Ислом нега ИШИДга қарши?

Ислом нега ИШИДга қарши?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Аср билан қасам. 2. Албатта, инсон зиёндадир. 3. Фақат иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустасно. (Аср сураси)

 

(Тафсилот, баёнот, раддия)

2014-йил 27-июн муборак рамазон ойининг биринчи санасида бир гурух жангарилар Ирок ва Сурия ҳудудида "Ироқ ва Шом Ислом давлати" тузилганини эълон килди. Хўш, Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) террорчилик ташкилоти қандай дунёга келди? Улар ким аслида? Аввалдан эслатиб ўтмоқ лозимки "Ироқ ва Шом Ислом давлати" "Ироқ ва Левант Ислом давлати" ҳамда қўштирноқ остидаги "Ислом давлати" номидаги гуруҳ бу бир гурухдир.

Бошқа диний террор ташкилотларига қараганда Ироқ ва Шом ислом давлати ҳарбий гуруҳи нисбатан кеч ташкил топган. Гарчи 2006 йилдаёқ “Ироқ ислом давлати” ташкилоти тузилган бўлса-да, “Ироқ ва Шом ислом давлати” кўринишида улар 2013 йилда, яъни Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта бошлаши билан тузилган. Франциялик сиёсатшунос Фредерик Анселнинг фикрича, “Ироқ ва Шом ислом давлати” ва “Ал-Қоида” ўз ғоясига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, ИШИД теократик бўлса-да, ҳудудий давлат тузишга ҳаракат қилади. “Ал-Қоида” вазиятдан келиб чиқиб, турли ҳудудларда иш олиб боради. Шу нуқтаи назардан қараганда, ИШИД кўпроқ толибонларга ўхшаб кетади. ИШИД сафида Ироққа ҳужум қилиш арафасида 6 минг атрофида жангари бўлгани айтилади. Шундай бўлса-да, уларнинг ярмидан ками Ироқ операциясида иштирок этади. Улар Ироқнинг бир қатор муҳим шаҳарларини, шу жумладан, Саддам Ҳусайннинг туғилган шаҳри Тикритни қўлга олишга муваффақ бўлди. Ўша пайтда Ироқнинг яна бир шаҳри Мосулда 30 минг кишилик қуролли кучлар бор эди. Қолаверса, 2 миллионлик ушбу шаҳарга марказий ҳукумат юборган қўшинлар ҳисобига армия сони 50 мингга етарди. Аммо бир ярим минг кишилик ИШИД жангарилари Мосулни қарийб жангсиз қўлга киритди. Кейинчалик Ироқ Қуролли кучлари бундай шармандали мағлубиятни мамлакат армиясидаги носоғлом муҳит билан боғлашди. Натижада террорчилик қўлига нафақат қурол-яроғ омборлари, балки маҳаллий банклар ҳам тушди. ИШИД жангарилари банкларнинг сейфларида сақланаётган 430 миллион долларни ўзлаштириб олишди. Шу билан бирга, ушбу гуруҳ археологик ёдгорликларни пуллаш ҳисобига 50 миллион доллар ишлаб олган. The New York Times’нинг ёзишича, ИШИД дунёдаги энг бой террор ташкилоти бўлиб, унинг бойлиги тахминан 2 миллиард доллар атрофида эканлиги айтилади. The Telegraph нашрининг ёзишича, сўнгги олти ой давомида мазкур ташкилот раҳбарлари 1,2 миллиард доллар миқдорида маблағ топган. Манбаларда қайд этилишича, ушбу ташкилотнинг молиявий манбалари одатдаги йўллар: ҳомийлик ёрдами, тинч аҳолидан закот ва бошқа тўловлар олиш, гаров орқали пул ундириш ҳамда нефть савдоси орқали келиб тушади.     Манбаларга кўра, “Ислом давлати”нинг таркибида 7-12 минг атрофида жангарилар бўлиб, уларнинг тахминан 3000 нафари хорижликлар ҳисобланади. The Telegraph нашрининг қайд этишича, ана шу 3000 нафар жангарининг ҳам тўртдан бир қисми британияликлар бўлиши мумкин. Бу, айниқса, америкалик журналист Жеймс Фоули қатлидан сўнг янада таҳликали тус ола бошлади. Гап шундаки, Буюк Британиянинг MI5 ва MI6 махфий хизматлари маълумотларига кўра, Фоулини бошидан жуда қилган британиялик бўлиб чиқди.

