ҲИЗБУТ ТАҲРИР: Ислом сиёсатидаги ёш болаларнинг халифачилик касаллиги

ҲИЗБУТ ТАҲРИР: Ислом сиёсатидаги ёш болаларнинг халифачилик касаллиги

Сўнгги вақтларда “Ҳизбут таҳрир” партияси энг асосий “ислом терроризми” мисолига айланиб улгурди. Турли жойларда ҳизбчилар аниқланиб, ҳибсга олинмоқда, уларнинг уйларида тинтувлар ўтказилиб, уларнинг навбатдаги халқаси фош этилмоқда. Тақиқланган адабиётлари мусодара қилиниб, одамлари эса узоқ муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинмоқда.

Бугунги кун интернет фойдаланувчилари ислом чеҳрасидаги “сиёсий радикализм”нинг авжга чиқишини кузатмоқдалар. Улар айниқса реал ҳаётдаги фаолиятларидан кўра ижтимоий тармоқларда фаоллашиб кетишди. Сиёсий Ислом майдонида партиянинг азоб-уқубатларга дуч келиши, яширин романтика ва таъсир кўлами ҳақида гап-сўзлар ҳам кўпайиб бормоқда. Улар ўзларининг сирли фаолиятлари, халқаларининг ўта махфийлиги ҳудди инқилоб орқали дунёни қайта қуришга шай турган қизил инқилобчиларга ўхшаб кетишади. Бироқ, ҳақиқатдан ҳам, улар кўп ўлкаларда ман қилинган бўлса ҳам инқилоб ҳамда ҳукуматга нисбатан зўравонлик асосидаги муносабатларни тарғиб қилишмади. Ҳа, “Ҳизб”нинг асосий мақсади - хилофатни тиклашдир. Шунга қарамай, партия аъзолари жоҳилия, ноисломий бошқарувдан ҳалифаликка ўтиш мутлоқ тинч йўллар билан ўтиши кераклигини таъкидлашади, яъни фаол даъват (исломга чақириш) воситасида ўз сиёсий ғояларини тарғибот-ташвиқот қилиш, одамлар олдида исломий бошқарув тизимининг устунликларини кўрсатиб бериш орқали “Ҳизбут-таҳрир” сафига қўшиш, юқори лавозимли мансабдорлар ҳамда ҳукумат вакиллари билан ишлар ва ҳоказолар.
Ҳизбчиларнинг фикрига кўра, вақт ўтиши билан жуда кўп одамлар (ҳукумат одамлари ҳам) Исломга ўтадилар. Модомики у сийёсий-диний доктрина бўлгани учун истасак ё истамасакда улар халифаликни танлашармиш. Ҳизбут таҳрирнинг ушбу фундаментал ғоялари партиянинг барномаларида ёзилгандир. Шундай қилиб, “ҳизбчилар” ўзларининг халифалик ҳақидаги орзулари билан инқилоб уюштириш кайфиятидаги большевикларни эмас, балки СССРни соғинган сталинчи қарияларни ёки бўлмаса, черков аҳлининг хоч кўтариб юришларини уюштирувчи, “бегуноҳ ўлишига қарамай ўлдирилган” подшо-императорни хотирлаб ёд олувчи ва Россияда чор бошқарувини қайта тиклаш тарафдорлари бўлмиш православ монархистларини эслатадилар.
Исломни сиёсий мафкура сифатида қабул қилиш масаласига келсак, бу нарса аввалдан сиёсат билан ажралмас бўлган Ислом учун хос нарса. Умуман олганда, Ҳизбут таҳрир партияси ҳам 1953 йили “Иҳвонул муслимийн” ҳаракатининг Урдун шўъбасидан ажраб чиқиш натижасида пайдо бўлган. Унга Қуддуси шариф апелляцион маҳкамасининг судяси  Тақийюддин Набихоний деган шахс бошчилик қила бошлади. Ўша вақтларда Саид Қутб Набихоний билан ҳам учрашган, у билан бахслашган, сиёсий ислом лойиҳаси бўйича ўз нуқтаи назарини байён қилган. Бироқ Набихоний “Иҳвонул муслимийн”нинг машҳур етакчиси билан муҳим масалаларда ҳеч келиша олмаган.  Шундай қилиб, “Ҳизбут таҳрир ал-Исломий” мустақил равишда ўзининг сиёсий ҳаётини бошлади. Набихони унинг мафкурачиси, “мужтаҳид”ига айланди. Партия аъзолари унинг фатволарига эргашади, хатто у ўзи янги мазҳаб ҳам ташкил қилиб олди (фиқҳий мазҳаб). Партия халқаро миқёс касб қила бошлади. Унинг бўлимлари дунёнинг турли мамлакатларида очилди, улар нафақат мусулмон мамлакатларида балки ғайридинлар юртида ҳам ўз оффисларига эга бўлишди. “Ҳизбут таҳир” партиясининг бош оффиси Лондонда жойлашган.
