Даяна Дрискол: "Ўзбекистон АҚШдан минг марта хавфсизроқ"

Даяна Дрискол: "Ўзбекистон АҚШдан минг марта хавфсизроқ"

Даяна Дрискол: "Ўзбекистон АҚШдан минг марта хавфсизроқ"

Кўп йиллардан бери Ўзбекистонга сайёҳларни олиб келаяпган Даяна Дрисколнинг ББСга берган интервюси: Ўзбекистонга 27 мамлакат фуқароларининг визасиз сафар қила олиши борасида аввалроқ қабул қилинган фармоннинг бекор қилиниши, аниқроғи 2021 йилгача кечиктирилиши кўп ғарбликларнинг ҳафсаласини пир қилди.

Террорчи ҳужумлар туфайли охирги йилларда Туркия, Тунис ва қатор Яқин Шарқ мамлакатларига сайёҳлар оқими кескин камайган, ғарбликлар орасида тамаддун бешиги дея кўриладиган Марказий Осиёга эса қизиқиш ортиб боряпти. Лондонда жойлашган Cox and Kings Travel сайёҳлик агентлиги Ипак йўли бўйлаб махсус турларни ташкил этиб келади. Сайёҳларга одатда Ислом дунёсини яқиндан ўрганган олима Даяна Дрискол гидлик қилади. Би-би-си уни суҳбатга чорлаб, аввало ундан Ўзбекистон сайёҳлар учун қанчалар жозибали экани ҳақида сўради.
Дрискол: Ўзбекистон - ҳайратланарли мамлакат. Санъат, археология, меъморчилик ҳақида гап кетса, у ер ажойиб жой. Ипак йўлининг барча жиҳатлари у ерда мужассам. Бу ҳудудни у ёқдан бу ёққа кесиб ўтган тарих - энг бой тарих. Милоддан аввалги 720 йилдан бошлаб бугунги кунгача бўлган тарихга гувоҳ бўласиз у ерда. Кўчманчи қабилалар, турклар, мўғуллар.. Исломдан аввал ва Ислом давридан қолган меъморчилик - шундоққина кўз олдингда! Нукусга борсанг, у ерда Савицкий номидаги мисли кўрилмаган рус авангард санъати коллекцияси бор. Ўзбекистон бу каби ажойиб нарсаларга шунчалар бойки, у мен сафар қилган энг-энг ажойиб мамлакат.
Би-би-си: Агар Ўзбекистонга визасиз бориш йўлга қўйилса, бу нимани ўзгартирган бўларди?
Дрискол: Менимча, бу одамларни у ерга сафар қилиш ҳақида ўйлашга ундаган бўларди. Мана масалан, Қозоғистонга виза керакмас. У ерга ҳеч ким бормайди, лекин у ерга виза керак эмас десам, одамлар ўйланиб қолишади, борсаммикан деб. У ерда ҳам кўришга арзигулик нарсалар кўп. Ўзбекистонга келсак, менга одамлар ўзбек визаси ҳақида жуда куюниб шикоят қиладилар. Ўзбек визасини олиб берадиган турли компаниялар сайёҳлардан жуда кўп пул оладилар. Шахсан мен ўзим визамни олиш учун Лондондаги ўзбек элчихонасига бораман, чунки у ердаги йигитлар жудаям мулойим. Виза олишимга бир ҳафта ё 10 кун кетади. Лекин, форма тўлдириш керак, кейин бутун бошли паспортингни бошидан оёғигача ксерокопия қилишинг керак! Бу жуда одамни қийнаб қўяди. Бу жараёндан ўтиб олиш учун ойпарастга ўхшаб боришинг керак баъзида. Менимча, бу жараён одамлардаги Ўзбекистонга бўлган қизиқишни сўндиради. Афсус дейман, чунки шундай ажойиб мамлакатга бундай тўсиқ бўлиши яхши эмас. Сайёҳларда шубҳа пайдо бўла бошлайди - бирон хавф бормикан у ерда деб. Бу аҳмоқона таассурот, чунки Ўзбекистон мен сафар қилган энг хавфсиз жойлардан бири. Виза олиш жараёни ёқимсиз демоқчиман, лекин ўзбек ходимлар жуда яхши йигитлар.
Би-би-си: Президент фармонида ҳам айнан хавфсизлик жиҳати тилга олинган - сайёҳларнинг хавфсизлиги таъминланиши керак дейиляпти.