Ўзбекистон мусулмонлари етакчиларининг позицияси

Ўзбекистон мусулмонлари ҳамжамияти маънавий етакчилари Ироқ ва Суриядаги қуролли тўқнашувларга ва жиҳодчилар томонидан “халифалик”нинг эълон қилинишига салбий баҳо беришди. Мусулмон оламидаги машҳур диний арбоблардан бири, ўзбекистонлик Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ироқ ва Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни мусибат деб атади. “Ироқ ва Суриядаги суннийлар ва шиалар ўртасидаги уруш барча мусулмонлар учун ҳақиқий мусибатдир. Муқаддас Рамазон ойида улар бир-бирларининг қонларини тўкишмоқда, мол-мулкларини йўқ қилишмоқда. Улар сабаб миллионлаб болалар оч ва яланғоч. Буларнинг бари узоқни кўра олмайдиган ва халифаликни тарғиб қилаётган мана шу одамларнинг ҳаракатлари самарасидир”, – дея қайд этди шайх ўз маърузаларида.        Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф халифалик ва ушбу янги ташкилотга муносабати ҳақида кўп савол олаётганини таъкидлаб, бу масалада халифалик эълон қилингани ҳақида баёнотларни тан олмаган Халқаро уламолар иттифоқининг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ироқ ва Суриядаги жангариларининг ҳаракатларини гуноҳ деб атади.          “Қонуний давлат раҳбарига қарши “фитна”, исён, ғалаёнда иштирок этиш Ислом динидаги энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Ноқонуний давлатни тан олишни хоҳламагани учун кечагина иттифоқчи бўлган инсонларни қатл қилиш, биргаликда исён кўтарган қаллоблар томонидан сайланиб, фақат шугина асос билан ўзини халифа деб ҳисоблаш – бу катта гуноҳ”, – деди Ўзбекистон мусулмонлар идораси диний раҳбари.

Дунё мусулмонлари етакчиларининг позицияси

Мисрдаги Ал-Азҳар университетининг олий имоми, шайх Аҳмад Тоййиб Ироқ ва Шом Исломий давлати (ИШИД) жангари гуруҳини ёмонлади ва уни араб дунёсига қарши сионистлар манфаатига хизмат қилаётганда айблади. "Бу жиноятчилар дунёга мусулмонларни ёмон қилиб кўрсатадиган тасаввурни тарқатишга муваффақ бўлишди", деди Тоййиб. Бу ҳақда The Express Tribune хабар қилди.
"Бунга ўхшаш фундаменталистик террорчи гуруҳлар ўзларини нима деб атамасин ва уларга кимлар эргашмасин, буларнинг ҳаммаси мустамлакачилик махсулотлари бўлиб, улар араб дунёсини вайрон қилиб сионизмга хизмат қилади". Ал-Азҳар тарафидан чиққан бу чақириқ америкалик журналист Стивен Сотлоффнинг боши танасидан жудо қилингани ҳақидаги хабар тарқалишидан сўнг эълон қилинди. Ал-Азҳарнинг ИШИДга қарши курашиш ҳақидаги даъватидан олдин Саудия Арабистонининг бош муфтийси ҳам шунга ўхшаш чақириқ билан чиққан эди. "Бу адашган гуруҳ, уларнинг қилаётган ишлари нотўғри ва агар улар мусулмонлар билан урушсалар, мусулмонга уларга қарши курашиш вожиб бўлади, зеро бу билан уларнинг зулмидан дин ва одамлар ҳимоя қилинган бўлади", деди Абдулазиз Оли-Шайх.

Марокашлик, олим, доктор Абдурраҳмон Букилий ИШИД нинг тутган йўли ва ҳаракатлари ортида турган энг муҳим мақсад ва ниятлардан бир қаторини айтиб ўтади.

Биринчиси: Ироқдаги тарафкаш шийъаларнинг зулмини ва Суриядаги ёввойи баъсчиларнинг зўравонликларини кўтаришга қаратилган ҳаракатларга тўсқинлик қилиш. Зеро, ана шу ИШИД одамларни ўз фикрларидан чалғитиб юборди, уларнинг кўкракларига қарата ўқлар узди. Ўтда ёқиш, сўйиш ва сургун қилиш билан одамларга азоб берди. Худдики улар ўша одамлар ва қаршилик қилгувчи кучларни оғушига олганлари учун бу одамларга жазо бераётгандекдирлар.

