Эрдўғон: «Усмонлилар тили мактабларда ўқитилиши керак»

Эрдўғон: «Усмонлилар тили мактабларда ўқитилиши керак»

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон яна бир бор мактабларда усмонли туркчасини ўқитиш лозимлигини таъкидлади ва илк республика давридаги «тил инқилобини» қоралади.
«Бу замонавий тарихдаги энг катта муаммолардан биридир, яъни тилимиз сиёсий баҳслар қуролига айланди. «Тил инқилоби» даврида турк тилига ёқимсиз, зерикарли ва жонсиз сўзлар ҳужуми юзага келди. Миллатимизнинг ўз қадимий маданияти билан алоқалари заифлашди», деди Эрдўғон 15 март куни Анқарадаги президентлик мажмуасида ўқувчиларни тақдирлаш маросимида.

Эслатиб ўтамиз, усмонли тили турк тилининг қадимги шакли бўлиб, замонавий турк тилидан анча фарқли, унда форс ва арабча сўзлар ҳамда ифодалар (ҳатто грамматик шакллар) кўп ўзлашганди ва энг муҳими – араб имлосида ёзилар эди. Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг «маданий ислоҳотлар» доирасида арабча ёзув лотин алифбосига алмаштирилди.
1932 йил турк тилининг янги шаклини янада оммалаштириш мақсадида Турк тили жамияти ташкил этилди.
Эрдоған мунтазам равишда бу ислоҳотларни танқид қилиб, мазкур чоралар Туркияни ўз тарихи билан алоқалари йўқолишига олиб келганини ҳақли равишда таъкидлайди.
«Агар бугунги кунда ёш авлод Меҳмет Акиф Эрсойни, Умар Сейфеддинни ёки Аҳмад Ҳошимийни, Фузулий ёки Бакийни тушуна олмас экан, буларнинг бари тилимизнинг ўша даврда қаттиқ бузилганлиги натижасидир», деди у усмонийларнинг сўнгги шоирларини назарда тутиб.
«Тилимиз бойлигини йўқ қиладиганлар даври аллақачон якунланганига ишонаман. Бироқ бузилиш давом этаяпти, деб ҳисоблайман. Шунинг учун мактабларда усмонли туркчаси ўқитилса, яхши бўларди, деб ўйлайман», – деди Эрдўғон.
У, шунингдек, интернетнинг тилга таъсирини танқид қилиб, фуқароларни хорижий сўзлардан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди. Бундан ташқари, дўкон эгаларини ўзларининг дўконлари номини (агар улар туркча бўлмаса) ўзгартиришга чорлади.
Албатта, усмонли тилини (биринчи навбатда, араб ёзувини) ўрганиш яхши иш, буни фақат ёқлаш мумкин. Ахир бугунги турклар ота-боболарининг қабр тошларидаги исмларини ҳам ўқий олмайдиган зиддиятли бир даврда яшамоқдалар. Биринчи жаҳон уруши фронтларидан ёзилган аскар хатини, орадан бор-йўғи 100 йилгина ўтганига қарамай, унинг набиралари ўқий олмайди. Усмонлилар даврида яратилган адабиёт ва ёзма меросни гапирмаса ҳам бўлади... Лекин баъзи мутахассислар Отатуркка муҳаббатни алангалатиш учун усмонли тилини мажбуран ўқитишдан самаралироқ усул йўқлигини таъкидлашмоқда. Одамларни юқоридан буйруқ билан ўзлари учун ноқулай ёзувга мажбуран ўтказиш мумкин эмас. Усмонли тилини оммалаштириш ва кенг ёйиш ишига ақл билан ёндашмоқ лозим.

back to top