Ислом ҳимоя қиладиган 10 та касаллик

Ислом ҳимоя қиладиган 10 та касаллик

Жаҳоннинг илғор тиббиёти турли хил касалликлардан сақлаш йўлларини излаётган бир вақтда Аллоҳ Таоло тарафидан инъом этилган Ислом жуда кўп касалликлардан сақланиш имкониятини бермоқда. Беш вақт намоз, ҳалол таомлар билан овқатланиш, Рамазондаги рўза, одатий вақтда кўп еб қўйишдан тийилиш ва умуман олганда саломатлик учун зарар бўлган нарсалардан ўзини тийиш инсон саломатлиги учун хизмат қилмоқда.

1. Юрак-қон томир касалликлари
 Ҳозирги олимлар беш маҳал намознинг фойдасини эрталабки югуриш ёки спортча юришнинг фойдасига тенглаштирмоқдалар. Инсон намоз пайтида бутун танада қон айланиши ва модда алмашинув жараёнларини яхшилайдиган ҳаракатлар мажмуасини бажаради. Намоз вақтида мияда қон айланиши яхшиланади, қон кислородга бой бўлади. Таҳорат олаётган вақтда тананинг маълум жойларига сув еткизилади, бу эса ўз ўрнида ички органларга ижобий таъсир қилади.
 Намоз вақтидаги хотиржамлик ва ички сокинлик ҳам стресс ва хавотирни йўққа чиқаради, бу эса ўз набатида инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг мақбул усулдир.
 
  2. Қандли диабет
 «Бир неча йил олдин Москвада бўлиб ўтган тиббиёт муаммоларига бағишланган бир анжуманда Британия мусулмонларига оид статистик маълумотларни келтирилди. Тиббиёт фанлари намзоди эндокринолог шифокор Ринат Олимовнинг айтишича, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ Британияда аҳолини тиббий текшириш жараёнида уларнинг жинси, ёши, касби билан бирга қайси динга мансублиги ҳам ҳисобга олиниб ўрганилади. Демак, уларнинг ҳисоб-китобича, диабетик пойқадам ампутацияси мусулмонларда ўн карра кам учрар экан. Ҳамкасбимнинг таъкидлашича, ғайридинларда 500 марта ампутация бўлса, мусулмонларда 1-2 марта ампутация бўлар экан».
 Бундай бўлишининг асосий сабаби мусулмонларнинг бир йилда бир марта Рамазон ойида тутадиган рўзасидир. АҚШнинг Мюрей шаҳридаги кардиология институти олимлари давомли равишда тутилган рўза диабет хасталигининг олдини олиши мумкинлигини исботлаб беришди. Улар рўза тутганда ёғли ҳужайралардаги зарарли холестерин қувватга айланишини кашф қилишди. 10-12 соат очлик вақтида инсон организми альтернатив манбалардан қувват олар экан. Ёғ тўқималарида инсулинга қаршилик кўрсатиш хусусияти юқори бўлади ва бу ўз ўрнида диабет касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Америкалик олимларнинг айтишича, ёғ тўқималарини йўқ қилиниши диабет касаллигига чалиниш имкониятини ҳам камайтиради.
 
  3. Ўпка саратони, нафас олиш йўллари касалликлари
 Ислом чекишни тақиқлайди, чунки бу иллат Қуръони Карим оятларига зиддир, ҳолбуки Қуръони Каримда: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг”, дея марҳамат қилинган. (Қуръони Карим, 4-сура, 29 оят). Сигарет тутунидаги никотин ва бошқа тўқима заҳарлар (нейротоксинлар), ҳужайраларда йиғилиб боради ва мутация юз берииб, турли хил сурункали ва онкологик касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. 10 та ўпка саратонининг 9 тасига айнан тамаки чекиш сабаб бўлади. Ҳар йили сигарет чекишдан 5 миллиондан ошиқ одам ўлади.
 