Иккинчиси: бутун оламни Исломдан қўрқитиш. Ислом ва мусулмонлардан оғишган фикрларни қўллаш билан исломдан оммавий нафратни ва улкан юз ўгиришни пайдо қилиш. Мусулмонларни қувғин қилиш ва уларнинг геноциди билан боғлиқ ҳар қандай хужумларни қабул қилишга йўл тайёрлаб беришлик.

Учинчиси: барча мамлакатларда Аллоҳга даъват қилишни чеклаб қўйилиши, ҳамкорлик ва мудофаа соҳасидан даъват аҳлини чиқариб олиб юзлаштиришларга, маҳкамаларга ва қамоқхоналарга тортилишларини оқлашлик. Албатта ИШИД ўзининг тутган йўли билан ақида, ибодат ва шариат юзасидан Аллоҳ таолога даъват қиладиган ҳар бир кишини йўқ қилиш учун яшил чироқни ёқиб, йўл очиб берди.

Тўртинчиси: раҳбарлари, олимлари ва даъватчиларини кофирга чиқариш, ғайрат – шижоатли ёшларини инқилобга, (ўз даъволарига кўра) дин ва шариат мавжуд бўлган (халифалик) юртига!!! ҳижрат қилишга ундаш ортидан мусулмон ўлкаларда хавфли фитналарни пайдо қилиш.

Бешинчиси: Ироқ ва Шом ўлкасидан Суннат ва суннийларни йўқ қилиш. Зеро, Америка Ироқни босиб олгани, Ироқ давлатининг асосий факторларини барбод қилганидан бери адоватчи шийъа милициялари рофизий ҳукуматнинг ёрдами ва ҳаспўшлаши билан аҳли Суннат устидан тўлиқ ҳукмронга айланди. Натижада уларни ўлдирди, қувғин қилди... Кейин агарчи номлари бошқа – бошқа бўлса – да,  айнан шу вазифани давом эттиришлик учун турли мамлакатлардан манави жангарилар (ИШИД) кириб келди. Шундай қилиб, шийъалар жирканч тарафкашлик адоватининг ундови билан сунний мусулмонларни ўлдиради. ИШИД эса уларни хоин ва муртадлар деб ҳисоб қилиб, қатл қилади. Натижа битта. У ҳам бўлса, Шом ўлкасидаги аҳоли таркибини ўзгартириш, мусулмонларни яна ҳам парчалаш, ривожланишдан орқада қолдириш ва кучсизлантириш учун гуруҳбозлик фитнасининг эшикларини очиб бериш. Лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳи!

Раддия

ИШИД террор гурухининг баъзи ишларига уламолар томонидан берилган раддияни санаб ўтамиз.

Элчилар ва мухбирлари ўлдириш

Маълумки, барча динларда элчиларни ўлдириш ҳаромдир. Бу ерда элчи деганда бир қавмдан бошқа қавмга яхши мақсадларни етказиш учун, жумладан, сулҳ ёки мактуб етказиш учун юборилган шахслар кўзда тутилади. Элчининг ўзига хос ҳурмати бўлади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Жорий бўлган суннатга кўра, элчилар қатл қилинмайди»
Ҳозирги кунги ахборот воситаларининг мухбирлари чинакам ахборот элчилари ҳисобланадилар, чунки улар қиладиган иш ҳақиқатни юзага чиқариш, оммага, инсониятга етказишдир. Сизлар эса Жеймс Фоули, Степан Сотлофф каби мухбирларни ҳибсга олиб, Степан Сотлоффнинг сизлардан нажот сўрашига, онасининг шафқат сўраб ялиниб-ёлворишига қарамай, шафқатсизларча қатл қилдингиз. Шунингдек, хайрия ёрдамлари етказиш ходимлари ҳам раҳмат элчиси, яхшилик элчисидир. Сизлар ана шундай ходимлардан бири Девид Хенесни ҳам ўлдирдингиз. Бу қилган ишингиз билиттифоқ, ҳаром ишдир.

Бегуноҳ инсонларни қатл қилиш Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Ҳақ ила бўлса, мустасно» (33-оят).  Яна Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай дейди: «Айтгин: «Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онага яхшилик қилинг! Фақирликдан (қўрқиб) болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Ҳақ ила бўлса, мустасно. Ушбуларни сизга тавсия қилдикки, шояд, ақл юритсангиз» (151-оят).

