Қуръонийлар адашган секта

Қуръонийлар адашган секта

Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир! Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва расулидир.

Хозир дунёда, ҳусусан Туркияда куч бериб, ривожлантиришга уринилаётган залолатдаги секталардан бири бу Қуръонийлар сектасидир. Туркияда бузуқ ақидалар шу қадар қоришиб кетганки, уларнинг орасидан ҳақ йўлда юрганларини ажратиб олиш анча мушкул. Илмий малакаси бўлмаган кишилар бу фондан оқ рангни ажратиб олиш имконига эга эмаслар. Шунинг учун ҳам гап дин ҳақида, Ислом таълимотлари борасида борар экан ҳар бир мусулмон ўз динини қаердан, кимдан олаётганига жиддийроқ назар солиши лозим. Бунга ишора қилиб Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ марҳамат қилади:
“Албатта бу илм диндир. Динингларни кимдан олаётганингларга қаранглар!” Муслим ривояти.

Шундай экан дин борасида бирор масалага рўбарў бўлган оми инсон кимлиги нотаъйин бўлган бидъат аҳлларига эргашмай, балки илми ва тақвоси маълум бўлган улуғ  устозларга эргашиши вожиб бўлади. Бугунги кунга Ҳамдўстлик давлатлари мамлакатлари ичида ҳам турли бидъат аҳллари бўлган оқимларга эргашганлар борлигидан, ўзларининг ботил фикрлари билан ўлжа қидириш илинжида бўлган разиллар ҳам кўзга ташланмоқда. Шулардан бири Қуръонийлар сектасидир! 

Бу сектанинг асосан фақат Қуръоннинг ўзи етарли, ҳадислар умуман керакмас, деган даъвони олға суради.
Сўнгги бир икки йил ичида ижтимоий тармоқларда бу оқимнинг зарарли мафкурасини ўзбек тилида ҳам тарғиб қилиш ишлари бошланиб кетган. Мақсадларига ета олмаётган бўлсаларда ҳаракатларини сусайтирмасдан, атрофга шоқоллар каби аланглашмоқда. Аслида бу каби залолатдаги секталар Исломнинг шаънига, унинг мусаффо ақидаларига қарши тўқиб чиқилган уйдурмалар ҳисобланади. Бу уйдурмалар ортида эса сиёсий мақсадлар ётади. Ислом номидан ғаройиб гапларни гапирадиган “қаҳрамонлар” кашф қилиниб, уларга эргашадиган жоҳил тўда шакллантирилгач энди ҳалиги “қаҳрамон”дан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринилади. Жоҳил тўда эса бу ўйинларнинг қурбонларига айланади. Жоҳиллик қурбонлари! (Бир вақтлар аҳмадийлар сектаси ҳам айнан шу мақсадда мустамлакачилар тарафидан ташкил қилинган эди. Уларнинг илк юзага чиқиш жараёни инглизларнинг турткиси билан бўлган. Ҳиндистонда маҳдийлик даъвосини қилган Ғулом Аҳмад Қодиёний ўзини пайғамбар деб эълон қилган ва суннатни буткул тарк қилишни айтган. Кейинроқ унинг инглиз махсус хизматлари билан алоқада бўлгани ўз исботини топган)
Секта фаолиятининг илк босқич ишларини олиб бораётган ўзбек забонлардан бири Камолиддин Йўлдошдир! Бу одамнинг Ислом дини борасида ўта саёз тушунчалари, асоссиз фикрлари мавжуд. Унинг бир оз арабчадан хабардор бўлиши айрим содда инсонларни чалғитиши мумкин. Лекин ҳар қандай араб тилини биладиган киши Исломни билади, деган қоида йўқ! Зотан ўзи араб муслмон бўла туриб бир оятни ўқий олмайдиган одамлар, ҳатто араб бўлсада насроний динига мансуб бўлган миллионлаб инсонлар мавжуд.  Камолиддиннинг фаолияти ўзининг илмий изланишлари натижасига асосланмаган, балки у тамомила таржималарга суяниб, муртад деб ҳукм қилинган нусҳаларнинг мақколалари асосида ўзи учун янги дин кашф қилган бир бечора инсондир. Унинг фойдаланадиган асарлари  Турк тилида ёзилган сафсаталар бўлиб, ўша асарлар ҳам турклар орасида хиёнати фош бўлган бир гуруҳ сиёсий қўғирчоқлар томонидан ёзилган ва айтилган ботил фикрлардир. Яъни, Камолиддин Йўлдош ўша хоинларнинг ўтмай қолган матосини ўзбек тилига таржима қилмоқда ва афсуслар бўлсинки, уларга эргашувчилар ҳам оз бўлсада топилмоқда.
