ИШИД саҳнаси

ИШИД саҳнаси

ИШИДнинг маъноси, унинг саргузаштлари бугун ҳеч кимга сир эмас. Чунки бу муаммо бутун дунё аҳлининг диққат марказидан жой эгаллаган. Мазкур тўда ном чиқарганидаёқ ҳушёр ва зийрак одамлар уларнинг ҳатти‑ҳаракатларидан шубҳага тушишган ва халқни огоҳлантиришган эди. Кейинроқ уларнинг кирдикорлари, залолатлари замонамиз уламолари томонидан фош этилиб, бу ҳақда кўплаб илмий мақолалар, асарлар эълон қилинди.


Аммо айрим содда ва билимсиз кишилар уларнинг баландпарвоз шиорларига алданиб қолди. Бундай кимсалар оз бўлса‑да, бизнинг ўзбеклар орасидан ҳам топилиши юртимиз кишиларини қаттиқ ташвишга солди. Жумладан, устоз Шайх ҳазратлари раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа олимларимиз, устозларимиз ҳам бу борада куюнчаклик билан иш олиб бордилар, мавжуд хатардан халқни огоҳлантириб, асарлар битдилар, маърузалар қилдилар ва қилмоқдалар. Камина ҳам бу ҳақда айрим маълумотлардан хабар топиб, кузатиб бордим. Ижозатингиз билан ушбу шахсий кузатув хулосаларини сиз азизлар билан баҳам кўрсам.

Агар синчковлик билан назар солинса, бу гуруҳ кишиларининг ҳар бир гапи, ҳар бир иши, ҳар бир тасарруфи махсус лойиҳа ва мақсад асосида бўлаётганини кўриш мумкин. Улар миссионерларнинг, Ғарбдаги айрим бузғунчи шарқшуносларнинг, қалби Исломга нисбатан адоват билан ёнаётган, васвасага тушиб қолган кимсаларнинг Ислом ҳақидаги бузуқ тушунчаларини ва фитнага тўла тасаввурларини намойиш этиб келмоқда. Бошқача қилиб айтганда, Ислом душманларининг шу пайтгача Исломга чаплаган айбларини, туҳматларини, кўзбўямачилик билан ёзган сценарийларини бу гуруҳ аъзолари саҳнада ижро қилиб, жонли суратда намойиш этиб беришмоқда. Буни уларнинг ҳаммалари пайқамаса ҳам, асосий бошқарувчилари яхши билишлари аниқ.

ИШИД вакилларининг фаолиятини кузатиб борсангиз, улар Ислом шиорларини нотўғри талқин қилиб, жаҳон афкор оммасига хунук кўрсатишга изчиллик билан ҳаракат қилиб келаётганини кўрасиз. Шаръий насслар, яъни далилий матнларни бузиб, Ислом душманлари тушунтирганидек бир ёқлама талқин қилиб, шу асосда иш кўришмоқда. Ислом тарихида бирор киши тарафидан қўйилган ва ҳамма танқид қилган биронта хато тасарруф ўтган бўлса, ўшани далил қилиб олиб, оммалаштириб, исломий тушунча сифатида талқин қилишмоқда. Ҳолбуки, мусулмонлар ўша ишнинг у содир бўлганидан буён нотўғри, хато бўлганини, янглиш кечганини таъкидлаб келган бўладилар. Аммо бу жонбоз «тақводорлар» ўзларининг бузуқ табиатларидан келиб чиқиб, уни ўзлари учун «ҳужжат» қилиб олишади ва гўё ўзларини шу билан «оқлашади». Келинг, гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун уч‑тўртта мисол келтирайлик.

1. Маълум бир вазиятда, махсус ҳолатга хос айтилган гапларни умумийлаштириб талқин этиш, суиистеъмол қилиш. Бунга «Очиқ хат китоби»дан бироз ихчамлаштирган ҳолда мисол келтирамиз.

«Абу Муҳаммад Адноний ўзининг 2014 йил, апрель ойининг аввалида сўзлаган сўзида: «Аллоҳим, қилич билан оламларга раҳмат қилиб юборилган саййидимиз Муҳаммадга салавот юборгин», деди. (Буни ўзларича имом Аҳмад «Муснад»да заиф санад билан келтирган: «Шериги йўқ ягона Аллоҳга ибодат қилингунича қиёмат олдидан қилич ила юборилдим», деган ҳадисдан олишган.) Аммо бу жумланинг замирида катта адашув бор ва жуда усталик билан тўқилган хато бор. Худди шу жумла «Ислом давлати»га мансуб баъзи кишиларнинг тилларида такрор-такрор янграмоқда. Хатолар қуйидагилардан иборат:

Аллоҳ жалла жалалуҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган. Бу борада Аллоҳ таоло Анбиё сурасида:

«Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», деган (107-оят).

Ушбу маъно барча замонлар, барча маконлар ва борлиқдаги барча нарсалар учун тўғридир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам башариятга, ҳайвонотга, набототга, осмонларга, инсларга, жинларга раҳмат қилиб юборилганлар. Бу борада ҳеч қандай хилоф йўқдир. Бу Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги каломидир, бу умумийдир, қайдланмагандир. Лекин ҳадиси шарифдан иқтибос қилинган «қилич билан юборилган» ибораси бир маконга, бир замонга, муайян шароитга хосдир ва у шароит, у макон, у замон битиб, тугаган. Бас, шундай экан, Қуръони Карим билан ҳадиси шарифни юқоридаги тариқада аралаштириш жоиз эмас. Шунингдек, умумий иш билан хусусий ишни, мутлақ (чекланмаган) иш билан муқайяд (чекланган) ишни ҳам аралаштириш мутлақо мумкин эмас...

Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинадики, «Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратиб бўлгандан кейин Ўзининг ҳузурида, Аршининг устида «Албатта, раҳматим ғазабимдан олдин келмишдир», деган» (Бухорий ва Муслим ривояти). Бас, шундай экан, қилични, ғазабни, шиддатни раҳмат билан аралаштириш жоиз эмасдир. Уларни бараварлаштириш жоиз эмасдир. Балки қўшимча тарзда айтиш мумкинки, оламларга бўлган раҳматни «қилич билан юбориш» жумласига боғлаш мутлақо жоиз эмасдир, чунки бундай қилиш раҳмат, марҳамат, шафқат қиличга боғланди, дейиш билан баробардир. Бу эса мутлақо тўғри эмас.

Аслини олганда ҳам, қилич қандай қилиб қиличи йўқ оламларга таъсир ўтказиши мумкин? Мисол учун, осмонлар, жинлар олами, наботот олами каби қиличсиз оламларга қандай қилиб қилич билан таъсир ўтказиш мумкин? Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилишлари у зотнинг қилич билан юборилишларига боғлиқ бўлиши мутлақо мумкин эмас». (Иқтибос тугади.)

 

Яъни айтилмоқчики, «Шериги йўқ ягона Аллоҳга ибодат қилингунича қиёмат олдидан қилич ила юборилдим», деган ҳадис уруш пайтида, душман қаршисида душманларни назарда тутиб айтилган. Бу ҳарбий услуб бўлиб, ўз ўрнида керак бўлган, аммо у умумий ҳаёт тарзи учун айтилмаган. Зеро, жанг ўзига хос гап ва тасарруфларни талаб қилади. Бундай пайтда қатъий, қиличдек кескир бўлиш ҳам баркамолликдан экани ҳеч бир ақлли инсонга сир эмас, соғлом мантиқ ўзи шуни тақозо этади. Бироқ фитначи, адашган тўдалар буни суиистеъмол қилиб, нотўғри талқин этиб, ўз хоҳишлари ва мақсадлари йўлида қурол қилиб олиши эса хиёнатдан ўзга нарса эмас. Зеро, ўн тўрт асрдан буён мусулмон уммати ушбу ҳадисни ривоят қилиб, ўқиб, ўқитиб келиб, бу тарзда тушунмаган, тушунтирмаган.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: Нега энди улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юборилишлари боисига доир бошқа ўнлаб машҳур ва маълум бўлган, умумий мазмунда айтилган оят‑ҳадисларни бир четга қўйиб, айнан махсус вазият учун айтилган ўша ҳадисни шиор қилиб олишди? Ахир оятда: «Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (107-оят), дейилган‑ку! Ҳамма билган «Мен олижаноб хулқларни тугал қилиш учун юборилдим, холос», деган ҳадиси шариф қаёқда қолди? Нима, улар бу оят‑ҳадисларни ҳеч қаерда ўқишмаган, эшитишмаганми, ёки уларни билишмайдими? Йўқ, улар атайлаб шундай қилишган. Барчага маълум оят‑ҳадисларни бир четга қўйиб, хос маънодаги битта ҳадисни излаб топиб, уни шиор қилиб олиш бехосдан бўлмаса керак ахир? Ҳа, бу уларнинг азалдан Исломни душман тутиб, уни ёмон отлиқ қилишга астойдил бел боғлаган, юзлаб, минглаб саҳиҳ ҳадисларга ишона олмай, уларни бир чеккага суриб қўйиб, айнан шу биргина ҳадисга «иймон келтириб», уни маҳкам ушлаб, ўзига байроқ қилиб олган, шу тариқа Исломга тош отиб юрган «билимдон» оғаларининг режаларидир. Бу уларнинг сценаристлари томонидан тузилган «Ислом қилич билан ёйилган» деган фаразни, тасвирни ижро этиш учун қилинмаганига ким кафолат бера олади?