“Ҳизбут таҳрир” фаолларини экстремизмга берилганликда ҳаддан ошиқ танқид қилиниб, таъқиб қилинади, бироқ буни эътироф этиш уларни қўллаб-қувватлашимиз ёки уларнинг мафкурасини тўғри деганимиз эмас. Албатта, “ҳизбчиларнинг” дунёда бўлаётган воқеа ҳодисаларга бўлган муносабатларининг баъзилари, яъни сиёсий қарашлари, қайси мазҳабга мансублигидан қатъий назар дунёдаги барча мусулмонларнинг дунёқарашлари билан уйғун бўлиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, ўз тарихида учта фаластинлик асосчиларга эга бўлган “Ҳизбут таҳрир” Фаластинни босқинчилар босқинидан озод қилиш масалаларига эътиборларини кўпроқ қаратади. Бундан ташқари, бу партия мафкурасида аксиламерика кайфияти ҳамда мусулмон умматини бирлаштириш даъвати ҳам кенг ўрин олганлиги маълум. Бироқ “Ҳизб” уммат ичидаги уларнинг ўз сиёсий лойиҳасида баён этилган идеологиясининг ўзига хос қисмига баҳо бериладиган бўлса, унинг баъзи ҳолатларда ўта соддалигини, қайсидир фурсатда эса ҳатто уммат учун очиқдан-очиқ зарарли эканлигини қайд этмасликнинг иложи йўқ. Бундан ташқари, жуда содда ва кўп ҳолатларда холис бўлган “ҳизбчи”лар ўзларининг сиёсат тўғрисидаги фикрларининг инфантилизми (инфантилизм – организмнинг етилмай қолиши, катта одамларда ёш болаларга хос жисмоний ва руҳий ҳолатларнинг сақланиши) билан, баъзида эса Ислом ақидалари ва Ислом тарихи бўйича гўллиги билан одамларни ҳайрон қолдирадилар.
“Ҳизбут таҳрир”нинг сиёсий доктринанинг интелектуал даражаси “Ихванул муслимийин” ёки Эрондаги Исломий инқилоб мафкураларидан анча паст. “Ҳизб”нинг оддий фаолларининг аксари Сайид Қутб ёки Ҳумайни ким эканини умуман билишмайди, уларнинг сиёсат ҳақидаги фикрлари эса кўпинча кулгига ҳам сабаб бўлади, масалан: “Ҳалифа тайин бўлгач, у: “Эй, сассиқ ит - Буш, Ироққа тегинма, йўқол”! –, дейиши билан америкаликлар ислом ерларини тарк қилишади”.
Яна буни ўта жиддий равишда айтишади. Бундай одамлар, ўзларининг қарашларига кўра халифалик ўрнатилганидан кейин мусулмонларнинг барча муаммолари ўз-ўзидан сеҳрли равишда йўқ бўлиб кетишига ишонишади. 
“Ҳизбут таҳрир”нинг ишлаш услублари ҳам ўта гўл. Исломга қарши ҳаракатлари билан машхур бўлган фитначи-журналист сабаб рус миллатига мансуб муслима Анна Дроздовская турмага, эмизикли гўдаги эса болалар уйига тушиб қолишига сабабчи бўлган. Яъни, фитначи-мухбир Светлана Метелеванинг “Жиҳоднинг 200 куни” деб номланган ёлғон аралаш мақоласида улкан “махфий террор” ҳаракати, унинг ўта яширинганлиги, жангари қаноати ва ҳоказолар ҳақида сўз юритган. Ўшанда “ҳизбчилар” “янги муслима” бўлган журналист аёлни ўзларининг ташкилотларининг энг пана кўчаларидан сайр қилдириб, барча нарсаларини очиб берган. 
Бундан ташқари, кўп мамлакатларда “Ҳизбут таҳрир” тақиқланган бўлса ҳам, унинг фаоллари хавас қиладиган даражадаги матонатлари билан ўзларини “ҳизбчи” эканини очиқчасига урғу бераверишади. Расмий баёнатлари остига “Ҳизбут таҳрир аъзоси”, деб имзо қўядилар (мана шу йўл билан жуда кўп ҳизбчилар қўлга тушган). Бир тарафдан бундай мусулмонларнинг ниятлари маълум – улар ўзларини фақат мафкура тарафидангина фаолият юритаётган қилиб кўрсатмоқчи бўлишади, шунинг учун ҳам уларнинг гўё яширадиган нарсалари йўқдек. Бошқа тарафдан эса, бу реал воқеаликни тўлиқ инкор қилишдир. Баъзан уларнинг қилганига на кулишни биласан ва на йиғлашни.
 Тюмен вилоятида “Ҳизбут таҳрир” фаоллари ўз партияларининг ғояларини “Единая Россия” партиясининг бюрократ мансабдорларига тарғиб қилиб, уларни партияларига қўшилишига ҳаракат қилишган.  Улар эса табиийки, “ҳизбчилар”ни тушунишмади ва тез орада ўша “ҳизбчилар” қамалиб кетишди. Шу муносабат билан қуйидаги латифани мисол келтириш жоиз: “Штирлиц Рейхстаг томида, қўлида қизил байроқни баланд кўтариб тик турибди. У ҳеч қачон бу қадар фош бўлишига яқин қолмаган эди”. 