Яна бир ўйлантирадиган тарафи шуки, сўнгги вақтда юртимизда Қуръони каримнинг илмий мўъжизалари ҳақида чоп этилган китобларда ҳам уларнинг “асар”ларидан фойдаланилмоқда. Албатта, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун керакли чораларни кўриш зарурдир.
Аксар одамлар қуръончиларнинг адашуви фақат Суннатни тарк қилишида, деб билишади. Бу тўғри, бироқ  гуруҳни ўрганиб чиққан ҳар қандай одам, уларнинг  бундан ташқари бидъатга асосланган эътиқодлари ҳам талайгина эканини кўради. Қуръончилар оқимининг ХХ асрдаги асосчиларидан бири келиб чиқиши араблардан бўлган Мисрлик Рашод Халифа ҳисобланади. У Америкага бориб, ўша ердан бошпана қилади ва ўз фаолиятини кимларнингдир тутркиси орқали амалга ошира бошлайди.
Дастлаб унинг фикрлари кўпчиликка қизиқ туюлади. У рақамли ускуналар ёрдамида Қуръони Каримдаги калималар, оятлар, сонларни қўшиб айриб, кўпайтириб бўлиб чиқади ва Қуръон айнан шу усулбда махсус кодланган, дея иддао қилади ва калималардаги математик мутаносибликни кашф этганини гапира бошлайди. Унинг бу ғаройиб тадқиқотига қизиқувчилар топилиб, атрофида тўплана бошалагач асл мақсадга ўтиб қўя қолди. Яъни асл мақсад Исломни ақида принципларига зарба бериш, исломий манбалар борасида одамлар қалбига шубҳа солишдан иборат душман проектини амалга ошира бошлайди. Натажада Рашод Халифа ўзини Оламлар парвардигори Аллоҳ тарафидан одамларга юборилган пайғамбар деб эълон қилади. 
Рашод Халифа айтади: «Маккага ҳажга борганимда, 3 Зул-Ҳижжа, 1391 йил, 21 декабр, 1971 йили, сешанба куни, кун чиқишидан олдин, мен Рашод Халифа, таним билан эмас руҳим билан коинотнинг қандайдир жойига олиб кетилдим. Ўша ерда мен барча пайғамбарларга Пайғамбар сифатида таништирилдим. Мен бу ҳақда, яъни бўлиб ўтган воқеа ва унинг аҳамияти ҳақида 1408 йилнинг Рамазонигача хабордор бўлмадим. Менинг ёдимда қолгани, тўғри ўтирардим, барча пайғамбарлар бирма бир келиб, юзимга назар солар эди, сўнг маъқул дегандек бошларини қимирлатар эди». (Рашод Халифа, «Қуръон: Сўнгги Аҳд» Илова 2). 
Албатта, бу исбот талаб қилмайдиган ёлғондир! Аллоҳ таоло бизга Қуръони каримда Рашод Халифа ҳақида «Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир” (Фатҳ сураси, 29-оят), дегани каби ҳеч нарса демаган. Қуръондаги  кодланган хабарларга таянганини даъво қилувчи ва ўзининг илоҳий миссияси ҳақида гапирган ҳар бир кимсага мусулмонлар ишониб кетавермайди. Афсуски илмдан бехабар айримлар унга эргашди. Асл мақсад Исломнинг мустаҳкам ақидасига чанг солиш, исломий таълимотларнинг муҳим манбаси ҳисобланмиш Суннатни амалий майдондан сиқиб чиқариш ва бу ботил тушунчаларга эргашган содда жоҳил жамоатни дастаклаб, бошқа мусулмонлар билан орада низо чиқариш, натижада эса Исломнинг жиддиятини сусайтириб, унга зарар бериш учун туйнук излаш бўлган эди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломдан сўнг пайғамбарлар бўлмаслиги ҳақида айтган: «Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир» (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига чиққанларида ўринларига Алийни қолдирдилар. Шунда у: «Мени аёллар ва гўдакларга бош қилиб қолдирасизми?!» деган эди: «Сиз менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишга рози бўлмайсизми?! Фақат (фарқи шуки), мендан кейин бошқа пайғамбар бўлмайди», дедилар (Муттафақун алайҳ).