 

2. «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим» тўпламларида бир ҳадиси шарифни ўқиймиз:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб шаҳодат келтирмагунларича, намозни тўкис адо этмагунларича ва закотни бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим. Шуни бажаришса, қонлари ва молларини мендан асрабдилар. Фақат Ислом ҳаққи мустаснодир. Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасидадир», дедилар».

ИШИДчилар ва уларга ўхшаш тўдалар ушбу ҳадисни ўзларига байроқ қилиб, амалга ошираётган хунрезликларига уни «далил» қилиб олишган. Улар шу ҳадиси шарифга асосланиб, барча ғайримусулмонларни ўлдириш керак, деган фикрни олға суришади. Иккинчи тарафдан, ушбу ҳадисни ўзича «илмий» таҳлил қилиб ёки юзаки тушуниб олиб, уни инсон эркинлигига зид, замон руҳига мос эмас деб фаҳмлайдиган, талқин қиладиган «билимдонлар» ҳам бор. Ҳадиснинг мақсадини тушуна олмай, унинг зоҳирий маъносини сингдира олмай, икки ўт орасида гаранг бўлиб турганлар эса талайгина.

Ҳақиқатан ҳам, кўпчилик ушбу ҳадисни ўқиганда, эшитганда, «Демак, мусулмон бўлишга, намоз‑рўзани адо этишга кўнмаган одамларни ўлдириб юбориш керак экан‑да», деган хулосага  келади. Баъзилар шундай деб талқин ҳам қилади. Аммо бу маъно Қуръони Каримдаги қатор оятларга, саҳиҳ ҳадислар, сийрат ва шариат аҳкомларига, Исломдаги бағрикенглик тамойилларига зид келади. Мисол учун, айрим оят‑ҳадисларни эслаб ўтайлик:

«Динга мажбурлаш йўқ» (Бақара сураси, 256‑оят).

«Ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин» (Каҳф сураси, 29‑оят).

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб келтирган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир муъоҳад кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради», деганлар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир муъоҳидга зулм қилса, ундан уриб қолса, унга тоқатидан ортиқ нарса юкласа ёки ундан чин кўнгил билан бўлмаган бирор нимани олса, қиёмат куни унинг ҳужжатлашадигани мен ўзим бўламан», деганлар.

Имом Бухорий Амр ибн Маймундан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳу: «Мен унга (бўлғуси халифага) Аллоҳнинг ва Расулининг кафолатидагиларга нисбатан берилган аҳдга вафо қилишни, улар учун жанг қилишни, уларни тоқатларидан ташқари нарсага ундамасликни васият қиламан», деди».

«Муъоҳад» ҳам, «муъоҳид» ҳам мусулмонлар билан аҳдлашган одамни англатади. «Аллоҳнинг ва Расулининг кафолатидагилар» деганда зиммийлар, яъни Ислом давлати ҳудудидаги мусулмонлар тарафидан ҳимояга олинган ғайримусулмонлар назарда тутилган. Бу кўрсатмаларга амал қилиш учун жамиятда ғайримусулмонлар бўлиши керак.

Умуман олганда, агар юқоридаги ҳадисни зоҳирий маъносига қараб, барча ғайримусулмонларни ўлдириш керак, деб тушунилганда, мусулмон ўлкаларда битта ҳам ғайримуслим қолмаслиги керак эди, «аҳли зимма» деган гапга, уларга тегишли ҳукмларга ҳожат қолмасди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотнинг рошид халифалари ҳам ғайримусулмон давлатлар билан тинч‑тотув яшаб, ўзаро битимлар имзолашган, Ислом аҳли ҳудудида бошқа дин вакилларининг истиқомат қилишига қаршилик кўрсатишмаган, уларни Исломга мажбурлашмаган ҳам. Вақти келганда, Умар розияллоҳу анҳу таъкидлаганидек, зиммийларнинг ҳимояси учун жанг қилишган. Демак, улар мазкур ҳадисни ҳозирги «алломалар» талқин қилаётгандан бошқача тушунишган.

Хўш, унда бу ҳадисни қандай англашимиз керак?

Аслини олганда, ҳадисни тушунишда араб тили қоидалари, хусусиятларини билмаслик, бунга эътибор бермаслик туфайли муаммо келиб чиққан. Ҳадисда «жанг қилишга буюрилдим» деб ўгирилган сўз «уқоотилу» феъли бўлиб, у икки тарафлама бажариладиган иш‑ҳаракатга нисбатан ишлатилади. Аниқроқ қилиб айтганда, бу сўз жанг очган кишига қарши жангга кириш маъносини билдиради. Аммо уни кўпчилик «ақтулу» – «ўлдираман» феъли мазмунида тушуниб олган ва шундан муаммо келиб чиққан. Бу ҳақда Шайх Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ батафсил баҳс юритиб, ушбу нуқтани мисоллар билан ёритиб берар экан, жумладан, шундай дейди:

«Бу мавзуда тадқиқотчининг зеҳнида пайдо бўладиган мушкуллик «уқоотилу» ва «ақтулу» сўзларини фарқлай олмасликдан келиб чиқади. Ҳолбуки, уларнинг ўртасида катта фарқ бор бўлиб, озгина тааммул қилиб кўрган арабга бу махфий эмас.

Дарҳақиқат, агар ҳадиснинг матни «ақтулу» феъли билан бўлганида, муаммо чиқар эди, чунки бунда у динга зўрлаш, мажбурлашдан қайтарилганига далолат қилувчи кўплаб бошқа оят‑ҳадисларга зид, қарама‑қарши бўлиб қоларди. Аммо барча ровийлар бир овоздан нақл қилганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишлатган «уқоотилу» сўзида, агар чуқур ўрганилса, биз узундан‑узун баён қилган насс ва далилларга зиддият йўқ, бунда ушбу сўзни фаҳмлашда ҳеч қандай муаммо қолмайди. Бунинг баёни қуйидагича:

Ҳадисдаги «уқоотилу» сўзи «уфооъилу» вазнида бўлиб, ўзаро шерикликка далолат қилади. У икки тарафлама курашишни ифодалашгагина мос келади, балки у жангни олдин бошлаганга қарши курашни таъбир этишгагина тўғри тушади. Бинобарин, олдин жанг бошлаганга қарши курашган кишинигина «муқотил» («уқоотилу» феълининг бажарувчиси) дейилади, аммо бошлаган тараф эса ҳеч қачон «муқотил» дейилмайди, балки ҳақиқатини олиб қараганда, у ҳужум ёки ишни, ижрони биринчи бошлагани эътиборидан «қоотил» («ақтулу» феълининг бажарувчиси) деб аталади. Зотан, шериклик маъноси иккинчи тараф қарши курашганида ва ҳимояга турганидагина пайдо бўлади...

Хўш, биз ёритиб ўтган ушбу маъно ёғдуси билан қараганда ҳадиснинг маъноси нима бўлади?

Унинг маъноси қуйидагича: «Одамларни ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга даъват этишимга қарши қилинган ҳар қандай душманликни тўсишга буюрилдим. Агар ушбу даъватга қарши душманликни тўсиш фақатгина ўша қаршилик кўрсатаётган, тажовуз этаётганлар билан жанг қилиш орқали рўёбга чиқадиган бўлса, шуни қилиш Аллоҳ менга буюрган вожибдир, бошқа чора йўқ...»

