Мазҳабларнинг келажаги: ижтимоий-тарихий таҳлил

Мазҳабларнинг келажаги: ижтимоий-тарихий таҳлил

Келинг, мазҳаблар Исломнинг фундаментал институтлари эмаслигини тан олайлик. Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам улар ҳақида очиқ-ойдин айтилмаган. Бунинг устига, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги дастлабки асрларда ҳам мазҳаблар бугунги кўринишда мавжуд бўлмаган, улар анча кейин пайдо бўлишган.


Бироқ, Аллоҳ асрасин, бу билан «соф Ислом»га қайтишга даъват қилаётган бемазҳабларни оқламоқчи эмасман. Эмишки, улар зарарли бидъат деб ҳисоблайдиган мазҳаблар у пайтларда бўлмаган экан. Менимча, бу – мураккаб бир муаммога нисбатан мутлақо вульгар қарашларни кўздан яширувчи демагогия, холос.

Мазҳаблар – шариатни ва маълум бир тарихий ва ижтимоий-сиёсий шароитларда умуман Исломни барпо этишнинг зарурий ва қонуний асосланган институтидир. Мазҳаблар тараққий этиб бораётган умматнинг эҳтиёжлари тақозоси билан Ислом меъёрларни ҳаётга татбиқ этишнинг техник элементи сифатида вужудга келди. Соддароқ қилиб айтсак, мазҳаб муайян вазиятларда Исломий феъл-атвор моделларини амалда қўллашнинг жуда қулай ва самарали ечимидир.
Айни пайтда, мазҳабларни ўзгартириш, уларни бошқа бир шаклга айлантириш имконияти ҳам қонуний жиҳатдан асослаб берилган. Уларнинг техник эмас, балки фундаментал характерга эга эканлигини шаръий жиҳатдан қатъий исботлаш мумкин эмас.
Мазҳабларнинг айнан ана шу фундаментал эмас, балки кўпроқ техник характерга эга эканлиги, уларнинг ривожланиш, ўзгариш имкониятига эга эканлиги туфайли, бу муаммо ҳақида ижтимоий ва тарихий таҳлил нуқтаи назаридан сўз юритишга ҳақлиман, деб ўйлайман.