«…Албатта, келажакда умматим ичида ўттизта каззоб чиқгай. Уларнинг барчаси пайғамбарлик даъвосини қилгай. Ҳолбуки, мен набийларнинг охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир...» (Муслим).
Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом бизга айтганидек, Ислом тарихида бунга ўхшаш каззоблар чиққан ва ўша каззобларнинг барчасида сиёсий ғаразлар бўлган.  Рашод Халифа ҳам шуларнинг биттаси. 
Рашод Халифанинг яна бир ботил даъвосига кўра, Аллоҳ таолонинг Китоби ўзгартирилганмиш, чунки 19 коди Қуръони каримга тўғри келмаётганмиш, Тавба сурасининг сўнгги икки ояти Қуръони каримдан эмас, чунки бу оятларда унинг унинг 19 коди ишламаётган экан. 
Рашод Халифа айтади: «Пайғамбар вафотларидан 19 йил ўтиб, баъзи саҳобалар Мадинада нозил бўлган сўнгги, Тавба сурасининг сўнгига икки соҳта оятни қўшиб қўйган» (Рашод Халифа, «Қуръон: Сўнгги Аҳд», илова 24)
Бу Аллоҳ таолога катта туҳматдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни муҳофаза қилишни ваъда қилган. Аллоҳ таоло: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз. (Ушбу зикр–Қуръон.)», деган (Ҳижр сураси, 9-оят).
Нима Аллоҳ таоло Қуръони каримни муҳофаза қила олмаганми? 1400 йил давомида мусулмонлар соҳта икки оятни Қуръони каримдан деб билишганми? Аллоҳ таоло айтади: «Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган зотнинг туширганидир» (Фуссилат, 42-оят).
Шундай дейилган бўлса ҳам ботил ғолиб келганми? Аллоҳ таоло иккита соҳта оятдан сақлай олмаганми?
Нега Рашод шундай деди? У ўз фикрларини ботил асосда маҳкамлаб олиб, шу асосга тушмаган ҳар қандай нарсани инкор қилган.  Қуръони Каримдан математик кодларни изларкан ўзи учун ўн тўққиз рақамини код сифатида қабул қилиб олади ва бу рақам Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканини, у ўзгармаганини исботлаш учун асос дейди ва ўн тўққиз рақамига тушмаган ҳар қандай матнни инкор қила бошлайди. Яъни унинг ақидаси ва дини ЎН ТЎҚҚИЗ сони  бўлиб қолади. 
Одатда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларни тарк қилганлар бошига келган мусибат бунинг ҳам бошига тушади. 
У Қуръони каримнинг сўз ва харфларини ҳисоблаб, хосил бўлган натижани 19 га бўлар, натижада идеал мослик чиқаришга уринарди. Бу ишга анча вақтини сарфлайди, ўрни келса айриб, ўрни келса қўшиб 19 рақамини чиқаришга жаҳд қилаверади.  Бироқ Тавба сурасидаги икки оятга келганида унинг ғайриоддий формуласи ишламай қолади. Энди нима қилиш керак?! Шунча ҳаракат зое бўлиши керакми ёки яхшиси Тавба сурасидаги икки оятни инкор қилиб қўя қолсинми?! Рашод иккинчи йўлни танлайди ва оятни инкор қилади! Ҳақ зоҳир бўлганида ўз манфаатини устун қўйиб, ҳақни инкор қилиш ва ботилга оғиб кетавериш шу каби барча залолат аҳлининг табиатидир. У жуда кўп марта ўзининг ҳисоб-китобларини чоп қилди. Унинг ҳисоб-китобларидан доим хатолар топилар эди. Сўнг у яна ҳисоб китоб қиларди. Сўнгги марта ҳисобида эса журъат билан у икки оятни Қуръон ояти эмас, дейди ва унинг айтишича идеал натижа шундай қилинсагина юзага чиқади. Яъни у ўзининг ақлига суянган ва ўзи ишонган нарсанигина  исботлаган бўлиб чиқади. Бироқ унинг энг сўнгги ҳисоб китоблари ҳам нотўғри экани маълум бўлди. Натижада Исломнинг душманлари Рашод Халифанинг фирибгарлигини  қурол қилиб олишиб, Қуръони Каримга нисбатан шубҳаларини асосли дея бошлашди. Ўзи кўзланган мақсад ҳам, тузилган режанинг натижаси ҳам шунга йўналтирилган эди-да!