Байҳақий имом Шофеъийдан нақл қилади: «Қитол» («уқоотилу»нинг тусланмаган шакли) бошқа, «қатл» («ақтулу»нинг тусланмаган шакли) бошқа. Кишилар билан қитол қилиш гоҳида ҳалол бўлиши мумкин, аммо қатл ҳалол бўлмайди».

Ушбу маънодан воқиф бўлишнинг аҳамиятини Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Фатҳул‑Борий» асарида алоҳида таъкидлаб ўтган» (Иқтибос тугади).

Баъзи уламолар: «Бу ҳадисда икки Ҳарам – Макка ва Мадина ҳудуди назарда тутилган, шу боис бу икки ҳудудга бугун ҳам мусулмонлардан бошқалар киритилмайди», дейдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам, рошид халифалар ва улардан кейинги халифаликларда ҳам ушбу икки шаҳардан бошқа Ислом ўлкаларида мусулмонлар билан бирга бошқа дин вакиллари ҳам асрлар оша эмин‑эркин ва иноқ яшаб келганлар.

Хуллас, биз мазмунини ўрганаётган мазкур ҳадиси шарифни мусулмон умматининг жумҳури шу пайтгача юқорида биз баён қилган маънода тушуниб, изоҳлаб келган. Бироқ унинг моҳиятига ета олмаган кишилар ва ғаразли кимсаларгина уни нотўғри талқин қилиб, ўз мақсадлари учун дастак қилиб олишган. Жумладан, айрим Ғарб шарқшунослари ҳадисни Исломни ёмонотлиқ қилиш, қоралаш учун қурол қилиб олишган эди. Улар бир‑иккита шу мазмундаги оят‑ҳадисларга ёпишиб олиб, уларни ўзларининг бузуқ қарашларига ва фаразларига суянган ҳолда изоҳлаб, шу асосда Ислом динини ва мусулмонларни ёвузлик манбаи қилиб тасвирлаб келишарди. Бироқ уларнинг бу сафсаталари юқорида биз кўриб ўтганимиздек, илмий ва равшан далиллар қаршисида мағлуб бўлиб, ақлли инсонлар қошида йўққа чиққач, энди ўзлари хаёллаб юрган изоҳни ҳаётга кўчириш пайига тушиб қолишди. Бунинг учун керакли вазият ҳам юзага келтирилди ва мижозлар ҳам топилди. Қарабсизки, оят‑ҳадисларни суиистеъмол қиладиган жангари тўдалар ҳаёт саҳнасида рол ўйнашга киришиб кетишди. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Душманингга хизмат қилишинг учун сотқин бўлишинг шарт эмас, жоҳиллигинг кифоя», деган экан.

 

3. Ислом дини ҳамиша қулдорликка қарши курашиб келганини, бу борадаги илк ҳаракатни дунё тарихида Ислом  бошлаб берганини ҳамма билади. Бир қанча жиноятларнинг биринчи ўриндаги каффоротини қул озод қилиш деб белгилаган. Қатор‑қатор оят‑ҳадисларда қул озод қилиш қайта‑қайта амр этилган, тарғиб қилинган ва бунинг учун кенг йўл очиб қўйилган. Ўша пайтда ҳамма жойда қулдорлик ҳукм сургани учун давр тақозосига кўра «муомалати мисл» – «қарши муомала» мақсадида қул тутишга рухсат ҳам берилган. Шунинг учун ҳам қарз ўрнига, рибо эвазига, қимор орқали ва бошқа йўллар билан қул қилиш одатларига чек қўйилган. Қул озод қилиш учун сон‑саноқсиз эшиклар очиб қўйилиб, қул тутиш учун «қарши муомала» қабилида биргина эшик қолдирилган. Шунда ҳам қул‑чўриларнинг ҳуқуқлари тўла ҳимоя қилинган. Оят‑ҳадислардек асос манбалар орқали «уларга еганингиздан едирасиз, кийганингиздан кийдирасиз, уларга фақат яхшилик қиласиз, кучлари етмайдиган ишни буюрмайсиз, чунки улар биродарларингиздир», дея уқтирилган. Ушбу таълимотлар ўз самарасини бериб, мусулмонлар қул озод қилишда кимўзарга ҳам ўтиб кетишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари юзлаб, минглаб қул‑чўриларни озод қилганлар. Бир гал Оиша розияллоҳу анҳо қул озод қилишни назр қилиб, назрни адо этишга киришар экан, ададни аниқ белгиламагани учун кўнгли тўлгунча қул‑чўриларни озод қилаверди. Ниҳоят, уларнинг адади қирқтага етганда дили равшан бўлди. Бунга ўхшаш мисоллар Ислом тарихида тўлиб‑тошиб ётибди.

Ислом ўтмишига назар солинса, тобеъин ва табаъа тобеъинлар давридаги жуда кўп йирик алломалар, барча эътироф этган имомлар асли қул ёки қулнинг боласи бўлган. Исломнинг бағрикенглигини, олижаноблигини қарангки, кеча қул бўлган инсонлар Ислом шарофати билан бугун мусулмонларнинг имомларига айланган. Бу ҳақиқатни, хусусан, Қуръон қироати имомлари ва илк муфассирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Қулларга бўлган муносабатда Ғарб маданияти нодонларча ўзига ор деб билган ишларни Ислом юксакларга кўтариб, энг савобли ишлар сирасига киритган. Бу ҳақда Муҳаммад Фарид Важдий «XX аср энциклопедияси» китобида қуйидагиларни айтади: «Ислом қулдорликни инкор қилмаса‑да, уни қўллаб-қувватламади ва тавсия этмади. Балки қулларга олдинги умматларнинг тушларига ҳам кирмаган ҳақ-ҳуқуқларни берди. Кейин қулдорликни ҳам, унга боғлиқ ишларни ҳам тарк этди. Натижада қулдорликнинг ижтимоий низомда зарурати йўқолиб, ўз-ўзидан бартараф бўлди. Ислом ўзига эргашганларга «Қуллар сизларнинг биродарларингиздир», деган пайтда Европада деҳқонлар ер ҳайдаш учун молларга қўшиб бойларга сотилар эди. Бу ҳолат XVIII асрда Францияда юз берган қўзғолонга қадар давом этган. Шундан кейингина уларда шахсий эркинлик тушунчаси пайдо бўлди. Ҳозирга келиб Европа ўзича қулдорликни қоралаб, Ислом ва мусулмонларга туҳмат қилади. Ҳолбуки, Ислом бундай айб ва туҳматлардан покдир. Аслида, уларнинг ўзлари инсонларни қул қилган ва қулларга энг ёмон муомалада бўлган кишилардир».

Аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ таъкидлашларича, Ислом шариатида асирларни қул қилиш масаласи фавқулодда ҳолатларга тегишли масалалардан бўлиб, бошқа қонунлардаги фавқулодда чиқариладиган қоидалар каби, мусулмонлар амирининг ихтиёрига, ижтиҳодига ҳавола қилинган. У агар шуни зарур деб билса, жорий қилади, бўлмаса, бирор манфаат асосида, келишув билан уни бекор қилиши мумкин. Буни Муҳаммад Фотиҳ амалда ҳам кўрсатиб берган. У Европа подшоҳларига ёзган хатида жумладан, шундай деган: «Мусулмонлар инсон озодлигининг ҳимоячиларидир, зулм ё қулдорлик тарафдори эмас. Ислом уларни гарчи душман бўлса ҳам, мазлумга ёрдам беришга, золимни ҳам кечиришга, асирларни ҳурмат қилиш ва уларга илтифот кўрсатиб, уларни ҳимоя қилишга чақиради. Уларнинг олдин ёмонлик қилиб, душман бўлганига эътибор қилмайди».