Буларнинг бари қайғули бўлмаганида, кулгили бўлиши турган гап эди. Дунёни яхши томонга ўзгартирмоқчи бўлаётган холис ва фидоий мусулмонлар сиёсий демагогия ва инфатилизм туфайли ўзларини турмаларда чиритишга маҳкум қилмоқдалар.
“Ҳизбут таҳрир”нинг сиёсий идеаллари Исломга юзаки қараш билан фарқланади, баъзан ҳайратланиб ҳам қоласан киши. “Ҳизбут таҳрир” аъзоларининг Усмоний халифалигига “исломий бошқарувнинг энг сўнгги қалъаси” сифатида ёпишиб олишлари ҳам ўта таажублидир.
“Халифат” сўзи ҳизбийлар учун оҳанрабодай ўзига тортадими ёки уммат тарихини билмасликнинг оқибатими, ҳар қалай Усмонли халифалигини Исломнинг бузиб кўрсатилиши ёки таназзули эмас, айни тантанаси деб билувчи исломий сиёсий партия кам учрайди. Ёш Ислом давлати ўрнига уммавийлар сулоласи келгач, монархияга асосланган бошқарув моделига ўтилишига кўпчилик Ислом уламолари исломий сиёсий моделдан тубдан четлашишнинг бошланиши деб баҳо беришган.
“Ҳизбут таҳрир” Қуръон ва суннатга эргашишликни даъво қилса ҳам, улар суянадиган (ориентир) нарсалари ҳам бетайин. “Ҳизб” таклиф қилаётган ҳалифаликнинг тикланиши лойиҳасида ҳам шубҳа бор ва у жуда кўп саволларни пайдо қилади. “Ҳизбут таҳрир” мафкурасига кўра, Бутун жаҳонда халифалик ўрнатиш учун қандайдир бир мамлакат мусулмонлари ўзларига халифа сайлаб, унга байъат қилиши керак эмиш. Ҳизбчилар бунга иккита ҳадисни далил ҳам қилиб келтиришади. Ушбу ҳадисларни асос қилиб, ижтиҳод қилишади(1). 
"Ҳизбут таҳрир" уммат ва унинг бирлигига қарши фитна уюштириб, кенг миқёсли оммавий қон тўкилишига асос бўладиган жараён шаклини чизиб беради. “Ҳизбчиларнинг” тасаввурларига кўра, қайсидир бир мамлакатда ҳалифалик эълон қилиниб, халифага байъат қилинса, дунёнинг бошқа ерида яшаётган мусулмонлари ҳам уларга ёқадими ёки йўқ, байъат қилишлари керак бўлармиш. Агар қандайдир мусулмонларнинг бир гуруҳи (улар кўп бўлиши мумкин) мазкур халифага байъат қилишдан бош тортишса, ҳизбчиларга кўра, бундай гуруҳлар душманлар сафидан ўрин олишади. Шундай қилиб, ҳизбийларнинг сиёсий модели бирор муайян минтақада амалга ошди, деб фараз қилиб кўрсак ҳам, уларнинг ўзлари танлаган халифа номзодига қарши бўлганларга нисбатан радикал позицияси оғир фитналарга, мусулмонлар орасидаги қонли адоватга айланиб кетиши мумкин. Қарабсизки, бугун Исломга қарши уруш очиб турганларнинг тегирмонига сув қуйилиб турибди. (Аниқ айтадиган бўлсак, бу ҳудди ИШИД фитнаси ва унинг халифалик эълон қилиши ортидан Ислом уммати орасида катта мусибатлар юзага чиқиши, бундан Ислом душманлари ҳамда мустамлакчи давлатлар ўзларига хос фойда кўраётганларидек!) 
Ҳизбчиларнинг алоҳида бир мамлакат миқёсида идеал ислом давлатини қуриш ҳақидаги тасаввурлари ҳам жуда соддадир. Нима бўлганда ҳам, халифага байъат қилиш масаласидаги кескин позиция туфайли давлат билан умматнинг катта қисми ўртасидаги муносабатлар кескинлашуви очиқ-ойдин бўлиб турган бир вазиятда бу иш ғоятда қийин вазифадир. Бунинг устига, оқибатда бу давлатдаги режим муқаррар равишда тубдан ўзгариб, СССРдаги каби унинг мутлақо тескарисига айланиб кетиши ҳам мумкин. Бундан ташқари халқаро тизим тузилмаси ва замонавий оламнинг иқтисодий ва сиёсий жараёнларидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Халифалик унинг чақириғи олдида олдиндан уюштирилган бўш ва нозик модель сифатида намоён бўлади. Шу билан бир қаторда, “Ҳизбут таҳрир” аҳли сунна тасаввурларига кўра, халифанинг Қурайшдан бўлиши кераклигини ҳам назар-писанд қилишмайди. Умуман олганда ҳизбийлар ўзларини аҳли сунна вал жамотдан деб билишмайди: уларнинг ҳадисларга ўз муносабатлари бор, улар аҳли сунна вал жамоат қабул қилган ақидаларнинг баъзиларини инкор қилади ва ҳоказо.
