Японияда Исломнинг ривожланиши

Японияда Исломнинг ривожланиши

Японияда Исломнинг ривожланиши

Мусулмон манбаларида Япония ҳақида илк ва қисқа маълумотлар Х асрдан бошлаб учрайди. Хариташунос Абдуллоҳ ибн Хордабек (820–912/913) ўзининг «Йўллар ва юртлар харитаси» китобида Хитой шарқидаги ерлар ҳақида айтиб ўтиб, уларни қуйидагича ифодалайди: «Бу ерлар олтинга бой, одамлари итлар ва маймунлар учун олтиндан камарлар, олтин иплардан тунукалар ясайдилар», «Бу юртдан олтин ва қора дарахт эскпорт қилинади». Айрим мутахассислар (Ж.Седерс, И.Бёрд) ушбу ёзувларни Япония ҳақида араб манбаларида учрайдиган илк маълумотлар деб ҳисоблашади. Лекин ҳозирча бу аниқ исбот ва далилга эга гап эмас.

Японларнинг мусулмонлар билан илк учрашувлари бу ўлкаларда Исломнинг тарқалишига олиб келмаган. Бу учрашувлар XIII асрда Чингизхон набираси Хубилай бошчилигидаги мўғулларнинг Японияга босқини (1274–1281 йиллар) даврида бўлиб ўтгани қайд қилинган. Америкалик тарихчи Д.Лач 1555 йил Малакка оролларига йўл олади ва Японияда вақтинча тўхтаб турган португалияликларнинг кемасида бир араб японларни Исломга даъват қилаётганига гувоҳ бўлади. Шунингдек, инглиз ва голланд кемаларида хизматда бўлган индонезиялик мусулмонлар ҳам XIX асрларда японлар билан учрашишган.

Японияга Исломнинг кириб бориши ва тарқалиши Мэйдзи ислоҳотлари, яъни Япония жаҳон сиёсий майдонига чиқишни бошлаган даврга бориб тақалади. Америка ва Европа босими остида қолган Япония ўз мустақиллигини сақлаб қолиш йўлларини излай бошлайди. XIX аср иккинчи ярмида Япониядан ташқари Усмонлилар империяси ҳам Осиёда ўз мустақиллигини сақлаб қолган давлат эди. Шу сабабли ҳамда иккала давлат ҳам ўз олдига эскириб қолган ижтимоий тузумларни ўзгартиришни асосий мақсад қилиб қўйганлиги учун, савдо-сотиқ ва ҳимояга оид шартномалар тузишади.

Усмонийлар империяси ва Япония ўртасидаги илк алоқалар 1878 йилда бошланган, ўшанда Европага ҳарбий машғулотлар учун йўл олган Япониянинг «Сейки» денгиз флоти эскадраси Истанбулга кириб келганди. Кема экипажи султон Абдулҳамид II томонидан меҳмондўстлик билан кутиб олинади, Япония элчиси эса медаллар билан тақдирланади. 1887 йилда шартнома тузиш мақсадида Истанбулга шаҳзода Камацу Акихито (1846–1903) келади. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишига ва келгусида элчилик муносабатлари ўрнатилишига сабаб бўлади.

Шаҳзоданинг ташрифига жавобан Усмонлилар империяси 1890 йили Японияга совға-саломлар билан «Эртўғрул» фрегатини юборади. Ўша йилнинг сентябрида «Эртўғрул» Иокогамадан ортга қайтаётганда денгизда қаттиқ тўфон кўтарилиб, ҳалокатга учрайди, 533 матрос ва 50 зобит, жумладан, адмирал Усмон пошшо ҳам ҳалок бўлишади. Бутун экипаждан 69 киши тирик қолади ва улар 1891 йилнинг январ ойида Ояма Таканосукэ бошчилигидаги «Конга» ва «Хиэй» номли япон корветларида Истанбулга етказилади. Ушбу нохушликдан сўнг Япония дипломатик алоқаларни сақлаб қолиш мақсадида Усмонлилар империясига ҳамдардлигини ифодалаш учун бир нечта элчиларни таъзиядор оилаларга моддий ёрдамлар билан жўнатади. Японларнинг Ислом билан кенг кўламда танишуви айнан шу даврдан бошланади.

Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган японлардан бири савдогар Ямада Торадзиро (1866–1957) Истанбулга 1891 йил 2 сентябрда Япония делегацияси билан бирга ташриф буюрган. Ташриф ниҳоясида султон Абдулҳамид II Ямада Торадзирога Истанбулда қолиб офицерларига япон тилини ўргатишни таклиф этади. Ямада таклифни қабул қилади ва Истанбулда Япониянинг норасмий вакили сифатида қолади. Узоқ йиллар давомида у Усмонлилар империясининг маданияти ва урф-одатларини ўрганиб, Ислом билан танишади. Бунда Исломни қабул қилган бошқа япониялик Сётаро Нода ҳам муҳим ўрин тутган, улар 1892 йил 4 апрелда танишишади.

1893 йили ҳалокатга учраганларнинг оилаларига ёрдам бериш учун Истанбулга япон миссияси келади. Ямада Торадзиро билан танишгандан сўнг яна икки япониялик Исломни қабул қилади. Тахминан шу вақтнинг ўзида бир неча японлар Ҳиндистонда Исломни қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалади. Бу ўз юртидан ташқарида бўлган японларнинг биринчи бор бошқа динни қабул қилиши эди.

Японияга Ислом кириб келишининг кейинги босқичи Манчжурия ва Корея устидан ҳукмронлик учун бўлиб ўтган рус-япон уруши даврида (1904–1905) бошланган. Мазкур ҳарбий тўқнашувлар натижасида гуруҳ мусулмонлар Хитойга қарашли бўлган ва японлар қўл остига ўтган Ляодун яриморолида қолиб кетади. Улар туркий халқларга мансуб мусулмонлар эди.

Япония империясининг паназия сиёсати Европа ва Россия давлатларига қарши қаратилганлиги сабабли, японлар Россия империяси ҳудудида яшовчи турк-татарларни иттифоқдош деб билишган ва уларнинг динини ўрганишган.

Бунинг натижасида XX асрда Японияда биринчи мусулмон жамоати ташкил топди. Бунга ўлкадаги турк-татар диаспораси сабаб бўлди. 1905 йилда Осакада Япониядаги россиялик мусулмон маҳбуслар учун илк масжид қуриб битказилади. 1908 йилда эса Токио масжиди лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу сабабли, Токио ва Осакада мусулмон жамоатларининг пайдо бўлиши Японияга Ислом кириб келишининг тамал тошини қўйди дейиш мумкин.

Рус-япон урушидан сўнг мусулмон даъватчилари ва сиёсатчилари орасида японларнинг Исломга қизиқиш билдираётганликлари ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қатор мусулмон уламолар япон халқини ислом ғоялари билан таништириш учун Японияга етиб келади. 1905–1906 йилларда Японияга ҳинд қориси Сарафроз Ҳусайн келади ва Токио билан Нагасакида Ислом ҳақида маърузалар қилади. 1906 йилда Токиода бўлиб ўтган динлараро анжуманда Али ал-Жиржовий иштирок этади ва ҳинд, хитой, рус мусулмонлари билан биргаликда Ислом марказига асос солиб, Ислом динини тарғиб қилишни бошлайди. Японияда ноширлик ва маърифатчилик билан шуғулланадиган ҳинд тадбиркори Муҳаммад Баркатулло 1909 йили Токиодаги Жаҳон тиллари мактабига ташриф буюради ва «Ислом биродарлиги» журналини чоп этишни бошлайди (1910–1912).

Японияга келган мусулмон уламоларининг даъватлари натижасида японлар Исломни қабул қила бошладилар. Хориж маданияти ва туркий халқларга у ёки бу даражада алоқадор японларда ҳам Исломга қизиқиш ортади.

