Умайр ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу

Умайр ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу

Осмонда тангадек булут йўқ, Макканинг қуёши тутган жойини жизғанак қилгудек олов пуркаб ётибди. Жазирамадан қочиб,  Каъба соясига беркинса-да,  фарзандининг Бадр кунида душманлари қўлига асир тушгани аламидан ижирғаниб ўтирган Умайр ибн Ваҳбга ҳаётнинг қизиғи қолмагандек эди, гўё. Унинг ёнида Макканинг энг эътиборли ашрофларидан бири Савфон ибн Умайя ҳам Бадрдаги аламли мағлубият учун кимга дардини тўкиб солишни билмай ўтирарди.

Умайрга қараб:

- Бадрдан кейинги ҳаёт биз учун ўлимдан баттар! - деди хўрсиниб

- Эҳ! - деди Умайр иссиқдан қовжираб қолган лабини тишлаб:

- Шу Каъбанинг Роббига қасам-ки, агар бўйнимда қарзларим бўлмаганида ва  аҳлу аёлим мендан кейин хор-зор қолиб кетишини ўйламаганимда, бориб Муҳаммадни ўлдирган бўлардим, - деди. 

Сафвон бу гапни эшитган заҳоти маккор кўзларини ўйнатиб, фурсатни қўлдан бой бергиси келмай тутаб турган Умайрни оловлантиришга уринди ва:

- Умайр! Қанча қарзинг бўлса ҳаммасини зиммамга оламан. Оилангни то ўлгунимга қадар ҳеч кимга муҳтож қилмасдан ўз ҳимоямда тутаман. Сен уларнинг ташвишини қилма! Бориб Муҳаммадни ўлдир! - деди. 

 Умайрга шу далда етишмай турганди.  Унда Сафвоннинг рост ёки ёлғон гапираётганини текшириш учун мажол йўқ, ҳиссиёти тамоман ақлини ишғол этган: "Қасос! Қасос!" деган ҳайқириқ унинг ичидан портлаб чиқиб кетгудек вазиятда  бу турткидан оловланди. Бориб қиличини олди ва  тиғига ўткир заҳардан суртди.  Отига миниб Мадинага қараб йўл олди...

Масжид олдида уни Хаттобнинг ўғли Умар кўриб қолди. Ёқасидан ушлаб судраганича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб борди ва:

- Аллоҳнинг Расули! Манави Аллоҳнинг душмани ёмон ниятда келган кўринади, - деди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳолатини кўриб, Умарга:

- Уни тек қўй! - дедилар ва янада яқинроқ келишини сўрадилар. Умайр  яқинлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг яна яқинроқ келишини истадилар, у яна яқинлашди. Энди ораларида шивирлашни ҳам эшитадиган масофа қолганди. Умайр бу самимийлик олдида гангираб қолди. Мана, олдида Муҳаммад турибди, қуролсиз, ҳимоясиз ва ўта хотиржам. Бу хотиржамлик Умайрни саросимага тушириб қўйганди: на қўли ва на фикри унга бўйсинмасди. Бемажол, беқарор ва бўм-бўш...

- Эй Умайр! Нима учун келдинг?

Бу саволни кутган эди, у. Шунинг учун иккиланмай аввалдан ўйлаб қўйган жавобини берди:

- Нимага бўларди,  асирларимизни озод қилишингизни сўраб келдим.

- Ундай бўлса нима учун қилич осиб олгансан?!

- Қуриб кетсин бу қиличлар! Бадрда ҳам буларнинг фойдаси бизга тегмади!

Гапни айлантиришга уринарди, Умайр...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам овозда:

- Эй Умайр! Каъбанинг соясида, ҳажарул асваднинг олдида Сафвон билан бирга ўтирган эдинг. Сен Сафвонга:

- Агар бўйнимда қарзларим бўлмаганида ва  аҳлу аёлим мендан кейин хор-зор қолиб кетишини ўйламаганимда бориб Муҳаммадни ўлдирган бўлардим! - демадингми?! Шунда Сафвон сенга:

-  Умайр! Қанча қарзинг бўлса ҳаммасини зиммамга оламан. Оилангни то ўлгунимга қадар ҳеч кимга муҳтож қилмасдан ўз ҳимоямда тутаман. Сен уларнинг ташвишини қилма! Бориб Муҳаммадни ўлдир! - демадими?! Менга суиқасд қилишинга эса Аллоҳ таоло йўл бермайди!- дедилар.

Паст овозда айтилган бу сўзлар Умайрнинг қулоғини қоматга келтирган эди. Бошига гурзи зарба егандек бўлди. 

Энди беркитадиган нарсанинг ўзи қолмаганди.

Суиқасд билан келган  Умайр:

- Наҳотки! Ахир мен билан Сафвоннинг суҳбати чоғида орамизда ҳеч ким йўқ эди-ку!? Бу хабарни сизга ким етказа оларди?! Албатта Аллоҳ! Гувоҳлик бераман-ки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва гувоҳлик бераман-ки, сиз Аллоҳнинг ҳақ элчисисиз! Сизнинг олдингизга ёмон ниятда келган бўлсам-да, мени иймонга ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! - деди.

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга буюриб:

- Умайрга динини ўргатинглар, Қуръонни таълим беринглар ва унинг асирларини озод этинглар!- дедилар...

Ушбу ҳодисанинг гувоҳларидан бири Умар розияллоҳу анҳу айтади:

 - Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб кетаётганида менга худди чўчқа каби кўринган эди. Иймон келтириб чиқар экан у менга ўз фарзандларимдан ҳам кўра суюклироқ бўлиб қолди!..

Аллоҳ таоло иймоннинг  буюк неъмат эканини эслатиб марҳамат қилади:

 "Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз!"

 

Оли Имрон сураси 103-оят.

Таржимон: Аброр Мухтор Алий

Юқорига