Хуллас, ҳизбийларнинг Хилофат ҳақидаги тасаввурлари ва юқорида зикр қилинган иккита ҳадисни тушунишлари суннийлар ҳамда шиаларнинг танқидига сабаб бўлган. Замонавий мусулмон уламолар ҳам халифалик қуриш лойиҳасига турли хил бошқа далилларни келтиришади. Сиёсий ислом ҳақидаги фикрларнинг кўпи ўхшаш бўлса ҳам Хилофат умматни ташкил қилишда, бирлаштиришда ягона модел эмас. Бундан ташқари жуда кўп суннийлар халифатчи эмас.  Масалан, уларнинг аксари ўзини ўзи бошқарувчи жамоатлар тарафдоридир (исломий жамоатлар). Худди шу тарзда, ҳамма суннийлар исломий давлат ғоясини қўллаб-қувватламайдилар. (Мадинадаги жамоа бундай бўлмаганини рўкач қилишади ва умуман Исломнинг фундаментал сиёсий доктринасида давлат ҳақида ягона битта ғоя мавжуд эмас). Шу муносабат билан айрим назариётчилар қуйидаги нуқтаи назарни илгари сурадилар: Мадина жамияти ўзида бошланғич универсал моделни намоён этади. Унга кўра тарихий воқеъликдан келиб чиқиб мусулмонлар ё ислом давлати қуришади ёки жамоатларда бирлашишади. Буларга Ғарбдаги мавжуд Исломий жамоатларни мисол қилиб зикр қилишади: Буюк Британия, Франция, Олмония. Улар ўз линиясини юритиш даражасигача етиб келишди ва мустақил сиёсий субъектга айланди ёки шунга жуда яқин келишди. Шундай бўлса ҳам, шиа оқими назариётчилари орасида ҳам жамоат моделининг тарафдорлари бор. Россиядаги буларнинг энг ёрқин намаёндаси сиёсатшунос Ҳайдар Жамол ҳисобланади. Шиаларга кўра, жамоат лойиҳаси етакчи (асосий, мейнстрим) ҳисобланмайди, аммо аҳли сунна вал жамоатнинг бир қисмида бўлгани каби унга эргашувчилар шиалар орасида ҳам учрайди.
Ҳамма тараф ўз далил-ҳужжатларини келтиради, қизғин конструктив бахс-мунозаралар олиб борилади. Ҳар бир тарафнинг батафсил қарашлари ва ҳусусиятлари – бу ёғи тафсилотлардир...
Ҳизбут таҳрир Исломдаги ёшларнинг халифалик деб номланган касалига мисол бўла олади. Партия аъзоларининг аксари таъқибларга дуч келмоқда, азобланмоқда. Бироқ, “Ҳизбут таҳрир” партиясининг самарадорлигини бошқа исломий партиялар билан қиёс қиладиган бўлса, ҳизбчилар бу қиёсдан мағлуб бўлгани яққол кўринади. “Ҳизбут таҳрир” партияси фаолиятининг маълум босқичида аъзоларнинг ўзини ўзи таҳлика, азобга қўйиши асосий мақсадга айланиб қолмоқда: таъқиб ва турмага тушишда қандайдир жозиба бордек. Масалан, ХАМАС ғоятда кескин оккупация шароитида ҳам ижтимоий лойиҳаларни амалга ошираётган, сиёсий курашларда ғалаба қозонаётган, ташқи душманга сабот билан қаршилик қилаётган бир пайтда ҳизбийлар ўзларининг идеаллаштириб юборилган лойиҳаларини реклама қилишяпти ва бу учун турмаларга ўтиришяпти ва айни пайтда бугунги қора кучларга жиддий рақиб бўла олмай, аксинча уларнинг қўлидаги қўғирчоққа айланиб қолишяпти. “Ҳизбут таҳрир”нинг тактика ва сиёсий мақсадлари ҳам танқидга бардош бера олмаслигини эслатиб қўйиш ортиқча эмас. Партия аъзоларининг узоқни кўра олмасликлари ва инфантилизми бегоналар ўйинида кўпинча, бу партияни солмоқли мустақил куч эмас балки пиёдага (пешка) айлантириб қўйади.
Уммат учун бундай партияларга эргашиш асло қабул қилиб бўлмайдиган нарсадир. Мусулмонлар ҳаракатлари  Ислом душманларига барча соҳалар бўйича муносиб қарши туриш ўрнига, уларга қарам бўлиб, улар тарафидан бошқарилиб, қўғирчоқ  бўлиб қолмаслиги керак. Исломга энди қизиқаётган ёшлар уларнинг баландпарвоз шиорлари ва дастурлари, “Ҳизб”нинг яхши ташкил қилинган ташкилотлари ва курашнинг романтикасига маҳлиё бўлмаслиги керак. Партиянинг дастури уммат учун боши берк йўлдан ўзга нарса эмас.
“Ҳизбут-Таҳрир”, партиясининг аҳамияти ҳаддан зиёд ошириб юборилганига қарамай, ҳужумлар нишонига айланиб қолган. Қолаверса, ўз олдига “ислом экстремизми”ни олабўжи қилиб кўрсатишни мақсад қилганлар учун мусулмонларни таъқиб этишдан манфаатдорларга, ҳар қалай мусулмонларнинг соддалиги қўл келмоқда.