Шундай қилиб, Муҳаммад Фотиҳ Европа подшоҳлари билан асирларни қул қилмаслик ва уларга ёмон муомалада бўлмаслик ҳақида шартнома имзолаган. Ўшанда у уламолар билан Қуръон ва Суннат асосида тузилган машҳур «уруш қонунлари»ни ишлаб чиқди ва жорий этди. Ўша васиқанинг бир бандида душман тарафдан хавф-хатар бўлмаса, асирларни бошқа жойга олиб кетмаслик ва уларга озор бермаслик алоҳида таъкидланади. Бу пайтда Ғарб оламида «уруш қонуни» деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Уларнинг «қонунлар»и аскарларнинг бефаҳмлиги ва адоватига асосланган тасарруфлардан иборат эди, ҳеч қандай чегара ҳам, қайд ҳам йўқ эди. XVIII асрнинг охирларига келибгина улар бу ҳақда сўзлай бошлади.

Муҳаммад Фотиҳ мазкур қонунни жорий қилганидан буён Ислом оламидаги бирор халифа ё подшоҳ урушда асирларни қул қилган эмас. Ғарбда эса XIX асрнинг ярмигача қулдорлик давом этиб келди. Шу билан бирга, уларда қулларнинг ҳолати жуда ҳам аянчли эди.

Мазкур исломий тасаввур ва тасарруфлар асосида XX асрда қабул қилинган қулдорликни бекор қилиш тўғрисидаги халқаро ҳужжатни барча мусулмонлар бир овоздан тасдиқлашди ва буни Исломнинг мақсадларини рўёбга чиқаришдаги шахдам қадамлардан бири дея эътироф этишди. Бу борада ҳеч бир олим хилоф қилмади. Шаръий истилоҳ билан айтганда, ижмоъ собит бўлди. Аммо ўтган асрча одамларни қул қилишда устасифаранг бўлиб келган жаноблар юқорида айтиб ўтилган ҳақиқатлардан тамоман кўз юмиб, ўзларини билмасликка олиб, Исломни қулдорликни бекор қилмаганликда айблаб келаётган эди. Бироқ Исломнинг биз зикр қилган ва қилмаган инсонпарвар тушунчалари, тасарруфлари барчага аста‑секин равшанлашиши натижасида бу ҳақда жаҳон афкор оммаси ҳам анча‑мунча тўғри тушунчага эга бўлиб қолган эди. Исломни бироз тўлиқроқ ўрганган одамлар душманларнинг сафсаталарига қулоқ солмай қўяётган эди. Ана шундай бир пайтда ИШИД деб аталган бевош тўда Ислом душманлари иғво қилиб, туҳмат қилиб эплай олмаётган ишни бажариб берди: Исломни қулдорлик тузумини қўлловчи дин қилиб тасвирлади, мусулмон умматининг шу пайтгача қулдорликка қарши олиб борган барча ишлари устидан мағзава тўккандек иш қилди. Бу шунчаки эмас, қасддан қилинди. Буни уларнинг ушбу ишни шов-шув қилиб, ҳаммага эълон қилиб юриб бажаргач, мақсад ҳосил бўлиб, бошқа, навбатдаги режаларни ижро этишга ўтиб кетганидан ҳам билиб олса бўлади. Ҳа, худосиз дин душманлари Исломга таъна қилиб чаплай олмаган айбни бу худбин бузғунчилар амалга оишириб беришмоқчи.

 

4. Асирларни хўрлаш ва ёқиш. ИШИД жангарилари асирларни хўрлаб, ёқиб юборишни ўзларига одат қилиб олишгани ҳам бутун дунё аҳлида мусулмонларга нисбатан нафрат қўзғади. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб хабарлар тарқади, турли лавҳалар намойиш этилди. Улар ўзларича бу қилмишларига қуйидаги ривоятларни далил қилиб келтиришмоқда:

Биринчиси:

Икримадан ривоят қилинади:

«Алий розияллоҳу анҳу бир (муртад) қавмни ёқиб юборди. Бу Ибн Аббосга етганда, у: «Мен бўлганимда, уларни ёқиб юбормаган бўлар эдим, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг азоби билан азобламанглар», деганлар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким динини алмаштирса, уни ўлдиринглар», деганларидек, уларни ўлдиртирган бўлар эдим», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Ислом ва мусулмонларнинг шон‑шавкатини, халқларнинг тўп‑тўп бўлиб Исломга кираётганини кўриб ичи ёнган, ҳасаду адовати қайнаган тоифалар хилма‑хил йўллар билан, нима қилиб бўлса ҳам Исломнинг шаънини пастлатиш учун қўлларидан келган найрангвозликни, душманликни қилишган. Ана шундайлардан бир гуруҳи ушбу ривоятда айтилаётган кишилар эди. Имом Табаронийнинг ривоятига кўра, улар зоҳиран мусулмонмиз, деб юриб, кейин эса «Исломдан чиқдик», деб эълон қилишган. Улар Алий розияллоҳу анҳуни худо дейишгача боришган. Алий розияллоҳу анҳу аввалига уларга яхши муомала қилади, лекин кўнишмагач, уларни ўлдиришга буюради. Уларнинг ёқиб юборилиши эса Алий розияллоҳу анҳунинг қўл остидаги баъзи одамларнинг тасарруфи бўлиши ҳам мумкин, чунки имом Ҳоким ривоят қилишича, Алий розияллоҳу анҳуга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг «Мен бўлганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтариқларига кўра уларни ёқиб юбормаган бўлар эдим», деган эътирози етказилганда, у киши «Тўғри айтибди», деб тасдиқлаган. Шу билан бирга, шу пайтгача мусулмонлар бу ҳодисани оқламаган, жоиз санамаган. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзи ҳам ёрқин далилдир.

Иккинчиси:

Ридда аҳли ҳақидаги ривоят. Унда шундай дейилади: «У (Абу Бакр розияллоҳу анҳу) уларни (ридда аҳлини) чиққан эшикларига киргизиб юборгунча аъзоларини куйдирди».

Ўз қилмишларига бу нақлни далил қилишларининг ўзи уларнинг қанчалар илмсиз эканликларини кўрсатиб турибди. Чунки ундаги «куйдирди» сўзини изоҳлаган барча уламолар унинг «ҳалок қилиш», «ўлдириш» мазмунида эканини таъкидлайдилар. Зеро, гапнинг оқими ҳам шундан бошқа маънони қабул қилмайди. «Аъзоларни» деган қўшимча эса уларни зир титратганини ифодалаш учун ишлатилган. Бу мағлуб қилишни «оёқ‑қўлини шол қилди», деганга ўхшайди. Бу маънони тушунишга кўп илм ҳам шарт эмас, озгина тафаккур қилиб кўрилса, бас. Мисол учун, «Лисонул араб»да қуйидагиларни ўқиймиз:

«...Жумладан, Рамазон кунида жимоъ қилиб қўйган одамнинг зиҳор қилинган аёли билан рўзадор ҳолда жимоъ қилганини ҳалокатга ташбеҳ қилиб, «иҳтароқту» – «куйиб битдим» деган гапи ҳам шундан (яъни «иҳтароқо» феълининг ҳалок бўлиш мазмунида ишлатилишидан)... Яна ридда аҳли ҳақидаги ҳадисда ҳам шундай: «У уларни (ридда аҳлини) чиққан эшикларига киргизиб юборгунча аъзоларини куйдирди (яъни ҳалок қилди)».

Рамазонда кундузи жимоъ қилган киши тўғрисидаги ҳадисни имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:

«Бир киши масжидда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, «Куйиб битдим», деди. У зот: «Нима учун бундай бўлди?» дедилар. У: «Рамазонда аёлим билан яқинлиқ қилиб қўйдим», деди...»

Аксар араб тили изоҳий луғатларида, ҳадис луғатларида «иҳтароқо» феълининг ҳалок бўлиш мазмунида ишлатилиши айтилиб, ушбу икки ривоят мисол тариқасида келтирилади. Шу пайтгача буни барча илм аҳли шундай тушуниб келган. Сўзларни бундай кўчма маънода ишлатиш ҳамма тилларда бор. Масалан, ўзбек тилида ҳам «уйим куйди», «юрагим ёняпти» деган иборалар бор. Буларни ҳеч ким бирламчи маъносида тушунмайди. Қўпол қилиб айтганда, бу гап аҳмоққа ҳам аён. Аммо нияти бузуқ, ўзи жоҳил бўлган «алломалар» ё шу оддий луғавий маъноларни билмаганидан, ёки атайлаб мазкур ривоятни ўзларига «далил» қилиб келтиришади. Уларнинг аҳволи қандай эканини шундан ҳам билиб олиш мумкин.