Фиқҳ эволюцияси

Мазҳаблар (ҳеч бўлмаганда уларнинг бугунги ҳолати) – фиқҳнинг ривожланиш ва такомиллашиш жараёнидаги муҳим бўғинлардан биридир. Эволюция давом этмоқда, унинг кутилаётган натижалари эса биз учун мутлақо мавҳумдир.
Шариат ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқ меъёрлари тизими – Исломий координаталар тизимида доимий катталикдир. Мазҳаблар ва уларгача мавжуд бўлган, Ислом меъёрларини ҳар бир муайян вазият учун татбиқ этишга мўлжалланган техник шакл ва институтлар эса, асрлар давомида ўзгариб турган. Қизиғи шундаки, улар бугунги кунда ҳам ўзгаришда давом этмоқдалар.
Фиқҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг ўн тўрт аср давомида бир неча босқичларни босиб ўтди. Дастлабки пайтлар мусулмонлар фиқҳий масалалар бўйича Росуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига (розияллоҳу анҳум ажмаъийн), уларнинг энг илмли, фақиҳларига, шариат билимдонларига бевосита мурожаат қилиб турдилар. Бу даврни саҳобалар даври дейиш мумкин.
Кейин эса, мусулмонларнинг сони ортиб, улар яшаган ҳудудлар ниҳоятда кенгайиб кетгач, асҳоби киромнинг уламолари, уларнинг тобеъинлари ва табаъа тобеъинлар берган фатволарга эргашдилар. Бу даврни шартли равишда фатволар даври деб атайлик.
Бироз вақт ўтгач, дастлабки улуғ олимлар, биз бугун билиб, амал қилиб юрган ёки фиқҳ эволюцияси натижасида тарихда қолган мазҳабларнинг имомлари етишиб чиқдилар. Мўминлар ўша пайтдаги шаръий меросимизнинг барча ҳукмларни синчиклаб текшириб, асослаб берган бу имомларнинг фикрларига эргаша бошладилар. Бу - имомлар даври бўлди. У пайтда мазҳаб деган тушунча ҳали йўқ эди.
Мазҳабларга бевосита асос солганлар ана шу буюк имомларнинг шогирдлари ва издошлари бўлдилар. Улар имомларнинг асарлари, қарашлари атрофида тўпланиб, вақт ўтиши билан фиқҳий йўналиш ва мактабларга айлана бордилар. Мазҳаблар шу тариқа вужудга келиб, уларнинг кўп асрлик ҳукмронлик даври бошланди.
Қарийб ўн аср давом этган бу даврда мазҳаблар шариат тушунчасига шу қадар сингиб кетдики, амалда унинг ажралмас қисмига айланиб қолди. «Мазҳабчилик» даври ўн саккизинчи, ўн тўққизинчи асрларда ўзининг чўққисига чиқди. Ҳатто, Маккаи Мукаррамада, Каъбаи Муаззаманинг атрофида ўша пайтгача етиб келган сунний мазҳаблар учун тўртта алоҳида минбар ўрнатилди, кейинроқ жаъфарий шиалар учун бешинчи минбар ҳам қўшиб қўйилди.
Бу шундай давр эдики, Каъбатуллоҳ атрофида тўпланган ҳожиларнинг ҳар бири қатъий равишда ўз мазҳабининг имомига иқтидо қилар, ҳанафий ва шофеъийлар эса нафақат бир-бирига иқтидо қилиш, ҳатто мазҳаблар ўртасида никоҳнинг жоизлиги, бошқа мазҳабдагилар сўйган гўштни ейиш дурустлиги ҳақида баҳслашар эдилар. Бугун бу гаплар бизга бироз эриш туюлади, бироқ у пайтда бу масалалар ғоятда жиддий муҳокама қилинар ва улкан аҳамият касб этар эди. Шунга қарамай, у пайтда мазҳабларсиз Уларсиз Ислом шариатини, маорифини – хуллас, бутун умматнинг ҳаётини тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди.
Шариатга кўра, мўмин киши аввало динига амал қилиш учун зарур бўлган илмлардан қайсисига имкон бўлса, ўшандан бошлаб эгаллаши шартдир. Мазҳаблар ҳар бир муайян минтақа ва шарт-шароитлар учун Ислом меросини тўплаб, тартиблаб чиқдилар. Улар яхлит, тугал фиқҳий тизимларни шакллантириб, мусулмонларни ахборот қидиришга ортиқча куч ва вақт сарфлашдан, адашишдан сақлаб қолдилар. Ўша пайтлар учун бу ҳақиқий нажот бўлди.
Дарҳақиқат, ўн саккизинчи асрда яшаган тотор мусулмонлар айтайлик, ҳанафий мазҳаби ўрнига бидан моликий ёки ҳатто шофеъий мазҳабига эргашишлар мутлақо ақлга тўғри келмас эди. Акс ҳолда у умрининг ярмини керакли маълумотни қидиришга, қолган ярмини эса уни ўз она тилига таржима қилишга сарфлаб юборган бўлур эди.
У пайтларда бутун Ислом олами уламоларининг тўлақонли илмий мулоқотини таъминлашнинг имкони йўқ эди, бунинг учун бугунги транспорт тизими, алоқа воситалари ва сиёсий шарт-шароитлар керак бўлар эди. Шу сабабдан, фиқҳ локал, яъни маҳаллий миқёсда, ҳар бир минтақа учун ўзига хос таршда ривожланиб, мазҳаблар баъзи бир ноёб ҳолатларни ҳисобга олмаганда, деярли бир-бири билан кесишмас эди. Бунинг устига, бир мазҳабнинг иккинчиси амал қилиб турган ҳудудга кириб келиши фақат салбий оқибатга олиб келиши мумкин эди, чунки бунинг учун малакали мутахассисларнинг мулоқоти зарур эди.