Бас, бир одамни ўлдириш, жонни кетказиш ҳаромдир. Энг катта гуноҳлардан биридир. Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Шунинг учун ҳам Бану Исроилга: «Ким бир жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзида бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», – деб ёздик. Батаҳқиқ, расулларимиз уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар олиб келдилар. Сўнгра, ўшандан ке¬йин ҳам улардан кўплари ер юзида ҳаддан ошувчилардан бўлдилар» (32-оят).
Сизлар эса жуда кўп бегуноҳ одамларни ўлдиришни ўзингизга раво кўрдингиз. Улар жангчи ҳам, ҳатто қуролланган ҳам эмас эдилар. Улар сизлардан бошқача фикрдаги одамлар эди, холос.

Асирларни қатл қилиш масаласига келсак, бу иш ҳаромдир. Сизлар эса уларни қатл қилдингиз, кўпчилигини сўйдингиз. Масалан, 2014 йилнинг июнида Тикритда, Сабакир аскаргоҳида 1700 асирни қатл қилдингиз. Шунингдек, июль ойида Ғозиш-шоир даласида 200 кишини, август ойида Шуайтот қабиласидан 700 кишини, Делизурда 600 кишини ўлдирдингиз. Улар қуролсиз тинч аҳоли эди. Шу ойда Риққада, Табақа ҳаво аскаргоҳида 250 асирни қатл қилдингиз. Шунингдек, курд аскарларни, ливанлик аскарларни ва бошқа кўпчиликни қатл қилдингиз. Биз сизлар ўлдирган одамларнинг ҳаммасини билмаймиз, лекин Аллоҳ билиб турибди. Бу ишларнинг барчаси улкан ҳарбий жиноятлардир, қабиҳ жиноятлардир. Агар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи жангларда асирларни қатл қилганлар-ку», дейдиган бўлсангиз, жавоб шуки, у зот алайҳиссалом Бадр жангида икки кишини – Уқба ибн Абу Муайт билан Назр ибн Ҳорисни қатл қилишга буюрганлар. Улар ҳарбий қўмондонлар, ҳарбий жиноятчилар эди. Ҳарбий жиноятчини қатл қилиш ҳокимнинг буйруғи билан жоиздир. Салоҳиддин Айюбий Қуддуси шарифни фатҳ қилгач, шундай қилган. Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўтказилган Нюрнберг маҳкамасида ҳам иттифоқдошлар шундай қилишган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минглаб асирларни озод қилиб юборганлар. Ҳаётлари давомида жами 29 та ғазот бўлган бўлса, уларда бирорта ҳам оддий аскар ўлдирилмаган.

Такфир (одамларни кофирга чиқариш)

Интернетда бир видеолавҳа тарқатилди. У ерда ИДИШнинг Шокир Муайт деган вакили тинч аҳолидан икки нафар қуролсиз кишини тўхтатди. Улар мусулмон эканлигини айтишди. Сўнг у баъзи намозларнинг неча ракъат эканлигини сўради. Бояги кишилар жавобда хато қилишган эди, уларни ўлдирди. Нақадар аянчли ҳолат! Бу мутлақо ҳаром ишдир, жиноятдир.

Нафақат қуролсиз ва уруш қилмаган мусулмонни, балки ҳар қандай инсонни ўлдириш мумкин эмас.  Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйгани ҳақидаги машҳур қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдирдингми?» деб қайта-қайта сўрайверганлар. Усома розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! У буни қуролдан қўрққанидан, хавфсираб айтди», деганида, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?»
Аслида Исломда ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ», деса, у мусулмондир. Ким Ислом арконларини бажарса, уни кофир деб аташ жоиз эмас. Аллоҳ таоло Тавба сурасида: «Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деб марҳамат қилган (5-оят).

