Гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари

Аллоҳ азза ва жалланинг марҳамати ила бугун эътиборингизга жаҳон жамоатчилиги томонидан аср вабоси деб номланган гиёҳвандлик ва унинг инсон ҳаётига етказадиган оғир зарари ҳақида огоҳлантирамиз.

Маълумки, Аллоҳ таоло инсон зотини Ўзи яратган жонзотлар ичида ўзининг ақл-идроки ила мукаррам ва азиз қилди ва бу ҳақда хабар бериб айтди:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Аллоҳ азза ва жалла инсон зотини улуғ ва мукаррам қилиб яратиш билан бирга уни барча ёмонликлардан, зарарлардан сақланишга, сиҳат-саломатлиги, ақлу идроки, жисмини муҳофаза этишга, Холиқига ибодат қилиш ва ўз жинсидан бўлган барча кишиларга яхшилик қилишга чорлади.

Барчаларимизга яхши маълумки, Ислом таълимотида инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Бироқ саломатлик каби илоҳий неъматни гиёҳвандлик балосига мубтало бўлганлар қадрига етишлари мушкул ишдир. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади. Динимиз таълимоти фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган. Уламоларимиз руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки зинапоясига ўхшатишади, яъни икки тараф баробар тенг бўлишига эътибор бериш зарурлиги айтилади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шундай дейдилар:

“Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.

Демак, инсон Аллоҳга маҳбуб бўлиш йўлида сиҳат-саломатлиги ва соғлиғига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан, хусусан гиёҳвандлик, бангилик, руҳий ичимлик, зино, рибохўрлик каби иллатлардан сақламоғи вожибдир.

Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу ижтимоий муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни, хусусан ёш авлодни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Гиёҳвандликнинг кишилар соғлиғига, оилаларга, иқтисодга, одоб-аҳлоққа, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда.

Бангиликка қарши кураш ўта аҳмиятли ва жиддий бўлганидан ҳам биз мусулмон уммати унинг биринчи сафида бўлмоғимиз керак. Зеро, бу иш барчаларимиз учун Аллоҳ амри, Пайғамбар истаги, виждон амри, дину диёнат амри ва чақириғидир.

Гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари Ислом таълимотида ҳам ҳаромдир. Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг каломида ва Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадиси шарифларида батафсил баён қилиб берганлар. Гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган инсон, гўё ўзига омонат қилиб берилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган ва ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қатъий қоралангандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади:

“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...”

Бошқа бир ояти каримада гиёҳванд моддаларни сотиш, тарқатиш, экиш ва етиштириш орқали инсонларга зарар етказиш қораланади ва шундай дейилади:

“...ўзларингизни* (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”.

Гиёҳвандлик ёки бангиликнинг бошланиши ва келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.

Биринчидан: Гиёҳванд моддаларга мойиллик, унга ўрганиб қолишликда шахснинг ҳолатлари аҳамиятликдир. Масалан, тажанглик, асабий ҳолатлари, ўзини назорат қила олмаслиги, иродасизлиги, ўз талабини қондира олмаслик, баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош бера олмаслик.

Иккинчидан: Ёш авлодни келгусидаги жисмоний ва маънавий шаклланиши, асосан оиладаги муҳит, ота-онасининг кимлиги, оилада қандай ўрин эгаллашига, эр-хотиннинг ўзаро муомаласига, фарзандининг ҳар томонлама шаклланишида улар олиб бораётган тарбиявий ишларга боғлиқ.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, айрим оилаларда, ёлғиз ўғил бўлганда, унга ҳаддан ташқари меҳр қўйиш, уни эркалатиш, айтганларини сўзсиз бажариш, унга нисбатан керагидан ортиқча аҳамият бериш, айрим ҳолларда унинг руҳий тарбиясига салбий таъсир қилиш ва эркинлик бермаслик, унга совуққон муомалада бўлишлик унга гиёҳванд моддалар қабул қилишга мойиллик пайдо қилади.

Шунинг учун оилада фарзандни меҳнатга, фойдали ишга, ҳаёт қийинчиликларини енгишга ўргатиш, спорт ва касб-ҳунарни ўргатишни аҳамияти каттадир.

Учинчидан: Ҳаёт шуни кўрсатадики, ёш авлоднинг камол топишида, маълум бир фойдали яхши ёки ёмон йўлга киришида атроф теваракдаги ўртоқлари, ошна-оғайнилари, айниқса ўша муҳитдаги ўртоқларининг таъсири каттадир. Ҳазрати Пайғамбаримиз айтганларидек: “Суҳбат таъсир бергувчидир”. Халқимизда бир мақол бор: “Яхши билан юрсанг – етарсан муродга, ёмон билан юрсанг қоларсан уятга”.

Шунинг учун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.

Тўртинчидан: Ёш авлод барча нарсага қизиқади ҳамда бошқаларга тақлид ва эргашишни маъқул қилади. Қизиқишлик, расмиятчилик, (мода) кетидан қувишлик фарзандни гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолишида асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.

Динимиз таълимотларида ҳам инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани, у маст қилувчи ёки кайф қилувчи бўлишидан қатъий назар, зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан мутлақо қайтаради. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳар бир кайф берувчи моддани тановул қилишдан қайтарганлар.:

“Пайғамбар (сав) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

Маълумки, уламоларимизнинг айтишларича, мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик-бангилик шаръан ҳаром эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам уларни истеъмол қилиш шаръан ва қонунан жоиз эмас.

Мухтасар қилиб айтганда, инсон ҳаёти, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик-бангиликка қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиб ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир, чунончи Аллоҳ таоло бу маънода хабар бериб шундай дейди:

“Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”.

Гиёҳвандлик, бангилик каби ижтимоий зарар ва иллатларга қарши оммавий суратда олиб борилаётган фаолият ва ҳаракатларимиз самарали бўлишида Ҳақ таоло барчаларимизга мададкор бўлиб, азиз фарзандларимиз ўзларининг буюк аждодлари каби дину диёнатли, олим-боамал бўлишларини насиб қилсин!

Манба: mehrob.uz

back to top