 4. Наркотик ва алкогол қарамлик
 1910 йилда ўтказилган 150 дан ортиқ тиб олимлари иштирокидаги Бутунроссия ичкиликбозлик ва алкоголизмга қарши курашишга бағишланган қурултойда қуйидаги хулоса эълон қилинган:
 «Алкоголь ҳақиқий заҳар, унинг исталган дозаси одам организмига улкан зарар етказади, у инсон умрини ўртача 20 йилга қисқартиради».
 1975 йилда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти алкоголни «аҳоли соғлиғини қўпориб ташловчи наркотик» деб топди.
 СССР Тиббиёт Фанлари Академияси (АМН) академиги, Ленин номидаги мукофот номзоди Федор Углов алкоголнинг инсон организмига бўлган таъсири ҳақида қуйидаги ишончли фактларни келтириб ўтади: «Алкоголнинг тўйинган концентрацияси туфайли инсон миясида қизил таначалар кўчиб тушиб, нейронларнинг катта миқдорда ҳалок бўлишига шароит яратади. Ҳар сафар спиртли ичимлик истеъмол қилинганда, мияда қайта тикланмас ҳужайралардан аввалдан маълум бўлган нейронлар қабристони пайдо бўлади. Бу заҳар қанча кўп истеъмол қилинса, миянинг нураши шунча кўпроқ бўлади».
1996 йилла чоп этилган «Исломий анъаналар ва соғлиқни сақлаш татар халқи мисолида» китоби муаллифи Алмаз Собиров татар мусулмонлари орасида алкоголли ичимлик истеъмоли ўта ноёб ҳолат бўлганлиги исботланган ХХ аср бошидаги тадқиқотни мисол қилиб келтиради.
Масалан, 1912 йилги «Казанский телеграф» татарларнинг байрами Сабантўй ҳақида шундай деб ёзади: «Ўта кўп миқдорда йиғилган оломонга қарамасдан, бирон бир маст, ё умуман безорилик қилаётган кишини учратиш амримаҳоллигини алоҳида таъкидлаш лозим. Тартиб сайр этувчилар томонидан намунавий равишда, худди рашк қилгандай эҳтиёт қилинади. Татарлар ўз ҳордиғини мақсадга мувофиқ равишда ўтказиши таҳсинга сазовор».
 Шифокор Д.З.Жуков мусулмон бўлмаган кичик бир халқ ҳақида эса мана бундай деб ёзган: «Сентябрьэ охирида, октябр ва ноябрда улар ўта қўланса ҳидли, аччиқ, аммо ўта маст қилувчи пиво тайёрлашади. Уни барча  – эркагу-аёл, ҳатто болалар ичишади. Биз шу пайтгача 3-4 ёшли маст болага дуч келмаган эдик. Бир сўз билан айтганда, улар пиво билан чекланиб қолишмайди – ароқ ҳам ичишади. Ичганда ҳам роса кўп миқдорда ичишади».
 Дунё бўйича статистикага кўра, ҳар йили алкогол туфайли 2,5 миллиондан ортиқ инсон вафот этади. Дунёда содир этилаётган барча жиноятларнинг ярми алкогол таъсири остида юз беради. Ўз жонига қасд қилиш, қотиллик, йўл транспорт ҳодисалари, зўравонлик, зўрлаш, қасос олиш, ишлаб чиқаришда жисмоний шикастланиш – ушбу саналган ёмонликларнинг бари ўсиб бораётган алкогол истеъмоли билан чамбарчас боғлиқдир.
 Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло мусулмонларни ичкилик зараридан огоҳлантириб, уни шайтон амали деб зикр қилган:
 “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” ("Моида" сураси, 90-оят)
 
 5. Тери касалликлари
 Алмаз Собировнинг ўша китобида мусулмонлар орасида тери касалликлари кам тарқалганига далил бўлувчи маълумотлар келтирилган. Қозон университети тери-таносил касалликлари клиникасининг 1889-1898 йиллар бўйича тайёрлаган ҳисоботига кўра, қичима касаллигига чалинган 349 нафар беморнинг 81 нафари татар миллатига мансуб бўлган. Шифокорлар бунинг сабаби мусулмонлар гигиена қоидаларига риоя этишлари эканини таъкидлашади: улар кунига камида беш марта ювинадилар (таҳорат), шу жумладан, қўллари (тирсакларигача), юзлари, оёқларини (тўпиғигача) ювишади, оғиз чайишади ва бурунларини ҳам тозалашади. Муаллиф бу борада Капитон Мильковичнинг сўзларини келтиради: " Қуръони Карим уларга тозаликка риоя этишни ўргатади. Улар бир кунда бир неча бор ювинишлари керак".
 
  6. Таносил касалликлар
 «Ислом ахлоқсиз ҳаёт ва фоҳишаликни таъқиқлайди. Татарларда қизнинг беҳаёлиги ва ўз эридан ташқари бошқа эркак билан яқинлик қилиши ўчмас шарманда саналган. Ва бу, шубҳасиз, юқумли жинсий касалликлар тарқалишининг олдини олган," деб ёзади ўз китобида Алмаз Сабиров. Қуръони Каримда зинони таъқиқлаш бир неча оятларда келади. Бирин-кетин ўз оятларида Аллоҳ ушбу таъқиқни қатъийроқ белгилаб боради. Аввал, Аллоҳ зинонинг ножўя сифатларини санаб ўтади ва ундан ҳазир бўлишни тавсия қилади. Кейин ушбу гуноҳдан ҳазар қилганлар қиёмат куни жазосидан қўрқадиганлар сафига киришларини эслатади. Кейинроқ, зино қилмаслик умумий мажбурият бўлиб, ва шундан кейингина Аллоҳ таоло ушбу гуноҳни содир қилганлар учун қатъий қоидалар ва жазо белгилади. Шундай қилиб, Ислом бетартиб жинсий алоқалар, яъни таносил касалликлар тарқалишининг асосий сабабига йўл қўймайди.
 