Қулчилик

Уламолардан бирортаси инкор қилмаган ҳақиқат шуки, Ислом қулдорликка барҳам беришга жазм қилган. Аллоҳ таоло Балад сурасида айтади: «Довон не эканини сенга нима билдирди? (У) қул озод қилишдир. Ёки очарчилик кунида таом беришдир…» (12-14-оятлар)
Яна Мужодала сурасида: «...қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар», деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қарасак, У зот ўзлариники бўлган ва бошқалар тарафидан берилган қул ва чўриларнинг барчасини озод қилганлар.
Юз йилдан кўпроқ бўлдики барча мусулмонлар, балки бутун олам қулдорликни ҳаром қилди ва уни жиноят деб эълон қилди. Бу инсоният тарихида улкан фазилатли иш бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият давридаги «Фузул шартномаси»  ҳақида: «Агар Исломдалик чоғимда ҳам унга таклиф қилинсам, қабул қилар эдим», деганлар[45]. Сизлар эса орадан юз йил ўтиб бутун мусулмон оламининг ижмоъсини буздингиз, аёлларни асир олдингиз, уларни чўри қилдингиз, шу йўл билан яна янги фитнани, ер юзида фасодни қўзғадингиз, фаҳш ишларга қўл урдингиз, шариат халос бўлишга чақирган нарсани қайтадан бошладингиз. Бутун дунё оммаси томонидан юз йил аввал ижмоъ билан ҳаром қилинган нарсани, барча Ислом давлатлари имзолаган  қулдорликни ман қилиш тўғрисидаги аҳдномани буздингиз.
Аллоҳ таоло Исро сурасида: «Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд сўралажак нарсадир» деган (34-оят).

Энди сиз ушбу улкан, оғир жиноятнинг масъулиятини кўтарасиз. Зотан бу қилмишларингиз туфайли келажакда бошқалар мусулмонларга мусулмон аёлларга тажовузкорлик қилишса, гуноҳи сизларнинг бўйнингизда бўлади.

Аёллар

Бу улкан, муҳим, узун мавзу борасидаги гапни мухтасар қиладиган бўлсак, сизлар аёлларни қамоқлардаги, концлагерлардаги шароитга солиб қўйдингиз. Уларни ўз қарашингизга кўра кийинишга мажбурладингиз, кўчага чиқишларини ва таълим олишларини ман қилдингиз. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир деганлар». Қуръони Каримдан биринчи тушган сўз "Ўқи!" бўлган.

Шунингдек, аёлларнинг ишлашларига, касб қилишларига, эркин юришларига рухсат бермадингиз, уларни ўз жангчиларингизга эрга тегишга мажбурладингиз. Буларни қандай қилиб тўғри иш деб бўлади.

Ҳолбуки Аллоҳ таоло Нисо сурасида «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! У билан ўзаро сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» деган (1-оят).  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларга яхшилик қилинг», деганлар.

Болалар

Сизлар болаларни урушда, одам ўлдиришда қатнашишга мажбурладингиз, уларни шунга ўргатдингиз. Ҳукмингиз остида қурол кўтариб юрган, кесилган каллаларни ўйнаб юрган, жангда қатнашиб, одам ўлдираётган, ўзи ҳам ўлаётган, мадрасаларингизда азобланаётган, муайян ишларни қилишга мажбурланаётган болаларни кўряпмиз. Баъзиларини ўлдириб ҳам юбордингиз. Бу борада қуйидаги гапларни айтиш кифоя: бу ишларнинг барчаси бегуноҳ одамларга нисбатан содир этилган жиноятлардир. Бу болалар шариат нуқтаи назаридан ҳали мукаллаф бўлмаган норасидалардир.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳ ҳамда «Роббимиз, бизни ушбу аҳолиси золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан валий ато қилгин ва Ўз томонингдан ёрдамчи бергин», деяётган хўрланган эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар?!» (75-оят)

Азоблаш

Ҳукмингиз остидаги баъзи шахслар ва оилалар қўрқинч билан, жисмоний жароҳатлар, турли азоблар билан, ҳатто қатл, уруш билан таҳдид қилганингиз ҳақида шикоят қилишяпти. Жумладан, одамни тириклай кўмиб юборгансиз, бошларини пичоқ билан кесгансиз. Бу азобнинг энг ашаддий турлари бўлиб, уларга шариатда рухсат берилмаган. Агар шариатда қатлга рухсат берилган бўлса, қилич билан, бир зарб билан амалга оширилади. Кўпчиликни бирданига ўлдириш ҳам, аввал айтиб ўтилганидек, ҳаром қилинган ишлардир. Жангчиларингиз ўзлари ўлдирмоқчи бўлиб турган одамларни масхара қилишади, уриб-сўкишади, «Ҳозир сизларни қўйдек бўғизлаймиз», деб турли овозлар чиқариб, калака қилишади.

Жангчиларингиз одамларни фақат ўлдириш билан кифояланиб қолишмади, балки қатлга хорлаш, таҳқирлаш, масхара қилишни қўшишди.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир» (11-оят).