Рашод Халифанинг бу каби сохтакорликлари талайгина. У бир ўринда қиёматнинг қачон бўлишини ўз коди орқали кашф қилганини ҳам иддао этган.
Рашод Халифа айтади: «Қуръони каримда башорат қилинганидек, яъни 15:87 кўра, дунё 1709 йилгача давом этади. Бу дегани дунё 1710 йили тамом бўлади» (Рашод Халифа, «Қуръон: Сўнгги Аҳд», илова 11).
Бу даъво унинг энг сафсаталар устида турганини ёрқин далилларидан биридир!
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир» (Луқмон сураси, 34-оят). 
Аллоҳ таоло: «Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар”, деган. (Аъроф сураси, 187-оят)
Мана шу мисолда ҳам Рашод Халифа ўзининг ҳисоб-китобларини тарк қилмагани кўриниб турибди. У ўзи бир нарсаларни ҳисоб-китоб қилиб чиққан, ҳосил бўлган рақамдан 1709 сонни олган, у эса 19 га тенг бўлинмайди (1709:19 = 89,9), шунинг учун у хийла қилиб, бу Қиёмат қойим бўладиган йил эмас, балки бу Қуръон нозил бўлган вақтдан Қиёматгача бўладиган давр деди, сўнг бу санага бир рақамини қўшиб, 1710 санасини чиқарди (1710 : 19 = 90). Шу тарзда, математика иш бермай қолганида у керакли рақамларни (калималарни) қўшар ёки кераксиз деб билганини олиб ташлар эди. Масалани ойдинлаштириш учун яна бир мисолни кўриб чиқамиз.
Рашод Халифа 19 кодининг далили басмалада деб айтди, басмала эса 19 харфдан иборат. Ҳақиқатдан ҳам шундай, яъни басмала 19 харфдан иборат, бироқ аслида басмалада 22 харф бор, чунки Усмон мусҳафида 3 алиф ёзилмаган, тепадаги белги билан кўрсатилган, бисм (باسم), Аллоҳ (الله) ва Раҳмон (الرحمان)  сўзларида ёзилмайдиган лекин ўқиладиган  алифлар бор.  Қуръони карим ёзма эмас оғзаки нақл қилинган, сўнг одамлар уни ёзиб олишган. Шунинг учун, Рошад Халифа ўзининг ҳисоб-китобларини қилганида одамлар тарафидан ёзилган сонга эмас, асли бор харфларга суяниши керак эди. Шу сабаб Рашод Халифадан хатолар топишганида у баъзи жойларда яширин алифларни санаган, баъзи керакли жойларда эса, ўзининг математикасига тўғрилаб кетиш учун уларни эътиборга олмаган.
Масалан, Сажда сурасининг 8-оятида: 
ثُمَّ جَعَلَ نَسْلَهُۥ مِن سُلَـٰلَةٍ مِّن مَّآءٍ مَّهِينٍ
Бу ерда унда икки алиф бор ва яна бир алифни (سُلَـٰلَةٍ) сўзидан олган. Усмон мусҳафида ёзилишига кўра лом харфидан сўнг, алиф тушурилиб қолдирилган ва ўрнига фатҳа ёзилган. Савол туғилади, унда нега Рашод Халифа яширин алифларни басмалада ҳисобга олмаган? Жавоб оддий, агар у яширин харфларни ҳам ҳисобга олганида 19 рақами хосил бўлмас эди.
