Олис ўтмиш садоси

Олис ўтмиш садоси

Узоқ ўтмишда Усмонли салтанат пойтахти Истанбул бошқа Ислом шаҳарлари каби Рамазон ойи кириб келиши билан ўзгача бир шукуҳ, ўзга бир тарвотга тўлиб кетган. Рафаэл Льюиснинг “Усмонли Туркия” китобида ёзилишича, бу муборак ой кириб келиши билан одамлар бутунлай бошқача бир ҳаёт тарзини бошлашган. Бу ойда ҳеч ким кечалари уйда бўлмас эди. Сон-саноқсиз масжидлардан янграган муаззиннинг азонидан сўнг ҳамма бирданига уйларини тарк этиб кўчага ошиқар эди. Оғизларини очибоқ ҳамма шом намозини жамоат билан адо этиш учун яқин атрофидаги масжидга чопарди. Намоздан сўнг кўча ёқаларига очилган ёзги емакхона ва ошхоналар минглаб рўзадорларни ўз бағрига оларди. Ҳамма жойда хурсандчилик, шукуҳ, файзу баракот ҳукмрон. Қўлларида шақилдоқ ёки фонуч кўтарган болакайларнинг айниқса қувончлари чексиз. Улар катталарни рамазон билан қутлашади, у ер-бу ердан янграётган Қуръон ҳофизларининг қироатларига муҳаббат билан қулоқ солишади. Бўш қолди, дегунларича турли ўйинларга берилишади.

Салтанатнинг барча шаҳарларида Рамазон ойи кириши билан Қуръон ҳофизларининг мусобақалари бошланади. Ким тажвид қоидаларига риоя қилиб, хуш савт билан Қуръон қироат қилса, ўша ҳофизнинг атрофи одамларга тўлиб кетади. Масжидларда ҳам таровеҳ намозларида Қуръон тиловати... Бойроқ кишилар қориларни хонадонларига таклиф этиб, дўст-ёронлари, қавми-қариндошлари иштирокида Қуръон тиловатига сомеъ бўлишади. 
Бирорта ҳовлининг эшиги беркитилмайди, ҳамма бир-бириникига ташриф буюради. Мусофирлар ва муҳтож кишилар ўзига тўқларнинг хонадонига индамай, ҳеч қандай рухсат сўрамай кириб бориб, ифторликнинг баҳам кўраверади. Одам кўп тўпланадиган майдонлар, катта кўчаларда масхарабозлар, дорбозлар, “соя театрлари” (ҳозирги қўғирчоқ театрининг бир тури) одамларни ўз томошалари биалн мамнун этишади. Қаҳвахоналарда эса бир гуруҳ одам қиссахонларнинг Ислом тарихига ва саҳобалар ҳаётига оид мароқли ҳикояларини тинглаш билан банд... Хулласи, ҳамма ерда байрамона кайфият, Рамазон файзи-футуҳи ва шукуҳи...
Ана шу сатрларни ўқияпману қалбимни бир ўкинч тирнаяпти, жавобсиз саволлар безовта қиляпти... Халқининг асосий қисми мусулмон бўлган, ота-боболари бутун тарих давомида Рамазон ойини улуғлаб, эҳтиром кўрсатиб келган юртда Рамазон ойига юқоридагидай байрамона кайфият бағишлай оляпмизми? Наврўз куни ойлаб  байрам қилингани ҳолда Рамазон ойига бағишлаб ҳам махсус кўрсатув ва илмий суҳбатлар уюштирилармикин? Эртадан кечгача қўшиқ-рақслар намойишидан бўшамаётган радио ва телевидениемиз ушбу ойни бир неча мақбара ва қадамжонлар намойиши “билан нишонлаш” ўрнига Рамазон ва Ислом тарихи, бу ойнинг фазли ва фазилати, рўзадорларга аталган маърифий суҳбатлар, амри маъруф ва наҳйи мункар мавъизалари билан сийлашга ўтармикин? Бизнинг рўзадорларимиз ҳам шу юртнинг фарзанди, унинг равнақи ва келажаги учун жон фидо қилувчи содиқ фуқароларидир. Шундай бўлгач, улар ҳам муқаддас Рамазон ойининг байрамона, шоду хуррамлик билан ўтишини исташади. Ва бунга ҳақлидирлар ҳам!  

Беҳзод АБДУРРАШИД

back to top