Мурдаларни қиймалаш (мусла)

Сизлар одамларнинг калласини кесиб, уни бирор нарсанинг устига ўрнатиб ёки осиб қўясиз, тўпга ўхшатиб отиб ўйнайсиз. Яна бу жиноятларни бутун оламга кўз-кўз қилиб тарқатасиз. Ҳолбуки, бутун олам ҳозирги кунда бахтиёр ҳаёт кечирмоқда, одамнинг калласини эмас, тўп ўйнамоқда. Тўп ўйини шариат рухсат берган ўйинлардан ҳисобланади.
Сизлар эса босиб олган ҳудудларингизда ўзингизча қозилик қилиб, ўлдирган одамларингизнинг жуссаларини, кесилган бошларини ўйинчоқ қиласиз. Энди дунёда бирорта одам Исломни, мусулмонларни ваҳший деб атайдиган бўлса, бунга албатта сизлар сабаб бўласиз, чунки қилган ёвузликларингизни Ислом номи билан интернетга қўйиб, ўзингиз тарқатдингиз. Бутун оламдаги дўсту душманнинг қўлига Исломнинг зиддига кучли далил бериб қўйдингиз. Ҳолбуки, Ислом бу жиноятларнинг ҳар қандай кўринишидан мутлақо покдир, холидир ва уларнинг барчасини ҳаром қилгандир.

Анбиёлар, саҳобаларнинг қабрларини, мақомотларини бузиш

Сизлар анбиёларнинг, саҳобаларнинг қабрларини портлатиб юбордингиз. Қабрлар мавзуси уламолар ўртасида хилофли мавзулардан ҳисобланади. Лекин нима бўлганда ҳам, қабрларни, айниқса, анбиёлар, саҳобалар дафн қилинган жойларни портлатиш, кавлаш, зарар етказиш жоиз эмас. Шунингдек, «Одамлар мевасидан хамр тайёрлаб, ичади» деган баҳона билан узумзорларга ўт қўйдингиз. Бу иш ҳам жоиз эмас.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида: «Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устиларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар», деган (21-оят).
У Зот Бақара сурасида марҳамат қилади: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг» (125-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим, энди Муҳаммадга онасининг қабрини зиёрат қилишга рухсат берилди. Сизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар, чунки уларни зиёрат қилиш охиратни эслатади», деганлар. Қабрларни зиёрат қилишда ўлимни, охиратни эслаш бор.
Аллоҳ таоло Такасур сурасида шундай дейди: «Кимники кўп» сизни машғул қилди… то қабрларни зиёрат қилгунингизча» (1-2-оятлар).

Абу Умар Бағдодийга келсак, у айтади: «Биз ширкнинг барча кўринишларини йўқотиш, бузиб юборишни вожиб деб биламиз. Унинг василалари ҳаром эканини ҳам биламиз, чунки Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида Абул Ҳайёж Асадийдан шундай ривоят қилган: «Менга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени нима билан юборганини айтиб берайми? Бирорта ҳайкални қўймай бузасан, бирорта кўтарилган қабрни қўймай текислайсан», деганлар».

Биз айтамизки, бу сўзингиз тўғри. Лекин у киши анбиёларнинг, саҳобаларнинг қабрларини ирода қилмаган. Далил шуки, саҳобаларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидга ёпишган бинога дафн қилишни раво кўрганлар, у зотнинг икки соҳиблари – Абу Бакр ҳамда Умар розияллоҳу анҳумоларни ҳам ўша ерга дафн қилганлар.

Халифалик

Халифалик иттифоқ ила умматга вожиб бўлган амрдир. Батаҳқиқ,  1924 йили халофат қулаганидан кейин мусулмон уммати уни йўқотди. Лекин янги халифалик бўлиши учун мусулмонларнинг ижмоъси талаб қилинади. Бу иш фақатгина муайян бир гуруҳнинг, ер юзининг муайян бир бурчагини босиб борган шахсларнинг иши эмас. Батаҳқиқ, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Кимки мусулмонларнинг маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди ва унга байъат қилган одам – икковлари ҳам қатл қилишга дучор бўладилар»[52].
Шунингдек, кўпгина халифаликларни эълон қилиш ҳам фитналарнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ушбу фитнанинг бошланиши Мусилнинг сунний имомлари сизларга байъат қилмаслигидан келиб чиқди. Сиз ўзингизнинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг хутбасидан иқтибос қилиб айтган хутбангизда «Албатта, мен сизларга волий қилиндим ва яхшингиз эмасдирман», дедингиз. Шу ерда савол пайдо бўлади: «Сизни умматга ким волий қилди? Уммат сизнинг жамоатингиздангина иборатми? Ушбу йўл билан жамоат келадими? Унинг адади ўн мингдан кўпроқ бўлмай қоладими? Ўзича бир ярим миллиард мусулмонларга волий бўлиб оладими?»