Исломда асирлар худди мискин ва етим‑есирлар каби раҳм-шафқатга, мурувватга ҳақли заиф тоифа деб эътибор қилинади ва уларга яхши муомалада бўлиш, инсоний ҳуқуқ ва эҳтиромларини жойига қўйиш вожиб, улуғ савобли амал ҳисобланади. Бу борада бевосита Қуръони Карим оятларида ва ҳадиси шарифларда қатор кўрсатмалар бор. Биз бир‑иккитасини мисол тариқасида эслаб ўтамиз.

Аллоҳ таоло  жаннатий бандаларини шундай тавсифлайди:

«Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирга берарлар. «Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун таомлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур кўзламасмиз (дерлар)» (Инсон сураси, 8–10-оятлар).

Имом Табароний Абу Азиз ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бадр жанги куни мен асирлар ичида эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асирларга яхши муомалада бўлинг!» дедилар. Мен ўшанда бир неча ансорлар билан бирга эдим, уларга нонушта ва кечки овқатлари берилганда, ўзлари хурмо еб, менга нонларини беришарди».

У пайтларда буғдой нони одамлар орзу қиладиган тансиқ таом ҳисобланган. Хурмо эса энг сероб егулик саналган. Бундай мисоллар жуда ҳам кўп.

Ушбу мавзуда замонамизнинг йирик алломаларидан Юсуф Қарзовий жумладан, қуйидагиларни айтади:

«Шу кунларда гувоҳи бўлаётганимиз – асирларга нисбатан ваҳшиёна муносабатлар: ҳали сўйиб, ҳали оловда ёқиб ўлдиришларга келсак, бундай кўринишдаги қатл Ислом таълимотига зиддир. Имом Муслим, Аҳмад ва бошқалар Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳдан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ўлдирсангиз, яхши суратда ўлдиринг», деганлар. Ҳамза ибн Амр Асламий розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олов билан фақат оловнинг Роббигина азоблайди», деганлар. Буни Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилган. Куни кеча содир бўлган асирни оловда ёқиб ўлдиришга динимиз Исломнинг муносабати ана шундай».

Эътибор берилса, бу гуруҳга тегишли жангарилар тутқунларни сўйиш, асирларни ёқиш, одам ўлдириш, шаҳарларни вайрон қилиш, қўшни мамлакатларга таҳдид солиш каби «серқирра фаолият»ларини ниҳоятда эпчиллик билан тасвирга тушириб, тарқатишмоқда. Уларнинг шундан бошқа ишлари ҳам йўқ. Аслини олганда, одам ўлдириш, ҳамма ёқни портлатиб, вайрон қилиш ҳамма босқинчилар амалга оширадиган ишлар. Айрим юртларда мусулмонларни қатли ом қилишмоқда, уй‑жойларига қўшиб ёқиб юборишмоқда. Лекин ҳеч бири ўзининг қилмишини тасвирга олиб, тарқатиб, мақтаниб юрмайди, аксинча, борини ҳам яширади, сипаришталаб талқин қилади. Ҳатто террорчилар ҳам ўз ваҳшийликларини бироз пардалаб намойиш этишади.  Аммо Ислом номидан иш қилаётган манави шаввозлар эса тамоман тескари, ҳеч бир тасарруфлари соғлом мантиққга тўғри келмайди. ИШИДчиларнинг бу каби намойишкорона хунрезликларни қилишдан мақсадлари нима бўлиши мумкин? Бу ишларни Ислом номидан, гўё мусулмон қиёфасида қилишдан нимани кўзлайдилар? Балки, улар сценарийни ижро қилиб, кўрсатиб бериш учун шундай иш тутишга мажбурдирлар?

 

5. ИШИДчиларнинг ҳаммага намойиш этаётган кароматларидан яна бири – одамни сўйишдир. Бу ҳар қандай инсонни ларзага солиши, қалбини ғазаб ва нафратга тўлдириши аниқ. Энг ачинарлиси – бу нобакорлар шу қилмишларини Ислом номидан қилишмоқда ва бунга ҳам одатдагидек, «кучли ҳужжатлар»ни айтишмоқда. Уларнинг асосий далиллари қуйидаги ҳадисдир:

Имом Муслим Урвадан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Амрга: «Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик намойиш этган кезлари у зотдан уларга етганини кўрган нарсларингнинг энг ошиб тушгани нима?» дедим. У шундай деди: «Бир куни уларнинг катталари Ҳижрда тўпланишганда мен ҳам уларнинг олдида бор эдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиб: «Манави кишига сабр қилганимизчалик сабр қилганимизни билмаймиз. Ақллиларимизни аҳмоққа чиқарди, ота‑боболаримизни ҳақоратлади, динмизни айблади, жамоатимизни бўлиб ташлади, олиҳаларимизни сўкди. Биз унга улкан ишларда сабр қилибмиз‑а!» деб гапиришди. Улар шу ҳолдаликларида бирдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриниб қолдилар. Юриб келиб, рукнни истилом қилдилар (яъни ўпдилар ёки силаб, қўлларини ўпдилар). Кейин Байтни тавоф қилиб, уларнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг олдидан ўтар эканлар, у зотга бир‑иккита гап учириб, кўз қисишди. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларидан билдим. Кейин давом этиб кетавердилар. У зот уларнинг олдидан иккинчи марта ўтган эдилар, яна боягидек кўз қисишди. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларидан билдим. Сўнг давом этиб, уларнинг олдидан учинчи марта ўтганларида яна боягидек кўз қисишган эди, у зот тўхтаб туриб: «Эшитяпсизларми, эй Қурайш жамоаси? Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизларга сўйиш учун келганман», дедилар. Қавм қотиб қолди, ҳатто улардан бирор киши йўқ эдики, бошига қуш қўнгандек бўлиб қолмаган бўлса...»

Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган душманликларининг, етказган озорларининг ниҳояси йўқ эди. У зотни таҳқирлашди, истаганча ҳақорат қилишди, сажда қилиб турган чоғларида устиларига туянинг қоғоноғини ташлаб масхаралашди, асҳобларини ўлдиришди, уч йил қамалда ушлаб туришди ва ҳатто жонларига қасд ҳам қилишди. Ушбу ҳадиснинг аввалида таъкидланишича, мушрикларнинг қилган шу ва бошқа жабру зулмларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган энг оғир ва қалтис жавоблари «Мен сизларга сўйиш учун келганман», дейиш бўлди, холос. Бундан ортиқ на сўзда, на амалда уларга қарши жавоб қайтармадилар. Буни ҳам ҳаммага қарата айтганлари йўқ, ўша жойда турган Абу Жаҳл, Убай ибн Халаф каби беш‑тўрт кишини назарда тутиб айтдилар ва ушбу набавий башорат рўёбга чиқиб, улар Бадрда ҳалок бўлишди.

Ҳадисдаги «сўйиш»дан мурод битириш, бартараф этиш, ўлдириш экани ҳеч бир ақлли одамга сир эмас. Яъни «Менинг пайғамбар бўлиб келганим ҳали сизларнинг кунингизни битиради», демоқчилар. Буни араб тилидан озгина хабари бор одам ҳам дарҳол тушунади. Чунки бу гап биздаги «бошини еди», «калланг билан жавоб берасан» деган ибораларга ўхшаш гапдир, айнан пичоқ билан бўғизлаш эмас. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша зодагонларнинг Бадрда ҳалок бўлганини кўриб: «Аллоҳ менга берган ваъдасини амалга оширди», деганлар. Ҳолбуки, Бадрда бирор киши бўғизланмаган, сўйилмаган. Шундан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўйиш деганда, умуман, ҳалок бўлишни кўзда тутганларини билиб олса бўлади. Саҳобаи киромлардан тортиб, бугунги кундаги барча мусулмонлар уни шундай тушуниб, изоҳлаб келганлар, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳатто олдинги бузғунчи тоифалар ҳам уни ИШИДчилардек тушунмаган, суиистеъмол қилмаган.

Мана сизга яна бир хиёнат. Буни билмай қилишган, дейиш мумкинми? Йўқ, бу тасодиф эмас, балки махсус кўрсатма ва лойиҳа асосида ҳадисни душманлар тушунгандек тушуниб, атайлаб бошқа  маънода, ўз мақсадлари йўлида талқин ва татбиқ қилишдир.