Фатима Анастасия Ежова 
Абу Муслим эркин таржима

P.S

Ҳизбут таҳрир сиёсий партиясига йўл очиб, унга молиявий дастак бераётган душман Ислом умматининг ёш, ғайратли қатламини сиёсий, абстракт  демагогиялар билан заҳарлаб, жамиятларда уларни асл мавзулардан узоқлаштириш учун, шу билан бирга навқирон умматни фойдасиз тортушувлар, сиёсий ўйинларга  банд қилиш, сиёсий иқтидордаги кучларга ошкора қарши қўйиш тактикаси орқали инқироз кўчасига олиб бориш учун тузилган энг жирканч ўйинлардан бири десак муболаға бўлмайди.
Шундай экан ёшлар ўз юртининг уламоларига қулоқ солиши, усти ялтироқ дабдабали сўз ўйинларидан узоқда бўлиши лозим. Зотан Ислом фақат сиёсатдан ташкил топган дин эмасдир!
Хуллас, ушбу оқимнинг зарарларини яхшилиб билиб, уларнинг асли ким эканини билиб олишимиз керак, бунинг учун шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб “Дин насиҳатдир” деб номланган китобларини ўқиб чиқиш лозим. 


----

1. Бу ҳақда шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Очиқ хат” китобида батафсил  маълумот берилган. Масалани кенгроқ ўрганмоқчи бўлганлар мазкур китобга мурожаат қилсинлар.

Юқорига