Мазкур сурасининг 7 оятида:
ٱلَّذِىٓ أَحْسَنَ كُلَّ شَىْءٍ خَلَقَهُۥۖ وَبَدَأَ خَلْقَ ٱلْإِنسَـٰنِ مِن طِينٍ
Халиф 5 алиф (6 танинг ўрнига) ни ҳисобга олади, у (ٱلْإِنسَـٰنِ) сўзидаги, син ҳарфидан кейин фатҳани ҳам ҳисобга олмаган (Рошад Халифа, «Қуръон: Мўъжизани кўрсатиш» 213 саҳифа)
1976 йил «Муҳаммаднинг абадий мўъжизаси» деб номланган китобининг 15-саҳифасида маълум бир сондаги харфлар рақамини келтиради, бироқ унга унинг хатолари кўрсатилганида, у ҳисоб-китобларни қайта тўғирлашга мажбур бўлади. Натижада у 1982 йили «Қуръон: Мўъжизани кўрсатиш» деб номланган китобда бошқаттан қилинган ҳисоб-китобларни тақдим қилади. Бу китобда энди умуман бошқа, янги рақамлар келтирилган. Қизиқ, 1976 йилги китоби билан қиёс қилинганида битта Бақара сурасининг ўзида 90 алиф, Оли-Имрон сурасида 57 алиф, Сажда сурасида 11 алиф ва Анкабут сурасида 10 алиф кам чиққан. Бунча кўп фарқ қаерда келди? Чунки, бир жойида, ўзига керак бўлса яширин ҳарфларни санайди, бошқа жойларда эса йўқ. Бу фақат битта мисол, яъни алиф харфи билан боғлиқ битта мисол, холос. Бошқа хийлалари ҳам кўп. Ҳолат шу экан, қандай қилиб тахминлар гирдобидаги бир сохтакорнинг гапини оламларнинг Рабби танлаган Пайгамбар сўзидан устун қўямиз! Фикр қилайлик ахир!?
Ақли салим, ақидаси соғлом мусулмон инсон бу сохтакорнинг гапларидан унинг ким эканини дарҳол пайқайди. Аммо жоҳил инсонлар унинг арабча гапираётганини, оятларни рақамларигача ёддан айтаётганини кўриб фитнага учрайди, қалбида ботилга мойиллиги бўлса тамом, тузоққа тушади. Камолиддин Йўлдош кабилар ўша фитнага илинган, залолатга мойил бўлган жаҳолат соҳибларидир. 
Рашод Халифанинг китоблари нашр қилинганида уни дастлаб кўпчилик илиқ кутиб олди. Сўнг ботил фикрлар чиқа бошлагач, ундан кўпчилик юз ўгиради. Хусусан Аҳмад Дийдот роҳимаҳуллоҳ ҳам аввалида ўз давъатларида унинг 19 ва бошқа математик мўъжизалар деб айтилган маълумотларидан фойдаланган. Бироқ Рашод Халифа ўзини пайғамбар деб эълон қилганидан сўнг Аҳмад Дийдот ундан юз ўгириб, кейинги даъватларида унинг номи ва асарларини мутлоқа тилга олмайди.
Рашод Халифа 19 коди ҳақида маълумотларини тақдим қилиб, ўзини пайғамбар деб эълон қилганидан сўнг у кескин танқидга учради. Хусусан ўттиз саккиз мусулмон мамлакат уламолари бу масала бўйича Маккада йиғилишади. Ўша мажлисда уламолар бошқа масалалар қаторида "Иблис шерълари" муаллифи Салмон Рушдий масаласини ҳам баҳс қиладилар.
1989 йили 19 феврал "Ислом фиқҳи академияси" ўзининг 11-мажлисида Рашод Халифанинг миллатдан чиққанини эълон қилади.
 1990 йили 31 январ куни Рашод Халифа Аризона штатидаги Тусон шаҳрида номаълум кишилар томонидан пичоқлаб кетилади. 