Янги динларни ривожланувчи асосий марказлардан бири Токиодаги Жаҳон тиллари мактаби бўлиб, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг унинг ўрнида Токио бутунжаҳон изланишлари университети ташкил этилди. Ушбу мактабни тамомлаган Ямаока Котаро (1880–1959) ҳажга борган биринчи япон бўлди (1910 йилда). Амур иттифоқи аъзоси бўлган Ямаока мактаб давридаёқ рус тилини яхши эгаллаб, 1904 йили Манчжурияга ишга юборилган. 1909 йил ноябрида Бомбейда у Исломни қабул қилганини ва Умар исмини олганини эълон қилди. Шундан сўнг араб давлатлари бўйлаб саёҳатлар қила бошлайди ва Японияга қайтгач, япон мусулмонлари билан ишлайди. 1912 йили араб дунёси бўйлаб саёҳат ва Маккага сафаридан олган таассуротлари ҳақида ёзади.

Бу даврда Япония Манчжурия ва бошқа туркий халқларда кузатилаётган панисломий ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этади. Ўша пайтларда мусулмон давлатларида миллий истиқлол ҳаракатларининг бостирилиши ортидан Японияга кўчиб келган мусулмон қочқинлар сони кўпая бошлайди. Марказий Осиёда миллий истиқлол ҳаракатлари 1917 йил Октябр революциясидан сўнг кучайган. 1920 йилда япон ҳукумати ушбу ҳаракат иштирокчилари ҳамда мусулмон турк-татарларидан Совет Россияси ҳамда европаликларга қарши фойдалана бошлади.

1930 йилдан Японияда исломни институциялаштиришга ҳаракат бошланди. Бу жараёнда Бухоролик жадид Абдурашид Гумерович Ибрагимовнинг (1857-1944) алоҳида ўрни бор эди. 1902 йили А. Ибрагимов биринчи бор Японияга ташриф буюради ва русларга қарши ҳаракатларга қўшилади. 1908 йили ўзининг иккинчи ташрифидан сўнг у Японияда ва унга яқин бўлган ҳудуларда жойлашган, ғарбга қарши йўналтирилган ва паносиё ҳаракатларини қўллаб қувватловчи Амур иттифоқи аъзолари билан танишади. Ўша йилнинг ёзларида Туркияга боради. Йўлда Ямаока Котаро билан танишади ва улар биргаликда ҳаж сафарини амалга оширишади. 1910 йилдан бошлаб А.Ибрагимов Истанбулда «Ислом олами» номли журнални чоп эттира бошлайди ва унда япон мусулмонлари ҳақида ҳам маълумотлар келтириб ўтади. 1933 йили А.Ибрагимовни Японияга таклиф қилишади ва 1938 йили бу мамлакатга кўчиб ўтади. Умрининг охиригача Токиода яшаб, шаҳар масжиди имоми вазифасида қолади.

Японияда биринчи масжидлар мусулмон жамоатлари жойлашган ҳудудларда қурилган. Ҳозир Япониянинг иккита энг йирик масжидлари Токио ва Кобэда жойлашган бўлиб, улар 1930 йилларда қурилган. Токио масжиди қурилиши, юқорида айтилганидек, 1908 йилда режалаштирилган бўлиб, 1938 йил май ойида битказилган. Кобэдаги масжид эса 1935 йилда фойдаланишга топширилган. Японияда биринчи расмий исломий ташкилот 1930 йилда ташкил топган бўлиб, уни «Даи нихон кикё кёкаи» – «Буюк япон Ислом ҳамжамияти» деб номлашган.

Ўша даврда бир қатор Исломни ўрганиш марказлари юзага келди. Булар: 1932 йили Ислом маданияти институти (Исураму бунка кэнкюдзё), 1935 йили мазкур институт базасида Исломни ўрганиш илмий жамияти (Исураму гаккай). Ушбу ташкилотлар ўз журналларини ҳам нашр қилар эдилар. 1945 йилга қадар қуйидаги журналлар чоп этилган: «Ислом маданияти» (1937–1939), «Ислом олами» (1938–1944), «Янги Осиё» (1941 йилдан бошлаб).

