Террорчилар қандай “Ислом”га эътиқод қилишади?

Террорчилар қандай “Ислом”га эътиқод қилишади?

Ўзларини мусулмон дейдиган ҳамда ҳаёт дахлсизлигини шубҳа остига олаётган террорчилар, нафақат Ислом таълимотига иснод келтирмоқда, балки уларнинг кўпчилиги Ислом таъқиқлаган бошқа гуноҳларга ҳам ботиб қолгани маълум бўлмоқда. Ўзларини “Исломий давлат” дейдиганлар томонидан амалга оширилган Байрут, Бағдод ва Парижда террор амалиётларидан сўнг, мен ИШИДни ўз амаллари билан Ислом ва мусулмонлар учун ҳеч қандай фойда келтирмаётгани ҳақида айтдим. Шунингдек тарихда яшаб ўткан ҳар қандай ҳақиқий халифа буларга қарши уруш очган бўларди.

Ислом жамоати ўзининг илк кунларидан бошлаб, адашишлик, зўравонлик, қон тўкиш ва ўзларига қўшилмаган инсонларни қотил қилиш йўлига ўтган тафриқачи гуруҳлардан  анча азият чеккан. Бу секта “ҳаворижлар” деган ном олган. Аксар мусулмонларнинг наздида бу секта Ислом эътиқоди асосларидан анча узоқлашган. ИШИД, Ал-Қоида ва шунга ўхшаш гуруҳларнинг бугунги кун ҳаворижлари эканига шубҳа йўқ. Ҳаворижлар ҳеч қачон Исломга тўлиқ амал қилмаганлар, ҳусусан улар ҳаёт дахлсизлиги ва уруш қонунларига амал қилмаслиги билан машхур. Бугун уларга эргашаётган гуруҳларда ҳам айнан шу нарсалар бор. Бугунги кун ҳаворижлари Исломнинг бошқа буйруқларига ҳам бефарқ бўлиб, уларнинг кўплари ибодатсиздир. Масалан, 2001 йил 11 сентябр куни Нью-Йоркдаги террор амалиётини содир қилиб, минглаб одамларни ўлдирган террорчилар стрип-клубларнинг доимий мижозлари бўлишган экан. Ахир, мусулмонлар учун барларда спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, стриптизчи қизлар билан хордиқ чиқариш катта гуноҳ эканини билмайдиларми!? Худди шундай, Ироқдаги шиалардан ташкил топган милиция ҳам тақво танқислигини намойиш қиляптилар. Уларнинг шармандалиги тилларда дастон бўляпти. Динни ниқоб қилган ҳолда ҳамда шиалардан иборат руҳонийлар ва қўшмачилар ёрдамида аёлларни жинсий эксплатация қилмоқда, боқувчисини йўқотган оилалардаги аёлларни бир тишлам нон учун вақтинчалик никоҳга мажбурлашмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Комиссиясининг хабар беришича, бундай аёлларни эркакларга вақтинчалик никоҳга мажбур қилишмоқда. Эркак кишининг хоҳиши ва табиийки пули бўлса, аёлларни ўйинчоқ қилиб, хоҳлаганича кўнгилхушлик қилади. Бундай “никоҳ”лар бир неча дақиқа ёки бир неча кундан сўнг бекор қилиниши мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг амакиваччаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни солиҳ ва тақводор бўлгани учун суннийлар ва шиалар бирдек ҳурмат қилишади. Албата, ҳазрати Али қандай ҳолат бўлмасин, қуролланган қароқчилар томонидан ўлдириш таҳдидлари билан, аёлларнинг эксплуатация қилинишига умуман йўл қўймаган бўлар эди. Шундай бўлса-да, “Исломий давлат” шиаларни ўзларига ашаддий душман деб билсалар ҳам, амалда уларнинг жинсий соҳадаги жиноятларини қилишда улардан ошиб тушмоқдалар. 