Ислом шариатида мусла, яъни ўлган одамнинг аъзоларини кесиш ҳаром қилингани маълум ва машҳур. Энди қандай қилиб бу ишни тирикка нисбатан қўллаш мумкин бўлади?

Имом Муслим Шаддод ибн Авсдан ривоят қилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки нарсани ёдлаб олдим. У зот шундай дедилар: «Аллоҳ ҳар бир нарсада гўзалликни битган (фарз қилган). Ўлдирадиган бўлсангиз, ўлдиришни гўзал қилинг. Жонлиқ сўядиган бўлсангиз, сўйишни гўзал қилинг. (Қай) бирингиз (жонлиқ сўйса,) тиғини ўткир қилсин ва жонлиғини роҳатлантирсин (яъни қийнамай сўйсин)».

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ўлим жазосини ижро қилишдами,  душманни маҳв этишга тўғри келгандами ёки қасос учунми бировни ўлдириш зарурати туғилса, бу ишни гўзал суратда, жон чиқаришнинг энг осон услубида, хўрламасдан амалга ошириш буюрилмоқда. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ислом шариати ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшиликни, энг чиройли йўлни танлашга буюради. Ҳатто ҳайвон сўйишда ҳам тиғни ўткирлаш, жониворни азобламаслик, хўрламаслик, ҳадис таъбири билан айтганда, «жонлиқни роҳатлантириш» буюрилган. Имом Нававий ушбу ҳадиснинг шарҳида «Бу барча жонлиқларни сўйишга, шунингдек, қасос ёки ҳаддаги ўлдиришлар учун ҳам умумийдир», дейди.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қатлда одамларнинг энг тортинчоғи иймон аҳлидир», деганлар, яъни иймонли одам жонлиқ сўйишда бўладими, урушда бўладими, ўлдиришга тортиниб, буни имкон қадар енгил суратда, шафқат билан бажаради, бу борада мусулмонларнинг олдига ҳеч ким туша олмайди. Зеро, иймонли кишининг қалби раҳм‑шафқатга тўла бўлади. У ўзи иймон келтирган Зотнинг яратган нарсаларига бераҳмлик қила олмайди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бир жангчи ўлдирилган душманнинг бошини олиб келганда у киши юзларини буриб олганлар ва қаттиқ койиганлар. Шунда жангчи: «Улар бизга нисбатан шундай қилишади‑ку», деганида ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундан қайтарганлар ва бундай қасос олинмайди, деганлар.

Шу ва бошқа ҳадислардан келиб чиқиб, уламолар ўлим жазосини сўйиш, бўғизлаш орқали ижро этишни ҳаром деб айтганлар. Бу борада ҳадис ва фиқҳий китобларда батафсил маълумотлар берилган.

Ислом шариатининг ҳукми шундай бўлгач, бугунги бузғунчи тўдаларнинг ушбу муқаддас динга қанчалар дохил эканини ўзингиз билиб олаверинг.

Шу нарса аниқки, на саҳобаи киромлар пайтида ва на улардан кейинги даврларда, ҳатто урушларда ҳам одамлар сўйилмаган. Бу қабиҳ жиноятни фақат хаворижлар қилишган. Улар улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни қўй сўйгандек сўйишган эди. Уламоларнинг ҳозирги бузғунчи тоифаларни замонанинг хаворижлари дейишлари ҳам бежиз эмас, жуда кўп тарафдан ўхшашлик бор.

 

6. Рибъий ибн Омир розияллоҳу анҳу Форс қўмондони Рустамнинг олдига кирганида, у: «Бизнинг шаҳримизга нега келдинглар?» дейди. Шунда Рибъий розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло бизни Ўзи хоҳлаган кишиларини бандаларнинг ибодатидан бандалар Роббининг ибодатига, динларнинг зулмидан Ислом адолатига, дунёнинг торлигидан охират кенглигига олиб чиқишимиз учун юборди», дейди. Бу жуда ҳам машҳур ривоят. Рибъий розияллоҳу анҳунинг мазкур гапи тарих мобайнида Ислом лашкарларининг шиорига айланган ва барчани лол қолдирган. Бу гапда тирикларни нажотга етаклаш назарда тутилгани аҳмоққа ҳам аён. Шу пайтгача буни ҳамма шундай тушунган ва ҳеч ким ҳеч қачон уни одам ўлдириш учун баҳона сифатида қўлламаган, бундай қилиш бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Бу оддий ҳақиқат. Аммо мисрлик асирларни панжарага қамаб, ёқишга ҳозирлаб қўйилган ҳолат акс этган видеолавҳада маҳбусларни ёқиш арафасида воқеа жойида туриб, ИШИД номидан вайсаган жаноб ижрочи ўзининг «сермазмун» баёнотида мазкур шиорни алоҳида таъкидлаб, сўзма‑сўз айтиб ўтди. Бу билан у нима демоқчи? «Ўлик асирларни инсонларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга ва динлар зулмидан Ислом адолатига олиб чиқяпмиз», демоқчими? Ўлимга маҳкум қилинган тутқунларга бу гапнинг нима алоқаси бор? Бу шиор ўша илк бор айтилган пайтдан бери ҳозиргача бирор марта бу суратда талқин қилинмаган‑ку! Нима, бу мазхарабозликми ё бошқа мақсад борми? Буни қандай тушуниш мумкин? Ҳа, буни мақсад сари йўналтирилган бир саҳнанинг ижроси деб тушуниш мумкин, холос. Бу ўша улуғ саҳобийнинг сўзига, Ислом жангчиларининг шиорига қора чаплаш, уни салбий тушунчага айлантириш, масхаралашдан ўзга нарса эмас.

 

7. Кийим‑бошларининг, соч‑соқолларининг беўхшовлиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан бошлаб, бугунги кунгача мусулмонларнинг кийим‑кечаклари тараққий этиб, гўзаллашиб ва қулайлашиб келган. Авваллари икки яхлит матони олиб, бирини изор қилиб тутиб, иккинчисини елкадан ридо қилиб ўраб юрилаверган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг суюкли кийим кўйлак эканидан ҳам маълум бўладики, даставвал елкадан ташлаб олинган мато кўйлак ўрнини босган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадаги кийимларига нисбатан Мадина давридаги усти‑бошлари ҳар тарафлама тараққий этган эди. Бу даврга келиб, Шом ўлкаларидан келтирилган замонавий ва кўркам кийимлардан фойдаланилган. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бош бўлиб жорий қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Одамларнинг юзидаги хол каби бўлинглар», деган эдилар. Биласизми, бу ҳадис қачон айтилган? Бу ҳадисни у зот саҳобаларни Яманга юбора туриб айтганлар. Чунки Яман у пайтда энг илғор юртлардан бўлган. У ерда олдинги Саба маданиятининг таъсири бор, саноат ҳам яхши ривожланган эди. Шу боис у жойда мусулмонларнинг бошқалардан қуйи суратда кўринмасликларини тавсия қилганлар. Ҳозиргача ҳам бу жараён тўхтаб қолмаган, саноат ривожига қараб ўзгариб борган. Муҳими – либос Ислом кўрсатмаларига мувофиқ, яъни авратни беркитадиган, кўркам бўлиши керак. Фақат бу кўркамлик фахр учун бўлмаса бас. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкага мато ташлаб юришдан кўра, кейинроқ чиққан бўлса ҳам, кўйлак кийишни хуш кўрганлар.

Аммо мазкур гуруҳ тарафдорлари ўзларини Ислом давлати намояндалари сифатида кўрсата туриб, кўримсиз, қора‑қура, увада кийимларни кийиб олишни худди суннатдек намойиш этишади. Уларнинг бу тутумлари одамлар онгида Ислом шариати тарафдорлари шундай қолоқ бўлади, деган тушунчани сингдиришга қаратилган кўринади.

Соч‑соқол қўйишда ҳам ўзига ярашадиган қилиб, кўркам суратда ва бошқаларга тақлид қилмаган ҳолда иш тутиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатлари мукаммал ва гўзал эди, соч‑соқолларини тўғрилаб, текислашга ҳожат бўлмаган, шу боис парвариш қилиб юриш билан кифояланганлар. Аммо бундай мукаммалликка эга бўлмаган одам соч‑соқолини тўғрилаб юриши керак бўлади. Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумо соқолини доимо бир тутам узунликда ушлаб юрган. Зеро, соқол қўйишнинг тавсия қилинишидан мақсад – эркакликни намойиш этиш ва шу ҳисни сақлашдир. Шунинг учун ҳам Ислом адабиётларида, жумладан, ҳазрати Навоийнинг асарларида ҳам соқол эркак кишининг зийнати, деб уқтирилади. Аммо мазкур гуруҳ вакиллари соч‑соқолларини шундай бесўнақай қилиб ўстириб юришадики, бу билан замон кишиларида Ислом ҳақида нотўғри тасаввур келиб чиқишига туртки бўлишмоқда. Уларнинг бу ҳолати лойиҳачиларга маъқул келгандек гўё.