 7. Кўкрак бези саратон касаллиги
 Айни вақт Европа мамлакатларида кўкрак бези саратонига касаллигига 100 минг аёлдан 50-70 таси чалинар экан. Аҳолининг аксар қисми Исломга эътиқод қиладиган мамлакатларда бу мудҳиш кўрсаткич анча кам. Масалан, Ўзбекистонда 100 минг аёлдан 18 таси мазкур касалликка чалинган. Бу маълумотларни muslima.ru сайти келтирган.
 Саратон касаллигига кўпинча, туғмаган ёки кўп марта аборт қилган ҳамда муддатдан жуда оз эмизган аёллар чалинади. Шариат кўрсатмаларига сўзсиз амал қиладиганлар эса мудҳиш касалликдан ҳимоя қилинган бўлади. Муслима аёл ҳеч қачон абортга рози бўлмайди, чунки Ислом абортга мутлоқ қарши. Исломда фарзанд кўриш мақбул амалдир, мусулмонлар кўп бўлиши керак, Қиёмат куни Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалом ўз уммати кўплигидан фахрланадилар, Инша Аллоҳ.
 Қуръони Каримда эмизиш муддати зикр қилинган. «...Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар» ("Бақара" сураси, 233-оят).
 Замонамиздаги европалик олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз болаларини 7 ойдан 12 ойгача эмизган аёлларда саратон касаллиги бошқаларга қараганда 14 фоиз кам экан. Икки йилгача эмизган аёллларда эса, касалликка чалиниш хавфи 42 фоизга кам бўлар экан.
 
 8. Аёллар жинсий аъзолари онкологияси
 Исломда тозаликка кўп диққат қаратилган. Тана поклиги – Аллоҳ Таолога ибодат қилишда асосий шартлардан биридир. Ислом оилаларга жинсий алоқа вақтида нима қилиш кераклигини ўргатади.
 "Исломга мувофиқ, - деб тушунтирди Ринат Галимов, - Таҳорат жинсий алоқага қадар ва алоқадан сўнг, олинади. Шундай қилинса, турли-туман юқумли касалликларга чалиниш хавфи камаяди. Шунингдек, мусулмон оилаларининг аёллари орасида бачадон бўйни саратони ва яллиғланиши камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Статистика маълумотларига қараганда, бундай саратон касаллиги эр хатна қилинмаган оилаларда кўп учрайди. Гап шундаки, жинсий алоқа жараёнида ҳосил бўлган суюқлик бир неча соат ўтар-ўтмас зарарли канцероген моддага айланади. Агар эр хатна қилинмаган бўлса, ушбу модда жинсий аъзоси тери қопламасининг учки қисмида йиғилиб, келгуси жинсий алоқа жараёнида аёл кишининг жинсий аъзосига сингиб киради. Бинобарин, бачадон бўйни онкологиясининг хавфини сезиларли даражада пасайтириш мақсадида жинсий алоқага қадар ва бундай алоқадан сўнг таҳорат олиш ҳамда ғусл қилиш шартдир".
 
 9. Ошқозон ичак йўли касалликлари, семириш
 Қуръон ва Суннатда мусулмонларга тўғри таомланишга буйруқлар бор. Улар икки нарсага асосланади: пок нарсаларни ейиш ва ейишда ҳаддан ошмаслик.
  «Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар» ("Бақара" сураси, 172-оят).
 «Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар» ("Бақара" сураси, 168-оят).
 Кўп ейиш оқибатида нафақат семизлик келиб чиқади, балки, яна бошқа кўп хасталиклар ҳам пайдо бўлади. Хусусан, қандли диабет, қон-томир касалликлари, инфаркт ва инсултлар шулар жумласидан. Шунинг учун ҳам Ислом бизга ейишда ҳаддан ошмасликка ўргатади.
  «Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар, унда ҳаддингиздан ошманг» ("Тоҳо" сураси, 81-оят)
 Ўзини қийнаб сурункали равишда оч қолмасдан ва ўзига кўп нарсаларни тақиқламай туриб ҳам Исломдан универсал парҳезни топса бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: "Одам фарзанди тўлдирадиган энг ёмон идиш - унинг ошқозонидир. Киши учун қувватини сақлаб туришга етарли таом кифоядир. Ундан кўп бўлса, учдан бири - таом учун, учдан бири - ичимлик учун, учдан бири - нафас олиш учун". (Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа)
 
 10. Невроз ва бошқа руҳий хасталиклар
 Намоз ўқийдиган мусулмон бир кунда энг камида беш марта хотиржам ҳолатга келади, дунёвий ишларни унутади, бутун тани ва жони билан Аллоҳ Таолога мурожаат қилади. Тинчланиш ва хотиржамлиги эса асаб тизимига ижобий таъсир қилади. Намоз қаттиқ ҳаяжон (стресс) ва руҳий сиқилишларни (депрессия) енгишда ёрдам беради ҳамда неврознинг олдини олади, уйқуни яхшилайди.

 Манба: IslamReview
Абу Муслим таржимаси

back to top