Бугунги босқичда

Йигирманчи асрнинг тахминан иккинчи ярмидан бошлаб Ислом оламида ўрта асрнинг классик мазҳабларидан янги, бошқа ҳолатга ўтиш кузатила бошланди. Ҳозирча йигирма биринчи асрда шариатни барпо этиш жараёни қандай шаклда бўлишини айтиш қийин, бироқ мазҳаблардан кейинги давр (агар таъбир жоиз бўлса, шундай атасак) бошланганлиги тобора ойдинлашмоқда.
Албатта, кўпинча, айниқса қишлоқ жойларда, бирор бир мазҳабга ниҳоятда қатъий боғлиқлик сақланиб келмоқда. Ҳатто, ўн тўққизинчи асрга қайтиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Бироқ, жараённинг мантиқий изчиллиги кўриниб турибди. Уламоларнинг нима ҳақда сўз юритаётганларини, қандай муаммоларни муҳокама қилаётганларини кузатиб кўрган мутахассис фиқҳнинг қандай ва қай йўналишда ривожланаётганлиги ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилиш қийин эмас. Уламолар бугун айтаётган нарсага эса эртага бутун уммат амал қила бошлайди.
Ислом илмий доираларида мазҳабларга классик, қатъий ажралиш кечаги кунга айланиб бормоқда. Энг анъанавий, ҳар қандай янгиликларга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қарайдиган фақиҳларнинг китобларида тўрттала мазҳабга оид фикрлар учрай бошлади, ҳатто, баъзи ҳолларда бошқа мазҳабларнинг фикрларини олиш ҳақида тавсиялар қилина бошлади.
Йирик шаҳарларда, мегаполисларда, айниқса Ислом шиддат билан ривожланиб бораётган Ғарбда, барча мазҳаб вакиллари бир масжидда аралаш намоз ўқимоқдалар. Уламолар, фақиҳлар ва Ислом мутафаккирларининг кўплаб илмий анжуманларида чегаралар йўқолмоқда, стереотиплар, таассублар бузилмоқда, тўсиқлар бартараф бўлмоқда. Телевидение, интернет ва ҳатто оддий уяли телефон ҳақида эса айтиб ўтириш ҳам шарт эмас – улар умматни ҳақиқий глобал жамиятга айлантириб қўйганига анча бўлди.
Буларнинг барчаси мазҳабларга, умуман Ислом фиқҳи ва уни ҳаётга татбиқ этиш институтларига таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта. Улар мусулмонларнинг ўзлари билан биргаликда ривожланиб бормоқда. Фиқҳ ҳар доим инсонларнинг янги талаб ва эҳтиёжларига жавобан салмоқли амалий аҳамиятга эга бўлиб келган.

Мазҳабларнинг ўрнини нима эгаллайди?

