Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ва ўғри қиссаси

Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ва ўғри қиссаси

БИСМИЛЛАҲ ВАЛ ҲАМДУДИЛЛАҲ ВАСОЛАТУ ВАССАЛАМУ АЛА РОСУЛИЛЛАҲ 

ВА БАЪД:

Мўътазилийлар Халифа Маъмуннинг даврида (ҳижрий иккинчи аср, мелодий саккизинчи аср) ҳукуматнинг бошқарув тизгинини эгаллашиб, бу фурсатдан фойдаланган ҳолда  Аҳли Сунна вал Жамоа уламоларига ўз фитналарини қабул қилдириш учун астойдил киришишган эди. Ўша давр сунний уламоларга жуда қийин бўлди. Қуръонни махлуқ дедириш сиёсати шу даражада авж олди-ки, Маъмун фуқаҳоларни саройига чақириб, улардан Қуръон махлуқ дейишларини талаб қилар, ёнидаги вазирлари ва яқин кишилари мўътазилий бўлганидан    сунний уламоларни “синдириш”га, ўз мақеъларини шу орқали мустаҳкамлашга уринишарди...

Аксар уламолар бу фитнадан қочиб қутулишди, айримлари эса таъриз – сўз ўйини қилиб қутулишга  мажбур бўлишди. 

Аммо ўша даврнинг уламолари орасида тоғ каби букилмайдиган, даъвосидан тонмайдиган, атрофида лак-лак шогирдлари унинг бир оғиз гапи учун жонини беришга тайёр турган зотлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг энг забардасти шубҳасиз Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу эди. Фитначилар Маъмунга шу зотни “синдириш” кераклигини, шунда бошқалар хам Имом Аҳмадга эргашишини айтишди. Энг оғир синов Имом Аҳмаднинг бошига келди. Уни шогирдлари олдида “Қуръонни махлуқ дейсан!” дея қаттиқ исканжага олишди. Қийноқлар ва зиндондаги ҳаёти шу алфозда йигирма саккиз ой давом этди. Бу муддат ичида Маъмун ўзидан кейингиларга бу ишнинг охирига етказишларини васият қилиб ўтиб кетди. Ундан кейинги Мўътасим давридаги қийноқлар ҳам Имомнинг иродасини бука олмади. Кейин Восиқ келди, унинг даврида қийноқлар камайган  эсада, аммо Имомнинг халқ орасига аралашуви ман қилинди. Имом Аҳмад бу даврда узлатда яшади. Бир фурсат ўтиб Восиқ ҳам ўлди. Ундан кейин Мутаваккил халифа бўлди. Унинг даври суннат уламолари учун уйғониш замони бўлди. Ибн Жавзий ўзининг “Маноқибу Имом Аҳмад ибн Ҳанбал” номли китобида Мутаваккил борасида сўз юритиб айтади:

- Мутаваккил бидъат оловларини ўчирди ва  суннат фонусларни қайтадан ёриштирди!

Бидъат аҳли томонидан бино қилинган давлат бир Имомнинг бардоши олдида тиз чўкди ва қулади. Имом ибн Аҳмад розияллоҳу анҳудаги бу сабот динига бўлган ғайрати, Росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламдан мерос олган илмига вафоси, виждонидаги ҳамияти... ва яна бир ўғрининг насиҳати туфайли юзага чиққан эди.

Имомнинг ўғли ўзининг санади билан ривоят қилади:

- Отам ҳар доим “Аллоҳ таоло Абу Ҳайсамни Ўз раҳматига олсин!” дерди.  Бир куни ундан Абу Ҳайсам кимлигини сўрадим. Шунда у шундай деди:

- Мен зиндонда Абу Ҳайсам билан бирга ётганман. У машҳур ўғри эди. Ҳатто унинг исми Халифа девонида алоҳида қайд билан турарди. Бир куни қаттиқ калтаклангач мени зиндонга ташлаб кетишди. Ўзим билан ўзим овора бўлиб, инграб ётгандим олдимга бир киши яқинлашди ва:

- Сизни ҳам уришдими? – деди. 