Эътибор берилса, улар бошқа жангари гуруҳлардан ўз йўналишлари бўйича ҳар тарафлама анча илдам савияга эга. Ҳатто кийинишлари ҳам, қиёфалари ҳам маълум бир тартиб‑интизомга солинган. Хўш, шунчалик тартибга риоя қилишар экан, нега одам ҳавас қиладиган, кўзни қувнатадиган, кўнгилни яшнатадиган сурат ва шаклни танлашмган? Бир бутун давлатга асос солишмоқчи экан, тузукроқ кийим танлашса бўлмасмиди? Мисол учун, айрим мусулмон халқларнинг замонавий узун кийимлари каби кўркам, очиқ рангли кийим кийишса, қандай шаръий монелик бор? Нима учун айнан салбий руҳ пайдо қиладиган, тажовузкор, ваҳшийликни эслатадиган рангларни танлашган? Исломни бутун дунёга ёйиш даъволари бор экан, нега Исломнинг гўзалликларини намойиш этишмайди, уни ўзларида кўрсатишмайди? Ахир шу пайтгача Ислом мана шу йўл билан таралган‑ку! Демак, бу ерда ҳам бир гап бор.

Бу тўданинг қилмишларидан яна бири – асирларни ёқиш, одамларни сўйиш каби хунрезликларини катта қилиб шаҳодат калимаси ёзилган байроқ олдида қилишларидир. Бу билан ушбу калиманинг қалблардаги эҳтироми, муҳаббатига ҳам ҳужум қилишмоқда, унга бўлган қизиқишга зарба беришмоқда. Улар яна инсон зоти қабул эта олмайдиган бу хунрезликларини такбирлар садоси остида қилишга одатланишган ва бу ҳам мусулмоннинг нидоси, Исломнинг шон‑шавкати бўлган иборани кишилар онгида салбий ҳолга олиб келишга хизмат қилмоқда, одамларни азонни эшитса, юрак ҳовучлайдиган қилиб қўймоқда. Бунинг азон садосидан талвасага тушадиган шайтонларнинг режаси, буюртмаси эмаслигига ким кафолат беради?

 

Хулоса қилиб айтганда, ИШИД саҳнасини қуйидагича тушуниш мумкин: Ўтган асрда Ислом душманлари турли «илмий тадқиқотлар» олиб бориб, Ислом динини қолоқлик, турғунлик дини деб уқтиришга зўр бериб ҳаракат қилишди. Шу фикрни сингдириш учун юзлаб асарлар ёзишди, кино ва театрлар ишлашди. Бу ноҳақликка жавоб бериш, Исломнинг асл бўй‑бастини намойиш этиш, унинг соф ва гўзаллигини кўрсатиб бериш одатдагидек захматкаш уламоларимизнинг зиммасига тушди. Улар Ислом дини аслида илм‑маърифат дини эканини, замонавий тараққиётнинг тамал тошларини айнан мусулмон олимлари қўйганини ҳар тарафлама исботлаб бердилар. Уларнинг саъй‑ҳаракатлари, илмий тадқиқотлари сабаб бўлиб,мусулмонлар ўзлари ҳам унутаёзган, бехабар бўлган сон‑саноқсиз ҳақиқатлар юзага чиқиб, бутун дунёга Исломнинг илм дини экани, қолоқликка қарши дин экани намоён бўлди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги дини бўлмиш Исломни навбатдаги туҳмату бўҳтонлар буҳронидан соғ‑омон сақлаб қолди. Бу борадаги сафсаталари пучга чиққанини, ғоялари яксон бўлганини кўрган душманлар эса янги бир туҳмат ўйлаб топишди. Энди улар Исломни ёвузлик манбаи қилиб тасвирлашга куч беришди. Бунинг учун улар бор имкониятларини ишга солишди, ҳеч нарсадан тап тортмай, очиқчасига қаллоблик ва ёвузликка ўтиб кетишди. Бу даврга келиб,дунёдаги барча асосий имкониятларга эга бўлганлари уларга жуда ҳам қўл келди. Аслида, бу тасаввур Ғарб оламида қадимдан, насронийлик дунёси илмни душман тутиб, жаҳолат ботқоғига бўйнигача ботган кезлардан шаклланиб келган ва тарих асносида вақти‑вақти билан бош кўтариб, ғалаён қилиб, ҳали салиб юришларини, ҳали мустамлакачилик сиёсатини келтириб чиқарган эски «ижод маҳсули» эди. Бу бадиий тўқима «илмий» асарларда, мақолаларда акс этар, театр ва киноларда намойиш қилинар эди. Бу уйдирма ва найрангбозликларга қарши яна уламоларимиз бел боғлаб, шаръий аҳкомларни янада чуқурроқ ўрганиб, бутун дунёга Ислом тинчлик дини, эзгулик манбаи эканини уқтиришга урғу беришга киришдилар. Натижада ер куррасининг турли бурчакларидаги онгли, самимий инсонлар Исломга қизиқиб, уни қабул қила бошладилар. Иккинчи тарафдан, душманларнинг адолатсизликлари, хунрезликлари ҳам барчанинг кўнглини совутиб, гапларини пучга чиқара бошлаган эди ва бу ҳам халқларнинг Исломга бўлган рағбатига туртки бўлди. Мана шундай вазиятда илгариги сийқаси чиққан уйдирма ва фаразларни тақдим қилишда янги босқичга ўтишга тўғри келди. Энди ўша тасаввурларни воқеликда, ҳаётда саҳналаштириш керак эди. Уни ижро этиш вазифаси бизга таниш бўлган ўша сохта «Ислом давлати»га юклатилди. Бу қуруқ тахмин ё фараз эмас, балки воқеалар занжири ҳавола этган хулосадир.

 

Бу каби турли жабҳаларда қуролли иш олиб борган тўдалар жуда ҳам кўп ва улар анчадан буён фаолият олиб боришади. Аммо бирортаси булар қилган даъвони ҳам, буларнинг хунрезликларини ҳам қилмаган эди. Хўш, нега булар «Ислом давлати қурамиз», «Ислом халифалиги тузамиз» деган шиорларга маҳкам ёпишиб олишди? Нега бу ибораларни бунчалар жон бериб такрорлашмоқда? Нега энди шунча хунрезликларни айнан мазкур шиорлар остида амалга оширишади? Мазкур саволларга жавоб ахтарар экансиз, бу гуруҳни тузишдан мақсад Исломни ёмонотлиқ қилиш эканига амин бўласиз.

 

Бу гуруҳ аъзоларининг шу кунгача қилган ишлари фақат мусулмонларни ўлдириш, одамларни азоблаш бўлди. Бир минг тўрт юз йилдан бери Ислом юрти бўлиб келган жойларга уруш қилиб, яна буни фатҳ деб аташмоқда. Мусулмонларни ўлдириш, уларнинг юртларини вайрон қилиш қанақасига фатҳ бўлади? Ҳатто сулҳда бўлган ўлкаларга юриш қилиш ҳам ҳаром‑ку! Бу ҳақда оят‑ҳадислар тўлиб‑тошиб ётибди-ку! Булар бўлса фақат мусулмон юртларга уруш эълон қилишади, кофирни мусулмон қилиш ўрнига, мусулмонларни кофирга чиқариб, калима келтириб турган одамларни ўлдиришади. Буни қандай тушуниш мумкин?