Албатта, бу - саволнинг сал кескинроқ қўйилишидир. Аслида фиқҳнинг эволюцион ривожланиш жараёни узоқ вақт давом этади. Қўрқиш керак эмас: мазҳаблар бирдан йўқолиб, уларнинг ўрнига тўсатдан бошқа нарса келиб қолмайди. Бу ерда мазҳабларнинг ўзи ичдан эврилиб, янги шакл ва мазмун, янги жиҳат, янги қирралар касб этаётганлигини, аввал маълум бўлмаган функция ва ресурсларни кашф этаётганлигини тўғри тушуна олиш керак.
Каъбаи Муаззама атрофида ҳар бири учун алоҳида минбар ўрнатилган даврдаги мазҳаблар қолмади. Бугунги ҳанафий, шофеъий ва моликий мазҳаблар (ҳанбалий мазҳаби ҳақида қуйида алоҳида тўхталамиз) – 300 йил аввалги мазҳаблар эмас.
Улар бир-бирига шу қадар киришиб, бир-бирини шу қадар бойитдиларки, баъзан бир мазҳаб қаерда бошланиб, иккинчиси қаерда тугашини англаб бўлмай қолди. Мазҳабларнинг ҳанафий-шофеъий, шофеъий-моликий каби оралиқ шакллари пайдо бўла бошлади. Баъзи уламолар ва ҳатто оддий имомлар янада илгарилаб кетишди - улар қайси мазҳаблигидан қатъи назар, барча мавжуд маъруф (легал – фиқҳий асосга эга бўлган) фатволарга таяна бошладилар.
Шу билан бирга, фақиҳларнинг барча мавжуд мазҳаблар ичидан энг афзал фикрни танлаб олиш тенденцияси пайдо бўлиб, Исломнинг дастлабки даври каби у ёки бу олимга, фатволарга – Бутий, Қарзовий, Усаймин ва бошқаларга эргашиш бошланди. Бу ҳол бирор мазҳабга боғлиқ бўлмаётир. Бугунги кунда ҳанафийларнинг кўпчилик масалаларда ўз мазҳабининг бирор олими эмас, балки шофеъий мазҳаби олими Бутийнинг фикрларини афзал кўриши оддий ҳол бўлиб қолди.
Гап шундаки, классик мазҳаблар бугунги куннинг мусулмонлари дуч келган кўплаб муаммоларга дуч келмаган эдилар. Уларда бугунги саволларга жавоб йўқ. Воқеъликда дуч келинган янги масалаларда кўпчилик ўзининг анъанавий мазҳаби билан чекланиб қолмаётир, қолаверса, замонавий техник имкониятлар бунга кенг йўл очиб бермоқда.
Ҳатто кундалик амалиётда биргина мазҳабга қатъий эргашаётган оддий мусулмонни топиш қийин бўлиб бормоқда. Албатта, мазҳаблар сақланиб қолмоқда, бироқ энди у асос, негиз вазифасини ўтаб, жузъий масалаларда кўпинча бошқа мазҳабларнинг элементлари ҳам учраб турибди. Масалан, намоз асосан ҳанафий анъанага кўра ўқилмоқда, бироқ, айтайлик, қўллар шофеъийлар каби боғланмоқда.
Тарихда қолган мазҳаблар – Саврий, Зоҳирий, Авзоий ва бошқалар қайта тикланиб қолганлиги ҳам эътиборга лойиқдир (албатта, бу мақсадли эмас, стихияли равишда юз берди). Йўқ, улар тўлақонли мазҳаб сифатида қайта тикланмади, бироқ айрим фатволар, қарашлар орадан бир неча юз йил ўтгач, яна эсга олинди. Демак, классик тўрт мазҳаб асрлар давомида сақлаб келинган, ҳатто унутилгандек туюлган фиқҳий мероссиз фаолият кўрсата олмай қолди.