Париждаги террор амалиётини содир этганлар диндорликлари билан алоҳида ажралиб турмаганлар. Қонли воқеаларга сабабчи бўлган Абдулҳомид Або Оудни виски ичаётганини ҳамда наркотик қабул қиладиган одамлар орасида бўлганини кўришган. “Жиҳодий режа” тузувчиси (жиҳоднинг руҳи учун ҳақоратли, жуда хунук жумла), Европадаги энг қўрқинчли терактлардан бирининг ташкилотчиси ва шу қўпорувчиликни гўёки, ўз "диний" йўлининг чўққиси деб билган ўша кимса намозга ҳам бормай, йўлак ёқасида ўтириб, алкогол ичарди. Балки, у содир этилган ҳаракатнинг даҳшатли ҳиссини унутмоқчи бўлгандир, балки на Исломнинг мазмуни ва на унинг тарихи ва на тамаддуни ҳақида умуман билмайдиган, "гиёҳ"нинг доимий "шинаванда"си бўлгандир. Эҳтимол у шу йўл билан даҳшатли иш қилиб қўйганини унутмоқчи бўлгандир ёки Исломнинг моҳияти, унинг тарихи ва тамаддунидан бехабар бўлган асл бир гиёҳванд бўлгани учундир. Або Оуднинг қариндоши, Европадаги биринчи худшкуш аёл бўлган Ҳасна Боулахсен ҳам Ислом идеалларидан анча узоқда бўлганлиги эҳҳтимоли каттадир. Умрининг кўп қисми наркотик тумани жоҳилияси, исломий истилоҳда “Жоҳилия” деб аталадиган жойда ундан яшириниб юрган. Агар Independent газетасининг ёзганлари рост бўлса, у ҳижобга киришидан олдин “нормал” либосда юрган (исламофобларнинг қарашларига кўра, ҳижобда қандайдир нормал бўлмаган нарса бор эмиш), тунги клубларга бориб турган ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган экан. Гувоҳларнинг айтишича, у “гедонистик” ҳаёт тарзи билан яшаган, яъни жуфтини доим алмаштириб турган. “Шарли Эбдо” таҳририятига уюштирилган ҳужумдан сўнг у бир зумда “диндор” бўлиб қолган экан. Яъни, бу воқеалар январ ойида бўлиб ўтганини ҳисога оладиган бўсак, у қиз Ислом билимлари ва анъаналарининг ашаддий эргашувчисига айланганига унча кўп вақт бўлмагани маълум бўлади. “Исломий террорчилар”, деб аталадиганларни диндор одамлар сирасига киритиб бўлмайди. Балки “ибодатсиз мусулмонлар” деб атаса тўғри бўлса керак. У ҳам бўлса, шартли равишда. 
Ҳақиқий мусулмон одам ҳатто сўймоқчи бўлган жониворга пичоқ тиғини ҳам кўрсатмасликка ҳаракат қилади, ҳатто уни сўйилганини бошқа жониворларга ҳам кўрсатмайди (исломий инсонпарварлик шуни тақоза қилади, яъни имкон борича бошқа жониворларга озор бермайди). Агар Ислом ҳатто жониворларга ҳам озор бермаслик учун барча имкониятларни ишга солар экан, бу динни қандай қилиб, бегуноҳ одамларни бир четдан қириб ташлайдиган бераҳм ва шафқатсиз дин деб айблаш мумкин? 2008 йили МI5 тарқатган баёнотда эҳтимол қилинган аксар террорчилар бошқа диндан ўтган янги мусулмонлар экани кўрсатилган. Уларнинг аксари дунёнинг “моддий” қувончлари билан роҳатланишни хуш кўрадиган ва кўпинча динимиз буюрган ибодатлар ва анъаналарга бефарқ бўлишган. Ислом нуқтаи назаридан, улар умрларининг кўп қисмини гуноҳда совуришган. Сўнг, сохта даъватчилар уларни гуноҳларнинг осон ювилиши йўли борлигига ишонтириб, ўзларига керакли бўлган қабиҳ йўлларга солишган. 
Бу боши айниган аҳмоқлар Қуръони карим буюрган ҳукмларнинг айнан аксини қилаётганини англаб етишмаган. Бу одамлар қандай “Ислом”га эътиқод қилишмоқда ва буни улар қаердан ўрганишди экан? Хуллас, нима бўлганда ҳам уларнинг бу дини Қуръон ва Суннатга асосланмаган.

Middle East Eye материаллари асосида 
Абу Муслим тайёрлади

Юқорига