Хозирда туркийзабонлардан Рашоднинг энг яқин издоши ҳисобланган Эдип Юксел унинг ишини давом эттирмоқда. Эдип Юксал ҳам Рашоднинг барча ботил фикрларини ёқлайди. Бизнинг “қаҳрамонимиз” Камолиддин Йўлдош эса Эдипнинг ғойибоно ошиғи! Камолиддин турк тилидан таржима қилган мақолаларида асосан Эдипнинг савиясиз гапларидан фойдалангани яққол кўриниб туради. Гапириш услуби ҳам айнан Эдипнинг ахлоқсиз услубидадир! Эдип Юксалнинг таъсири остида қолган талаба Камолиддин Йўлдош бу залолатни Марказий Осиёга халқлари орасида тарқатиш илинжида. Интернетнинг жадал равишда ривожланиб кетиши ортидан буларнинг тарғиботлари ҳам кўпайди, уларга эргашаётганлар ҳам топилмоқда. Камролиддиннинг “Булар Қуръонда йўқ” сарлавҳали алжирашлар тўплами ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳатто Швецияга бориб олиб, ўз миллатини сотиш эвазига у ердан бошпана олган Абутов деган нусха мазкур мақоланинг яширин пиар-рекламаси билан шуғулланмоқда. 
Камолиддин илмдан анча узоқ, фақат турк тилидаги айрим мақолаларни таржима қилиб, ҳудди ўзиникидек оммага тақдим қилиб келаётган бир сохтакордир. Унинг ёзганларига батафсил тўхталиш шартмас. Озгина фаросати бор одам у кабиларни фақат даҳрийлар, алкашлар, фосиқлар қўллаётганини кўра олади. Чунки Камолиддин кабиларнинг фикрлари асосан бузуқ табиатли инсонларга маъқул кўринади. Ўрни келганида айрим раддияларни қисқа услубда бўлсада бериб ўтсак фойдадан холи бўлмас!

1.    Эдип Юксал. Курд, 1957 йили Туркиянинг Битлисидаги Норшинда туғилган, Аризонада яшайди. Отаси Садриддин Юксал Аҳли Сунна уламоларидан бўлган. У ўғлининг диндан чиққанини ва уни оқ қилганини афсуслар билан айтган. Эдип Рашод Халифа билан кўришгач ақидаси бузулиб, Рашодга иймон келтиради. Унинг “Хабар” номли китобини Рашод ўлганидан сўнг ўз номидан чоп қилади. Кейинроқ “Хабар” Рашодга оидлигини билган кишилар унга эътироз қилишгач, китобни қайта чоп эттириб, Рашодни номини ҳам илова қилади. Унинг яна “Устида 19 бор”, “Ислом манифестоси” каби китоблари бор. Жуда кўп тортишувларда иштирок қилган ва кўпида илмий баҳсга ярамай қолгач ҳақорат, масхаралаш каби арзон услубларга ёпишади.
2.    Мустафо Исломўғли. Бу одам ҳам бузуқ ақидали инсон. У ақидадаги қадарга иймон бандини инкор қилиш билан машҳур. Бундан ташқари кўп фикр ва қарашлари шиаликдан кўчирилган. Мустафо Исломўғлининг ҳам отаси илм аҳлларидан биридир. У ўғлини адашганлиги эълон қилган. Мустафо Бухорий ва Муслим каби муҳаддисларнинг ёлғон гапирганини иддао қилади. Улардаги ҳадисларни инкор этади. 
3.    Женар Тасламан. Бу инсон даҳрийларга қарши Ислом фалсафасини олға сурган киши эди. Унинг фалсафий қарашлари даҳрийларга қарши анча салмоқли зарба берган. Аммо охирги пайтларда бу инсон ҳам Мустафо Исломўғли кабиларга қўшилиб Суннат инкорчилиги билан шуғуллана бошлади.
4.    Меҳмет Ўкуян қадар инкорчиси;
5.    Яшар Нури Ўзтурк; илоҳиётчи номи билан китоблар ёзган бўлсада, ўзини охирги пайтларда теистлигини айта бошалади ва ҳоказо..
6.    Дуран Турсин; Бу одам ҳам Туркияда илоҳиётчи номи билан анча бузуқ фикрларни тарқатган. Ўзи даҳрий бўлган ва Ислом илоҳиётчиси профили орқали иш қилган. 