Ҳанбалий мазҳабнинг тақдири

Аммо тўлақонли фиқҳий мактаб саналган ҳанбалий мазҳаби ўтмишда қолиб кетмоқда. Унинг айрим фатволари ва баъзи масалаларни ечишдаги фиқҳий усуллари сақланиб қолмоқда, холос.
Ҳанбалий мазҳаби – фиқҳнинг эволюцион жараёнида алоҳида эътиборга лойиқ ҳолатдир. Бу мазҳаб Аббосийлар устига келган мўғуллар босқинидан кейин ўзига кела олмаган кўринади. У пайтгача ҳанбалий мазҳаби салкам асосий мазҳаб эди. Мўғуллар эса ҳанбалийларни ўзларининг ашаддий душманлари деб билдилар ва қандай бўлмасин улардан қутулишга интилдилар.
Ҳанбалий мазҳаби ҳадисшунослик мактаби, маълум маънода ақийда ва ҳатто Исломий аҳлоқнинг ашаддий жонкуярлари сифатида вужудга келган эди. Ҳанбалийлар айш-ишратга берилиб, бузилиб кетган зодагонларнинг уйларига бостириб кирар, май тўла қадаҳларни уриб синдирар, раққосаларни ҳайдаб солар эдилар. Ҳанбалийя энг охирида мазҳабга айланди, шунда ҳам у ҳеч қачон тўла маънода фиқҳий мазҳаб даражасига етмаган бўлиши мумкин.
Бугунги кунда ҳанбалийлик деганда кўпинча «салафий»ларнинг ўзига хос мактаби тушуниладиган бўлиб қолган, ҳолбуки уларнинг классик ҳанбалий мазҳабга деярли ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки улар баъзан бу мазҳабга зид ҳам келиб қолаверадилар. Аслини олганда, ҳақиқий ҳанбалий мазҳаби бугунги кунда асосан китоблардагина сақланиб қолган.
Буларнинг барчаси, бироқ, энг асосийси – фиқҳий ҳукмлар чиқаришнинг кескин, айрим нуқталарда қатъий методологияси ҳанбалий мазҳабининг келажагига шубҳа билан қарашга мажбур қилмоқда. Ҳар қалай, яқин келажакда шундай бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ, ким билади, дейсиз, балки тарихнинг янги бурилишида бир пайтлар ўтмишда қолган мазҳаблар тиклангандек, бу мазҳаб яна қайта бўй кўрсатар…
Исломнинг мўъжизлиги ҳам шунда-да: маънавий ва фиқҳий мероснинг «консервацияланган» элементлари давр талабига кўра исталган пайтда яна қад ростлаши мумкин!

Мазҳаблардан кейинги давр: бемазҳаблик билан адаштирманг!

Бемазҳаблик деганда мазҳабларни умуман Исломга мос келмайдиган, қонуний асосга эга бўлмаган нарса деб, уларни инкор қилиш тушунилади. Бемазҳаблар шундай хомхаёлни таклиф қиладилар: буюк уламолар тўпланиб, мавжуд мазҳабларни ва умуман фиқҳий меросимизни бир тафтиш қилар эмиш-да, уларнинг фикрича, Қуръон ва Суннатга «мос келмайдиган»ларини ташлаб юбориб, шу асосда ҳамма учун ягона «тўғри» мазҳабни ташкил этар эмишлар!
Ўз-ўзидан маълумки, бундай бўлиши мумкин эмас, ҳеч бўлмаганда бундай инқилобга рози бўлмайдиганлар ҳар доим топилади. Натижада ўзининг ҳукм чиқариш методологиясига эга бўлган бешинчи мазҳаб пайдо бўлади, холос. У эса бутун Ислом оламига фақат қўшимча чалкашлик, фасод олиб киради…
Бемазҳаблар ҳозирги мазҳаблар айнан Қуръон ва Суннатни фиқҳ тилига имкон қадар тўғрироқ қилиб ўтказишга уриниш натижасида пайдо бўлганлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ваҳоланки, мазҳаббоши имомларимиз бу масалани ўз илми, ижтиҳодига кўра ечиб кўрганлар, холос. Улар айрим ояти карималарни турлича таъвил қилганлар, у ёки бу ҳадиси шарифларнинг саҳиҳлигига турлича қараганлар, холос! Натижада мазҳаблар жуда кўпайиб кетди, бироқ ҳаётнинг ўзи уларни элакдан ўтказиб, бизга уч ёки тўрттасини қолдирди.

Энди нима бўлади?

Бу ерда жамиятшунослар эмас, Ислом олимларининг сўзи билан жавоб бериш ўринли бўлади: энди нима бўлишини фақат Аллоҳ билади! Фақат бир нарса аниқ: тарихда кўп марталаб бўлгани каби, қандай шароитга дуч келмасин, фиқҳ ўзини намоён қилишнинг адекват, муносиб, ягона тўғри шаклини албатта топади.

Абдуллоҳ Ринат Муҳаммад, сиёсат фанлари номзоди.
Мақола «Минарет» мусулмон ижтимоий фикрий журналида чоп қилинган.

Абу Муслим таржимаси

back to top