Дрискол: Ўзбекистонда ҳеч бир сайёҳга ҳеч қачон ҳеч нарса бўлмаган! Қайси сайёҳ у ерга бормасин, бу халқ қандай ажойиб экан деган таассурот билан қайтишади. Тунда бемалол кўчаларда юраман. Мен Тошкентда операга бораман, кейин соат кечки 10-11ларда тўғри келган таксини тўхтатаман. Мутлақо хавф йўқ. Опера театри-чи?! Туристлар бундай нарсалар борлигини билишмайди ҳам. Мен америкаликман, шу кунларда Америкадаги қариндошларимни кўриб келдим. Мана, ўтган ҳафта у ерда яна бир отишма бўлди. Америка - хавфли мамлакат. Америкага борсам, менга "тунда кўчага чиқма! Қоронғида юрма!" деб маслаҳат беришади. Мана сизга Америка! Телбалик бу. Яқин Шарққа ҳам боролмай қолдик. Бутун дунёда одамлар терроризмдан қўрқиб қолганлар, лекин Ўзбекистонда бундай муаммо йўқ. Дунёда сафар қилсанг бўладиган ва ўзингни буткул хавфсиз сезадиган жой - Ўзбекистон.
Би-би-си: Инфратизилма ҳам президент фармонида тилга олинган, Ўзбекистон туризм соҳаси моддий жиҳатдан яхшиланиши керак дейиляпти. Сизнинг тажрибангиз қандай? Йўллар, меҳмонхоналар, ошхоналар қандай?
Дрискол: Тўғри, ҳали қилса бўладиган иш кўп. Лекин, йўллар 100% яхшиланган. Мен биринчи марта 1998 йилда борганман, ҳозир шароитлар умуман бошқача. Хивадан Бухорогача, Бухородан Самарқандгача бўлган йўллар жуда ҳам яхши аҳволда, чунки янги Ипак йўли магистрали ўтади. Онда-сонда муаммолар бўлиб туради, масалан, бир кўприк емириляпти. Лекин, кўприклар бутун дунёда емирилиб ётибди! Мана менинг Лондондаги уйимдан нарироқдаги кўприкка дарз кетган экан, йўлни ёпиб қўйишди. Ўзбекистонда бундай нарсалар таъмирланади. Ўзбекистонга кўпроқ меҳмонхоналар керак, деган бўлардим. Бу кўп иш ўринларини ҳам яратган бўларди. Лекин, дарвозалар очилиши билан бутун дунё ёғилиб келмайди, шундай экан уларни аста-секин қуравериш мумкин. Самарқанд ва Бухородаги кичик бутик мехмонхоналар мисли кўрилмаган даражада гўзал! Мен дунёнинг бошқа жойида бундай меҳмонхоналарни кўрмаганман. Ҳар бир хона турлича безатилган, ходимлари жуда ёқимли инсонлар. Бу одатда оилавий бизнес. Каравотлар жуда қулай, лекин, ёстиқлар - унчамас... Сервис соҳаси ҳам яхшиланиб боряпти. Менга ва сайёҳлар гуруҳимга энг кўп ёқадиган нарса - оилалар уйларида ошхоналар очиб олиб, овқат таклиф қиладилар. Буни жуда севамиз. Бу энг мазали таомлар. Меҳмонхоналардаги овқатдан минг марта яхшироқ. Баъзида сайёҳларнинг қорни оғриб қолади, лекин бу табиий ҳол, чунки маҳаллий халқнинг ҳам қорни оғриб қолади. Аэропортлар анча яхшиланган. Ажойиб тезюрар поезд ишга туширилган. Тўғри, баъзида вокзалга борасан, лекин поезд юрмайдиган бўлиб чиқади, турфирмаларга эълон қилинмайди, баъзиларнинг жиғига тегади бу. Автобусларни яхшилаш керак деган бўлардим. Бу соҳа ҳам ривожланаяпти, чунки янги Хитой автобуслари пайдо бўла бошлади.
Би-би-си: Яна нима яхшиланиши керак?
Дрискол: Мен ўзбек ҳукуматига туризм соҳасига кўпроқ сармоя жалб этишни тавсия қилган бўлардим. Гап шундаки, у ерда одам кам. Тошкентдан ташқарига чиқсанг, баъзи ҳудудлар ҳувиллаб қолгандек. Агар кўпроқ меҳмонхоналар қурилса, ёш қиз ва йигитлар Ўзбекистонда қолиб ишлаган бўлардилар, чунки ўзбек ёшлари жуда ватанпарвар. Пахта ўтмишда қоляпти, унинг даври ўтяпти, лекин туризм бу келажакдаги энг яхши экспорт бўлиши мумкин. Мен ўзим билан сайёҳларни олиб бораман ҳар сафар, улар киши бошига 3 минг доллар атрофида тўлашади. Шу ўринда мен сиз орқали жаҳонга юзланиб айтмоқчиман: Ўзбекистон - хавфсиз мамлакат, унинг тарихи ажойиб ва кўзни қувонтирадиган жиҳатлари жуда кўп! Америкадан минг марта яхши, менга ишонаверинг.

Манба: ББС

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Кўкча даҳасида янги дўконимиз очилди
Юқорига