Камолиддин Йўлдошнинг кўчирмачилик орқали қўлга киритган фикрлари мана шу каби хиёнати фош бўлган, АҚШ ҳамда Ғарбнинг махсус хизматларига ишлаган ва ишлаётган бир тўданинг фикрларидир. Улар ўзбекзабон миллатимиз орасида у қадар машҳур бўлмаганлиги Камолиддинга қўл келмоқда ва у бехабар кишиларни алдаш билан шуғулланмоқда. Камолиддиннинг “Булар Қуръонда йўқ” мақоласидаги икки юзта банднинг биринчиси шундай бошланади:
1.    "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ" гувоҳлиги ёнига илова қўшиш (Қуръонда йўқ!).
Камолиддиннинг бу гапи айнан Эдип Юксалдан кўчирилган. Эдип Юксал бу фикрни бир неча ўринларда қайта-қайта такрорлаган ва ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деса ва ортидан “Муҳаммад Унинг элчиси” деса МУШРИК БЎЛАДИ, деган. Яъни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни элчи сифатида тан олиш, у зотга ахлоқда, аҳкомда, ақидада эргашиш Эдипнинг наздида ШИРКДИР! Камолиддин ҳам бу гапни айни ўзини ҳудди янги топгандек ўртага ташламоқда.  Аслида эса бу фикрларнинг мақсадида Пайғамбар алайҳис саломни Ислом таълимотлари бериш вазифасидан четлатиб, бу ишга ўзларини таъйин қилиш ҳаракати ётади! 
Бу каби ҳаракатлар эса маълумки, Исломни асл ўзандан чиқариш ва ботиллик сари судрашга уринаётган душманнинг хийласидан бошқа нарса эмас. Камолиддин Йўлдош, Эдип Юксал, Рашод Халифалар эса ушбу саҳнада ликкиллаётган отарчилардир! 
Камолиддиннинг шу мисоли унинг нақадар жирканч залолатда эканини исботлашга кифоя қилади. Унинг бошқа гапларини таҳлил қилиб ўтириш бекорга вақт сарфлаш холос. Зотан бу нусха ўз олдига ботилдан фикр барпо қилиб олган ва ўша фикри асосида ҳар қандай далилни инкор қилаверади. Ҳақ рўёбга чиқса эргашаман, деган самимийлик бу болада мавжуд эмас. Қандай ҳам самимий бўлсин!? Ахир уни орқасидан пуфлаб турганлар борку! Азиз ва қадрли биродарларимиз буларнинг мақоласини ўқиб, вақтларини исроф қилишдан тийилганлари маъқул. Булар душман режасининг сурнайлари холос!
Бундан ташқари бидъат аҳлининг бузуқ фикрларини ўқиш зарарли ҳисобланади. Сунан Доримийда келишича, Асмо ибн Абийд айтади: “Ибн Сирийннинг олдига иккита бидъат аҳли кириб келди ва: “Эй Абу Бакр! Сенга бир ҳадис айтиб берайликми?” дейишди. Ибн Сирий: “Йўқ!” деб жавоб берди. Улар яна: “Аллоҳнинг китобидан бирор оят ўқиб берайликми?” дейишган эди ибн Сирийн: “Йўқ! Ё икковинг йўқол ёки мен кетаман!” деди. Шунда ҳалиги иккиси чиқиб кетди. Мажлисда ўтирганлардан бири Ибн Сирийндан ажабланиб сўради: “Аллоҳнинг оятларини ўқиб берса нима қиларди?” 
Шунда Ибн Сирийн: “Улар менга оят ўқиб берса ва маъносини бузуқ ақидасига буриб айтса сенинг қалбингга ўша ақида ўрнашиб қолишидан қўрқдим!” деб жавоб берди.
Шундай экан Камолиддин каби бузуқ ақидали нусхаларни раддия имкони борларгина, илмий савияси собит инсонларгина инкор қилиш учун бир кўз югуртириши мумкин. Оми инсонларга эса уни ўқиш фойда бермайди аксинча қалбига шубҳа солиши мумкин холос!
Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳга Рашод Халифа борасида қуйидаги савол берилган эди: 
"Рашод Халифанинг «Қуръон мўъжизалари: сирли алифбонинг мавжудлигига далил» ((Miracle of the Quran: significance of the mysterious alphabets [Islamic Productions, 1973]) китобида ўзи томонидан олға сурилган фикр мени жуда ҳаяжонлантириб қўйди. Унинг фикрича, Қуръони каримнинг «қоф» билан муҳрланган, яъни, 42 ва 50-суралардаги «қ(қоф)» ҳарфларининг сони 57 тадан экан, уларнинг умумий йиғиндиси эса Қуръони карим сураларининг йиғиндисига тўғри келади, яъни 114 Шунда, муаллиф «қ(қоф)» ҳуруф ул-муқатаоти «Қуръони карим»га далолат қилади, буни 50-суранинг 1-ояти ҳам мустаҳкамлайди, дейди. Бу ва шунга ўхшаш сонлар билан алоқали «сир»ларни қандай тушунишимиз керак ҳамда уларга муносабатимиз қанақа бўлиши керак?” 
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ушбу саволга қуйидагича жавоб берганлар: 
"Рашод Халифа АҚШга кўчиб бориб, ўша ерда яшаб ўтган араб муҳожирларидан бўлган. У электр ҳисоблаш машинаси орқали сиз айтганга ўхшаш гапларни топиб гапирган. Аввалига кўпчилик унинг гапларига қизиқиш билан қараган. Аста-секин унинг гаплари айний бошлаган. Жазоирдаги илмий анжуманлардан бирида уламолар уни тавба қилишга чақирганлар. Аммо у ўзининг куфрга сабаб бўладиган гапларида туриб олган. Охири Маккаи мукаррамадаги Робитатул Оламил Исламий ташкилоти ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академияси ўзининг ўн биринчи йиллик мажлисида, 1989 йил, 19 февралда тўртта масалада куфр кетгани учун бир овоздан Рашод Халифанинг кофир ва муртадлиги ҳақида қарор чиқарган. Шу билан бирга у билан мусулмонлар алоқа қилмасликлари лозимлигини таъкидлаган. Сиз ҳам, бошқалар ҳам мазкур шахсга оид нарсалардан узоқ бўлинглар. Валлоҳу аълам". (Зикр аҳлидан сўранг китоби, 3-жилд, 378-фатво)

Хулоса

    Ислом динимиз 1400 йилдан бери ўзининг муҳташам илмий асослари билан бутун инсониятга даврлар оша саодат калитини тақдим этиб, бахтсизлик чуқуридан қутқариб келмоқда. Исломни ёмон кўрадиганлар эса унинг илмий асосларига зарба бериш учун асрлар мобайнида пайт пойлаб юришибди. Имкон топди дегунча, Камолиддин Йўлдош каби ақли қосир, жоҳилларни дастаклаб, бузуқ тушунчаларни Исломий тушунча сифатида тарқалишига жиддий уринишмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу сохта даъво соҳибларининг барча уринишлари бекор бўлиб, ўзлари тарих саҳнасидан улоқтирилмоқда. Исломий асослар эса ҳамон ўзининг оламшумуллиги билан мустаҳкам пойдевор устида барқарор турибди. Илм аҳилларининг вазифалари шу каби ботил фикрларнинг Исломга алоқаси йўқлигини доимо билдириб туриш бўлса, бошқаларнинг вазифаси Исломга амал қилишда шахсий фикрларга суниб эмас, балки илм аҳлларининг маслаҳатига суянишдир. Агар ҳар ким ўз қобилиятидаги иш билан шуғулланса орада ихтилофлар бўлмайди, душманлик кайфияти ёйилмайди, душманларнинг режалари ҳам амалга ошмайди. Зотан Аллоҳ таоло зикрни Ўзи нозил қилиб ва яна Ўзи муҳофаза қилишини айтганида айнан исломий таълимотларнинг устоз шогирд силсиласини назарда тутган бўлса ажабмас. Чунки Ислом бугунга қадар айнан шу йўл билангина давом этиб келмоқда. Устози йўқлар, шахсий фикрлари билан Исломдан ҳукм чиқаришга уринган бир қанча тоифалар тамомила инқирозга юз тутди ва уларнинг келажакда ҳам зафар топиши имконсиздир! 
    Сен: «Бу–менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб–ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», деб айт. (Юсуф сураси, 108-оят)
    Салоту саломларимиз ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога бўлсин!

Аброр Мухтор Алий ва Абу Муслим

Юқорига