Одатда сценарийлар ёзилиб, унинг ижрочилари топилгач, бир гуруҳ «сўз усталари» – нохолис журналистлар ушбу «асарнинг» рекламаси билан машғул бўлишади. Эътибор бераётган бўлсангиз, ИШИД гуруҳининг Ислом номидан амалга ошираётган хунрезликлари ахборот воситаларида маълум қилинар экан, ҳар икки гапнинг бирида «Ислом» сўзи тилга олинади: ИСЛОМ ДАВЛАТИ фалон учувчини тириклайин ёқиб юборди, ИСЛОМ ДАВЛАТИ фалонча асирни сўйди, ИСЛОМ ДАВЛАТИ ундай қилди, ИСЛОМ ДАВЛАТИ бундай қилди... Афсуски, бу рўйхатни қанча давом эттирманг, бирорта яхши гап чиқмайди, ободлик, бунёдкорликнинг асари ҳам кўринмайди. Яъни мақсад борган сари ойдинлашмоқда, исломофобия проектининг ишлаётгани кўринмоқда. Буни амалга ошириш учун эса душман бирлашган, аммо, афсуслар бўлсин‑ки, бу фитна саҳнасига чиқиб олиб ҳунар кўрсатаётган жанобларнинг кўпи жоҳил мусулмонлар, фитнага мойил мутаассиблардир.

Аслида, давлатчилик мусулмонларга янгилик эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан бошлаб, бугунги кунгача мусулмонлар турли кўринишдаги давлат тизимларини юргизиб келганлар ва ўз вақтида бу борада ҳам етакчилик қилганлар. Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Андалус, Бағдод каби тамаддун ўчоқларини мусулмонлар барпо этган ва бу илм‑фан марказлари асрлар оша инсониятга хизмат қилган. Аммо тарихда бировнинг милтиғи билан диндошини отишдан бошқани билмайдиган бунақа сохта Ислом давлати бўлмаган. Уларнинг қилмишлари мусулмонларга фақат ташвиш ва ор келтирмоқда, бошларига кулфат ёғдирмоқда. Хўш, нега шундай? Нега улардан яхшилик, бунёдкорлик хабарлари эшитилмайди? Ўн тўрт асрдан бери инсониятга фақат зиё таратган, илм‑маърифат ва тараққиётнинг маёғи бўлиб келган, асрлар оша кашфиётлар булоғи бўлган Ислом номи нега энди бундай таништирилмоқда? Бу ташвиқотлар шунчалар хатарли бўлмоқда‑ки, бошқаларни қўйинг, ҳатто минг йиллардан бери мусулмон бўлиб келган халқларда ҳам нотўғри тасаввурларни келтириб чиқармоқда ва уларда ўзликларидан безиш кайфиятини ҳосил қилмоқда. Ўзини мусулмон санаган, аммо динини билмаган, тарихини ўқимаган қатламларда баъзан дин ва диндорларга нисбатан шубҳа ва нафрат пайдо қилмоқда. Кўпчилик аҳолиси бошқа динда бўлган мутассиблардан ташкил топган юртларда эса мусулмонларни мусулмонлиги учун қатли ом қилинишларигача олиб келмоқда. Буларнинг барчасига жаҳолат ва таассуб сабаб бўлмоқда.

 

Шу ўринда яна бир табиий савол туғилади: Дунёдаги етакчи давлатлар бундай жангари гуруҳларнинг тузилишига, уларнинг хунрезликларига нега чек қўймаяпти? Улар бунга қодир эмасми ёки атайлаб қўйиб бериб, «мушук-сичқон» ўйнатишмоқчими? Нега уларнинг бу борадаги маслаҳатлари якунига етмайди? Тинч аҳоли устидан ҳеч ўйланмай бомба ёғдираётган кучлар нега энди бу қуролли гуруҳларга келганда ювош тортиб, инсонпарварлик қилиб қолишмоқда?  Бундан айрим кучлар бир тарафдан Ислом ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиб, ўз жамиятларида Исломнинг ёйилишига тўсқинлик қилишни, иккинчи тарафдан жаҳон афкор оммаси ва ўз фуқаролари олдида баъзи ўлкаларга қилинган урушларни оқлашни кўзда тутмаяптимикин? Бу ерда нефть ёки қурол-яроғ савдосига боғлиқ муаммо ёки бошқа бир сиёсий мақсадлар йўқ эмасмикин? Ислом оламига қилинган боқинчилик ҳаракатлари ва вайронгарчиликлардан эътиборни буриш, жиноятларни пардалаш мақсадлари йўқмикин? Бу саволларнинг жавобини бир ўйлаб кўриш керак бўлади.

Аслини олганда, бу каби ғулувга кетган, бузғунчи тоифалар ҳамиша бўлиб келган. Хаворижлардан тортиб, сўнгги асрларгача чиққан бу тур тўдаларни халифалар, ҳокимлар жиловлаб келган. Чунки улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмаган. Аммо бугунги кунда улар кимларгадир керак шекилли, авж олиб қолишди. Улардан асосан ташқи кучлар «унумли» фойдаланишаётгани ҳеч кимга сир эмас.Уларнинг томирига қуйилаётган «қон» бир зум тўхтатилса, ҳеч қандай ҳаракат қила олмай қолишилари аниқ.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, аллома Юсуф Қарзовий таъкидлаганидек, бу каби тўдаларнинг келиб чиқиши диний омилга суянмайди, балки асосан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳолатларга боғлиқ. Шунинг учун ҳам улар ҳамма диндор халқлар ёки қатламлардан чиқавермайди, балки маълум вазиятлар уларни юзага келтиради. Бу ҳам ҳаётий ҳақиқатдир.

Ислом Аллоҳнинг сўнгги ва қиёматгача инсониятга асқотадиган комил динидир. Бундан кейин бошқа илоҳий дин келмайди, пайғамбар чиқмайди. Бинобарин, Аллоҳ инсоният устида ҳужжат қоим қилиш учун бу динни сақлаши аниқ ва бунинг ваъдасини берган. Ислом ҳақиқатдир, у қайрилади, эгилади, аммо синмайди. Зеро, Аллоҳ уни, гарчи мушриклар истамаса ҳам, барча динлардан устун қилиш учун юборгандир. Шунинг учун ҳам у тарих мобайнида тинимсиз ва мислсиз оғир ҳужумларга учраган бўлса ҳам, софлигин йўқотгани йўқ, бирор жойи камайгани йўқ, ўзгаргани йўқ, аксинча, тозаланиб, янгиланиб, жонланиб бормоқда. Салиб юришлари ёки Чингизхоннинг қирғинлари дейсизми, Ғарб мустамлакачилигини оласизми, коммунистларнинг қатағони борми – ҳамма‑ҳаммаси тарих қаърига сингиб, унут бўлди, аммо Ислом яна қаддини тик тутиб, жозибаси ва ҳайбати билан бутун дунёни лол қолдириб келмоқда. Иймонимиз комилки, у то қиёматга қадар шундай бўлиб қолажак.

Ислом дини халқимиз учун янгилик эмас, биз уни ўн тўрт асрдан бери биламиз. Биз унинг улуғлигини, мусаффолигини, одамийлигини, олижаноблигини, бахту шарофатини асрлар оша кўриб келганмиз ва ҳозир ҳам кўрмоқдамиз. Қолаверса, Ислом фитрат динидир. Биз унинг ҳукмларини, қарашларини, кўрсатмаларининг софлигини, инсонийлигини қалбимиз билан ҳам ҳис қиламиз. Шу боис, адашган тоифаларнинг қилмишларини, талқинларини ҳеч қачон қабул қила олмаймиз.

Таъкидлаш жоизки, бу ерда айтилган гаплар шахсий фикр‑мулоҳазалар бўлиб, кузатувлар хулосаси сифатида вужудга келган. Яхшилик бўлса, Аллоҳдан, хато‑камчиликлар бандалик ҳосиласидир. Мақсадимиз – динмизнинг асл ҳукмларини тақдим қилиш, унинг софлигини намойиш этиш, халқимизни бузғунчи гуруҳларнинг қилмишларидан огоҳ қилиш, юрт‑эл тинчилигини асрашга, тараққиётини таъминлашга чақиришдир.

Аллоҳ таолодан афву мағфират сўрайман ва бутун дунёга, хусусан, Ислом оламига тинчлик, осудалик неъматини бериб, ўлкалар обод бўлишини насиб этишини тилаб, илтижолар қиламан. Жонажон юртимизни турли бало‑офатлардан, фитна‑фасодлардан ҳамиша омон қилиб, азиз халқимиз ҳаётини яна ҳам фаровон этишини ўтиниб дуолар қилиб қоламан.

 

Бекзод Абу Муҳаммад

Юқорига