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида япон Ислом мактаблари дунё назарига тушди, япон олими Идзуцу Тосихиконинг (1914–1993) Ислом дини фалсафаси ҳақидаги ишлари катта эътибор қозонади. Қуръони Карим 1972 йили илк бора япон тилига таржима қилинади. Таржимон Ислом динини қабул қилгач Умар Мита исмини олган япон эди. Бунга қадар Қуръони Карим тўрт маротаба (1920, 1937, 1950, 1957 йилларда) таржима қилинган, аммо улар аслиятдан, яъни араб тилидан қилинмаганлиги сабабли эътиборга лойиқ ҳисобланмайди.

Замонавий Японияда Ислом кичик диний гуруҳ сифатида сақланиб қолмоқда. Одатда, японлар Ислом дини, араб маданияти ва Исломнинг ўз юртларида ривожланиши тарихи билан қизиқишмайди. Аммо Ғарбий Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Японияда мусулмонлар ижтимой-иқтисодий қаршиликларга учрамайдилар. Ҳозирги кунда 33 та префектурада 80 тача масжидлар мавжуд, лекин расмий статистика юритилмайди. Японияда Ислом жамоатининг асосий қисмини россияликлар, турклар, эронликлар, покистонликлар, мисрликлар ва бошқа элатлар ташкил этади. Масжидларда маърузалар префектурада қайси мусулмон халқи кўп бўлса, ўша тилдан олиб борилади.

Япония Таълим ва илм-фан вазирлиги қошидаги диний масалалар департаменти ўзининг «Йиллик диний ҳисоботи»да Ислом динини «Сёкёу» гуруҳига киритилган. Бундан ташқари, ҳисоботда яна 3 та гуруҳ мавжуд, булар: синто, буддавийлик ва насронийлик гуруҳлари. «Сёкёу»га Исломдан ташқари бахаи ва гаудия-вайшван ҳам киритилган бўлиб, бу гуруҳдагилар тарафдорлари кам ва жамиятга таъсири кичик бўлган динлардир. «Сёкёу» гуруҳидаги динлар ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот келтирилмаган, фақат уларнинг мавжуд эканлиги ҳақида айтиб ўтилган, холос (синто, буддавийлик ва насронийликдан фарқли ўлароқ).

Токио мусулмонлари уюшмаси раиси Тосио Эндонинг таъкидлашича, 2016 йилда мусулмонлар сони 150 минг кишини ташкил этди, улардан 10 фоизи японлар бўлса, қолган 90 фоизи Осиёдан келган мигрантлардир. Исломнинг суст тарқалишига асосий сабаблардан бири ишга жойлашиш, меҳнат визаларини олиш ва чет эл фуқаролари учун маҳаллий фуқароликни олиш қийинлигидир. Бироқ охирги пайтларда Малайзия ва Индонезия фуқаролари учун визалар олиш осонлаштирилган.

Японияда Исломнинг тарқалиши борасида қуйидаги ўзига хос хулосаларни айтиб ўтишимиз мумкин.

  1. Япониянинг Усмонлилар билан иттифоқи уларнинг Ислом билан яқиндан танишишларига олиб келди. Кейинчалик турклар Японияда Ислом ривожланишига салмоқли ҳисса қўшдилар.
  2. Японияга Исломнинг кириб келишига XIX аср иккинчи ярмида ушбу мамлакатда кенг тарқалган паносиё ғоялари ва сиёсий қарашлар сабаб бўлган.
  3. Турк-татарлар ва бошқа мусулмон элатлар Японияда Исломнинг ривожланишига туртки бердилар.
  4. Ҳозирги кунда кунчиқар ўлкада Ислом динининг ривожланишига асосий сабаб Японияга келаётган мусулмон муҳожирлар бўлиб қолмоқда. Улар Япония маданиятига Исломни ҳам киритиш учун ҳаракат қилмоқдалар.

 

Санжар Қобил тайёрлади

 

back to top