Бу ерда мантиқдан қулфлоғлик бўлган фосид бир доира бор. Фақатгина биз мусулмонлар, ҳаммамиз бир бўлиб халифа кимлиги ҳақида қарор чиқарамиз.
«Биз халифани қарор қилдик, ким биз халифа қилиб сайлаган одамни эътиборга олмаса, у мусулмонмасдир», дейилган. Ушбу ҳолатда халифанинг нима маъноси бор? Тўқсон тўққиз фоиз мусулмонларни кофир қиладиган муайян жамоанинг раиси бўладими? Яна бошқа тарафдан қарайдиган бўлсак, сиз бир ярим миллиард мусулмонни эътироф қилиб, «Улар ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдилар», дедингиз. Қандай қилиб ўзингиз даъво қилаётган халифалик тўғрисида  уларнинг маслаҳатини олдингиз?
Бу ерда икки ишдан бири бўлиши мумкин. Биттаси – ё сиз ҳаммасини мусулмон деб тан оласиз. У ҳолда уларнинг устига сизни ҳеч ким валий қилмаган бўлади. Сиз халифа бўлмайсиз. Ёки бир ярим миллиард мусулмоннинг мусулмон эканини эътироф қилмайсиз. Нима учун унда «халифа» деган сўзни ишлатасиз? Ушбу ҳолатда мусулмонлар кичкина жамоага айланиб қолади, халифага эҳтиёжи тушмайди.
Халифалик Ислом давлатларининг ҳаммасининг ижмоълари билан, Ислом давлатларидаги уламолар, илмий ташкилотларнинг ва бутун дунёдаги мусулмонларнинг ижмоълари билангина қурилиши.

Ҳижрат

Оламнинг барча тарафидаги мусулмонларни “Ислом давлати” деб аталмиш нарсанинг нуфузи бор минтақаларига ҳижрат қилишга чақирдингиз. Бу ер Ироқ ва Шомда[58]. Абу Муслим Канадий (“Ислом давлати”нинг аскарларидан бири): «Эшиклар ёпилиб қолмасидан аввал Сурияга келинглар», деди[59]. Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўк, лекин жиҳод бор, ният бор. Агар сизлардан қўзғалиш талаб қилинса, қўзғалинглар», деганлар.
«Ҳижрат» сўзи бир жойдан иккинчи жойга кўчиш маъносини англатади. Истилоҳда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги мусулмонларнинг Ҳабашистонга, сўнгра ўзлари бош бўлиб Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади. Ҳижрат деганда яна гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш ҳам тушунилади. Бу ҳақда имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк (ҳижр) қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир», деганлар. Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир», дейилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим», деди. У зот эса: «Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин», деб жавоб бердилар.

Хушёр бўлиш лозимки, мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, ўзига фарзи айн бўлган бошқа ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш қаттиқ адашишдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар. Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор ҳам қилмаганлар.