- Ҳа! – дедим оғриқдан зирқираган баданимни қимирлатишга мажолим йўқ ҳолда. 

- Бу ҳол менга жуда таниш. Мен машҳур ўғрибоши Абу Ҳайсам бўламан. Мени қилган жиноятимни бўйнимга қўйиш учун саккиз минг дарра уришган. Лекин мен бу калтакларга сабр қилдим ва айбимни бўйнимга олмадим. Мен бу ишни ботил йўл устида қилдим. Аммо сиз ҳақ устидасиз, шундай экан сиз мендан кўра сабрлироқ бўлишингиз керак. Чунки мен шайтон йўлида ботил ишим учун собит туриб берганман. Сиз эса Аллоҳ йўлида, динингиз учун собит туриб беринг! Ахир ҳақ учун туриб бериш ботил учун туриб беришдан кўра афзал эмасми?! – деди Абу Ҳайсам. 

Кейинроқ  қачон калтакланганимда оғриқ зарби жонимдан ўтиб кетса шу ўғрининг гапини эслардим ва: 

- Эй Аҳмад, сен ҳақ йўлдасан, сабр қил! Ахир бир ўғричалик бардошинг йўқми?! Одамлар ботил устида сабр қиляптилар, сен ҳақ устида сабр қила олмайсанми!? – дея ўзимга ўзим танбеҳ берардим. Шу билан бардошим ошиб, калтакнинг зарби сезилмай қоларди. Мен ўша оғир кунларда унинг шу гапидан руҳланганман!  Аллоҳ таоло Абу Ҳайсамни Ўз раҳматига олган бўлсин!...

Имом Аҳмад шу тарзда ҳақ устида тоғдек собит туриб берди ва ботил тизим ушбу сабот олдида таслим бўлди. Аллоҳ таоло  Имомнинг ушбу бардошини, жасорати ва фидокорлигини  Аҳли Сунна вал Жамоанинг маслаги бардавом қолиши учун  сабаб қилди. Зотан ушбу Имом сабр қилмаганида бидъат аҳли суннат аҳлининг  маслагини тамоман йўқотиш учун  бел боғлаган, бунинг уддасидан чиқиш учун астойдил киришган эди. 

Ҳақ таоло забардаст уламолари орқали  бидъат аҳлининг белини синдиришни ирода қилди!

 

• Аллоҳ таоло барча фидоий уламоларимизни, хусусан ушбу улуғ Имомни Ўз раҳматига олган бўлсин! 

• Дини учун яшаган, дини учун ташвиш қилган, дини учун машаққат чеккан, жон берган барча иймон аҳлини юксак мақомлари ила сийласин!

• Бизларни ҳам ўша зотларга эргаштирсин! 

• Ўз обрўсидан кўра динининг обрўсини устун қўядиган, ҳақ йўлда сабот билан тура оладиган зумралардан бўлишимизни насиб этсин! 

• Зотан бу уммат ана шундай зотларнинг фидокорликлари сабабли барҳаётдир! 

• Динини ўйин қилиб олган, ўзининг шахсий марази ва омадсизлиги учун мусулмонлардан ўч олишга уриниб камситадиган, масхара қиладиган, Ислом шиорлари устидан куладиган енгилтакларга Аллоҳ таоло Ўзи етарли муомаласини қилсин! 

• Зотан бу уммат мана шундай мараз галадан асосий  зарарларни кўрди!

 Салоту саломларимиз Муҳаммад алайҳис саломга бўлсин!

Аллоҳим! Қадамларимизни Сенга йўлиққунимизга қадар ҳақ устида  собит  қил! 

Омин! Омин! Омин! 

 

Аброр Мухтор Алий

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Умайр ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу
Юқорига