учун Best in Travel рўйхатини эълон қилди, унда шу йили албатта бориш лозим бўлган 10 та шаҳар ҳақида ёзилган. Рўйхатнинг биринчи қаторида фламенко, корридалар ва «тапас» номли испан таоми ватани бўлмиш Севилья шаҳри жой олган. Ярим асрлик исломий тарихга эга ушбу шаҳарнинг диққатга сазовор меъморчилик обидалари ҳақида кўпчилик билмайди.

Қуйида бир вақтлар «Ишбилия» деб номланган ушбу испан шаҳридаги мусулмонларга оид 5 тарихий ёдгорлик ҳақида маълумот берамиз. Уларни албатта бориб кўриш керак.


1. Гиралда (Хиральда). 90 метр баландликка эга ушбу безакли қўнғироқхона бир пайтлар шаҳар масжидининг минораси эди. У 1184 ва 1198 йиллар оралиғида, алмувоҳиддинийлар ҳукмронлиги энг юксак чўққига чиққан даврда қурилган. Бугунги кунда мусулмон дунёсида кўп учрайдиган инжа геометрик нақшлар ғиштин деворларни бошдан оёқ безайди, девор ҳам, ўз навбатида, нурнинг тушишига қараб рангини ўзгартириб туради. Минора Испаниянинг энг мукаммал исломий иншооти саналади, у Севильянинг расмий рамзидир. Минора тепасига кўтарилсангиз, 16-асрда унга қўшилган насроний размларни кўрасиз, булар минора қўнғироқхонага, масжид эса бош черковга айлантирилгач қилинган ўзгаришлардир. Минорадан Севильянинг энг гўзал қиёфаси намоён бўлади.


2. Алқасир (Алькасар)
Бу Севильянинг Алҳамраси. Албатта, ундан кичикроқ, лекин ҳуснда баҳслаша оладиган Алқасир кўпинча Андалусия ислоимий ёдгорликлари шайдолари томонидан эътибордан четда қолдирилади. Ҳозирда мавжуд иншоот, асосан, насроний қироллари томонидан Х асрдаги бирламчи мусулмон маданиятига оид қаср ўрнида қайта қурилгани учун уни Исломга алоқаси йўқ деб исоблашар, балки. Лекин Алқасирнинг меъморлари мусулмонлар эди, бу айниқса, унинг тожи бўлмиш Дон Педро Паласиосида яққол намоён бўлади. Қирол Педро I томонидан қурилган ушбу ҳашаматли ички ҳовли Гранададаги Алҳамра (Алгамбра) иншоотининг аниқ нусхасидир, айниқса, сув иншоотлари ва арабеска усулидаги тоқилари билан. Алқасир насроний подшоҳлари ҳам Худога мадҳларни ўша пайтда урф бўлган араб тилида ўқишган, масалан, «Ва ла ғолиб иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ғолиб йўқ).


3. Торре-дель-Оро
Торре-дель-Оро (исп. «олтин минора»), XIII асрда қурилган бўлиб, у ҳам алмувоҳиддинийлар меъморчилигига оид иншоотдир. Гвадалквивир (арабча «водиюл-кабир» – катта дарё) дарёсининг қирғоғида жойлашган ушбу иншоот бир пайтлар қадимий шаҳарнинг энг чеккаси ҳисобланарди. Одамларнинг айтишича, миноранинг гумбазига олтиндан япроқлар қопланган, шу сабабли у Олтин минора номини олган. Ҳозир бу ерда денгиз музейи бор.


4. Патио де лос Нараньос
Бир пайтлар Буюк Ишбилия масжидининг бўлаги бўлган ушбу хиёбон ва Гиралда мусулмонларга оид қадимий бинодан қолган иккиси ёдгорлик, холос. Ҳовлида 66 туп норинж (апельсин дарахти, уни Андалусияга мусулмонлар келтирган деб ҳисобланади) ўсиб ётибди. Шунингдек, мусулмонлар даврига оид муҳташам дарвозаларга қўшилиб кетган боғнинг ўзига хос девори бўйлаб кўплаб аркалар қилинган. Ўртасига чиройли фаввора ўрнатилган Патио де лос Нараньос эса афсонавий воҳа, оазисга ўхшайди, у ерда ўтириб Севильянинг беш асрлик исломий тарихини томоша қилиш мумкин.


5. Банос Арабес
Қадим Ишбилия маданиятига эҳтиром Aire de Sevilla меҳмонхонасида жойлашган ҳаммомларга кириб кўрмагунингизча тўлиқ бўлмайди. Бу мумтоз мавританча ҳаммом ҳақиқий мусулмон Иберияси муҳитини юзага келтиради. Ҳаммомлар боғ каби сўлим гўшаларда қурилган бўлиб, у ердан ички ҳовли бемалол кўриниб туради ва меҳмонларни испан мусулмонлари даврига олиб боргандек бўлади. Марказий фонтан шарқона фонуслар, мавританча кошинлар ва диванлар билан безатилган бўлиб, у ерда меҳмонлар ялпизли чой ичиб ҳордиқ чиқарадилар.

 

 

Latest from Администратор

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика