«Ислом маданияти равнақ топган юрт» кўргазмаси иш бошлади

«Ислом маданияти равнақ топган юрт» кўргазмаси иш бошлади

«Ислом маданияти равнақ топган юрт» кўргазмаси иш бошлади

Кеча 6 июнь куни Ўзбекистон тасвирий галереясида «Ислом маданияти равнақ топган юрт»  мавзусидаги кўргазма иш бошлади. Кўргазма Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Вазирлар Маҳкамаши ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ҳунармандлар уюшмаси, “Олтин мерос” жамоат фонди ва “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Кўргазмада халқ амалий санъатининг таниқли усталари, санъаткорлар, маданият ходимлари, рассомлар, талаба ёшлар, ОАВ вакиллари ҳамда юртимизда фаолият юритаётган элчихоналар вакиллари ва хорижлик меҳмонлар иштирок этишмоқда.

Унда «Hilol-nashr» нашриётида чоп этилган диний-маърифий йўналишдаги китоблар ҳам меҳмонлар эътибор ва эътирофига сазовор бўлмоқда. Айниқса, «Hilol-nashr» томонидан юртимизда илк бор чоп этилган Мусҳафи шариф, «Олтин силсила» туркумидаги «Саҳиҳул Бухорий» тўплами, халқимизнинг буюк фарзанди, улуғ олим шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламларига мансуб «Ислом тарихи», «Кифоя», «Хислатли ҳикматлар шарҳи», «Бахтиёр оила» каби қатор китоблар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
   Тадбир доирасида асрлар давомида шаклланиб, ривож топган миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотлари, Ислом дини билан уйғунликда шаклланган анъаналар намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, меҳмонларга миллий ҳунармандчилигимиз тарихи, Ислом динининг халқимиз маданияти ва санъатига таъсири, самаралари, буюк аждодларимизнинг бой моддий ва маънавий мерослари, уларнинг асарларида акс этган эзгулик ғоялари ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда.
  Кўргазма очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур юртимиздан етишиб чиққан буюк олимлар, халқ амалий санъати усталари, хаттотлар ва санъаткорнинг Ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб, ёшларни илм олишга, улуғ боболаримиз сингари буюк ишларни қилишга рағбатлантирувчи чиройли маъруза қилиб берди.
Тадбирда таниқли хаттот Ҳабибулла Солиҳ ва унинг шогирдлари маҳорат дарслари ўтказиб, меҳмонларга махсус қоғозга эсдалик учун шеър ва ғазаллардан байтлар, турли ҳикматли сўзлар ёзиб беришмоқда. Эслатиб ўтамиз, кўргазма 12 июнгача давом этади.

back to top