Хулоса

Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло Ўзини Арҳамур Роҳимийн дея сифатлаган. Инсонни Ўз раҳматидан яратганини айтган. У Зот таоло Қуръони Каримнинг Раҳмон сурасида марҳамат қилади: «Роҳман… Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди» (1-3-оятлар). Ислом дини раҳмат динидир. Унинг сифати раҳматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат қилиб юборилганлар.
У зот алайҳиссалом мусулмоннинг инсонларга муомаласини қисқача қилиб: «Ким раҳм қилмаса унга раҳм қилинмас»ва «Раҳм қилинглар, сизларга раҳм қилинур», деганлар».
Лекин сизлар Ислом динини юқорида айтиб ўтилган ишларнинг барчасида қасоват дини, зулм дини, азоблаш дини, қатл қилиш дини қилиб қўйдингиз. Бу олдиндан аён бўлган хатодир, нотўғри ишдир, динга, мусулмонларга ва барча оламларга ёмонлиқ қилишдир. Сизлар ўз ишларингизни бир бор қайтадан ўрганиб чиқинг, бу йўлдан қайтинг, тавба қилинг, одамларга озор беришдан тўхтанг. Раҳмат дини бўлган динга қайтинг. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зумар сурасида айтадики:
«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (53-оят). 
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг айтган сўзлари: Нуъайм Ибн Ҳаммод ўзининг «Фитналар» номли китобида келтиради:
«Албатта, улуғимиз Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қуйидагиларни айтмиш: «Қачон қора байроқларни кўрсангиз, ерни лозим тутинг. Қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам. Сўнгра бир қавм зоҳир бўлур. Улар заифдирлар, эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди. Улар давлат соҳибларидир. Аҳдга вафо қилмаслар, мийсоққа ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар. Исмлари кунядир. Нисбатлари қишлоқларгадир. Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар, сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақни кимга хоҳласа, ўшанга беради».
Ушбу матнни ўқиган ҳар қандай кишида ўз-ўзидан савол пайдо бўлади:
Бундан бир минг икки юз йил олдин «Фитналар» китобида келтирилган, саййидимиз Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг имом Бухорийнинг шайхи Нуъайм Ибн Ҳаммод ривоят қилган ушбу сўзлари ҳозирда ўзларини «Ислом давлати» деб атаётганларга татбиқ бўладими, йўқми? Ушбу асардан қуйидагиларни фаҳмласа бўладими?
- Унда «Қачон қора байроқларни кўрсангиз», дейиляпти. Қўштирноқ ичидаги "Ислом давлати"нинг байроқлари қорадир.
- «Ерни лозим тутинг», яъни «Эй мусулмонлар, маконингизда туринг. Уларга ҳижрат қилманг», дейиляпти. 
- Яна унда «Қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам», дейиляпти. Яъни уларга мол билан, асбоб-ускуна билан ёрдам берманг.
- Сўнгра «Сўнгра бир қавм зоҳир бўлур. Улар заифдирлар, эътиборга сазовор эмаслар», дейиляпти. Бу ердаги «заифлик» дин маърифатида заиф, аҳлоқда заиф, аҳлоққа амал қилишда заиф, деган маъноларни ўз ичига олади.
- «Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди», яъни улар асирларни қатл қиладилар, одамларни азоблайдилар, қасоватлари шиддатлидир.
- «Улар давлат соҳибларидир». Тақрибан, юз йилдан олдин бирорта одам «Ислом давлати» деган гапни айтмаган. Фақат булар Сурия ва Ироқда «Ислом давлати» деб ном чиқаришди.
- Яна ҳазрати Али «Аҳдга вафо қилмаслар, мийсоққа ҳам вафо қилмаслар», деганлар. Ушбу «Ислом давлати» Аҳдга вафо қилмайди, мийсоққа ҳам вафо қилмайди. Мисол учун, «Шуайтот» мийсоқигага вафо қилишмади. Элчи қилиб юборилганларга ва матбуот ҳодимларига берилган аҳдни бузишди.
- «Ҳаққа чақирурлар». Бу «Ислом давлати» ҳам Исломга чақиряпти.
- «Лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар». Аҳли ҳақ бўлиш учун раҳмли бўлиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қилинглар, раҳм қилинасизлар», деганлар.
- «Исмлари кунядир». Ҳозир ўша давлатнинг бошлиқлари, кўзга кўринган одамлари Абу Муҳаммад, Абу Мусанна, Абу Муслим ва бошқа исмлар билан аталмоқда.
- «Нисбатлари қишлоқларгадир». Бағдодий, Зарқовий, Тунисий, Яманий, Канадий…
- «Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради». «Ислом давлати» жангчиларининг ҳаммасининг сочлари ана шундай, осилган.
- «Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар». «Ислом давлати» ўзларининг асосий ташкилоти бўлмиш “ал-Қоида”га ихтилоф қилди, сўнгра «Нусрат жабҳаси»га ҳам ихтилоф қилди. Ораларида қатл бўлди. Икки томондан 10 000лаб одамларни бир ерда ўлдирдилар.
- «Сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақни кимга хоҳласа, ўшанга беради». Исломни тўғри баён қилиш ушбу баёнга ўхшаш баён билан бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримнинг Луқмон сурасида  Луқмони ҳаким тилидан марҳамат қилади:
«Эй ўғилчам, албатта, у (амал) агар ачитқи уруғи вазнича бўлса-ю, у бир қоя тош ичида, ёки осмонларда, ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта латофатлидир, ўта хабардордир» (16-оят).

Дунё уламоларининг фикрлари ҳамда Интернет манбалари асосида таёрланди

Юқорига